Кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ерлар учун солиқ уч карра миқдорда ундирилмайди

preview

Кадастри йўқ бўлган уй хўжаликларига ер солиғи 3 карра оширилган ставка бўйича ҳисобланиши тўхтатиб турилади. Бу масала 18 июль куни озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва аҳолининг даромадларини ошириш масаласига бағишланган Президент раислигида ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинди.

 

Маълумотларга кўра Ўзбекистондаги 2,6 млн аҳоли хонадонларининг кадастр ҳужжатлари йўқ. Шу сабабли ушбу хонадонлар бўйича ер солиғи 3 карра миқдорда ҳисобланмоқда. Бундан ташқари, бу уйларнинг эгалари кредит ва субсидиялардан фойдалана олмаяптилар.

Президент томонидан Адлия вазирлигига ушбу масаласини узил-кесил ҳал қилиш учун алоҳида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди. Янги қонун қабул қилингунига қадар мазкур уйларга солиқни оширилган ставка бўйича ҳисоблаш тўхтатиб турилади.

Шунингдек сув таъминоти оғир туманларда катта қудуқ қазиш харажатлари учун ажратиладиган субсидиялар миқдори оширилиши режалаштирилмоқда. Кичик қудуқлар учун Қорақалпоғистонда 5 метрдан, қолган ҳудудларда 10 метрдан ортиқ чуқурликнинг ҳар бир метрига 100 минг сўмдан субсидия берилади.

Қудуқ қазишга гидрогеологик хулосалар 2025 йилга қадар бепул берилади. Сув тежовчи технологиялар жорий этиш бўйича бериладиган субсидиялар деҳқон хўжаликлари учун ҳам татбиқ этилади.

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади.