Солиқчилар энди сизни видеотасвирга олишади

preview

Солиқ тўловчи фаолияти амалга ошириладиган жойда барча турдаги текширувларни ўтказишда ДСХО видеотасвирга олади. Далилларни қайд этишнинг бундай усули  муҳокама учун эълон қилинган Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида амалга ошириладиган солиқ назорати тадбирини видеотасвирга олиш тартиби тўғрисидаги низомнинг лойиҳасида назарда тутилган (ID-10194). Уни батафсил кўриб чиқамиз.

Бу кимга дахл қилади?

Агар объектларингизни видеотасвирга олишга қонуний тақиқ бўлмаса, сизни ҳам тасвирга олишади. Бир томондан НҲҲ лойиҳасида олинган маълумотлар солиқ сирига оид бўлади (қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно) ҳамда махсус режим бўйича сақланиши ва фойдаланилиши лозим дейилади. Бошқа томондан – янги Солиқ кодекси лойиҳасига мувофиқ қуйидаги маълумотлар солиқ сирига кирмайди:

  • умумфойдаланиш имкони бўлган ёки сизнинг розилигингиз билан шундай бўлган маълумотлар;
  • сизнинг СТИР тўғрисидаги маълумотларингиз;
  • солиқ қонунчилигининг бузилишлари ва улар учун жавобгарлик чоралари тўғрисидаги маълумотлар;
  • сиз томонингиздан қўлланиладиган махсус солиқ режимлари ва ҚҚС бўйича ҳисобга қўйилганлик тўғрисидаги маълумотлар;
  • тўланган солиқлар ва солиқ қарзининг суммалари ҳақидаги маълумотлар;
  • юридик шахснинг иштирокчилари  тўғрисидаги маълумотлар;
  • ходимларнинг ўртача рўйхатдаги сони тўғрисидаги маълумотлар;
  • молиявий ҳисобот маълумотлари бўйича даромадлар ва харажатлар суммалари тўғрисидаги маълумотлар;
  • сизнинг солиққа оид ҳуқуқбузарликларингиз ва қўлланилган санкциялар, шу жумладан қўшимча ҳисобланган солиқ суммалари ва ҳоказо тўғрисида маълумотлар.

Солиқ органининг буйруғи асосида қуйидаги вазиятларда текширув видеотасвирга олинади:

  • белгиланган тартибда;
  • давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, шу жумладан, контрабанда ва контрафакт маҳсулотларни муомалага киритиш ҳолатларини аниқлаш ҳолларини аниқлаш бўйича;
  • яширин ишлаб чиқариш цехлари ва омборхоналар фаолиятига чек қўйиш бўйича;
  • НКМ (виртуал кассалар) ва тўлов терминалларидан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши бўйича;
  • бошқа назорат тадбирларида.

 

Нимани тасвирга олишади?

Қуйидагилар камерага тушади:

  • ҳудудлар, ишлаб чиқариш, омборхона, савдо ҳамда бошқа биноларни кўздан кечириш;
  • инвентаризациядан ўтказиш жараёни;
  • солиқ тўловчи ёки унинг вакиллари томонидан амалга оширилган ҳуқуқбузарлик фактини қайд этиш;
  • назорат харидлари, ККМ (виртуал касса) ҳамда тўлов терминаллари ҳисоботларининг олиниши ҳамда пул маблағларини саноқдан ўтказилиши;
  • солиқ тўловчи ёки унинг вакиллари томонидан текшириш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларнинг тақдим этилмаганлиги;
  • солиқ тўловчи ёки унинг вакиллари томонидан текшириш ҳужжатларига имзо қўйишдан бош тортилганда;
  • солиқ тўловчи, унинг вакили ёки бошқа шахслар томонидан солиқ назоратини амалга оширишда тўсқинлик қилиш факти;
  • предметлар (нарса ва ҳужжатлар), иш бўйича ашёвий далилларнинг олиб қўйилиши;
  • ҳужжатлар нусхаларини тайёрлаш ҳамда иш учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳоллар.

 

Тасвирга олишда солиқчилар нималарни инобатга олишлари лозим

Видеотасвирга олиш жараёни солиқ тўловчининг қонуний фаолиятини тўхтатиб турмаслиги ва унга зарар етказмаслиги керак.

Уни амалга оширишда холисларнинг иштирок этиши талаб этилмайди, қонун ҳужжатларида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.

Назорат тадбири натижаси бўйича тузилган баённомада, далолатномада видеотасвирга олиш факти, шунингдек тасвирга олиш унинг ёрдамида амалга оширилган техник восита тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилиши даркор.

Олинган видеотасвир материаллари солиқ текшируви чоғида расмийлаштирилган ҳужжатлар билан бирга алоҳида дискда сақланади. Бошқалар қаторида, улар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва суд томонидан фойдаланилиши мумкин.

Умуман, олинган видеотасвир материалларидан хизматдан ташқари мақсадларда фойдаланиш, уларни ижтимоий тармоқларга жойлаштириш тақиқланади. Бироқ бунда битта шарт айтиб ўтилади: “бундай материаллардан профилактика мақсадларида солиқ тўловчига нисбатан қонуний чора кўрилгандан сўнг оммавий ахборот воситаларида ёритиш учун фойдаланиш ҳоллари бундан мустасно бўлиши мумкин”. Шундай экан, айтилганидек, ҳамма нарса бўлиши мумкин...

Ушбу НҲҲ лойиҳаси Президентнинг “Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4389-сон қарори ижроси юзасидан ишлаб чиқилган. ҚҲТБТда уни муҳокама қилиш 29 ноябрь куни ниҳоясига етади.