Янги Солиқ кодекси. Унда нималар муҳим?

preview

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳрири  1 январдан бошлаб амал қила бошлади.Унинг электрон версияси Молия вазирлиги (mf.uz) ва Давлат солиқ қўмитаси (soliq.uz) веб-сайтларида пайдо бўлди. Қулай форматда - қисмлар рақамланган ҳолда - buxgalter.uz. сайтида жойлаштирилди. Солиқ ҳисобини юритиш сиёсатини ишлаб чиқиш муддати март ойига, Электрон ҳисобфактурадан фойдаланиш тартибини бузганлик учун санкциялар июлгача кўчирилди.

Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси 2020 йил 1 январдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларни солиққа тортиш тартибидаги ўзгаришлар тўғрисида қуйидаги маълумот хабарини тайёрлади:

1. Ягона ижтимоий тўлов ўрнига ижтимоий солиқ, ягона солиқ тўлови ўрнига - айланмадан солиқ, қатъий белгиланган солиқ ўрнига - жисмоний шахсларнинг даромадларига, уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда илгари берилган имтиёз ва солиқни ҳисоблаш хусусиятларини сақлаб қолган ҳолда, қатъий белгиланган миқдорда солиқ жорий этилади.

2. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар, шунингдек солиқлар бўйича пасайтирилган ставкалар қуйидаги муддатларда амал қилади:

Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-136-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси билан тақдим этилган ва белгиланган имтиёзлар ва ставкалар 2020 йил 1 апрелгача;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тақдим этилган имтиёзлар ва ставкалар, уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар.

3. Солиқ кодекси таркибидан давлат божи, товарларнинг айрим турларини (алкоголли ичимликлар) сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар бўлимлари чиқарилди, улар "Давлат божи тўғрисида" ги Ўзбекистон Республикасининг алоҳида Қонунида назарда тутилади.

4. Бир марталик хусусиятдаги махсус тўловлар бўлган ер қаъридан фойдаланувчилар учун бонуслар (имзоли бонус ва тижоратбоп бонус) Солиқ кодексидан "Ер ости бойликлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўтказилади.

5. Солиқ тўловчилар 2020 йил 1 апрелгача 2020 йил учун солиқ солиш мақсадлари учун ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқишлари шарт. Солиқ мақсадлари учун ҳисоб-китоб сиёсати солиқ тўловчи томонидан мустақил равишда ихтиёрий шаклда белгиланади ва раҳбарнинг буйруғи билан тасдиқланади.

6. Қуйидагилар учун махсус солиқ режимлари бекор қилинди:

а) бозорлар учун, уларни умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказган ҳолда. 2020 йил 1 январдан бошлаб бозорлар аввалги солиқ тўлаш тартиби (даромаднинг 50 фоизи) ўрнига қуйидагиларни тўлайди:

умумдавлат солиқларини (агар реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд сўмдан ошган бўлса) - юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, қўшилган қиймат солиғи ва 20 фоизли оширилган ставкада фойда солиғини;

айланмадан солиқни (реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд сўмдан кам бўлганда), шунингдек юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни;

б) концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар учун, уларга жисмоний шахслардан даромад солиғини тўлашни жорий этган ҳолда.

Концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун айланмадан солиқ (реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд сўмдан кам бўлганда) ёки умумбелгиланган тартибда тўланадиган солиқлар (реализация ҳажми 2019 йилда 1 млрд сўмдан ошганда) киритилади.

Шу билан бирга, ушбу фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун олинадиган давлат божининг миқдори деярли 4 баравар камайтирилди;

в) қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун, уларни умумбелгиланган солиқ тўлашга ёки айланмадан солиқ тўлашга ўтказиш билан. Шу билан бирга, ушбу тоифадаги солиқ тўловчилар учун фойда солиғининг ноль ставкаси белгиланади, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун ишлатиладиган мол-мулк қисми бўйича мол-мулк солиғидан ва томчилатиб суғориш тизими жорий этилган ерлар учун ер солиғидан имтиёзлар тақдим этилади.

7. Якка тартибдаги тадбиркорлар учун декларация асосида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашни ёки 2020 йилдан бошлаб ўртача 25 фоизгача пасайтириладиган қатъий белгиланган миқдорда солиқ тўлашни танлаш ҳуқуқи берилади. Декларация асосида ёки қатъий белгиланган миқдорда солиқни танлаш ва тўлашнинг батафсил тартиби ушбу қўшма хатнинг 3.9-бандида келтирилган.

8. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳририда ҳисобварақ-фактуралар қоида тариқасида электрон кўринишда расмийлаштирилиши белгиланган.

2020 йил 1 январдан бошлаб товарларни (хизматларни) сотишда хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда тақдим этиши ва қабул қилиши шарт. Солиқ тўловчилар электрон ҳисобварақ-фактуралар операторини ўз хоҳишларига кўра танлашлари мумкин.

Шу билан бирга, электрон ҳисобварақ-фактураларнинг алоҳида операторлари 2020 йил бошида ўз хизматларини бепул тақдим этадилар.

Кўп сонли солиқ тўловчиларни электрон ҳисоб операторларига улаш зарурати туфайли, 2020 йил 1 июлга қадар солиқ органлари белгиланган тартибни бузганлик учун жавобгарлик чораларини қўлламайдилар.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришнинг, шу жумладан уларни қоғозда расмийлаштириш мумкин бўлган ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, янги тартиби етказилади. Ҳисобварақ-фактураларни тақдим этиш тартиби ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказилганига қадар солиқ тўловчилар 2019 йилда амалда бўлган тартибни қўллашлари керак .

Шунга ўхшаш тартиб онлайн назорат-касса машиналаридан ва виртуал кассаларидан фойдаланишда ҳам қўлланилади.

II. СОЛИҚ МАЪМУРИЯТЧИЛИГИ МАСАЛАЛАРИ

1. Солиқ органларининг солиқ тўловчининг солиқ қарзини ундиришни унинг дебиторидан олинадиган суммага қаратиш ҳуқуқи бекор қилинади.

2. Солиқ органларининг ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқларни ўз вақтида қайтариш учун жавобгарлиги кучайтирилди. Ортиқча ундирилган солиқ ва молиявий санкциялар суммалари, ушбу суммаларни ундириш (тўлаш) даврида амалда бўлган Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган фоизларни ҳисобга олган ҳолда қайтарилади.

Айнан шу тартибда, ортиқча тўланган солиқ суммасини ўз вақтида қайтариш ва ортиқча ундирилган солиқ суммасини ҳисобга олиш (қайтариш) механизми жорий этилмоқда. Шу билан бирга, солиқ суммасини қайтаришда ҳар бир кечиктирилган кун учун солиқ органи томонидан солиқ тўловчига фоиз тўлаш назарда тутилади.

3. Солиқ органларига риск-таҳлил асосида камерал солиқ текширувлари, сайёр солиқ текширувларини ва солиқ аудитини тайинлаш ҳуқуқини берадиган солиқ назоратини амалга оширишнинг янги тартиби назарда тутилган.

Солиқ органлари томонидан солиқ текширувлари фақат Солиқ кодексида назарда тутилган ва уларни ўтказиш тартибини белгилайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин ўтказилиши мумкин. Хусусан, Солиқ кодекси солиқ текширувларининг қуйидаги турларини назарда тутади:

а) камерал солиқ текшируви (солиқ тўловчининг ҳисоботини солиқ органида ўрганиш ва уни божхона органлари, банклар, энергетика корхоналари, кадастр ва бошқаларнинг маълумотлари билан солиштириш), унинг якунлари бўйича солиқ тўловчи солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиши ёки асослантирилган сабабларни кўрсатиши керак.

Камерал солиқ текширувини ўтказиш учун солиқ органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) буйруғи бўлиши шарт. Шу билан бирга, камерал солиқ текшируви доирасида солиқ органининг мансабдор шахсига солиқ тўловчидан маълум бир солиқни ҳисоблашнинг тўғрилигини тасдиқлаш учун зарур ҳужжатларни талаб қилиш ҳуқуқи берилади.

Камерал солиқ текшируви натижалари бўйича молиявий санкциялар қўлланилмайди, лекин пеня ҳисобланиши мумкин;

б) сайёр солиқ текшируви (солиқ тўловчининг айрим кўрсаткичларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш), унинг мақсади фактларни қайд этишдан иборат. Сайёр солиқ текшируви солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш ҳамда бошқа мажбуриятлар бажарилиши масалаларида маълумот тўплаш учун амалга оширилади.

Сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича солиқлар қўшимча ҳисобланмайди.

в) солиқ аудити - катта ҳажмдаги оборотларда юқори даражада рискка эга бўлган солиқ тўловчи томонидан солиқ қонунларига риоя этилишини ҳар томонлама ўрганиш. Солиқ аудити солиқларни тўлашдан бўйин товлаш хавфи омилларини таҳлил қилиш асосида танланган солиқ тўловчиларда ўтказилади.

Солиқ аудити натижаларига кўра қўшимча солиқлар ҳисобланиши ва молиявий санкциялар қўлланилиши мумкин.

Шу билан бирга, қуйидагича тартиб жорий этилади, унга мувофиқ 2022 йил 1 январгача давлат солиқ хизмати органлари солиқ аудити тайинланганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қиладилар.

4. Солиқ низоларини судгача ҳал этиш тартиби аниқлаштирилган, шунингдек солиқ ҳуқуқбузарлиги туридан келиб чиқиб, жавобгарлик чоралари белгиланган.

Бунда, солиқ органининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан суд тартибида шикоят қилиш фақат юқори турувчи солиқ органига шикоят қилинганидан кейингина мумкин бўлади.

5. Солиқ кодексида қуйидагилар кўзда тутилган:

солиқларни тўлашни таъминловчи янги воситалар, шунингдек коллегиал органлар (комиссиялар)нинг иштирокисиз пуллик асосда солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби киритилиши;

солиқ солишдан бўйин товлашга қарши нормаларни, шу жумладан "битимларни қайта квалификациялаш", "сохта битимларни" бекор қилиш, фирибгарлик битимлари бўйича чегирмаларни тақдим этмасликни белгилаш.

6. Ўзбекистон Республикаси янги таҳрирдаги Солиқ кодексида 2020 йил 1 январдан бошлаб имтиёзлар фақат Солиқ кодекси билан тақдим этилиши белгиланмоқда.

Бунда, айрим солиқлар бўйича солиқ имтиёзлари, қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи солинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилганда ва (ёки) реализация қилинганда акциз солиғи ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқдан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан фақат белгиланган солиқ ставкасини камайтириш, лекин кўпи билан 50 фоизга камайтириш тарзида ва кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкин.

Қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар, шу жумладан товарлар Ўзбекистон Республикасининг ҳудудига олиб кирилишида (импортида) солиқ солишдан бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш шарти билан берилиши мумкин эмас.

7. Трансферт нархларни белгилашдаги, назорат қилинадиган чет эл компаниялари, солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳлари олган фойдани солиққа тортишга доир нормалар 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб кучга киради ҳамда улар бўйича доимий равишда тушунтириш материаллари эълон қилиб борилади.

III. СОЛИҚЛАРНИ ҲИСОБЛАШ ВА ТЎЛАШ

БЎЙИЧА АСОСИЙ ЎЗГАРИШЛАР

1. Қўшилган қиймат солиғи бўйича:

1.1. 2020 йил 1 январдан қуйидагилар бекор қилинади:

а) ҚҚСни ҳисоблаб чиқиш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартиби.

Бунда, солиқ тўловчилар ҚҚСни ҳисоблаб чиқиш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибидан умумбелгиланган тартибга ўтганда, улар 2020 йил 1 январь ҳолатидаги товар-моддий захира қолдиқлари бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олиши мумкин.

Масалан, 2019 йилда соддалаштирилган тартибда ҚҚСни тўловчи корхона 2020 йилда 15 фоизлик ставкада тўловчи бўлади. 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига корхонанинг балансида қуйидагилар мавжуд:

ҚҚС билан сотиб олинган 100 млн сўмлик товар-моддий захиралари. Шу жумладан, охирги 12 ойда сотиб олинган товар-моддий захиралари, яъни 2019 йилнинг 1 январидан 31 декабригача 80 млн сўмни ташкил этади;

ҚҚС билан сотиб олинган қолдиқ қиймати 200 млн сўмлик асосий воситалар. Шу жумладан, 2019 йилда сотиб олинган асосий воситалар қолдиқ қиймати 50 млн сўмни ташкил этади;

300 млн сўмлик қурилиши тугалланмаган объект, шу жумладан 2019 йилда мазкур қийматга киритилган ҚҚС билан сотиб олинган товар ва хизматлар 150 млн сўмни ташкил этади.

2020 йил 1 январь ҳолатига корхона қуйидагиларга тўғри келадиган ҚҚС суммасини ҳисобга олиши мумкин:

80 млн сўмлик товар-моддий захиралари қолдиқлари;

50 млн сўмлик қолдиқ қиймат билан асосий воситалари;

150 млн сўмлик қурилиши тугалланмаган объект қийматига киритилган товар ва хизматлари.

Бунда ҚҚС суммаси товар-моддий бойликлар ва хизматлар сотиб олинганда мол етказиб беручилар томонидан кўрсатилган ставкага мувофиқ улар қийматини камайтиради.

б) айланмадан солиқ тўловчиларнинг ҚҚСни ихтиёрий равишда тўлаш имконияти.

1.2. Қуйидагилар товарлар (хизматлар) реализациясидан даромад миқдори кўрсаткичидан қатъи назар ҚҚС тўлайдилар:

Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар;

акциз ости товарлар (хизматлар) ишлаб чиқарувчи ва (ёки) фойдали қазилмаларни қазиб олувчи юридик шахслар;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи юридик шахслар - уларда 50 гектар ва ундан кўп бўлган суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари мавжуд бўлганда;

бензин, дизель ёқилғиси ва газни реализация қилувчи юридик шахслар;

лотереяни ташкил этиш фаолиятини амалга оширувчи юридик шахслар;

оддий ширкат шартномаси доирасида амалга ошириладиган фаолият бўйича - оддий ширкатнинг ишларини юритиш вазифаси зиммасига юклатилган ишончли шахс - оддий ширкатнинг иштирокчиси;

ваколатли органнинг хулосаси чиқарилган тугалланмаган ишлаб чиқариш объектлари ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдорлари бўлган юридик шахслар;

марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган объектларни қурилишини (жорий ва мукаммал таъмирлашдан ташқари) бажарувчи юридик шахслар.

1.3. 2020 йил 1 январдан қуйидагилар ҚҚС тўловчилари ҳисобланади:

чет эллик юридик шахсларнинг доимий муассасалари (товарлар (хизматлар) реализациясидан даромад миқдоридан қатъи назар). Доимий муассасалар ҳам 2020 йил 1 январь ҳолатига товар-моддий бойликлар қолдиғи бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олиши мумкин;

Ўзбекистон ҳудудида товарларни (хизматларни) реализация қилувчи чет эллик юридик шахслар, агар бу товарларни (хизматларни) сотиш жойи Ўзбекистон ҳисобланса.

ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиш кодини олиш учун 2020 йил 1 январдан ҚҚСга ўтиш бўйича мажбурияти вужудга келган солиқ тўловчиларга 2020 йилнинг 10 январига қадар ҚҚСга ўтиш бўйича тегишли аризани бериш тавсия этилади.

1.4. Солиқ агентлари томонидан ҚҚС тўлаш тартиби киритилмоқда.

Бу ҳолатда ҚҚС тўлаш солиқ агенти ва товарларни (хизматларни) реализация қилувчи шахснинг товарлар (хизматлар) реализациясидан олинган даромади миқдоридан қатъи назар амалга оширилади.

ҚҚС тўлаш мақсадида солиқ агенти деб қуйидагилар тан олинади:

а) давлат мулкини ижарага бериш бўйича ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан давлат мулкини ижарага берганда.

Солиқ агенти шартномада белгиланган ижара тўлови суммасидан ҚҚСни ушлаб қолиш ва бюджетга ўтказиб беришга мажбур. Бинобарин, давлат мулкини ижарага бериш бўйича ваколатли орган шартнома нархида ҚҚС суммасини кўзда тутиши лозим. ҚҚС тўловчилари бу шартномалар бўйича солиқ суммасини Солиқ кодексида белгиланган тартибда ҳисобга оладилар;

б) юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар - ҚҚС тўловчиси сифатида Ўзбекистон Республикаси солиқ органларида ҳисобда турмаган чет эллик шахслардан товарлар (хизматларни) сотиб олганда.

Топшириқ, воситачилик шартномалари ёки бошқа воситачилик шартномалари асосида чет эллик шахслар томонидан товарлар (хизматлар) реализацияси амалга оширилганда, солиқ агенти деб воситачи ёки ишончли вакил тан олинади.

1.5. Хизматларни реализация қилиш жойини аниқлаш ва уларга ҚҚС солиш тартиби кайта кўриб чиқилган. Жумладан, реализация жойи Ўзбекистон Республикаси деб тан олинмаган хизматларни кўрсатиш эндиликда солиққа тортилмайдиган оборот сифатида қаралмайди.

Реализация жойи Ўзбекистон Республикаси деб тан олинмаган хизматларни кўрсатувчи хўжалик субъектлари ҳақиқатда кўрсатилган хизматлар бўйича тўланган (тўланиши лозим бўлган) ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқига эга.

Янги тартибга мувофиқ солиққа тортилмайдиган оборотлар деб фақат солиққа тортишдан озод этилган оборотлар тан олинади.

Хизматларни реализация қилиш жойини аниқлашда хизматни олувчи шахснинг ўз фаолиятини амалга ошириш жойи устувор принцип ҳисобланади.

Агар хизматни олувчи шахс Ўзбекистон Республикасида фаолиятини амалга оширса, мазкур хизматларни реализация жойи Ўзбекистон Республикаси ҳисобланади.

Солиқ кодексининг 241-моддаси учинчи қисми 1-10-бандларида кўзда тутилган хизматларни реализация қилиш жойи уларнинг олувчилари Ўзбекистон Республикасида фаолиятини амалга оширса, агар мазкур хизматлар Ўзбекистон Республикасининг ташқарисида кўрсатилса, Ўзбекистон Республикаси ҳисобланмайди.

Шунга мувофиқ, мазкур тартиб доирасида хизматлар экспортини амалга оширишда (Солиқ кодексининг 239-моддаси учинчи қисми 1-10-бандларида кўзда тутилган ҳизматлар бундан мустасно) реализация жойи Ўзбекистон Республикаси ҳисобланмайди ва Ўзбекистон Республикасида ҚҚСга тортилмайди.

Шу билан бирга, мазкур хизматлар реализацияси бўйича оборот солиққа тортиладиган оборот деб тан олинади ва солиқ тўловчилар сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга.

1.6. Товарлар (хизматлар) реализацияси бўйича оборотлар рўйхати оптималлаштирилмоқда. Жумладан, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган товарларни (хизматларни) бепул бериш товарлар (хизматлар) реализацияси бўйича оборот деб ҳисобланмайди ва ҚҚСга тортилмайди.

Шу билан бирга, оддий ширкат шартномаси бўйича улуш сифатида товарларни (хизматларни) бериш, шунингдек уларни таъсисчилар ёки оддий ширкат шартномаси бўйича иштирокчилар таркибидан чиққанда бериш, бирламчи улуш миқдоридан қатъи назар, ҚҚСга тортилади.

1.7. Улар бўйича оборот ҚҚСдан озод этиладиган операциялар рўйхати қисқартирилган.

Жумладан, 2020 йилнинг 1 апрелидан қуйидаги товарларга (хизматларга) имтиёзлар бекор қилинади:

а) босма маҳсулотлари, грант ҳисобидан сотиб олинадиган товарлар, давлат захирасининг товар-моддий захиралари уларни янгиланишида, инвестор ва давлат мулкини бошқариш бўйича ваколатли давлат органи ўртасида тузилган шартномага мувофиқ инвестицион мажбурият сифатида мулклар ўтказилганда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори бўйича қурилиши тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган кўчмас мулк объектлари;

б) ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш, шу жумладан аэронавигация хизмати, туристик хизматлар, грант ҳисобидан олинган хизматлар, давлат тилини ва давлат тилида иш юритишни ўргатиш хизматлари, давлат мулкини ижарага бериш хизматлари, оммавий ахборот воситалари ва китоб маҳсулотларини етказиш бўйича хизматлар, қатъий миқдорда белгиланган тариф бўйича молиявий хизматлар.

Ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш юзасидан бевосита Ўзбекистон Республикаси аэропортларида ва Ўзбекистон Республикасининг ҳаво бўшлиғида амалга ошириладиган хизматлар, шу жумладан аэронавигация хизмати 2020 йил 1 январдан ноль ставкасида ҚҚСга тортилади.

Халқаро молиявий институтларнинг қарзлари ва ҳукумат ташкилотларининг халқаро қарзлари ҳисобидан олинадиган товарлар (хизматлар) бўйича имтиёз, агар қарз шартномасида уларни солиқдан озод этиш назарда тутилган бўлса, қўлланилади.

Бунда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бўйича халқаро ва чет эл ҳукумат молия ташкилотлари томонидан берилган қарзлар (кредитлар) ҳисобига юридик шахслар томонидан олинган товарлар ( хизматлар) халқаро ва чет эл ҳукумат молия ташкилотлари томонидан маъқулланган лойиҳалар доирасида 2020 йил 1 июлгача ҚҚС ва акциз солиғига тортилмайди.

Шу билан бирга, 2020 йил 1 январдан бошлаб қуйидагиларни ҚҚСдан озод этишни назарда тутадиган янги имтиёзлар жорий этилмоқда:

а) ишловчилари умумий сонининг камида 50 фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан иборат бўлган ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 50 фоизини ташкил этадиган, ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслар томонидан реализация қилинадиган товарлар ва хизматларни;

б) товарларни (хизматларни), агар товарларни бериш (хизматлар кўрсатиш) Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида бепул амалга оширилса;

в) қимматбаҳо металлардан ишланган банк ва ўлчовли қуймаларини, қимматбаҳо металлардан ишланган қуйма (инвестиция) тангаларни (нумизматика мақсадлари учун фойдаланиладиган тангалардан, шунингдек қимматбаҳо металлардан ишланган чет эл тангаларидан ташқари), заргарлик буюмларини;

г) бюджет маблағлари ҳисобидан ҳар йиллик минерал хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастурлари доирасида кўрсатиладиган геология хизматларини.

1.8. Реализация қилинадиган товарлар (хизматлар) шу жумладан уларни текин беришда таннархга боғланган ҚҚС бўйича солиқ солинадиган базани аниқлашнинг эскирган усуллари бекор қилинмоқда. Бунинг ўрнига, уларнинг бозор қиймати бўйича солиқ солиш назарда тутилмоқда.

Бунда, товарларни (хизматларни) текинга бериш, агар бундай бериш иқтисодий жиҳатдан асосланган бўлса, солиққа тортиладиган айланма сифатида қаралмайди.

Лизинг операциялари учун солиқ солинадиган базани аниқлаш тартиби сақлаб қолинмоқда, унга мувофиқ Солиқ кодексининг 246-моддасига биноан солиқ солишдан озод қилинган олиб кирилган технологик ускуналар (ускуналар) молиявий ижарага (лизингга) берилганда, солиқ солинадиган база ушбу ускунани сотиб олиш нархи ва сотиш баҳоси ўртасидаги ижобий фарқдан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

1.9. Солиқ кодексида ҚҚСнинг ноль ставкасини қўллаш бўйича халқаро ҳуқуқни имплементация қилиш назарда тутилмоқда. Масалан, дипломатик корпус ва унинг ходимлари расмий фойдаланиш учун товарлар (хизматлар) сотиб олишганида тўланган ҚҚСни қайтариб олиш имкониятига эга.

1.10. Узоқ муддатли активлар бўйича бир йўла ҳисобга олиш жорий этишмоқда, яъни хўжалик юритувчи субъектлар узоқ муддатли активлар бўйича уларни сотиб олганда ҚҚСни айланма маблағлардан фойдаланишни чекловчи 12 ва 36 ойлик даврларга тақсимламасдан, тўлиқ ҳисобга олиши мумкин.

Бунда, сотиб олинган узоқ муддатли активлар бўйича ҳисобга олинмаган ва 2020 йил 1 январда 4410 "Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича аванс тўловлари (турлари бўйича)" дебетида ҳисобда турган ҚҚС суммаси 6410 "Бюджетга тўловлар бўйича қарзлар (турлар бўйича)" дебетига тўлиқ ҳисобга олинади. Ушбу қоида фақат 2019 йилда сотиб олинган узоқ муддатли активларга нисбатан қўлланилади (ҚҚС бўйича ҳисобга олиш ҳуқуқи 2019 йил 1 январдан кейин берилган).

1.11. ҚҚС тўловчилари тоифасига ўтганда, шунингдек солиқ имтиёзлари бекор қилинган тақдирда, солиқ тўловчи ҚҚС миқдорини фақат сўнгги 12 ой ичида сотиб олинган ТМЗ қолдиқлари бўйича ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади. Узоқ муддатли активлар бўйича ҚҚС, солиқ суммасини ўз ичига олган қайта баҳолашни ҳисобга олмаган ҳолда, уларнинг баланс (қолдиқ) қийматидан келиб чиқиб белгиланади.

Масалан, 2019 йилда товарларни (хизматларни) реализация қилишдан тушган даромаднинг чекланган миқдорини оширган солиқ тўловчи 2020 йил 1 январдан бошлаб ҚҚС тўлашга ўтади.

2020 йил 1 январь ҳолатига кўра ушбу солиқ тўловчининг омборида 1,4 млрд сўмлик товарлар захиралари мавжуд, улардан 233,3 млн сўм ҚҚСга тўғри келади.

Ушбу қолдиқларнинг 600 млн сўмлик қисми (шу жумладан, 100 млн сўмлик ҚҚС) 2017 йилда сотиб олинган, қолган 800 млн сўм (133,3 млн сўм ҚҚС билан) 2019 йил март ойида сотиб олинган.

Янги қоидаларга кўра, ушбу солиқ тўловчи 2020 йил 1 январдан бошлаб ҚҚС тўлашга ўтишда, 2019 йилда сотиб олинган қолдиқларга тўғри келадиган 133,3 млн сўм солиқни ҳисобга олиши мумкин (яъни охирги 12 ой ичида).

1.12. ҚҚС ҳисобга олишни қўллаш шарти - ҚҚС тўловчиси сифатида тегишли махсус рўйхатдан ўтказиш рақамини олиш талаби сақланиб қолади.

Бунда, солиқ тўловчилар тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун сотиб олинмаган товарлар бўйича ҳисобга олишлари мумкин эмас, хусусан:

енгил автомобиллар, мотоцикллар, вертолётлар, моторли кемалар, самолётлар, шунингдек бошқа турдаги автотранспорт воситалари ва улар учун ёқилғи;

алкоголь ва тамаки маҳсулотлари.

Ҳисобга олишга шунингдек, вакиллик харажатларига тўғри келадиган ҚҚС суммалари киритилмайди.

1.13. ҚҚС ставкалари 15 фоиз ва ноль ставкасида сақланиб қолади.

1.14. Солиқ даври 1 ой. 2020 йилдан бошлаб ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботлари солиқ органларига ортиб бормайдиган якун билан тақдим этилади.

Солиқ ҳисоботини тақдим этиш ва ҚҚС тўлаш ҳар ойда - ўтган солиқ давридан кейинги ойнинг 20-кунидан кечиктирмай амалга оширилади.

Солиқ агентлари ҳам шу муддатларда солиқ ҳисоботларини тақдим этадилар ва солиқни тўлайдилар.

1.15. Ортиқча ҚҚСни қайтариш нафақат ноль ставка бўйича солиқ солинадиган оборотлар учун, балки ҚҚС бўйича ортиқча сумма ҚҚСнинг умумий қоидаларини қўллаш натижасида юзага келган операциялар учун ҳам жорий этилади. Бунда, умумбелгиланган тартибда қайтариш муддати 60 кунни ташкил қилади.

Ҳисобга олинган ҚҚС суммасининг ҳисобланган солиқ суммасидан ошиб кетиши натижасида келиб чиққан ҚҚС миқдорини қайтариш 2020 йил 1 июлдан бошлаб амалга оширилади (ушбу қоида ҚҚС бўйича ноль ставкани қўллаган солиқ тўловчиларга нисбатан қўлланилмайди).

Солиқ тўловчиларнинг алоҳида тоифаси учун ҚҚСни қайтаришнинг 7 кун ичида тезлаштирилган тартиби назарда тутилади (йирик солиқ тўловчилар, экспорт қилувчилар, банк кафолатини тақдим этган солиқ тўловчилар, хорижий дипломатик ваколатхоналар, маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим қатнашчилари, солиқ мониторинги иштирокчилари).

Шу билан бирга, хорижий дипломатик ваколатхоналар ва маҳсулот тақсимотига оид битим тарафлари (битимда шундай шартлар мавжуд бўлганда) томонидан сотиб олинган товарлар (хизматлар) уларга ҚҚС билан реализация қилинади, кейинчалик ҚҚС харидор томонидан қопланади.

Бунда, ҚҚСни қайтариш хорижий дипломатик ваколатхоналарга ва маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битимнинг томонларига (шартномада шундай шартлар мавжуд бўлганда) 2020 йилда сотиб олинган товарлар (хизматлар) учун 2020 йил 1 январдан бошлаб амалга оширилади.

1.16. Ўзбекистон Республикасида жисмоний шахсларга чет эл компаниялари томонидан кўрсатиладиган электрон хизматларга солиқ солиш тартиби жорий этилмоқда.

Aгар электрон хизматлар чет эллик воситачи компанияларни жалб қилган ҳолда чет эл компаниялар томонидан амалга оширилса, жисмоний шахслар билан ҳисоб-китобларни амалга оширадиган чет эллик воситачи компанияларга ҚҚС бўйича солиқ мажбурияти юклатилади.

Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган юридик шахсларга ва Ўзбекистон Республикасида доимий муассасалар орқали фаолият кўрсатувчи юридик шахслар бўлган Ўзбекистон Республикасининг норезидентларига электрон хизматлар кўрсатилганда ҚҚС бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши шундай хизматларни сотиб олувчиларга юклатилади.

2. Фойда солиғи бўйича:

2.1. Қуйидагилар фойда солиғи тўловчилари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлган юридик шахслар;

Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассасалар орқали амалга оширадиган ҳамда Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан даромадлар олувчи норезидент юридик шахслар;

солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчилари бўлган юридик шахслар;

солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олган даромадлари 1 млрд сўмдан ортиқ бўлган ёки ўз ихтиёри билан фойда солиғини тўлашга ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар;

оддий ширкат (биргаликдаги фаолият) шартномаси доирасида амалга ошириладиган фаолият бўйича ишончли шахслар.

2.2. Айланмадан солиқ тўловчи корхоналар фойда солиғи тўловчилари ҳисобланмайди.

2.3. Қуйидаги имтиёзлар 2020 йил 1 апрелдан бекор қилинади:

а) Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг қўриқлаш бўлинмалари учун;

б) қуйидаги фаолият турлари амалга оширилганда олинган фойда қисми бўйича:

протез-ортопедия буюмлари, ногиронлар учун инвентарлар ишлаб чиқаришдан, шунингдек ногиронларга ортопедик протезлаш хизмати кўрсатишдан, ногиронлар учун мўлжалланган протез-ортопедия буюмлари ва инвентарларни таъмирлаш ҳамда уларга хизмат кўрсатишдан;

шаҳар йўловчилар транспортида (таксидан, шу жумладан йўналишли таксидан ташқари) йўловчиларни ташиш бўйича хизматлар кўрсатишдан;

моддий маданий мерос объектларини таъмирлаш ҳамда қайта тиклаш ишларини амалга оширишдан.

2.4. Қуйидаги даромадларга солиқ имтиёзлари сақланиб қолинмоқда:

давлат облигациялари ва давлатнинг бошқа қимматли қоғозлари бўйича даромадлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахсларнинг халқаро облигациялари бўйича даромадлар;

Халқ банки томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағлардан фойдаланишдан олинган фойдаси. Энди ушбу даромадларга ноль ставкаси бўйича солиқ солинади.

2.5. Зарарларни тақсимлаб кўчириш муддати 5 йилдан 10 йилга, зарарларни тақсимлаб кўчириш чегаравий миқдори солиқ солинадиган базанинг 50 фоиздан 60 фоизгача ўсган.

Шу билан бирга, солиқ тўловчи 2020 йил 1 январга қадар кўрилган зарарларни ушбу зарар кўрилган солиқ давридан кейинги кўпи билан беш йил ичида келгусига тақсимлаб ўтказишни амалга оширишга ҳақлидир. Тақсимлаб ўтказилаётган зарарнинг ҳар бир навбатдаги солиқ даврида ҳисобга олинадиган жами суммаси жорий солиқ даврида ҳисоблаб чиқарилган солиқ солинадиган фойданинг 50 фоизидан ошмаслиги керак.

2.6. Банклар, цемент ва полиэтилен гранулаларни ишлаб чиқарувчилар ҳамда уяли алоқа операторлари учун солиқ ставкаси 20 фоиз миқдорида сақланган. Бозорлар ва савдо комплексларида 20 фоиз миқдорида солиқ ставкаси қўлланилади.

2.7. Фойда солиғи бўйича қуйидагиларга 0 фоиз миқдорида ставка ўрнатилган:

ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилишдан олинган фойдаси бўйича қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчи корхоналари учун. Бунда, ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилишдан даромад ҳажми жами даромаднинг 90 фоиздан кўпроғини ташкил этиши лозим;

ижтимоий соҳалар учун;

бюджет ташкилотлари учун. 2023 йил 1 январгача ходимларни моддий рағбатлантиришга ҳамда моддий-техник ва ижтимоий базасини мустаҳкамлашга мақсадли ишлатиш шарти билан қўшимча манбалардан олинган даромадларга ноль ставка қўлланилиши кўзда тутилган.

товарларни (ишларни) экспортга реализация қилишдан олинган фойда учун. Экспортдан олинган даромад 15 фоиздан кам бўлмаслиги лозим. Бунинг учун экспорт кунидан 180 кунгача кечиктирмай экспорт ва даромадлар тушишини ҳужжатли тасдиқланиши талаб қилинади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 ноябрда ПФ-5587-сон Фармони билан тасдиқланган рўйхатдаги хом ашё товарлар ҳамда халқаро йўналишда ташиш (автотранспортдан ташқари), қувур ва газ қувури бўйича ташиш учун ноль миқдорда ставка қўлланилмайди.

2.8. Электрон савдо фаолиятини амалга оширувчи корхоналар учун 7,5 фоиз миқдорида пасайтилиган ставка ўрнатилаяпти. Бунда, электрон савдо ҳажми 90 фоиздан кам бўлмаслиги керак.

2.9. Бошқа барча солиқ тўловчилар учун 15 фоиз миқдорида ставка ўрнатилган.

2.10. Олдин солиққа тортилган даромадларни ҳисобга олиш механизмини жорий этган ҳолда дивидендларни каскадли солиққа тортилиши бекор қилинмоқда.

2.11. Уларни харид қилишга йўналтирилган маблағлар суммасига солиқ солинадиган базани камайтириш тарзидаги имтиёзни бекор қилган ҳолда технологик ускуналар ва кўчмас мулк объектларини харид қилиш давридаги амортизация ажратмаларини бир йўла ҳисобга олиш тартиби жорий қилинмоқда.

2.12. Чораклик солиқ ҳисоботлари ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20 кунидан кечиктирмай ҳамда йиллик солиқ ҳисоблари солиқ даври ўтгандан кейинги йилнинг 1 мартидан кечиктирмай тақдим этилади.

Жами даромади жорий солиқ давридан олдинги солиқ даври учун 5 млрд сўмгача бўлган солиқ тўловчилар томонидан солиқни тўлаш солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатларидан кечиктирмай амалга оширилади, 5 млрд сўмдан ошадиган солиқ тўловчилар ҳар ойлик бўнак тўловларини ҳисобот даври ҳар бир ойининг 23-кунидан кечиктирмай тўлайди.

Бунда бўнак тўлови суммаси солиқ органи томонидан олдинги солиқ даври учун ҳисобланган жами даромаддан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади, биринчи чоракда тўланиши лозим бўлган ҳар ойлик бўнак тўловининг суммаси ўтган солиқ даврининг охирги чорагида тўланиши лозим бўлган ҳар ойлик бўнак тўлови суммасига тенг этиб қабул қилинади. Бўнак тўловлари бўйича маълумотнома тақдим этилмайди.

2020 йил 1 чорак учун фойда солиғи бўйича бўнак тўловлар қуйидаги тартибда аниқланади ва тўланади.

2019 йил 9 ойлик жами даромад суммаси 9 га бўлиниб ва 12 га кўпайтирилганда 5 млрд дан ошган солиқ тўловчилар 2020 йил 23 январь, 2020 йил 23 февраль ва 2020 йил 23 мартдан кечиктирмай тўланиши лозим бўлган бўнак тўлов суммасини мос равишда 2019 йил 10 октябрь, 2019 йил 10 ноябрь ва 2019 йил 10 декабрда ҳисобланган бўнак тўлови миқдорида ҳисоблайдилар. Бунда жами даромад молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот сатрлари йиғиндисидан аниқланади:

- маҳсулот (товар, хизмат ва ишлар) реализациясидан соф тушум (010- сатр);

- асосий фаолиятдан бошқа даромадлар (090-сатр);

- молиявий фаолиятдан даромадлар (110-сатр).

2.13. Солиқ агентлари томонидан тўланган фоизлар 2020 йил 1 январдан бошлаб даромад олувчиларнинг жами даромади таркибига киради ва Солиқ кодесида белгиланган тартибда солиққа тортилади, бундан нотижорат ва бюджет ташкилотлари, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари - жисмоний ва юридик шахсларга тўловлар мустасно.

2.14. Солиқ кодексига мувофиқ якка тартибдаги тадбиркор солиқ базасини ҳисоблаб чиқаришнинг соддалаштирилган тартибини танлашга ҳақли.

Якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ базасини ҳисоблаб чиқаришнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш учун солиқ ҳисобида турган жойдаги солиқ органига Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган шаклдаги билдиришномани қуйидаги муддатларда тақдим этади:

1) янгидан рўйхатдан ўтказилганлар - тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш бошлангунига қадар;

2) фойда солиғини тўлашга ўтганлар, шу жумладан ихтиёрий равишда ўтганлар - бир вақтнинг ўзида фойда солиғини тўлашга ўтиш тўғрисидаги билдиришномани солиқ ҳисобида турган жойдаги солиқ органига юборганда;

3) қолганлари - жорий йилнинг 25 январидан кечиктирмай.

Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан 2020 йил 1 январдан бошлаб солиқ базасини ҳисоблаб чиқаришнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш учун 2020 йил 1 февралдан кечиктирмай солиқ ҳисобида турган жойдаги солиқ органига билдиришнома тақдим этилиши лозим.

3. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича:

3.1. Жисмоний шахсларнинг алоҳида тоифаларининг (якка тартибдаги тадбиркорлар, ҳунармандлар, оилавий тадбиркорлик субъектлари аъзолари) қатъий белгиланган солиқни тўлаш ўрнига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаши кўзда тутилган. Шу билан бирга, уларга жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида солиқ тўлашни танлаш ҳуқуқини бериш режалаштирилган. Бунда "Ҳунарманд" уюшмаси аъзоси бўлган ва ҳозирда қатъий белгиланган солиқни тўлашда имтиёзларга эга бўлган ҳунармандлар учун, ҳунармандчилик маҳсулотларини (товарлар, хизматларни) ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича даромад солиғини тўлашдан озод қилишни назарда тутадиган имтиёзли солиқ тартиби сақлаб қолинади.

3.2. Жисмоний шахсларнинг жами даромадларини аниқлаш тартиби қайта кўриб чиқилмоқда. Жумладан, ҳозирги вақтда жисмоний шахснинг жами даромадига киритилган ва кейинчалик солиқ солинадиган базани аниқлашда чегирилган (пенсия, стипендия, ижтимоий нафақа, алимент ва бошқалар) даромадларнинг айрим турлари, 2020 йил 1 январдан бошлаб солиқ тўловчининг жами даромадларига киритилмайди.

Бундан ташқари, шундай норма назарда тутилмоқдаки, унга кўра жисмоний шахснинг банк ҳисобварағига ўтказиладиган пул маблағлари ва (ёки) жисмоний шахс кўрсатилган ташкилотларнинг содиқлик дастурларида иштирок этиши натижасида олинган, ташкилотларнинг товарлар ва (ёки) хизматлар ҳақини тўлиқ ёки қисман тўлаши шаклидаги пул ёки натура кўринишидаги даромадларга солиқ тўловчининг даромадлари деб қаралмайди.

3.3. 2019 йилда амал қилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари сақланиб қолинади:

а) Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлган жисмоний шахслар учун:

жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг асосий ставкаси - 12 фоиз;

дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадларга 5 фоиз миқдорида солиқ солинади;

б) Ўзбекистон Республикаси норезидентлари бўлган жисмоний шахслар учун:

дивиденд ва фоизлар - 10%;

халқаро юк ташишдаги транспорт хизматларини кўрсатишдан олинган даромадлар (фрахтдан олинадиган даромадлар) - 6%;

меҳнат шартномалари ва фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар бўйича олинган даромадлар, бошқа даромадлар - 20%.

3.4. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзларни қуйидаги йўллар билан оптималлаштириш режалаштирилган:

а) Ўзбекистон Республикасида ҳаётни узоқ муддатли суғурта қилиш бўйича суғурта фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик шахсларга суғурта мукофотларини, шунингдек ипотека кредитлари ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни тўлаш учун ажратилган маблағлар бўйича имтиёзлар бериш тартибини қайта кўриб чиқиш (солиқ даври давомида солиқ чегирмаларининг максимал миқдори белгиланади);

б) таълим тўловлари учун ажратилган маблағлар (ўзи ёки унинг йигирма олти ёшгача бўлган фарзандлари учун) бўйича имтиёзни йигирма олти ёшга тўлмаган турмуш ўртоғи учун тўловларга ҳам татбиқ этилиши;

в) қуйидаги турдаги даромадларни солиқ тўлашдан озод қилиш тарзидаги айрим имтиёзларнинг бекор қилиниши:

хусусий корхона эгаси, оилавий корхона аъзоси ва фермер хўжалиги раҳбари ихтиёрида қолган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан кейинги фойда миқдори;

меҳнат шартномаси бекор қилинганда энг кам иш ҳақининг ўн икки баравари миқдорида тўланадиган таътил нафақаси;

ихтиёрий равишда тугатилган хўжалик юритувчи субъект - юридик шахсга ўз мажбуриятларини бажариш учун йўналтирилган юридик шахс таъсисчилари (қатнашчилари) даромадларининг миқдори;

акциядорлик жамиятларининг чет эллик ишчиларининг бошқарув кадрлари сифатидаги фаолиятидан олган даромадлари;

г) концерт ва кўнгилочар фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахсларнинг ушбу фаолиятдан олинган даромадларини, шунингдек якка тартибдаги тадбиркор билан меҳнат муносабатларида бўлган шахсларнинг якка тартибдаги тадбиркор билан тузилган меҳнат шартномаси бўйича ишларни бажаришдан олган даромадларини солиқ солишдан озод қилиш имтиёзини бекор қилиш;

3.5. Солиқлар суммаси ва меҳнат ҳақининг энг кам миқдорини аниқлашда ишлатиладиган базавий ҳисоблаш миқдори кўрсаткичининг жорий этилиши муносабати билан энг кам иш ҳақининг каррали миқдорларида белгиланган имтиёзлар мос равишда базавий ҳисоблаш миқдори ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан келиб чиқиб қайта кўриб чиқилади.

3.6. Жисмоний шахсларнинг алоҳида тоифасини қатъий белгиланган солиқ ўрнига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш ва уларга жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида солиқ тўлашни танлаш ҳуқуқини бериш муносабати билан:

қатъий белгиланган солиқ тўлови хусусиятлари назарда тутилган (якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган солиқ суммалари Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 9 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилги Давлат бюджети тўғрисида"ги ЎРҚ-589-сон Қонуни билан тасдиқланган);

улар томонидан жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида солиқ тўлаш тартиби батафсил баён қилинмоқда (мулкни ижарага беришдан даромад оладиган жисмоний шахслар сингари дастлабки декларацияни топшириш тартиби).

3.7. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича солиқ ҳисоботи муддатларини бирхиллаштириш - ҳар ойнинг 15-кунидан кечиктирмасдан топшириш назарда тутилади. Бу ҳолда, солиқ агенти томонидан ҳисобланган солиқ суммасини тўлаш жисмоний шахсга даромадни тўлаш билан бир вақтда, солиқ ҳисоботини топшириш муддатларидан кечиктирмай амалга ошириладиган тартиб белгиланади.

3.8. Ходимлари сони 25 нафардан ортиқ бўлган филиаллар ва алоҳида бўлинмаларнинг ушбу бўлинмалар ва филиаллар ходимлари юзасидан солиқ ҳисоботларини мустақил равишда бундай филиаллар ва алоҳида бўлинмалар рўйхатга олинган жойдаги солиқ органига тақдим этиш ва тегишинча ҳисобланган солиқ суммаларини тўлаш назарда тутилмоқда.

3.9. Якка тартибдаги тадбиркорлар учун декларация асосида ёки қатъий белгиланган миқдорда солиқни танлаш ва тўлаш учун қуйидаги тартиб ўрнатилди.

1) Умумий қоидалар.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳририга биноан якка тартибдаги тадбиркорлар - календарь йилида товарларни (хизматларни) сотишдан олинган даромади 100 млн сўмдан ошмайдиган жисмоний шахслар даромад солиғини тўлаш тартибини танлаш ҳуқуқига эга:

тегишли фаолият тури учун қатъий белгиланган миқдорда;

умумий белгиланган 12 фоиз ставкаси бўйича олинган ҳақиқий даромаддан келиб чиқиб жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида.

Танлаш қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:

тадбиркорлик субектини давлат рўйхатидан ўтказишда танланган солиқ тўлаш тартибини кўрсатган ҳолда;

танланган солиқ тўлаш тартиби тўғрисида хабарни доимий яшаш жойидаги солиқ органларига жорий йилнинг 25 январидан кечиктирмасдан тақдим этиш орқали.

Жисмоний шахс томонидан белгиланган муддатда хабарнома тақдим этилмаганлиги унинг солиқни қатъий белгиланган миқдорда тўлашга розилигини билдиради.

Агар якка тартибдаги тадбиркорнинг солиқ давридаги товарларни (хизматларни) сотишдан олган даромади 100 млн сўмдан ошса, лекин 1 млрд сўмдан ошмаса, у айланмадан солиқ тўловчиси деб эътироф этилади. Бунда товарларни импорт қилувчи якка тартибдаги тадбиркорларга айланмадан солиқ қўлланилмайди.

Солиқ даврида товарлар (хизматлар) сотишдан олинган даромадлари 1 млрд сўмдан ошган якка тартибдаги тадбиркорлар қўшилган қиймат солиғи ва солиғини тўлашга ўтадилар.

Якка тартибдаги тадбиркор ихтиёрий равишда фойда солиғи ва ҚҚС тўлашга ўтишга ҳақли.

2) Жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш.

Жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш тартибини танлаган якка тартибдаги тадбиркорнинг даромадига 12 фоиз миқдорида солиқ солинади.

Жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида солиқ тўлаш тартибини танлаган якка тартибдаги тадбиркорлар тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳақиқатдан амалга оширилган ва ҳужжатлаштирилган харажатларни даромаддан чегириш ҳуқуқига эга.

Солиқ ҳар ой даромад олинган ойдан кейинги ойнинг ўн бешинчи кунигача қуйидагилар асосида тўланади:

- тақдим этилган дастлабки декларация;

- ёки солиқ органининг хабарномаси.

Дастлабки декларация жорий йилнинг 1 февралидан кечиктирмай тақдим этилади. Янги рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субектлари дастлабки декларацияни хўжалик юритувчи субектни давлат рўйхатидан ўтказиладиган ойнинг охиригача топширадилар. Йил тугаганидан кейин йиллик солиқ суммаси олинган ҳақиқий даромадга кўра ҳисобланади. Декларация доимий яшаш жойидаги солиқ органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай топширилади. Декларация бўйича солиқ суммаси билан йил давомида тўланган суммалар ўртасидаги фарқ солиқ тўловчидан ундирилади ёки кейинги йилнинг 1 июнидан кечиктирмай унга қайтарилади.

3) ЖШДСни қатъий белгиланган миқдорда тўлаш.

Якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолият турлари бўйича 2020 йил учун ЖШДСнинг қатъий белгиланган суммалари "Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилги Давлат бюджети тўғрисида"ги 2019 йил 9 декабрдаги ЎРҚ-589-сонли Қонун билан тасдиқланган (13-илова).

Қатъий белгиланган солиқ суммаси ҳар ойда, тадбиркорлик фаолияти олиб борилган ойнинг ўн бешинчи кунидан кечиктирмай тўланади.

Бир нечта фаолият турлари билан шуғулланувчи солиқ тўловчилар ҳар бир фаолият тури учун солиқ суммасини ушбу фаолият турлари учун белгиланган миқдорда тўлашади. Якка тартибдаги тадбиркорлар юридик шахсни ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сон қарорига 1-иловада келтирилган.

Жисмоний шахсларнинг қатъий белгиланган миқдорда солиқ тўлаш татбиқ этиладиган фаолиятдан олинган даромадларидан ташқари бошқа турдаги даромадлари бўйича алоҳида ҳисоб юритилади. Ушбу даромадлардан олинадиган солиқ жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида тўланади.

4) Якка тартибдаги тадбиркорнинг бошқа даромадларидан ЖШДС тўлаш.

Қуйидаги даромад турлари бўйича ЖШДС жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида тўланади:

а) 12 % ставкада:

солиқ агентида солиқ солинмайдиган мулкий даромадлар;

солиқ агентида солиқ солинмайдиган моддий наф тарзидаги даромадлар;

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлар;

солиқ агенти бўлмаган манбалардан олинган даромадлар;

б) илм-фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ва улардан фойдаланганлик учун олинган жисмоний шахсларнинг даромадларига ижодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳақиқий харажатларни чегириб ташлаш ҳуқуқи билан 12 фоизлик ставка бўйича даромад солиғи солинади, бунда чегирма олинган жами даромад суммасининг 30 фоизидан кўп бўлмаслиги керак;

в) дивиденд ва фоизлар кўринишидаги даромадларга 5% ставкада солиқ солинади.

5) Якка тартибдаги тадбиркорнинг даромадлар ва харажатларни ҳисобга олиш мажбурияти.

Якка тартибдаги тадбиркорлар тасдиқланган шаклларда даромад олиш билан боғлиқ даромадлар ва харажатларни ҳисобга олишлари шарт. Савдо фаолияти бўйича солиқ солинадиган даромадлар ва товар операцияларини ҳисобга олиш даромадлар ва амалга оширилган товар операциялари ҳисобини юритиш реестрларида юритилади. Улар:

а) чакана савдо билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркорнинг солиқ солинадиган даромадлари ва товар операцияларини ҳисобга олиш китоби;

б) товар чеклари китоби.

Якка тартибдаги тадбиркорнинг аризаси асосида якка тартибдаги тадбиркор солиқ ҳисобида турган жойдаги солиқ хизмати органи даромадлар ва товар операциялари ҳисобини юритиш регистрларини рўйхатдан ўтказади. Улар якка тартибдаги тадбиркорда охирги маълумот киритилган кундан бошлаб беш йил давомида сақланади ва рақамланган, ип билан тикилган ва тегишли солиқ органининг муҳри билан тасдиқланган бўлиши керак.

Якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар ҳар чорак якунлари бўйича солиқ ҳисобида турган жойидаги солиқ органларига ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг ўнинчи кунидан кечиктирмай тақдим этилади.

4. Ижтимоий солиқ бўйича:

4.1. Грантлар ҳисобидан олинадиган, шунингдек, бошқарув ходимлари сифатида жалб қилинган акциядорлик жамиятларининг чет эллик ишчиларнинг иш ҳақи кўринишидаги даромадлари бўйича имтиёзлар бекор қилинмоқда.

4.2. Ижтимоий солиқ ставкаси давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахслар, қайси юридик шахс устав жамғармаси (капитали)нинг 50 фоизи ва ундан кўпроқ қисми давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахсларга тегишли бўлса, ўша юридик шахслар ҳамда уларнинг таркибий тузилмалари учун 25 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилди.

4.3. Жисмоний шахсларнинг алоҳида тоифаси учун энг кам иш ҳақининг каррали миқдорларида ўрнатилган қатъий белгиланган солиқ ставкалари базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқилади.

Жисмоний шахсларнинг кўрсатилган тоифасига жисмоний шахсларга декларация асосида йиллик даромадидан ижтимоий солиқни умумбелгиланган ставкада жисмоний шахслар даромад солиғига ўхшаш ҳолда тўлаш ҳуқуқи берилади.

4.4. Ижтимоий солиқни жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида ихтиёрий асосда ҳисоблаш ва тўлаш тартиби назарда тутилмоқда.

5. Айланмадан олинадиган солиқ бўйича:

5.1. Ягона ер солиғини бекор қилиш ва солиқ тўловчиларнинг алоҳида тоифаси учун ҚҚСни мажбурий тўлаш киритилишини ҳисобга олган ҳолда, айланмадан солиққа тортилмайдиган шахслар рўйхати қайта кўриб чиқилмоқда. Шу сабабли, қуйидаги шахслар айланмадан олинадиган солиқни қўллашга ҳақли эмаслар:

солиқ даврида товарлар (хизматлар) сотишдан олинган даромадлари 1 млрд сўмдан ошган фаолият юритаётган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар;

солиқ даврида товарлар (хизматлар) сотишдан олинган даромадлари 100 млн сўмдан ошмаган якка тартибдаги тадбиркорлар;

товарларни импорт қилувчилар - импорт шартномаси тузилгандан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб;

акциз тўланадиган товарлар (хизматлар) ишлаб чиқарувчилар ва (ёки) фойдали қазилмалар қазиб олиш билан шуғулланувчилар;

50 гектар ва ундан ортиқ суғориладиган ер майдонлари бўлган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари - қишлоқ хўжалиги ерлари олинган кундан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб;

бензин, дизель ёқилғиси ва газни реализация қиладиган юридик шахслар - ушбу фаолият бошланганидан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб;

лотереяни ташкил этиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар;

оддий ширкат шартномаси доирасида амалга оширилаётган фаолият бўйича ишончли шахслар;

инвестиция лойиҳаси амалга оширилмаганлиги тўғрисида хулоса бериш ваколатига эга орган томонидан хулоса чиқарилган тугалланмаган қурилиш объектлари ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари эгалари. Улар қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғини хулоса чиқарилган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб тўлашга ўтишлари шарт;

марказлаштирилган молиялаштириш манбалари ҳисобидан объектлар қурилиш ишларини бажарувчи корхоналар (жорий таъмирлаш ва капитал таъмирлашдан ташқари). Улар бундай қурилиш шартномаси тузилган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб қўшилган қиймат ва фойда солиғини тўлашга ўтишга мажбурдирлар.

5.2. Айланмадан олинадиган солиқ тўлаш татбиқ қилинмайдиган шахслар 2020 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи тўловчилари деб эътироф этилади. Бундай шахслар 2020 йил 1 февралига қадар солиқ органларини ушбу солиқларни тўлашга ўтиш тўғрисида хабардор қилишга мажбур.

Юқорида кўрсатилган муддатларда хабарнома тақдим қилинмаса солиқ органлари мустақил равишда ушбу шахсни қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи тўловчиси сифатида бир вақтнинг ўзида қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида махсус рўйхатдан ўтказиш ҳисобига қўяди.

Худди шундай қоидалар 2019 йилда тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган шахсларга, агар уларда товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромад суммаси 1 млрд сўмни 365 га бўлиб, рўйхатдан ўтилган санадан то календарь йил тугагунига қадар бўлган кунлар сонига кўпайтирганда келиб чиқадиган суммадан ошса, қўлланилади.

5.3. Айланмадан солиқни қўллаш учун максимал йиллик айланмаси 1 млрд сўм миқдорида сақланиб қолинди. Шу билан бирга, айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан фойда солиғи ва ҚҚС тўлашга ўтиш тартиби батафсил баён этилган.

5.4. Узоқ технологик циклда - қурилишда, лойиҳалаш ва бошқа ишларда, агар тузилган шартномалар шартларида хизматларни босқичма-босқич топшириш кўзда тутилмаган бўлса, сотишдан тушган даромад бир меъёрда эътироф этилади.

Ҳисобот даври охиридаги даромадни аниқлаш учун:

биринчи навбатда, шартномани бажариш харажатларининг умумий миқдорида контрактни бажаришни бошидан бошлаб қилинган харажатларнинг улуши ҳисобланади;

кейин олинган кўрсаткич контракт бўйича даромадининг умумий суммасига (контракт нархига) кўпайтирилади.

Жорий ҳисобот даври учун хизматларни реализация қилишдан олинган даромадни аниқлашда ушбу шартнома бўйича илгари ҳисобга олинган даромадлар чегириб ташланади.

5.5. 2019 йилда амалда бўлган айланмадан солиқ ставкалари сақланиб қолинмоқда, мол-мулкни ижарага бериш фаолияти бундан мустасно. Ушбу фаолият тури бўйича солиқ ставкасини 30 фоиздан 8 фоизга тушириш назарда тутилмоқда.

Асосий фаолияти мол-мулкни ижарага бериш бўлмаган юридик шахслар мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича Солиқ кодексининг 467-моддаси 1-бандида белгиланган солиқ ставкасини қўллаган ҳолда айланмадан солиқни тўлайдилар.

5.6. Барча солиқ тўловчилар учун солиқ ҳисоботини тақдим этишнинг унификациялашган муддати белгиланмоқда:

ҳисобот давридан кейинги ойнинг 15-кунидан кечиктирмай - ҳисобот даври якунлари бўйича;

солиқ даври тугаганидан кейинги даврнинг 15 февралидан кечиктирмай - солиқ даври якунлари бўйича.

6. Юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи бўйича:

6.1. Мол-мулк солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинмоқда. Бунда Ўзбекистон Республикаси норезидентлари учун мол-мулк солиғини мустақил равишда ҳисоблаб чиқариш мажбурияти жорий этилмоқда.

6.2. Солиқ ставкаси 2 фоиз миқдорида сақлаб қолинмоқда, қурилиши норматив муддатда тугалланмаган объектларга нисбатан солиқ ставкаси 4 фоиз миқдорида белгиланмоқда.

Бунда бўш турган бинолар, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, нотурар жой бинолар, шунингдек қурилиши тугалланмаган объектлар бўйича қонун ҳужжатларида оширилган солиқ ставкаларини белгилаш орқали чоралар қўлланилиши мумкин ва мол-мулк солиғи бўйича солиқ имтиёзлари уларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Қуйидаги кўчмас мулк объектларига нисбатан илгари берилган имтиёзлар ўрнига 0,2% миқдорида пасайтирилган солиқ ставкаси жорий этилмоқда:

умумий фойдаланишдаги темир йўллар, магистраль қувурлар, алоқа ва электр узатиш линиялари, шунингдек ушбу объектларнинг ажралмас технологик қисми бўлган иншоотлар;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг консервация қилиш тўғрисида қарори қабул қилинган кўчмас мулк ва қурилиши тугалланмаган объектлар.

6.3. Ўз вақтида ишга туширилмаган ускуналар солиқ солиш объектидан чиқариб ташланмоқда.

Қурилиш ташкилотларининг ёки қурувчиларнинг балансида уларни кейинчалик сотиш учун ҳисобда турган кўчмас мулк объектлари ушбу объектлар фойдаланишга топширилгандан бошлаб олти ой ўтгандан сўнг солиқ солиш объектига киритилади. Улар бўйича солиқ базаси ушбу объектларнинг ўртача йиллик қийматидан (реализация қилинмаган қисмидан) келиб чиқиб аниқланади.

6.4. Тўлиқ амортизация қилинган биноларга ҳар уч йилда камида бир марта қайта баҳоланган (бозор) қийматидан келиб чиқиб мол-мулк солиғи солиниши белгиланмоқда.

6.5. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сақлаш учун ишлатиладиган, қишлоқ хўжалиги корхоналари балансидаги мол-мулкнинг ўртача йиллик қолдиқ қийматига солиқ солинадиган базани камайтириш кўринишида мол-мулк солиғи бўйича имтиёз жорий этилмоқда.

6.6. Солиқ ҳисоботи солиқ ҳисобида турган жойидаги солиқ органига йилига бир марта йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этиш пайтида, юридик шахслар - Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан эса ҳисобот давридан кейинги йилнинг 15 февралигача тақдим этилади.

Aгар кўчмас мулк (умумий фойдаланишдаги темир йўллар, магистраль қувурлар, алоқа линиялари ва электр узатиш линиялари бундан мустасно) солиқ тўловчининг солиқ бўйича ҳисобда турган жойида жойлашган бўлмаса, солиқ ҳисоботи кўчмас мулк жойлашган жой бўйича солиқ органларига тақдим этилади.

6.8. Aванс тўловлари миқдорини ҳисоблаш тўғрисидаги маълумотнома солиқ органларига жорий солиқ даврининг 10 январигача, янги ташкил этилганлар эса давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўттиз кундан кечиктирмай тақдим этилади.

Аванс тўловлари қуйидаги тартибда тўланади:

айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар томонидан - ҳар чоракнинг учинчи ойининг 10-кунидан кечиктирмай йиллик солиқ суммасининг тўртдан бир қисми миқдорида;

айланмадан олинадиган солиқ тўловчилари бўлмаган солиқ тўловчилар томонидан - ҳар ойнинг 10-кунидан кечиктирмай йиллик солиқ суммасининг ўн иккидан бир қисми миқдорида.

Aванс тўловлари Ўзбекистон Республикасида доимий муассасалар орқали фаолиятни амалга оширмайдиган Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган юридик шахслар томонидан тўланмайди.

Аванс тўловларини ҳисобга олган ҳолда солиқ даври учун тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси бюджетга солиқ ҳисоботини топшириш муддатидан кечиктирмай тўланади.

Ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса орқали амалга оширмайдиган Ўзбекистон Республикаси норезидентлари солиқни йилига бир марта ҳисобот давридан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай тўлайдилар.

7. Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича:

7.1. Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби сақланади. Бунда, солиқ янги бинолар, жойлар ва иншоотларга мулк ҳуқуқи пайдо бўлган ойдан бошлаб тўланади.

7.2. Солиқ ставкалари 2019 йил даражасида сақлаб қолинди.

Бунда 2020 йилда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқаришда, кадастр қийматидан солиқ суммаси 2019 йил учун ҳисобланган солиқ миқдоридан 30 фоиздан кўпга ошмаслиги керак.

7.3. Солиқ органи томонидан солиқ тўловчиларга тўловларни тўлаш тўғрисида билдиришнома тақдим этиш муддати 1 мартдан кечиктирмай белгиланади.

7.4. Солиқни тўлаш муддати йилига икки марта 15 апрель ва 15 октябргача тенг улушларга бўлиб белгиланди.

8. Юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича:

8.1. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича юридик шахслардан олинадиган ер солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинмоқда.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланадиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг норматив қийматидан келиб чиққан ҳолда солиқни ҳисоблаш тартиби жорий этилади. Бунда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирадиган қишлоқ хўжалиги корхоналари учун мева-сабзавот маҳсулотлари билан банд бўлган ерлар учун солиқни суғориладиган ва суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерлари учун ер солиғининг базавий солиқ ставкаси ва ернинг сифат хусусиятларини ҳисобга оладиган тузатиш коэффициентидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқариш тартиби сақланади (балл-бонитет).

8.2. 2020 йил учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун солиқ ставкалари, шунингдек мева-сабзавот етиштирадиган қишлоқ хўжалиги корхоналаридан ундириладиган ер солиғи ставкалари "Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 9 декабрдаги ЎРҚ-589-сон Қонуни билан тасдиқланган.

Қишлоқ хўжалиги ерлари учун солиқ ставкаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг норматив қийматидан 0,95 фоиз миқдорида белгиланади.

Қурилиши тугалланмаган объектлар эгаллаган ер участкалари учун, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, солиқ икки баравар солиқ ставкалари бўйича тўланади.

Бўш турган бинолар, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, шунингдек қурилиши тугалланмаган объектлар эгаллаган майдонларига нисбатан қонун ҳужжатларида оширилган солиқ ставкаларини белгилаш орқали таъсир чоралари қўлланилиши мумкин ва солиқ имтиёзлари уларга нисбатан қўлланилмайди.

8.3. Қуйидагилар эгаллаган ер участкалари учун солиқ ставкасига 0,1 коэффициент қўлланилади:

ягона иштирокчилари ногиронларнинг жамоат бирлашмалари бўлган ва ходимлар умумий сонининг камида 50 фоизини ногиронлар ташкил этадиган ҳамда ногиронларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди меҳнатга ҳақ тўлаш умумий фондининг камида 50 фоизини ташкил этадиган юридик шахслар эгаллаган ерлар;

электр узатиш линиялари, подстанциялар ва улардаги қурилмалар;

умумдавлат алоқа линиялари (ҳаво ва кабелли алоқа линиялари, тиргакли линиялар ва радиофикациялар, ер ости кабелли линиялари, уларни билдирувчи сигналли ва ҳаракатсиз белгилар, радиореле алоқа линиялари, кабелли телефон канализациялари, ер устидаги ва ер остидаги хизмат кўрсатилмайдиган кучайтиргич пунктлари, тақсимлагич шкафлар, ерга улаш контури қутилари ҳамда бошқа алоқа иншоотлари) эгаллаган ерлар;

умумий фойдаланишдаги темир йўллар, шу жумладан тупроқ кўтармаси, сунъий иншоотлар, линия-йўл бинолари, темир йўл алоқаси ҳамда электр таъминоти қурилмалари, иншоотлар ва йўл қурилмаларидан иборат темир йўллар станциялари ҳамда саралаш жойлари, шунингдек белгиланган тартибда темир йўл транспорти корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига доимий ёки вақтинчалик фойдаланишга берилган иҳота дарахтзорлари эгаллаган ерлар;

магистрал нефть ва газ қувурлари, шу жумладан компрессор, насос станциялари, ёнғинга қарши ва аварияга қарши станциялар, трубопроводларни катодли ҳимоялаш станциялари уларни тармоққа улаш узеллари билан, трубопроводларни тозалаш қурилмалари ҳамда шунга ўхшаш иншоотлар эгаллаган ерлар;

самолётларнинг учиш-қўниш майдонлари, ерда бошқариш йўлкалари ва тўхташ жойлари, фуқаро авиацияси аэропортларининг радионавигация ва электр-ёритиш ускуналари эгаллаган ерлар;

Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларига киритилган объектлар қурилиши учун ажратилган ерлар, норматив қурилиш муддати даврида;

консервацияга қўйилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинган объектлар эгаллаган ерлар, уларнинг консервацияси даврида.

Солиқ ставкаларига 0,1 коэффициенти илгари берилган имтиёзларнинг ўрнига киритилиб, белгиланган тартибда юридик шахсларга берилган ер участкаларига нисбатан қўлланилади.

8.4. Қишлоқ хўжалиги ерларининг сифати яхшиланган тақдирда (бонитет бали ошганда), солиқ юридик шахслар томонидан тупроқ бонитировкаси ўтказилган йилдан кейинги йилнинг бошидан янги бонитет балидан келиб чиққан ҳолда, қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қиймати бўйича, агротехник тадбирлар тугаган даврларда қайта ҳисоб-китоб қилинмасдан тўланади.

8.5. Солиқ ҳисоботи ер участкаси жойлашган жойдаги солиқ органига тақдим этилади:

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун - жорий солиқ даврининг 10 январигача;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун - жорий солиқ даврининг 1 майигача.

8.6. Солиқ солинмайдиган ер участкалари бўлган юридик шахслар ушбу объектларнинг жойлашган жойидаги солиқ органларига жорий солиқ даврининг 10 январига қадар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланган шаклда маълумотнома тақдим этишлари шарт.

8.7. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун солиқ қуйидаги тартибда тўланади:

айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар томонидан ҳар чорак биринчи ойининг 10-санасига қадар йиллик солиқ суммасининг тўртдан бир қисми миқдорида;

айланмадан олинадиган солиқ тўловчилари бўлмаган солиқ тўловчилар томонидан ҳар ойнинг 10-санасига қадар йиллик солиқ суммасининг ўн иккидан бир қисми миқдорида.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун солиқни тўлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

ҳисобот йилининг 1 сентябрига қадар - йиллик солиқ суммасининг 30 фоизи;

ҳисобот йилининг 1 декабрига қадар - солиқнинг қолган суммаси.

9. Жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича:

9.1. Жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинмоқда.

9.2. Солиқ органлари томонидан солиқ тўловчиларга солиқни тўлаш тўғрисидаги тўлов хабарномасини тақдим этиш муддати 1 мартдан кечиктирмай белгиланади.

9.3. Солиқни тўлаш муддати йилига икки марта 15 апрель ва 15 октябргача тенг улушларга бўлиб белгиланди.

10. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича:

10.1. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинмоқда.

10.2. Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йил учун 2019 йил 9 декабрдаги "2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги ЎРҚ-589-сонли Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-иловаси билан тасдиқланган.

2020 йил 1 январдан бошлаб алкоголь маҳсулотларини (пиво ва винодан ташқари) ишлаб чиқарувчи корхоналар учун алкоголь маҳсулотларини (пиво ва винодан ташқари) ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган сув ҳажми бўйича 1 куб метр учун 21 900 сўм миқдорида, бошқа мақсадлар учун эса ер усти сув ресурслари манбалари бўйича 1 куб метр учун 410 сўм ҳамда ер ости сув ресурслари манбалари бўйича 1 куб метр учун 490 сўм миқдорида белгиланмоқда.

Алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи юридик шахслар учун алкоголли маҳсулот ишлаб чиқариш ва бошқа мақсадлар учун фойдаланилган сувнинг ҳажми солиқ базаси ҳисобланади. Алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган сув ҳажми деганда истеъмол идишидаги тайёр маҳсулотга тўғри келадиган сувнинг ҳажми тушунилади.

Алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчи корхоналар сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича бўнак тўловлар суммаси тўғрисидаги маълумотнома шакли тасдиқлангунга қадар 2020 йил 20 январгача сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш жойидаги солиқ органларига мазкур солиқ юзасидан бўнак тўловларини ҳисоблаб чиқариш учун ушбу қўшма хат иловасига мувофиқ шаклда маълумотнома тақдим этадилар.

Қуйидаги ҳолларда оширилган солиқ ставкалари ўрнатилади (белгиланган солиқ ставкаларининг беш баравари миқдорида):

сувдан фойдаланиш учун белгиланган лимитлардан ортиқча сув олинганда (бундай ортиқча қисм бўйича);

сув ресурсларидан рухсат берувчи ҳужжатларсиз фойдаланилганда;

автотранспорт воситаларини ювишни амалга оширувчи корхоналар томонидан ер усти манбаларидан олинган сувдан фойдаланилганда.

10.3. Аксарият солиқ тўловчилар учун солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатлари сақлаб қолинмоқда.

Ўзбекистон Республикасида фаолиятини доимий муассасалар орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган юридик шахслар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар учун солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддати солиқ давридан кейинги йилнинг 20 январигача қилиб белгиланган.

10.4. Сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш жойидаги солиқ органларига солиқ бўйича бўнак тўловлар миқдорини ҳисоблаб чиқариш учун маълумотномани тақдим этиш муддати сақлаб қолинмоқда.

Бунда бўнак тўловлари:

солиқ даврида солиқ суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан кўпроқни ташкил этадиган юридик шахслар томонидан (бундан айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар мустасно) - ҳар ойнинг 20-санасидан кечиктирмай йиллик солиқ суммасининг ўн иккидан бир қисми миқдорида;

солиқ даврида солиқ суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан камроқни ташкил этадиган, айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар бўлмаган юридик шахслар, шунингдек айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан - ҳар чорак учинчи ойининг 20-санасидан кечиктирмай йиллик солиқ суммасининг тўртдан бир қисми миқдорида тўланади.

Солиқ даври учун бўнак тўловлар ҳисобга олинган ҳолда солиқни тўлаш солиқ тўловчилар томонидан, бундан деҳқон хўжаликлари мустасно, сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли жойида, солиқ ҳисоботи тақдим этиладиган муддатдан кечиктирмай амалга оширилади.

Деҳқон хўжаликлари томонидан солиқни тўлаш йилда бир марта, солиқ давридан кейинги йилнинг 1 майигача амалга оширилади.

11. Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича:

11.1. Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинмоқда.

11.2. Қазиб олинган (ажратиб олинган) фойдали қазилманинг ҳажми фойдали қазилмаларнинг ҳақиқий йўқотишларини ҳисобга олган ҳолда аниқланади. Фойдали қазилманинг захираси қайси фойдали қазилманинг миқдорига камайтириладиган бўлса, ўша фойдали қазилманинг ҳисобланган миқдори ва фойдали қазилмани қазиб олишнинг (ажратиб олишнинг) тўлиқ технологик цикли якунлангач аниқланган, ҳақиқатда қазиб олинган (ажратиб олинган) фойдали қазилма миқдори ўртасидаги фарқ фойдали қазилманинг ҳақиқий йўқотишларидир.

11.3. Ишлаб чиқариш таннархидан келиб чиқиб аниқланадиган солиқ базаси 20 фоизга оширилади.

11.4. Қазиб олинган фойдали қазилманинг бир қисми реализация қилиниб, фойдали қазилманинг қолган қисми бошқа тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш учун хом ашё ҳисобланганда ёки ўзининг ишлаб чиқариш ёхуд хўжалик эҳтиёжлари учун ишлатилган ҳолатда ишлаб чиқариш таннархи асосида солиқ базасини аниқлаш тартиби бекор қилинган. Бундай фойдали қазилма бўйича солиқ базасини реализация қилинган ушбу фойдали қазилманинг ўртача олинган реализация қилиш нархидан келиб чиқиб аниқлаш тартиби жорий қилинмоқда

11.5. Солиқ ставкалари Солиқ кодекси билан белгиланган. Фойдали қазилмалар рўйхати Ўзбекистон Республикаси ҳудудида янги аниқланган фойдали қазилмалар (рений, селен, теллур, индий, висмут, палладий, йод, марганец рудалари ва бошқалар) билан тўлдирилган.

Фойдали қазилмаларни қазиб олишда фойдали қазилмаларнинг норматив йўқотишларига тааллуқли қисми бўйича 0 фоизли ставка жорий этилмоқда. Фойдали қазилмаларни қазиб олишда (ажратиб олишда) конларда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг қабул қилинган схемаси ва технологиялари билан технологик боғлиқ ҳолдаги, ваколатли орган томонидан қонун ҳужжатларда белгиланган тартибда тасдиқланадиган нормалар доирасидаги йўқотишлар норматив йўқотишлардир.

Қатъий белгиланган миқдордан кам бўлмаган миқдорда солиқ ставкалари белгиланадиган фойдали қазилмаларнинг айрим турлари учун солиқ ставкалари 1 тонна учун ҳисобидан 1 куб метр ҳисобига ўтказилади.

Мутлақ суммада белгиланган (хусусан, тош (овқатга ишлатиладиган) туз, оҳактош доломитлар, мармар ушоғи, ғишт-черепица хом ашёсининг, қурилиш қумлари ва бошқалар) амалдаги солиқ ставкалари 15 фоизга индексация қилинди.

Фойдали қазилмаларнинг айрим турлари учун (табиий безактошдан блоклар, тош-шағал аралашмаси, оҳактош-чиғаноқ, қумтош ва бошқалар) солиқларни қатъий белгиланган ставкалардан кам бўлмаган миқдорда белгиланган ставкалардан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби белгиланди.

Цемент ишлаб чиқариш учун оҳактош бўйича солиқ ставкаси 1 тонна учун 45 минг сўм миқдорида сақлаб қолинди, цементни ишлаб чиқариш учун кўмирдан фойдаланадиган ишлаб чиқарувчи корхоналар учун эса цементни ишлаб чиқариш учун оҳактош бўйича солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилди.

Қимматбаҳо, рангли, нодир ва радиоактив металларни қазиб олиш билан шуғулланувчи айрим солиқ тўловчилар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан оширилган солиқ ставкалари белгиланиши мумкин.

11.6. Юридик шахслар учун ҳисобот даври 1 ой этиб белгиланган.

11.7. Солиқ ҳисоботи солиқ ҳисобида турган жойдаги, норуда фойдали қазилмалар бўйича эса - қазиб олиш амалга оширилган жойдаги солиқ органларига қуйидаги муддатларда тақдим этилади:

юридик шахслар томонидан - ортиб борувчи якун билан ҳар ойда, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса - йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиладиган муддатда;

жисмоний шахслар томонидан - йилда бир марта, солиқ давридан кейинги йилнинг 1 февралидан кечиктирмай.

Солиқни тўлаш қуйидагича амалга оширилади:

юридик шахслар томонидан - ҳар ойда кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса - йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиладиган муддатдан кечиктирмай;

жисмоний шахслар томонидан - солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатидан кечиктирмай.

11.8. Қўшимча фойда солиғи бекор қилинди.

12. Солиқ тўловчиларнинг айрим тоифалари учун солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари

Солиқ кодексида қуйидагилар кўзда тутилган:

12.1. Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестициялар иштирокидаги юридик шахсларга солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари, бунда ушбу юридик шахсларга солиқ солиш шартлари ва уларнинг солиқ имтиёзларидан фойдаланиш тартиби кўзда тутилган.

Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда ташкил этилган ва қонун ҳужжатларида белгиланган рўйхат бўйича иқтисодиёт тармоқларида маҳсулот ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш)га ихтисослашган юридик шахслар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан белгиланган муддатга, киритган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг ҳажмидан келиб чиқиб, ер солиғи, мол-мулк солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни тўлашдан озод этилган.

12.2. Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари, бунда уларни солиққа тортишнинг шартлари ва уларнинг солиқ имтиёзларидан фойдаланиш тартиблари кўзда тутилган.

Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан белгиланган муддатга, киритган хорижий инвестицияларининг ҳажмидан келиб чиқиб, ер солиғи, мол-мулк солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни тўлашдан озод этиш тарзида имтиёзлар тақдим этилган.

Махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари Солиқ кодексига мувофиқ қўшилган қиймат солиғи ва бошқа солиқлар бўйича имтиёзлардан фойдаланиши мумкин.

12.3. Маҳсулот тақсимотига оид битим доирасида амалга ошириладиган фаолиятга солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари.

Хорижий инвесторлар учун маҳсулот тақсимоти оид битимнинг амал қилиш муддати давомида қўшилган қиймат солиғини тўлаш жорий қилинмоқда. Мазкур норма 2020 йилнинг 1 январидан кейин тузилган маҳсулот тақсимотига оид битимларга нисбатан қўлланилади.

12.4. Адвокатлар коллегияси, адвокатлик фирмалари, адвокатлик бюролари ва адвокатларга солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари сақланиб қолинмоқда.

12.5. Хусусий амалиёт билан шуғулланадиган нотариусларга солиқ солишнинг ўзига хос хусусиятлари жорий этилмоқда. Бунда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида олинадиган даромадлар қисмида белгиланган ставкалар бўйича ижтимоий солиқ ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаши назарда тутилади.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус зиммасига ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш қисмида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ва ижтимоий солиқни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш мажбурияти юклатилади.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар нотариал хизматлар кўрсатиш бўйича қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод этилади.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фойда солиғини белгиланган ставка бўйича тўлайди. Бунда фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш, солиқ ҳисоботларини тақдим этиш ва солиқни тўлаш йилига бир марта, ҳисобот давридан кейинги йилнинг 1 мартидан кечиктирмай амалга оширилади.

Фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда Солиқ кодексининг 43-бобида назарда тутилган даромадларнинг барча турлари хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг даромадлари деб эътироф этилади.

Нотариал фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар чегириладиган харажатлар жумласига киритилади. Бунда чегирилмайдиган харажатлар Солиқ кодексининг 317-моддасига мувофиқ аниқланади.

Фойда солиғи тўланганидан кейин хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг тасарруфида қолган фойда солиқ солиш мақсадида дивидендларга тенглаштирилади.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришнинг, шу жумладан уларни қоғозда расмийлаштириш мумкин бўлган ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, янги тартиби етказилади. Ҳисобварақ-фактураларни тақдим этиш тартиби ҳуқуқий экспертизадан ва давлат рўйхатидан ўтказилганига қадар солиқ тўловчилар 2019 йилда амалда бўлган тартибни қўллашлари керак (рўйхат рақами 3126, 2019 йил 21 январь).