Лизинг шартномасини тузишда нимага эътибор бериш лозим

preview

Кўпинча лизинг компаниялари ёки лизинг олувчилар ҳуқуқлари лизинг битимлари бўйича контрагентлар томонидан бузилган бўлади. Муаммоларнинг сабаби - шартноманинг нотўғри ёки охиригача ўйланмаган шартлари. Лизинг олувчи учун  - лизинг объектининг сифат хусусиятлари кўпроқ аҳамиятга эга, лизинг компанияси учун муҳими эса - лизинг олувчи томонидан  тўловлар муддатини ўтказиб юборилиши ёки тўланмаслиги муаммоларига дуч келмаслик.

Эҳтимолий муаммоларни шартномани тайёрлаш ва тузиш босқичида қандай олдини олиш ҳақида buxgalter.uz учун “ESTE PRIME”  АФ адвокати Александр ЦОЙ тушунтирди:

 

I. Лизинг объектининг лозим даражада бўлмаган сифати

 

- Бу ҳолда лизинг берувчи ва лизинг олувчининг ҳуқуқ ва жавобгарлигини белгилайдиган қоидаларнинг моҳияти қуйидагича. Агар лизинг объектини лизинг олувчи танлаган бўлса:

  • лизинг берувчи лизинг объекти сифати учун жавобгар бўлмайди;
  • лизинг олувчи сотувчининг ночорлиги ёки лизинг объектининг ундан фойдаланиш мақсадларига мувофиқ келмаслиги хавфига эга бўлади;
  • лизинг олувчининг ўзи сотувчига талабнома тақдим этиши керак, бироқ бунда лизинг объекти олди-сотди шартномасини бекор қилишга ҳақли эмас.

Бошқача айтганда: ўзингиз танладингизми, ўзингиз айбдорсиз, сотувчи билан ўзингиз келишиб олинг.

Лизинг берувчи фақат лизинг объектини ва унинг сотувчисини ўзи танлаган тақдирда лизинг объектининг сифатига жавоб беради. Ёки - лозим даражада бўлмаган сифати унинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида бўлса. Бунда “Лизинг тўғрисида”ги Қонун лизинг берувчининг айбли ҳаракатларини аниқлаштирмайди. Афтидан, айбдорлик масаласи Фуқаролик кодексининг умумий қисми ва лизинг объекти сотувчиси билан тузилган олди-сотди шартномаси (мажбуриятларни бажариш  ва харидорнинг ҳуқуқларини амалга ошириш қисмида) тартибга солиниши назарда тутилади.

Лизинг объектининг сифат хусусиятлари борасида низолар ва судлашишни олдини олиш учун лизинг битими тарафларига Қонуннинг олди-сотди шартномаси лизинг шартномаси кучга киришидан олдин ёки кейин, яъни - лизинг шартномаси тузилгандан кейин тузилиши юзасидан кўрсатмаларига риоя қилиш тавсия қилинади.

Амалиётда кўп лизинг компаниялари лизинг шартномаси тузилгунга қадар лизинг олувчининг молиявий-иқтисодий ҳолати тўғрисидаги бошқа ҳужжатлар жумласида лизинг объектининг сифат хусусиятларини кўрсатган ҳолда лизинг буюртмасини тўлдиришни талаб қилишади. Бироқ кейинчалик улар ушбу буюртмани лизинг шартномасига иловага қўшишмайди. Ўз навбатида лизинг олувчи сотувчи ва ўзи лизингга олишни истаётган мол-мулкнинг хусусиятларини яхши биламан деб ўйлаб, буюртмага юзаки қарашади.

Шундан кейин лизинг берувчи буюртмада кўрсатилган хусусиятларни кўрсатган ҳолда олди-сотди шартномасини тузади, сотувчидан мол-мулкни олади ва лизинг олувчига беради. Ҳуқуқий муносабатларнинг ушбу занжирида қаерда эътирозлар юзага келганда у лизинг олувчининг олдида жавоб берадиган лизинг берувчининг айбли ҳаракатлари юзага келиши мумкин?

 

Лизинг битими алгоритми

Умумий маънода ва Қонун мантиғи нуқтаи назаридан лизинг битими тарафлари ҳаракатларининг алгоритми тахминан қуйидагича бўлиши керак:

1. Потенциал лизинг олувчи лизинг берувчи томонидан талаб қилинган ҳужжатларни тақдим этган ҳолда лизинг буюртмасига алоҳида эътибор бериши керак. Унда лизинг объектининг барча сифат хусусиятларини майда тафсилотларигача батафсил таърифлаш зарур.

2. Лизинг шартномаси лойиҳасида лизинг объекти сифати учун жавобгарлик рўй бериши шартларини ёзиш зарур. Лизинг берувчига олди-сотди шартномасига спецификацияда ва қабул қилиш-топшириш далолатномасида лизинг буюртмасида кўрсатилган сифат мезонларини кўрсатиш мажбуриятини юклаш муҳим.

3. Агар битим шартлари маъқулланса, лизинг шартномаси тузилади, унга илгари лизинг олувчи томонидан тақдим этилган барча ҳужжатлар иловалар сифатида қўшилади. Шу жумладан - батафсил лизинг буюртмаси. Шартноманинг ўзида лизинг шартномасининг ижроси юзасидан тузилган бошқа шартномалар иловалар таркибига қўшилишини кўрсатиш зарур. Айнан: олди-сотди, суғурта, ускунани монтаж қилиш, ходимларни ўқитиш шартномалари ва ҳ.к.

Ушбу шартномаларни лизинг битими тарафлари ҳуқуқларини амалга ошириш учун иловалар таркибига қўшиш зарур.

4. Лизинг олувчи шартномага иловалар сифатида қуйидагиларга эга бўлиши зарур:

а) олди-сотди шартномаси нусхаси - сотувчига талабномалар, шу жумладан - кафолатли хизмат кўрсатиш бўйича талабномалар тақдим этиш бўйича ўз ваколатлари чегарасини билиш учун;

б) суғурта шартномаси - тарафларнинг бирида қуйидаги билимлар мавжуд эмаслиги натижасида суғурта товонига бўлган ҳуқуқни йўқотмаслик учун:

  • суғурта ҳодисалари рўйхати тўғрисида;
  • суғурта товонини тўлаш шартлари тўғрисида;
  • суғурта ҳодисаси юзага келганда лозим даражада хатти-ҳаракат тўғрисида.

4.1. Лизинг берувчи шартномага илова сифатида қуйидагиларга эга бўлиши зарур:

а) илгари тақдим этилган ҳужжатлар - ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва потенциал лизинг олувчи томонидан унинг молиявий-иқтисодий ҳолати тўғрисида ҳаққоний бўлмаган маълумотлар тақдим этилиши натижасида зарарларни олдини олиш учун.

5. Олди-сотди шартномаси тузилгандан кейин лизинг берувчи лизинг объекти қийматини белгилайди, у бўйича уни лизинг олувчига эгалик ва фойдаланишга топширади. Объектни олишда лизинг олувчи унинг сифатини, бутлигини,  унумдорлигини, қувватини ва бошқа сифатларини ўзининг лизинг буюртмаси билан солиштиради. Агар эътирозлар бўлмаса - уни ўз балансига қабул қилади.

6. Лизинг объектини топшириш билан бирга лизинг тўловлари жадвали тузилади. У ҳам лизинг шартномаси иловалари рўйхатига қўшилади ва унинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Ўйлайманки, лизинг шартномаси тузишда бундай ҳаракатлар алгоритмига риоя қилинган тақдирда лизинг объектининг сифатига доир хатарлар энг паст даражада тушади.

 

II. Лизинг тўловлари муддатини ўтказиб юбориш ёки тўламаслик

“Лизинг тўғрисида”ги Қонун лизинг олувчи томонидан лизинг тўловлари муддати ўтказиб юборилганда ёки тўланмаганда лизинг берувчининг ҳуқуқлари ва лизинг олувчининг жавобгарлиги бўйича зид нормаларни сақлайди .

Афсуски, шунга ўхшаш низолар бўйича ягона суд амалиёти мавжуд эмас. Кўпинча биринчи инстанция суди сингари, Олий суд ҳам лизинг объектини талаб қилиб олиш қисмида бир бирига зид қарорлар қабул қилишади. Қонунчиликда зиддиятлар мавжуд бўлган шароитда битим тарафлари қандай йўл тутишлари лозим?

 

Лизинг берувчига тавсиялар

Агар сиз лизинг олувчи томонидан мажбуриятларнинг жиддий бузилишида лизинг тўловларини муддатидан олдин тўлаш талаби ҳуқуқидан воз кечган бўлсангиз, лизинг шартномасини тузиш чоғида “Лизинг тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддасига ҳавола берган ҳолда лизинг объектини қайтариш (талаб қилиб олиш) шартларини ёзинг.

Шартнома матнида ва агар иш суд муҳокамасигача борса, лизинг олувчи томонидан ўз мажбуриятлари жиддий бузилган тақдирда даъво аризасида ҳеч қачон:

  • қуйидаги иккита талабни бир вақтда қўйманг: 1) зарарларни қоплаган ҳолда шартномани бекор қилишни; 2) ундирувни лизинг объектига қаратиш ва барча лизинг тўловларини муддатидан олдин ундиришни;
  • шартномани бекор қилиш талабини баён этган ҳолда, лизинг тўловлари бўйича ҳосил бўлган қарздорликни, харид тўлови муддатини ўтказиб юборганлик учун пеня ва ундирувни лизинг объектига қаратишни талаб қилманг.

Айнан Олий хўжалик суди Пленумининг ОХСнинг 27.11.2015 йилдаги “Лизинг муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатлари нормаларини иқтисодий судлар томонидан қўлланилишининг айрим масалалари ҳақида”ги 289-сон Қарорида баён этилган позицияси айни шундан иборат.

Шунингдек, судда ишни кўриб чиқишда нафақат қонунчиликнинг юқорида баён этилган нормаларига, балки халқаро молиявий лизинг тўғрисидаги Халқаро молиявий ижара тўғрисидаги Конвенциясига (UNIDROIT)  ҳам амал қилинг. Гарчи унда у ижарага берувчи ва ижарага олувчининг тижорат корхоналари турли давлатларда жойлашганда қўлланилади дейилган бўлсада, суд бунда норезидент бўлган лизинг олувчига лизинг объекти қайтариладиган, резидентга эса - қайтарилмайдиган  вазиятнинг икки хиллигини эътиборга олиши ва ўзининг асосини бериши керак бўлади.


 

Юридик ёрдамчи Юридик ёрдамчи Юридик ёрдамчи /uz/publish/doc/text172582_lizing_shartnomasini_tuzishda_nimaga_etibor_berish_lozim