Ягона QR-код бўйича тўловларни фискаллаштиришни ким таъминлаши керак

preview

Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорларда яна муаммо... Бу муаммога энг эҳтиёткор тадбиркорлар дуч келдилар – улар харидорлар ва мижозлардан ягона банк QR-коди орқали тўловларни қабул қилишда, фискал маълумотларнинг такрорланишидан қўрқиб, бундай савдолар бўйича онлайн-НКМ чекларини урмаганлар.

Маълумотлар ҳисоботга тушмаётганлиги фақат ой якунларини сарҳисоб қилишда маълум бўлди. Баъзи савдо шохобчалари эса маркировкаланган товарларни шундай сотишган...

Вазиятга buxgalter.uz илтимосига кўра «GAROV TARAQQIYOT NKM» МЧЖ муассиси Владимир ГИБЕЛЬ изоҳ берди:

Янги материалларни Телеграм-каналда кузатиб бориш қулай.

Эътибор беринг

Материаллардан нусха кўчириш ва улардан фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола ёки таҳририятнинг ёзма рухсати мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади.

 

Материалда:

QR-кодлар: статик, динамик, ПФ-246-сон бўйича «ягона QR-код»;

«ягона QR-код» орқали сотувлар бўйича маълумотлари фискаллаштирилмаган бухгалтерия нима қилиши керак.

Эслатиб ўтамиз

Солиқ қўмитаси ва Марказий банкка 2026 йил 1 январдан бошлаб савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари томонидан электрон тўловларни қабул қилиш учун ягона QR-кодни жорий этиш ва у орқали электрон тўловлар қабул қилинишини таъминлаш топширилган эди. Бунда 2026 йил 1 июлдан бошлаб :

– тўловларни ягона QR-код тўлов тизими воситасида қабул қилиш савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги барча юридик шахслар учун мажбурий бўлади;

– ушбу санадан бошлаб ягона QR-коддан фойдаланмаслик савдо қоидаларини бузишга тенглаштирилади.

 

– Кассирлар анчадан бери QR-кодларнинг икки тури – статик ва динамик (турли тўлов тизимларидаги вариантлар – TEZ QR, «Click Pass», «QR сканер», «Payme GO» ва ҳ.к.) билан ишлаб келмоқдалар. Уларнинг иккаласи билан ҳам ҳеч қандай муаммо йўқ.

Тушунарли бўлиши учун озгина изоҳ бераман:

  • статик QR-код — қаттиқ қоғоз варағига туширилган, сотувчининг маълумотлари кўрсатилган ўзгармас QR-коддир. Уни олиш учун сотувчи аввал танланган электрон тўлов тизими (ЭТТ) билан шартнома тузади ва унга хат юборади. Хатда чекни қайси МХИК бўйича шакллантириш зарурлигини кўрсатади. Статик QR-код фақат битта қатъий боғланган МХИК бўйича тўлов учун ишлатилади.

Бундай код бўйича тўлов амалга оширилаётганда харидор касса олдига жойлаштирилган тасвирлар ичидан ўзига керакли тўлов тизимининг QR-кодини танлайди, уни смартфони билан сканер қилади ва шу тариқа харидни тўлайди. Бунда фискаллаштириш ЭТТ томонидан амалга оширилади ва мижозга чекни ҳам электрон тўлов тизими шакллантиради, онлайн-НКМ эмас. Ва бу мантиқан тўғри, чунки бу ҳолатда онлайн-НКМ ҳисоб-китобларни амалга оширишда иштирок этмайди;

  • динамик QR-кодни онлайн-НКМ шакллантиради, у нафақат сотувчи ҳақидаги маълумотларни, балки тўланиши керак бўлган чек суммасини ҳам ўз ичига олади. Уни олиш учун сотувчи аввал танланган тўлов тизими билан шартнома тузади ва у ердан интеграция қилиш учун онлайн-НКМга киритиладиган логин ва паролларни олади.

Сотув вақтида кассир товарни уради ва харидордан нима билан тўлашини сўрайди. У масалан, «Click»ни танлайди. Ўшанда онлайн-НКМ сотувчи ва чек суммаси ҳақидаги маълумотлар билан QR-кодни шакллантиради, харидор уни смартфонидаги иловасида сканер қилади ва тўловни тасдиқлайди. Чек ва тўловчи ҳақидаги маълумотлар электрон тўлов тизимига юборилади, ЭТТ онлайн-НКМдаги тўловни тасдиқлайди ва бу сафар чек касса орқали фискаллаштирилади.

Онлайн-НКМ ишлаб чиқарувчилари ва ЭТТ ишлаб чиқувчилари динамик QR-код билан ишлаш функциясига бошқа қулайликларни ҳам қўшдилар. Масалан, агар харидорда интернетга уланиш имкони бўлмаса, касса унинг смартфонидаги иловасидаги QR-код орқали маълумотларни ўзи ўқиб олиши ва тўлов ҳақидаги маълумотларни ЭТТга юбориши мумкин. Ёки – агар харидорда пул етмаса, сотувчи ва чек суммаси ҳақидаги маълумотни телефон рақами орқали унинг қариндоши ёки дўстига юбориш мумкин.

Юқорида айтилганлардан келиб чиқиб, улкан имконият ва қулайликларга эга бўлган динамик QR-коддан фарқли ўлароқ, статик QR-код фақат тўхташ жойлари ёки ҳожатхоналар тўлови учун мос келиши аён бўлади! Айнан шунинг учун ҳам ҳозир Хитой, Қозоғистон ёки Россия каби давлатларда айнан ва фақат динамик QR-кодлар қўлланилади.

  • Шундай қилиб, ўша «банк ягона QR-коди» билан боғлиқ муаммо шундаки, бу статик код, лекин у МХИК сони билан чекланмаган ва фискаллаштиришсиз ишлайди! Шу билан бирга, банклар ушбу «ягона QR-кодларни» хўжалик юритувчи субъектларга тарқатаётганда, уларни бу ҳақда ҳатто огоҳлантирмаяптилар ҳам.

Тадбиркорларга бундай кодлар билан ишлаш ва улар орқали тўланган чекларни фискаллаштириш бўйича тегишли идоралар томонидан тасдиқланган ҳеч қандай йўриқномалар берилмаяпти. ПФ-246-сон Фармонга мувофиқ масъул бўлган идоралар эса бу вазиятда ТХКМни (Техник хизмат кўрсатиш марказларини) «айбдор» қилишга уринмоқдалар, мен бунга қатъиян қўшилмайман.

Биринчидан, статик QR-код орқали тўлов амалга оширилаётганда онлайн-НКМ истеъмолчи билан ҳисоб-китобларда иштирок этмайди.

Иккинчидан эса, QR-коднинг ушбу варианти билан фискал чек беришни тавсия қилишдан олдин, масъул идоралар аввал:

1) 943-сон ВМҚга ўзгартиришлар киритиши лозим – унинг 1-иловаси 7-бандида нақд пул ва пластик карталарнинг уч тури (ижтимоий, шахсий, корпоратив) орқали тўлов назарда тутилган, лекин у ерда статик ягона QR-код орқали тўлов йўқ.

Бунда шуни ҳисобга олиш керакки, тадбиркорлар QR-код орқали тўловни шахсий пластик карта каби ўтказа олмайдилар, чунки 7-банд талаб қилганидек чекда RRNни (транзакциянинг ноёб рақами, тўлов рақами) аниқлай ва кўрсата олмайдилар. Мазкур ҳолатда RRN ҳеч қаерда акс этмайди, кассир уни қўлда кирита олмайди. Онлайн-НКМ ҳам уни автоматик равишда ололмайди, чунки QR-код – статик ва онлайн-НКМ билан интеграция қилинмаган. Қолаверса, бундай QR-код орқали тўлов амалга оширилган лаҳзанинг тасдиқланиши – шартлидир, чунки тўлов онлайн-НКМда электрон тўлов тизими томонидан автоматик тарзда эмас, балки фақат кассир томонидан «харидор смартфонида тўлов ҳақидаги маълумотни кўрганлиги» билан тасдиқланади;

2) ТХКМ ва касса техникаси эгаларига ёзма кўрсатмалар бериши лозим. Чунки, агар гап ВМҚ 943-сон қарори 1-иловаси 7-банди талабларини бузиш ҳақида кетаётган бўлса, биз бунинг учун бирор-бир расмий асосга эга бўлишни истардик. Токи савдо қоидаларини бузганликда айбдор бўлиб қолмайлик.

 

«Ягона QR-код» орқали сотувлар тўғрисидаги маълумотлари фискаллаштирилмаган бухгалтерия нима қилиши керак

Мен қуйидагиларни қилиш керак деб ҳисоблайман:

1) биринчи навбатда, улар билан ишлаш бўйича ёзма кўрсатмалар олгунга қадар «ягона QR-кодлардан» фойдаланишни тўхтатиб туриш;

2) юзага келган муаммони баён қилган ҳолда Солиқ қўмитасига зудлик билан мурожаат ёзиш – идорадан уни ҳал қилиш бўйича ёзма кўрсатмалар олиш учун, чунки чекларни фискаллаштириш принципларини ишлаб чиқиш – Солиқ қўмитасининг ваколатидир;

3) вазият ойдинлашгунига қадар – ушбу тўловлар бўйича тушум суммасини бошқа даромадларга «ўтказиш» ва тегишли солиқларни ўз вақтида тўлаш.

 

Таҳририятдан:

Ҳисобланган ҚҚС суммасига 1-илованинг 0105-сатрида бундай чеклар бўйича реализация суммасини вақтинчалик ечим сифатида акс эттириш мумкин деб ҳисоблаймиз.

«Асл Белгиси» тизимида «ягона QR-код» орқали сотилган маркаланган товарни қандай ҳисобдан чиқариш масаласи солиқ идорасидан қўшимча тушунтириш талаб этади. Буни аниқлашга уриниб кўрамиз.

 

 

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /uz/publish/doc/text214588_yagona_qr-kod_buyicha_tulovlarni_fiskallashtirishni_kim_taminlashi_kerak