Йирик солиқ тўловчилардан октябрь ойидан бошлаб электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришни сўрашди

preview

Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро Давлат солиқ инспекцияси ўз ҳисобдорларига жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб электрон ҳисобварақ-фактурага ўтишни қатъий сўраб хат юборди.

2020 йил 1 январдан бошлаб барча солиқ тўловчиларнинг бир йўла ЭҲФга ўтиши жуда қийин кечишини барчамиз тушунамиз. Афтидан, шунинг учун солиқ органлари томонидан шу каби босқичма-босқич ўтиш ташкил этилмоқда.

Хусусан, 1 октябрдан бошлаб барча йирик солиқ тўловчилар Ҳудудлараро ДСИ илтимосига кўра ўз товарлари, ишлари (хизматлари)ни электрон ҳисобварақ-фактуралар ёрдамида реализация қилишлари керак эди.

Эслатиб ўтамиз, йирик солиқ тўловчилар - солиқ солиш тартибини танлаш ёки ўзгартириш ҳуқуқини назарда тутмайдиган белгиланган мезонлардан келиб чиққан ҳолда, солиқ маъмуриятчилигига мансуб бўладиган айрим тоифадаги юридик шахслардир .

Қуйидагилар йирик солиқ тўловчилар деб эътироф этилади :

  • акциз солиғига тортиладиган товарларни ишлаб чиқарувчи корхоналар;
  • тижорат банклари ҳамда уларнинг филиаллари, товар-хом ашё, фонд ва валюта биржалари;
  • “Навоий КМК” ДК, “Олмалиқ КМК” АЖ ҳамда уларнинг таркибига кирувчи ташкилотлар;
  • маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишларни бажаришда иштирок этаётган ташкилотлар;
  • ўтган календарь йил якуни бўйича маҳсулот (товар, иш ва хизмат)ларни сотишдан олинган соф тушуми 100 млрд сўмдан юқори бўлган юридик шахслар. Илгари йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган, бироқ  навбатдаги календарь йил якуни билан мазкур мезонларга жавоб бермаган солиқ тўловчилар, навбатдаги 3 йил мобайнида бу мақомни сақлаб қолади.

Бир томондан бундай ташкилотлар қаршилик кўрсатишлари ва “25.06.2019 йилдаги 522-сон ВМҚда йирик солиқ тўловчилар учун бундай тарзда ўтиш тартибга солинмаган ва ҳоказо” дейишлари мумкин... Бошқа томондан - ЭҲФга қанчалик тез ўтсак, ўтишнинг энг охирги санаси - 2020 йилнинг 1 январини кутиб ўтирмай, шунчалик тез мослашишимиз ва ЭҲФ тизимининг барча ноаниқликларини бартараф этишимиз мумкин.

Юзага келган вазиятда савол туғилади: солиқ органлари ЭҲФга ўтишнинг йўл харитасини ишлаб чиқишадими?  Солиқ тўловчилар томонидан тушунмовчиликлар юзага келмаслиги учун муайян саналари белгиланган - норматив ҳужжат билан тартибга солинган босқичма-босқич жадвални-чи?

buxgalter.uz портали ушбу савол билан солиқ органларига мурожаат этди. Жавоби албатта порталда эълон қилинади.