Ижарага олувчи солиқ солиш мақсадларида капитал қўйилмаларни қандай ҳисобга олади

preview

Фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган база ҳисоб-китобига амортизация қилинадиган активлар қисмида 29.12.2021 йилдаги ЎРҚ-741-сон Қонун билан СКга киритилган ўзгартиришлар биноларни ижарага берувчилар ва ижарага олувчиларда кўплаб саволлар туғдирди. Янгиликларни “Норма” эксперти, солиқ маслаҳатчиси Татьяна БЕЛОУСОВА ва “Profi Training” бизнес-тренери  Юлия ПАКИДИШЕВА (ACCA DipIFR, CAP) тушунтиришди:

 

– 2022 йил  1 январдан бошлаб ижарага олувчилар фойда солиғи бўйича ССБни ижарага олинган ёки ссуда шартномасига асосан олинган мол-мулкка капитал қўйилмалар суммасига амортизация ажратмалари ёрдамида камайтириш ҳуқуқига эгалар.

Ушбу нормани муайян мисолда кўриб чиқамиз. Корхона оператив ижара шартномаси асосида бинони ижарага олди, деб фараз қиламиз. Бироқ, фойдаланишдан олдин, ижарага олувчи ижарага берувчининг розилиги билан ушбу бинони реконструкция қилади.

 

Ижара шартномаси асосида олинган мол-мулкни реконструкция қилиш харажатлари ҳисоби 

Ишлаб чиқаришдаги асосий воситаларни барча турдаги таъмирланишига (жорий, ўртача, капитал тарзда) доир,  шунингдек уларни иш ҳолатида сақлаб туришга (техник кўрикдан ўтказиш ва ҳолатини яхшилашга оид харажатлар) доир харажатлар:

  • улар юзага келган ҳисобот даврида харажатлар сифатида эътироф этилади;
  • ижара объекти қийматини оширмайди (капиталлаштирилмайди).

Фақат келгусида қўшимча иқтисодий фойда келтирадиган харажатлар капиталлаштирилади :

  • ускунанинг унумдорлиги, фойдали ишлатиш муддати, қувватини ва ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ҳажмини оширади;
  • ишлаб чиқариш харажатлари ва ҳ.к.ни қисқартириш имконини беради.

Қоидага кўра, АВнинг технологик ёки хизмат мақсадининг ўзгариши, оғирликнинг ошиши ва сифатни янада яхшилашга доир бошқа сифатлар мақсадида қуриб битказиш, қўшимча жиҳозлаш, замонавийлаштириш ишларига харажатлар капиталлаштирилади. Шунингдек - маҳсулот (ишлар, хизматлар) сифатини яхшилаш ва номенклатурасини ўзгартиришга йўналтирилган реконструкция қилиш (қайта қуриш)га харажатлар ҳам капиталлаштирилади.

Техник қайта қуроллантириш маънан ва жисмонан эскирган АВни ёки уларнинг қисмларини янгилари, унумдорлиги янада юқори бўлганлари билан алмаштиришни назарда тутади .

Қуриб битказиш ва реконструкция қилиш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари зарурлигини эътиборга олинг. Қурилган ёки реконструкция қилинган бинолар (иншоотлар) фойдаланишга қабул қилиш тартиб-таомилидан ўтиши лозим .

 

Реконструкция қилиш харажатлари ва ижарага олувчининг молиявий кўрсаткичлари

Ижарага олинган мол-мулкни реконструкция қилиш чиқимларини бир йўла ҳисобдан чиқариш:

  • жорий даврда зарар кўришга олиб келиши мумкин, бу эса - солиқ хавфини баҳолаш мезонларидан бири ;
  • маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) таннархини ошириши мумкин.

Бу рўй бермаслиги учун, 2022 йилдан бошлаб СК ижарага олувчига мазкур харажатларни капиталлаштириш ва улар бўйича амортизация ажратмаларини даврий равишда харажатларга ҳисобдан чиқариб бориш имконини беради.

Солиқ мақсадларида СКнинг 306-моддасига “амортизация қилинадиган актив” тушунчаси киритилган. У бошқалар қаторида, ижарага берувчининг (ссуда берувчининг) розилиги билан ижарага ёки бепул фойдаланишга берилган амортизация қилинадиган активга ажратиб бўлмайдиган яхшилаш шаклидаги капитал қўйилмаларни ҳам ўз ичига олади.

Агар оператив ижара объекти ижарага берувчининг рухсати билан яхшиланган бўлса, оператив ижара шартномасининг амал қилиш муддати тугагандан сўнг ёки оператив ижара шартномаси бекор қилингач, ижарага олувчи ана шу мақсад йўлида сарфлаган барча харажатларининг қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Ижарага берувчининг рухсатисиз амалга оширилган оператив ижара объектини яхшилашга сарфланган харажатлар ва уларни оператив ижара объектига зарар етказмаган ҳолда ажратиб олиш имкони бўлмаса, улар ижарага берувчига текинга ўтади, агарда оператив ижара шартномасида ўзгача шартлар кўзда тутилмаган бўлса. Агарда уларни оператив ижара объектига зарар етказмаган ҳолда ажратиб олиш мумкин бўлса ва агар ижарага берувчи уларнинг қийматини қоплашга рози бўлмаса, бундай ҳолларда ижарага олувчи уларни ажратиб олиши мумкин .

 

Ижарага олинган объектга  капитал қўйилмалар ҳисоби

Ижарага олувчи ижара объектини балансдан ташқари 001-счётда “Оператив ижарага олинган асосий воситалар” ҳисобга олади. Бухгалтерия ҳисобида ижарага олувчининг оператив ижара объектини реконструкция қилишга чиқимлари суммасини акс эттириш учун капитал қўйилмаларни ҳисобга олиш счётларидан фойдаланиш мумкин (0800 “Капитал қуйилмаларни ҳисобга олувчи счётлар”).

  • 0890-счёти “Бошқа капитал қўйилмалар” дебети;
  • 4400-счёти “Бюджетга бўнак тўловларини ҳисобга олувчи счётлар” (ҚҚС) дебети;
  • 6010-счёти “Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар”, 6710-счёти “Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар”, 6400-счёти “Бюджетга тўловлар бўйича қарз”, 6900-счёти “Турли кредиторларга бўлган қарзларни ҳисобга олувчи счётлар” кредити.

 

Ижарага олинган объектга капитал қўйилмаларга харажатларни ҳисобдан чиқариш

Қиймати ижарага берувчи томонидан ижарага олувчига қоплаб бериладиган капитал қўйилмалар ижарага олувчининг харажатларида акс эттирилмайди. Уларни ижарага берувчи амортизация қилади. Харажатларни тасдиқлаш учун ижарага олувчи ижарага берувчига барча бирламчи ҳужжатларни (ЭҲФ, чеклар, БИД) тақдим этиши мумкин, агар бу шартномада назарда тутилган бўлса.

Қиймати ижарага берувчи томонидан қоплаб берилмайдиган капитал қўйилмалар солиқ ҳисобида ижарага олувчи томонидан харажатларни тенг маромда ҳисобдан чиқариш йўли билан амортизация қилинади .

Оператив ижара шартномасида ижарага олинган объектга ижарага олувчининг капитал қўйилмаларининг ижарага берувчи томонидан қопланиши имконияти ва муддатларини белгилашни тавсия қиламиз.

 

1. Агар ижара шартномаси муддати тугагандан сўнг ижарага берувчи ижарага олувчининг - ҚҚС тўловчининг капитал қўйилмаларга харажатларини ҳақиқий харажатлар бўйича тўлиқ қоплаб берса

Ижарага олувчининг бухгалтерия ҳисобида  капитал қўйилмаларнинг жамланган суммаси (0800):

  • объект қайтарилганда 9220-счётиБошқа активларнинг чиқиб кетиши” дебетига ҳисобдан чиқарилади; 
  • оператив ижара шартномаси шартларига асосан ижарага берувчи томонидан қопланади. 

Ижарага берувчи томонидан қопланадиган капитал қўйилмалар қиймати суммасига ижарага олувчи қуйидаги ўтказмаларни амалга оширади:

  • 9220-счётиБошқа активларнинг чиқиб кетиши” дебети;
  • 0890-счёти “Бошқа капитал қўйилмалар” кредити. 

 

  • 4890-счёти Бошқа дебиторлар қарзлари” дебети;
  • 9220-счётиБошқа активларнинг чиқиб кетиши”кредити;
  • 6400-счёти Бюджетга тўловлар бўйича қарз” (ҚҚС) кредити. 

 

2. Агар ижара шартномаси тугагандан сўнг ижарага берувчи ижарага олувчининг капитал қўйилмаларга харажатларини қоплаб бермаса

Бу ҳолда ижарага олувчи уларни ижарага олинган объектдан фойдаланиш даврида ҳар ойда ўз харажатларига ҳисобдан чиқариши мумкин:

  • Харажатларни (чиқимларни) ҳисобга олувчи счётлар  дебети (2000Асосий ишлаб чиқариш”, 9400 “Давр харажатларини ҳисобга олувчи счётлар”;
  • 0890-счёти “Бошқа капитал қўйилмалар” кредити. 

Ҳар ойда ҳисобдан чиқариладиган сумма амортизация ҳисоблаш нормалари ва усулларига ўхшаш тартибда ҳисоблаб чиқилади.

Эътибор беринг
Бухгалтерия ҳисобида 0200-счёти “Асосий воситаларнинг амортизацияси” орқали ижарага олувчининг капитал қўйилмаларига амортизация ҳисобланмайди.

 

3. Агар ижарага берувчи ижарага олувчининг - ҚҚС тўловчининг капитал қўйилмаларга харажатларини ижарага олинган объектдан ҳақиқатда фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда қисман қоплаб берса

Ижарага олувчи капитал қўйилмаларнинг қопланмайдиган қисмини ўз харажатларига ҳисобдан чиқаради, қопланадиган қисмини эса - ҳисобланган ҚҚС билан тўлаш учун ижарага берувчига тақдим этади.

 

Амортизациянинг усули ва нормалари

АВ амортизацияси бухгалтерлар учун - одатий иш. Солиқ солиш мақсадларида капитал қўйилмалар амортизацияси эса саволлар туғдиради.

Солиқ солиш мақсадларида амортизация қилинадиган активнинг қиймати СКнинг 306-моддаси нормалари бўйича - йилига 15%дан юқори бўлмаган ставка бўйича тўғри чизиқли усул орқали харажатларга ҳисобдан чиқарилади.

Кўриб чиқилаётган мисолда амортизация объектни реконструкция қилиш якунланган ва фойдаланишга топширилган санадан эътиборан ҳисобланади .

Корхона капитал қўйилмалар қиймати тўлиқ ҳисобдан чиқарилган санага қадар, бироқ ижарага олувчида ижарага олинган объект ҳар қандай асосга кўра (ижара шартномаси муддати тугаши ёки уни муддатидан олдин бекор қилиш муносабати билан) чиқиб кетиши муддатидан ортиқ бўлмаган муддатда амортизация ҳисоблашни давом эттиради. Чиқиб кетгандан сўнг ҳисобдан чиқарилмаган харажатлар қолдиғи бир йўла ижарага олувчининг харажатларига ҳисобдан чиқарилади.

 

Капитал қўйилмалар амортизацияси ҳисоб-китоби учун база

Амортизация қилинадиган актив солиқ ҳисобида бошланғич қиймати бўйича қабул қилинади.

Капитал қўйилмаларнинг бошланғич қиймати қуйидагилар ҳисобга олинмаган ҳолда аниқланади :

  • ҳисобга олинган ёки харажатлар таркибида ҳисобга олинадиган ҚҚС;
  • фоизлар бўйича харажатлар ва чегириб ташланиши лозим бўлган капитал қўйилмалар билан боғлиқ бошқа харажатлар.

 

Капитал қўйилмалар баҳосини тасдиқлаш

Ижарага олинган активга капитал қўйилмалар солиқ ҳисоби мақсадларида амортизация қилинадиган актив деб эътироф этилади. Ижарага олувчи капитал қўйилмаларнинг бошланғич қиймати шаклланганлигини тасдиқловчи бирламчи ҳужжатларга эга бўлиши керак. Уларнинг амортизацияси фойда солиғи бўйича ССБни камайтириши боис, корхона улар қийматининг баҳосини ҳужжат билан тасдиқлаши керак, у солиқ регистрларида акс эттирилади.

Агар ижарага олувчи реконструкция қилиш учун кредит (қарз) олса, ушбу маблағлардан фойдаланганлик учун фоизлар бўйича харажатлар амортизация қилинадиган активнинг қийматини оширмайди. Уларни фойда солиғи ҳисоб-китобида алоҳида ҳисобга олинг .

Мисол
Ижарага берувчи реконструкция қилиш харажатларини тўлиқ қоплайди

Корхона бинонинг оператив ижара шартномасини тузди. Ижарага олувчи 115 000 минг сўм миқдорида чиқим қилиб уни реконструкция қилди, шу жумладан 15% ҚҚС. Ижара шартномаси ижарага берувчи томонидан ижарага олинган объектга капитал қўйилмалар билан боғлиқ ижарага олувчининг барча ҳужжат билан тасдиқланган харажатларини тўлиқ қопланишини назарда тутади.

Бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Дебет

Кредит

Сумма (минг сўмда)

Изоҳ

1

0890

6000, 6900

100 000

Реконструкция қилиш бўйича ҚМИ капитал қўйилмаларга киритилди

2

4400

6000, 6900

15 000

Етказиб берувчиларга тўланган ҚҚС

3

9220

0890

100 000

Ижарага олувчида капитал қўйилмаларга харажатлар ҳисобдан чиқарилди

4

4890

9220

100 000

Ижарага берувчига реконструкция қилиш якунлангач капитал қўйилмаларни қоплашга счёт тақдим этилди

5

4890

6400

15 000

Харажатларни қоплаш бўйича ижарага берувчига ҳисобланган ҚҚС

Мисол
Ижарага берувчи реконструкция қилиш харажатларини қисман қоплайди

Корхона 1 йил муддатга ишлаб чиқариш цехининг оператив ижара шартномасини тузди ва кейин уни яна 1 йилга узайтирди. Ижарага олувчи цехни 115 000 минг сўм миқдорида реконструкция қилди, шу жумладан - 15% ҚҚС. Реконструкция қилиш 4 ой давом этди. Ижара шартномаси ижарага берувчи томонидан ижарага олинган объектга капитал қўйилмалар билан боғлиқ ижарага олувчининг харажатларини қисман қопланишини назарда тутади.

Бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Дебет

Кредит

Сумма (минг сўмда)

Изоҳ

1

0890

6000, 6900

100 000

Реконструкция қилиш бўйича ҚМИ капитал қўйилмаларга киритилди

2

4400

6000, 6900

15 000

Етказиб берувчиларга тўланган ҚҚС

3

9220

0890

75 000

Ижарага олувчи капитал қўйилмаларни қисман ҳисобдан чиқаради

4

4890

9220

75 000

Ижарага берувчининг капитал қўйилмаларга харажатларни қоплаш бўйича қарзи

5

4890

6400

11 250

Харажатларни қоплаш бўйича ижарага берувчига ҳисобланган ҚҚС

6

2010

0890

1 250

Капитал қўйилмалар бўйича чиқимларни харажатларга ҳар ойда ҳисобдан чиқариш (20 ой давомида)

1. Амортизация қилинадиган активнинг қиймати - 100 000 минг сўм.

2. Объектни реконструкция қилиш якунлангач ва фойдаланишга топширилгандан кейин активдан фойдаланиш муддати 20 ойни ташкил этади (2 х 12 - 4).

3. СКда рухсат этилган нормалар бўйича ҳар ойда амортизация ҳисоблаш:

(100 000 х 15%) : 12 ой = 1 250 минг сўм.

Мазкур актив СКнинг 306-моддасига биноан 15%дан юқори бўлмаган ставка бўйича амортизация қилинади.

4. Ижарага олувчининг капитал чиқимларини қоплашга ижарага берувчига счёт тақдим этиш:

100 000 – (1 250 х 20 ой) = 75 000 минг сўм.

Мисол
Ижарага берувчи реконструкция қилиш харажатларини қопламайди

Корхона 1 йил муддатга бинонинг оператив ижара шартномасини тузди, кейинчалик - уни 6 йилга узайтирди. Ижарага олувчи 115 000 минг сўм миқдорида чиқим қилиб уни реконструкция қилди, шу жумладан 15% ҚҚС. Реконструкция қилиш 4 ой давом этди. Ижара шартномаси ижарага берувчи томонидан ижарага олинган объектга капитал қўйилмалар билан боғлиқ ижарага олувчининг харажатларининг қопланишини назарда тутмайди.

Бухгалтерия ҳисоби:

Т/р

Дебет

Кредит

Сумма (минг сўмда)

Изоҳ

1

0890

6000, 6900

100 000

Реконструкция қилиш бўйича ҚМИ капитал қўйилмаларга киритилди

2

4400

6000, 6900

15 000

Етказиб берувчиларга тўланган ҚҚС

3

9400

0890

1 250

Капитал қўйилмалар бўйича чиқимларни харажатларга ҳар ойда ҳисобдан чиқариш (80 ой давомида)

1. Амортизация қилинадиган активнинг қиймати - 100 000 минг сўм.

2. Объектни реконструкция қилиш якунлангач ва фойдаланишга топширилгандан кейин активдан фойдаланиш муддати 80 ойни ташкил этади (7 йил х 12 - 4 ой).

3. СКда рухсат этилган нормалар бўйича ҳар ойда амортизация ҳисоблаш:

(100 000 х 15%) : 12 ой = 1 250 минг сўм.

Мазкур актив СКнинг 306-моддасига биноан 15%дан юқори бўлмаган ставка бўйича амортизация қилинади.

Назорат: 80 ой х 1 250 минг сўм = 100 000 минг сўм.

Капитал қўйилмалар амортизацияси бўйича харажатлар фойда солиғи ҳисоб-китоби мақсадларида чегириладиган харажат ҳисобланади. Бундай харажатларни бошқа харажатлар таркибида - Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илованинг 0134-сатрида кўрсатишни тавсия қиламиз.

Эътибор беринг

Қонунчилик ижарага олувчида оператив ижара шартномаси бўйича амортизация қилинадиган объектга капитал қўйилмаларни акс эттириш нормаларини сақламайди. Агар юқорида таклиф қилинган вариант сизни қониқтирмаса, сиз уни Ҳисоб сиёсатида акс эттирган ҳолда молиявий ижара шартномаси бўйича капитал қўйилмаларга ўхшаш бошқа усулдан фойдаланишингиз мумкин.

Бухгалтерия ҳисобида моливий ижарада капитал қўйилмалар суммасини АВ таркибига ўтказиш қуйидаги тартибда акс эттирилади:

  • 0112-счёти “Молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситаларни ободонлаштириш” дебети;
  • 0860-счёти “Молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситаларга капитал қўйилмалар” кредити. 

Молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситаларни ободонлаштириш бўйича амортизация суммасини ҳисоблашда:

  • Харажатларни ҳисобга олувчи счётлар дебети (молиявий ижара шартномасига асосан олинган асосий воситаларнинг мақсадига боғлиқ ҳолда);
  • 0212-счёти “Молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситаларни ободонлаштиришнинг эскириши” кредити.