Шахсий кабинетда солиқ тўловчиларни қандай янгиликлар кутмоқда

preview

my.soliq.uz порталидаги солиқ тўловчининг шахсий кабинетида янги имкониятлар пайдо бўлади. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитасининг Ахборот-коммуникация технологиялари бошқармаси бош инспектори Акмал Ҳайдаров сўзлаб берди.

Биринчи навбатда, бу ЭРИ (электрон рақамли имзо) мавжуд бўлишини назарда тутмайдиган идентификациялаш ва кириш имкониятини тақдим этишнинг муқобил усуллари бўлиб, жисмоний шахслар учун айниқса долзарбдир.

Шахсий кабинетнинг бош саҳифаси бутунлай ўзгаради. Унга киришда солиқ тўловчига дарҳол ҳисобланган солиқлар, барча тўланадиган солиқ турлари бўйича мавжуд қарздорлик ва ортиқча тўловлар, уларни тўлаш муддатлари тўғрисида янгилаб бориладиган долзарб ахборот тақдим этилади.

Шунингдек, жисмоний шахсларга мавжуд солиқ солиш объектлари (мол-мулк), солиқ агентлари томонидан тўланган жисмоний шахсларнинг даромадига солинадиган солиқ тўғрисида ахборот тақдим этилади.

Шахсий кабинет тузилмасида бир нечта асосий блоклар пайдо бўлиб, унда хизматлар ва функциялар вазиятга доир белгиларига кўра бирлаштирилади:

  • “Менинг ҳужжатларим”;
  • “Менинг ҳисоботларим”;
  • “Солиқларни тўлаш”;
  • “Хизматни олиш”;
  • “Хизмат кўрсатишнинг боришини билиш”.

Хизматлар кўрсатишнинг бориши, солиқ органлари билан ёзишмалар, электрон солиқ ҳисоботи ва декларацияларини қабул қилиш ҳақида ахборот олиш имконияти кенгайтирилади. Ушбу  ахборотларни турли мобиль қурилмалар орқали ҳам олиш мумкин бўлади.

Электрон шаклда электрон ҳужжатлар репозиториясида тақдим этилган электрон давлат хизматларини кўрсатиш натижалари сақланишини таъминлайдиган тизим барпо этилмоқда. Бу сўров бўйича уларни тақдим этиш учун электрон ҳужжатлар нусхаларини қоғоз шаклида олиш жараёнини соддалаштиради ва уларнинг ҳақиқийлигини текшириш имкониятини таъминлайди.

Бу солиқ тўловчилар томонидан ўз мажбуриятларини ихтиёрий равишда бажариш учун қулай шароитлар яратишга ёрдам бериши кутилмоқда.

   Soliq Plus материаллари асосида