Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
СТИР бекор қилингандан кейин нима бўлади
2021 йил 1 июлдан бошлаб солиқ органлари жисмоний шахсларга СТИР беришни тўхтатади. Ушбу санадан кейин электрон рақамли имзо (ЭРИ) ва СТИР ёрдамида расмийлаштирилган ҳужжатлар нима бўлади? Ҳали ушбу янгиликка мослаштирилмаган ҳужжатларнинг электрон шакллари қандай тўлдирилади? Buxgalter.uz илтимосига биноан саволларга ДСҚ солиқ тўловчиларни рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Комил САЙИДОВ жавоб берди:
- “Янги технологиялар” ИАМ томонидан 2021 йил 1 июлга қадар берилган электрон рақамли имзо фаол бўлади, улардан сертификатнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар фойдаланиш мумкин. Эслатиб ўтаман, ЭРИ 2 йил муддатга берилади .
Шунга ўхшаш - СТИРдан фойдаланган ҳолда 2021 йил 1 июлга қадар расмийлаштирилган ҳужжатлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар ҳақиқий бўлади.
Янги ЭРИ ва 2021 йил 1 июлдан кейин расмийлаштирилган ҳужжатларга келсак, СТИР ўрнига жисмоний шахснинг ЖШШИРдан фойдаланиш зарур бўлади. Ҳозирги вақтда электрон шакллар уларга 14 белгили ЖШШИРни киритишга мослаштирилмаган, бироқ 1 июлга келиб барчаси техник жиҳатдан шай бўлади.
ЖШШИР 16 ёшдан катта барча жисмоний шахсларда мавжуд. Бинобарин, илгари СТИРдан фойдаланганларда муаммо юзага келмайди.
Вақти билан ҳисоб учун СТИР қўлланилган барча маълумотлар базаларида у ЖШШИРга алмаштирилади.
Давлат органлари СТИРдан воз кечиш фуқароларга ортиқча ташвиш келтирмаслиги учун чоралар кўради.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади