Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Солиқ маслаҳатчиларининг ваколатлари кенгайтирилиши мумкин
Молия вазирлиги Солиқ маслаҳатчилари палатаси билан биргаликда Президентнинг «Солиқ маслаҳати соҳаси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди. Бошқа ҳуқуқлар қатори, солиқ маслаҳатчиларига шартнома асосида солиқ аудитини амалга ошириш ҳуқуқини бериш режалаштирилмоқда. «Норма» шарҳловчиси Лола АБДУАЗИМОВА янгиликлар моҳиятини очиб берди:
– Бугунги кунда Ўзбекистонда 143 нафар солиқ маслаҳатчиси 85 та солиқ маслаҳатчиси ташкилотлари орқали хизмат кўрсатмоқда. Улар томонидан 2019 йилда кўрсатилган хизматлар ҳажми 14 млрд сўмни ташкил қилган. Молия вазирлиги cолиқ маслаҳати соҳасида солиқ ва тўловларни ҳисоблаш ва тўлашда амалий ёрдам кўрсатадиган малакали мутахассислар сонини кўпайтириш зарур деб ҳисоблайди. Умумбелгиланган солиқларни, шу жумладан ҚҚСни тўлашга ўтган компаниялар бундай ёрдамга айниқса муҳтож.
Қарор лойиҳасида 2020 йил 1 июлдан Солиқ маслаҳатчилари палатасига қуйидаги функцияларни ўтказиш кўзда тутилган:
- солиқ маслаҳатчиси сертификатини олиш учун малака имтиҳонларини ўтказиш;
- солиқ маслаҳатчиси малака сертификатини бериш, унинг амал қилишини тугатиш ва бекор қилиш;
- ўқитиш ва малака ошириш дастурларини тасдиқлаш;
- солиқ маслаҳатчиларининг реестрини юритиш.
Солиқ маслаҳатчиларига қўшимча ҳуқуқлар ҳам берилади. Хусусан, уларнинг қуйидагиларни амалга оширишига рухсат бермоқчилар:
- адвокатлик тузилмалари, аудиторлик ташкилотлари, бошқа юридик шахслар, шу жумладан бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича хизматларни кўрсатувчи штатида меҳнат фаолиятини юритиш;
- 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб шартнома асосида йиллик айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган ихтиёрий тугатилаётган солиқ тўловчининг солиқ аудитини амалга ошириш.
2020 йил 1 декабрга қадар янги таҳрирдаги «Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши керак. Унда солиқ маслаҳати стандартлари, солиқ маслаҳатчиларининг касбий, шу жумладан, коррупциявий омилларга йўл қўймаслик бўйича превентив ва олдини олиш чораларини белгиловчи этикаси ишлаб чиқилиши ва бошқа масалалар акс эттирилиши белгиланмоқда.
Лойиҳа муҳокамаси 19.06.2020 йилгача давом этади.