Солиқ кодекси лойиҳасини қандай яхшилаш мумкин

23.10.2019

2019 йил 22 октябрь куни ЭОАВМА медиа-майдонида корхоналар раҳбарлари ва бош бухгалтерлари, аудиторлар ва солиқ маслаҳатчилари, Олий Мажлис депутатлари, Молия вазирлиги ва ДСҚ вакиллари Солиқ кодекси лойиҳасини такомиллаштириш бўйича таклифларни муҳокама қилдилар. Конференция ўтказилган санада “Солиқ ва божхона хабарлари” газетасининг 25 йиллик ва “Норма” компаниясининг 20 йиллик юбилейи нишонланди.

Конференцияни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси  Адҳам Ҳурсанбоевич Шодмонов очди. У Солиқ кодексининг янги таҳририни такомиллаштиришда эксперт ҳамжамиятининг иштироки муҳимлигини таъкидлаган ҳолда Қонунчилик палатасида қонун лойиҳасини кўриб чиқишда Конференцияда тилга олинган тавсиялардан фойдаланишни таклиф этди.

Солиқ кодексидаги концептуал ўзгаришлар ҳақида Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари Эркин Файзиевич Гадоев сўзлаб берди. Бу ўзгаришлар қуйидаги мақсадларга йўналтирилган:

-солиқ қонунчилиги нормалари қўлланилишини максимал соддалаштириш, номувофиқликлар ва коллизияларни бартараф этиш, инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

-солиқ органларига хавфни таҳлил қилиш асосида (инспектор аралашувисиз) камерал, сайёр текширувлар ва солиқ аудитини белгилаш ҳуқуқини берадиган солиқ назоратини ўтказишнинг янги тартиби;

-солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш механизмини такомиллаштириш, шунингдек солиқ солишнинг барча элементларини аниқлаштириш ва тартибга солиш;

-корхоналарнинг иқтисодий рақобатбардошлилигини ошириш ва Солиқ кодексини халқаро нормалар билан уйғунлаштириш мақсадида ҚҚС ва фойда солиғини такомиллаштириш;

-якка тартибдаги тадбиркорлар, ҳунармандлар, оилавий тадбиркорлик субъекти аъзоларини қатъий белгиланган солиқни тўлаш ўрнига жисмоний шахслардан олинадиган солиқни тўлашга ўтказиш.

ДСҚнинг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Тимур Атабаевич Исмаилов “2020 йилда солиқ маъмуриятчилигидаги янгиликлар” маърузаси билан чиқиш қилди. Ўзгаришлар ҳам солиқ тўловчилар, ҳам солиқ органлари фаолиятига дахл қилади. Хусусан:

-солиқ органларининг қонунга хилоф равишда қўшимча солиқлар ҳисоблаганлиги ёки молиявий санкциялар қўлланганлиги, тадбиркорлик субъектлари томонидан ортиқча тўланган солиқлар суммалари ўз вақтида қайтарилмаганлиги учун жавобгарлиги оширилади;

-ДСХО билан солиқ тўловчиларнинг ўзаро муносабатларининг жаҳон амалиётида синалган янги тартиби назарда тутилган. Бунинг учун солиқ назоратининг шакллари ва механизмлари такомиллаштирилди. Шу жумладан – замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳисобига. Асосий мақсад – инсофли солиқ тўловчиларга ёрдам бериш ва “хуфиёна” фаолият субъектларини аниқлаш.

Ўз БАМУ Кенгаши раиси ўринбосари,  «Fineks» МЧЖ директори Борис Михайлович Фроянченко Солиқ кодекси умумий қисмининг баъзи муаммоли масалалари бўйича таклифлари билан ўртоқлашди. У СКни қуйидагилар билан тўлдиришни таклиф этди:

-солиқ кодексидаги номувофиқликлар ва ноаниқликларни белгилаш мезонлари;

-солиқ конунчилиги амалиёти ва уни такомиллаштиришнинг мураккаб масалаларини кўриб чиқиш ва ҳал этиш механизми;

-солиқ назоратининг  шаффоф ва мантиқий тизими.

Солиқ маслаҳатчиси Гулнора Холдаровна Эргашева қуйидагилар ҳисобига солиқ тўловчилар ва солиқ органлари ҳуқуқ ва мажбуриятларини мувозанатлашни таклиф қилди:

-солиқ текширувлари, хронометраж ва камерал текширувлар ўтказишда солиқ органи нима қилишга ҳуқуқи борлигини аниқ кўрсатиш;

-идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳавола нормаларни чиқариб ташлаш;

-солиқ органлари томонидан хатлов ва ўлчашни амалга оширишни тақиқлаш.

«Tax consensus» МЧЖ директори Иродахон Аббосовна Аббосхонованинг чиқиши трансферт нархларни белгилашга бағишланди. Трансферт нарх ўзаро боғлиқ тарафлар ўртасидаги битимларда шаклланади ва мустақил шахслар ўртасида битим тузишда қўлланилиши мумкин бўлган нархдан фарқ қилади. Эксперт трансферт нарх белгилаш юзасидан солиқ назоратини амалга оширишга бюджет маблағларини камайтириш ва ташқи савдо битимлари олдида ички савдо битимлари камситилишига йўл қўймаслик бўйича таклифлари билан ўртоқлашди.

Конференция иштирокчилари солиқ консультанти, «Finatex consult group» МЧЖ директори Ирина Ивановна Подольскаянинг ҚҚСни такомиллаштириш бўйича таклифларини қизиқиш билан тингладилар. Хусусан, у корпоратив банк карталари орқали тўлов амалга ошириладиган битимлар бўйича ҳисобварақ-фактура расмийлаштирмасликни таклиф этди. Ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган касса чеки етарли.

«Vigorus» консалтинг компанияси аудитори ва директори Светлана Алексеевна Голосова фойда солиғини тартибга солувчи нормага ўзгартиришлар киритишни таклиф қилди. Хусусан, у харажатларнинг “иқтисодий асосланганлиги” тўғрисидаги ноаниқ формулировкани чиқариб ташлашни таклиф этди, чунки уларни субъектив талқин қилиш солиқ маъмуриятчилигида номақбул оқибатларга ва солиқ тўловчилар ҳуқуқлари бузилишига олиб келиши мумкин.

«Mika Trade» хусусий корхонаси бош бухгалтери Татьяна Витальевна Чернова солиқ тўловчиларга ахборот жиҳатдан кўмак бериш юзасидан сўзга чиқди. У Солиқ кодексини солиқ солиш бўйича услубий кўрсатмалар, Молия вазирлиги ва ДСҚнинг тушунтиришлари, солиқ тўловчиларнинг саволларига жавобларни мажбурий эълон қилиш тўғрисидаги норма билан тўлдириш зарур, деб ҳисоблайди.

«Арбитражный дом Мухамедбаева» СМТ директори  Абдуғани Абдусатторович Муҳамедбоев солиқ тўловчиларни назорат қилувчи органларнинг субъектив ҳаракатларидан ҳимоя қилиш мақсадида:

-банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни 10 кундан ортиқ бўлган муддатга тўхтатиб туришни;

-солиқ қарздорлигини мажбур шахснинг мол-мулки ҳисобига ундиришни;

-солиқ тўловчининг қасддан қонунга хилоф ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни белгилашни фақат суд тартибида амалга оширишни таклиф қилди.

«Налоговые и таможенные вести» газетасининг бош муҳаррири Михаил Маркович Перпер конференцияга якун ясади. Унинг сўзларига кўра, барча таклифлар ва танқидий фикр-мулоҳазалар яқин вақтда умумлаштирилади ва кодекс ишлаб чиқувчилари ва Қонунчилик палатаси депутатларига берилади.   buxgalter.uz портали эса, ўз навбатида, ўз ўқувчиларини улар билан батафсил таништириб боради.

 

Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг