• beta

Тўланмайдиган тўловлар бўйича маълумотнома нима учун керак

15.03.2019

Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясида солиқ ҳисоботларини қисқартириш ва соддалаштириш назарда тутилган. Бу тадбиркорларнинг солиқ тўлашга доир чиқимларини камайтиради, бу билан Doing Business рейтинглар тизимидаги мезонлардан бирига амал қилинган бўлади.  

 

Ушбу йўналишда кўп ишлар қилинди. Хусусан, ЖШДС ва ЯИТ бўйича ҳисобот шакллари бирлаштирилди, фойда солиғи, ҚҚС ва ЯСТ бўйича анча соддалаштирилди.

 

Бироқ бу барча муаммолар ҳал этилганини англатмайди. Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича жорий тўловларни ҳисоблаш учун маълумотнома билан боғлиқ вазият бунга мисол бўла олади. Уни жорий ҳисобот даври биринчи ойининг 10-кунигача солиқ органларига тақдим этиш зарур.

 

2019 йил 1 январдан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган кўп корхоналар ушбу норма бизга татбиқ этилмайди, деб ҳисобладилар. Улар умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтганлар биринчи чорак учун фойда солиғи бўйича жорий тўловларни тўлашдан озод қилиниши назарда тутилган Солиқ кодексининг 354-моддаси қоидаларига таяндилар. Модомики, тўловлар тўланмас экан – маълумотнома ҳам керак эмас, Солиқ кодексига мувофиқ, у «юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича жорий тўловларнинг суммасини аниқлаш учун» тақдим этилади. Солиқ солиш соҳасидаги экспертлар ва солиқ органларининг айрим вакиллари кўп бор ушбу позициядан келиб чиқдилар («Топшириш керакми ёки йўқми – мана масала қаерда», «2019 йил I чорак учун фойда солиғи бўйича жорий тўловлар юзасидан маълумотномани ким топшириши керак» савол-жавобларига қаранг).   

 

Бироқ белгиланган санадан кейин бир ойдан ортиқ вақт ўтгач, ДСҚ ушбу масала юзасидан бошқача фикрда эканлиги маълум бўлди. Солиқ тўловчиларга 18 февралда йўлланган Билдиришда қуйидагилар қайд этилган эди:

 

– ҳисобот даври биринчи ойининг 10-кунигача Маълумотномани тақдим этиш зарурлиги;

– жорий тўловлар бўйича тегишли сатрга – улардан озод қилинган тақдирда «0» рақамини қўйиш кераклиги;

– Маълумотномани тақдим этмаганлик учун «таъсир» чоралари кўрилиши мумкин эканлиги. Улар орасида – солиқ тўловчининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ва 1 ЭКИҲдан 3 ЭКИҲгача миқдорда маъмурий жарима солиниши санаб ўтилган.

 

Келгусида ана шундай вазиятлар такрорланмаслиги учун қуйидагича йўл тутишни таклиф этамиз:

 

1. Солиқ солишнинг янги тизимига ўтиш шароитида солиқ органлари юзага келаётган муаммоларга янада тезкор муносабат билдиришини. Солиқ қонунчилигини амалга оширишда бундан кейин ҳам тушунмовчиликлар юзага келади, ДСҚ ушбу муаммолар юзасидан ўз позициясини вақтида маълум қилса, инсофли солиқ тўловчиларга мураккаб вазиятларда – барча муддатлар ўтиб кетишидан аввал тўғри иш тутишида ёрдам берган бўлади.

2. Солиқ тўловчилар учун нафақат ДСҚнинг, балки Молия вазирлигининг фикри ҳам муҳим. Зеро айнан у «бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан бирга солиқ солиш услубияти, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкалари, шунингдек солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш ва тўлаш билан боғлиқ ҳисоб-китоблар, декларациялар ва бошқа ҳужжатларнинг шаклларини ишлаб чиқади».

3. Солиқ кодексида бир хил талқин қилиб бўлмайдиган масалалар бўйича ҳужжатларни Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказишнинг белгиланган тартибига риоя этиш мақсадга мувофиқ. Бу расмий органларнинг амалдаги қонунчиликни турлича талқин қилиш бўйича позицияси хусусида саволларни келтириб чиқармайди.

 

ДСҚнинг «Билдириши» эса бир нечта саволларни юзага келтирди.

 

1. Ҳар қандай, айниқса солиқ ҳисоботини топширишдан маъно бўлиши керак. ЯСТ тўлашдан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган шахслар биринчи чорак учун фойда солиғи бўйича жорий тўловларни тўлашдан озод этилса, ушбу «тўланмайдиган» жорий тўловлар ҳақидаги маълумотнома нега керак? Ноль қайд этилган ҳисоботни топширишдан ҳеч қандай маъно йўқ.

2. Жорий тўловлар тўғрисидаги маълумотнома шаклида қуйидагича изоҳ берилган:

– агар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда тўлиқ озод этиш кўринишида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича имтиёз берилган бўлса, 010, 020, 030 ва 040-сатрларга «0» қўйилади;

 

– агар 010-сатрнинг қиймати ЭКИҲнинг 200 бараваридан кам миқдорни ташкил этса, 020, 030 ва 040-сатрларда «0» қўйилади ҳамда юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича жорий тўловлар тўланмайди.

 

Яъни МВ ва ДСҚ қабул қилган ҳужжатда умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтганда фойда солиғи бўйича жорий тўловларни тўламайдиган солиқ тўловчилар «ноль» қайд этилган ҳисоботларни топшириши назарда тутилмаган.

 

3. Ҳуқуқий амалиётда аналогиялар тизими мавжуд. Чунончи, норезидентнинг доимий муассасаси фойда солиғини жорий тўловларни тўламасдан йилига бир марта тўлайди. Бизга маълумки, доимий муассасалар жорий тўловлар тўғрисидаги маълумотномани тақдим этмайди. Савол юзага келади – унда нима учун жорий тўловларни тўлашдан озод этилган корхона уни тақдим этиши керак?

4.  Фойда солиғи бўйича жорий тўловларнинг нолга тенг ҳисоб-китоблари билан бирга маълумотнома тақдим этмаган солиқ тўловчиларга нисбатан санкциялар қўлланиши тўғрилиги ҳам шубҳа уйғотади. Улар «солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун зарур бўлган солиқ ҳисоботлари, ҳисоб-китоблар ва бошқа ҳужжатларни тақдим этмаганлик, ўз вақтида ёки белгиланган шаклда тақдим этмаганлик учун» назарда тутилган.

 

«Нолли» маълумотнома фойда солиғи бўйича жорий тўловларни ҳисоблаш учун керак эмаслигидан келиб чиқилса, маъмурий жариманинг қўлланилиши қуйидагиларга зид саналади:

 

– Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган одиллик принципига;

–  солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципига. 

 

Ишлаб чиқилаётган янги таҳрирдаги Солиқ кодексида «нолли» маълумотномалар, ҳисоб-китоблар ва ҳисоботларни тақдим этиш муаммоси Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси талабларидан келиб чиқиб ҳал этилишига умид қиламиз.

 

Ж. Абдуллаев,  М. Перпер.

 

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал