Айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисобот қандай тўлдирилади

preview

My.soliq.uz порталидаги электрон ҳисоботлар орасида солиқ ҳисоботининг янги шакли – Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китоби пайдо бўлди, шакл коди – 10104_22. Умумбелгиланган солиқларни тўламайдиган кичик корхоналар ушбу ҳисоботни 15 апрелдан кечиктирмай тақдим этишлари зарур . Buxgalter.uz ушбу вазифани ҳал этишда ёрдам беради.

Айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисобот таркибига қуйидагилар киради:

  • Ҳисоб-китоб;
  • 1-илова. Бошқа даромадлар;
  • 2-илова. Солиқ солинадиган жами даромаднинг камайтирилиши;
  • 3-илова. Инвестицияларга йўналтирилган маблағлар суммаси ҳисоб-китоби;
  • 4-илова. Электрон тижорат орқали товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган даромад ҳисоб-китоб маълумотномаси;
  • 5-илова. Ҳисобот даври учун ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга тегишли бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди ҳисоб-китоб маълумотномаси;
  • 6-илова. Солиқ солишда ҳисобга олинмайдиган даромадлар.
Диққат
Ҳисоботнинг фақат кўк рангли катакчаларини тўлдиринг. Сариқ ранг билан белгиланган сатрлар автоматик равишда тўлдирилади.

1. Биринчи навбатда ҳисоб-китоб тури, йил ва даврни кўрсатган ҳолда ҳисоботнинг кириш қисмини тўлдириш лозим. Ушбу маълумотларсиз тизим Ҳисоб-китобнинг жадвал қисмига маълумотларни киритиш имконини бермайди.

Эслатиб ўтамиз

Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китоби ҳар чоракда тўлдирилади:

  • I чорак учун – 15 апрелдан кечиктирмасдан, ярим йиллик учун – 15 июлдан, 9 ой учун – 15 октябрдан, йил якунларига кўра – 15 февралдан кечиктирмасдан ;
  • йил бошидан ортиб борувчи якун билан.

2. Ҳисоб-китобнинг ўзини тўлдиришга ўтамиз. Ўтган йиллар учун тўлдирган ЯСТ ҳисоб-китоби шаклидан фарқли равишда, «Фаолият турлари» устунини энди Ҳисоб-китобнинг ўзида танлаш лозим. Бунинг учун стрелка тугмачасини боссангиз, керакли барча фаолият турлари рўйхати очилади.

3. 010-«Товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган даромад» сатрида фаолият турлари кесимида реализация қилишдан олинган даромад тўғрисидаги маълумотларни кўрсатинг.

4. 011-«Товарларни (хизматларни) текинга беришдан кўрилган зарарлар» сатрини шундай зарарларингиз бўлса, – тегишли фаолият тури бўйича устунда тўлдиринг.

Диққат
Товарларни ёки хизматларни экология, соғломлаштириш ҳамда хайрия жамғармаларига, маданият, соғлиқни сақлаш, меҳнат, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт, таълим муассасаларига текинга берган (кўрсатган) бўлсангиз, бундай беришдан кўрилган зарарни Ҳисоб-китобнинг 020-сатрида акс эттириш керак эмас .

5. 012-«Реализация сифатида қараладиган даромадлар» янги сатри пайдо бўлди. У 1-илова (0201-0206-сатрлар) маълумотларидан келиб чиққан ҳолда тўлдирилади. Ушбу сатрларни тўлдириб, ушбу илованинг 020-сатридаги олинган натижани фаолият турлари бўйича – Ҳисоб-китобнинг 012-сатрида тақсимлаш лозим (бир нечта фаолият тури билан шуғуллансангиз).

6. «Фаолият турлари бўйича даромаднинг товарларни (хизматларни) реализация қилишдан жами даромадларидаги салмоғи, фоизда» кўрсаткичи (илгари 011-сатр кўрсаткичи бўлган) 020-сатрга ўтказилган бўлиб, 010+011+012 сатрларни қўшиш ва жами даромадга бўлиш йўли билан аниқланади. Дастур ушбу сатр қийматини автоматик равишда ҳисоблайди.

Диққат

Турли солиқ солиш объектлари ва (ёки) солиқ ставкалари белгиланган бир неча фаолият тури билан шуғулланадиган солиқ тўловчилар улар бўйича алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиши ҳамда белгиланган тегишли ставкалар бўйича айланмадан олинадиган солиқни тўлаши шарт.

Бошқа даромадларга киритиш мумкин бўлган даромадларга , шунингдек фоизлар тарзидаги даромадларга солиқ тўловчининг ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича умумий жами даромадларидаги улуши устунлик қиладиган фаолият тури учун белгиланган солиқ ставкалари бўйича солиқ солинади .

7. 030-«Реализация сифатида қаралмайдиган даромадлар (Ҳисоб-китобга 1-илованинг 030-сатри)» сатри 1-«Бошқа даромадлар» иловасининг (қандай тўлдирилиши қуйироқда кўрсатилган) 030-сатри тўлдирилганда автоматик равишда тўлдирилади.

8. 040-«Солиқ солинадиган жами даромад (010-сатр + 011-сатр + 012-сатр + 030-сатр)» сатрида кўрсатилган сатрлардаги қийматларни қўшиш йўли билан солиқ солинадиган жами даромад автоматик равишда ҳисобланади.

Диққат
2020 йил I чораги учун 040 ва 0401-сатрлардаги қиймат бир хил бўлади, ярим йиллик, 9 ой ва йил учун Ҳисоб-китобнинг 0401-сатрида эса I чорак учун Ҳисоб-китобнинг 060-сатридаги қийматни қайд этиш лозим.

9. 050-«Солиқ солинадиган жами даромаднинг камайтирилиши (Ҳисоб-китобнинг 2-иловаси 010-сатри)» сатрида кўрсатилган камайтириш суммаси қайд этилади. Бунинг учун аввал 2-«Солиқ солинадиган жами даромаднинг камайтирилиши» иловасини тўлдириш лозим (қуйироқда батафсил кўрсатилган). 2-илованинг 010-сатридаги якуний қиймат Ҳисоб-китобнинг 050-сатридаги қийматга тенг бўлиши лозим.   

Бир неча фаолият турини амалга оширадиган бўлсангиз, Ҳисоб-китобнинг 050-сатрини тўлдираётганда тегишли фаолият турлари (устунлар) бўйича жами даромаднинг камайтирилишини кўрсатинг.  

10. 060-«Солиқ солинадиган база – жами (040-сатр - 050-сатр)» сатри автоматик равишда ҳисобланиб, тегишли устунларнинг 040 ва 050-сатрлари кўрсаткичлари ўртасидаги фарққа тенг бўлади. 

11. 070-сатр – айланмадан олинадиган солиқ ставкаси сиз танлаган фаолият тури бўйича автоматик равишда тўлдирилади. 

Эслатиб ўтамиз
Айланмадан олинадиган солиқ ставкалари СК 467-моддасида келтирилган.

12.  080-«Тузатиш киритилган солиқ ставкаси, фоизда (Ҳисоб-китобнинг 4-иловасининг 040-сатри ёки 5-иловасининг 070-сатри)» сатри 4-иловани ёки 5-иловани тўлдираётганда (қуйироққа қаранг) автоматик равишда тўлдирилади.

Диққат
  • Корхонангиз Электрон тижорат субъектларининг миллий реестрига киритилган бўлсагина, 4-иловани тўлдириш лозим.
  • 5-илова ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари, "Нуроний" жамғармаси ва "Ўзбекистон Чернобилчилари" ассоциацияси бўлган ва умумий сонида ногиронлар, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари 50%дан кам бўлмаган ва ногиронлар, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 50%идан кам бўлмаган солиқ тўловчилар томонидан тўлдирилади.

13. 090-«Айланмадан олинадиган солиқ суммаси – жами (060-сатр х 080-сатр)» сатри солиқ базасини тузатиш киритилган солиқ ставкасига кўпайтириш йўли билан автоматик равишда тўлдирилади.

14. 100-«Алоҳида бўлинмалар жойлашган жойи бўйича» сатрида жойлашган жойи бўйича алоҳида бўлинмаларга (сизда мавжуд бўлса) тўғри келадиган айланмадан олинадиган солиқ суммасини акс эттиринг.

15. 100-сатрга маълумотлар киритилгач, тизим Ҳисоб-китобнинг 110-сатридаги қиймат – солиқ ҳисобида турган жой бўйича (090-сатр – 100-сатр) солиқ суммасини автоматик равишда ҳисоблайди.

Ҳисоб-китобга иловаларни тўлдирамиз

Диққат!
Кўрсаткичларингиз мавжуд бўлган иловаларнигина тўлдиринг .

1-«Бошқа даромадлар» иловаси икки қисм – реализация сифатида қараладиган даромадлар ва реализация сифатида қаралмайдиган даромадларга бўлинган:

  • реализация сифатида қараладиган даромадлар (1-илованинг 020-сатри) 6 та турни ўз ичига олган, уларни 0201-0206-сатрларда акс эттириш лозим:

1) иштирокчилар таркибидан чиқиш ёки устав фондидаги ҳиссасини камайтириш ёхуд иштирокчининг улушини қайтариб сотиб олиш ҳисобига берилган товарлар (хизматлар) қиймати;

2) юридик шахс тугатилганда ҳамда эмитент томонидан акциядордан ушбу эмитент чиқарган акциялар қайтариб сотиб олинганда акциядорга берилган товарлар (хизматлар) қиймати;

3) товарларни (хизматларни) жисмоний шахс меҳнатига ҳақ тўлаш ҳисобидан ёки дивиденд тўлаш ҳисобидан бериш;

4) қайта ишлаб бериш учун берилган товарларни ёки бошқа мол-мулклар қиймати;

5) реализация қилинган ёки бепул берилган (товарларни (хизматларни) олиш ҳуқуқини тақдим этувчи) ваучерлар қиймати;

6) узоқ муддатли шартномалар бўйича даромадлар;

  • реализация сифатида қаралмайдиган даромадлар (1-илованинг 030-сатри) 0301-0320-сатрлар тўлдирилганда дастур томонидан автоматик равишда ҳисобланади. Қуйидаги даромадларингиз мавжуд бўлгандагина ушбу сатрларни тўлдиринг:

1) РЕПО операциялари бўйича даромадлар ;

2) қимматли қоғозлар ва (ёки) муддатли битимларнинг молиявий воситаларига доир операциялар бўйича олинган даромадлар ;

3) асосий воситаларнинг ва бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинган даромадлар ;

4) текинга олинган мол-мулк (олинган хизматлар) ;

5) инвентаризация натижасида аниқланган ортиқча товар-моддий захираларнинг ва бошқа мол-мулкнинг қиймати тарзидаги даромадлар ;

6) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан олинган даромадлар ;

7) талаб қилиш ҳуқуқидан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича олинган даромадлар ;

8) илгари чегириб ташланган харажатлар ёки зарарларнинг ўрнини қоплаш тарзидаги даромадлар ;

9) шартнома мажбуриятларини бузганлик учун тўланиши лозим бўлган жарималар, пенялар ва бошқа санкциялар, шунингдек зарарларнинг (зиённинг) ўрнини қоплаш суммалари ;

10) валюта ҳисобварақлари бўйича ижобий курс фарқининг салбий курс фарқидан ошиши ;

11) қайта тикланган харажатлар суммалари ;

12) акциядор, иштирокчи юридик шахс фойдасига ўз улушининг (улуши бир қисмининг) қийматини олишдан воз кечиш натижасида устав фонди (устав капитали) камайиши муносабати билан олган даромадлар ;

13) корхонани мол-мулк мажмуи сифатида сотишдан олинган даромадлар ;

14) СК VII бўлимида белгиланган ҳолларда ва тартибда назорат қилинадиган чет эл компаниясининг фойда тарзидаги даромади ;

15) дивидендлар ва фоизлар тарзида олинган даромадлар ;

16)  бошқа даромадлар .

Муайян маблағлар ҳисобига солиқ солинадиган жами даромадни камайтирган бўлсангизгина, 2-«Солиқ солинадиган жами даромаднинг камайтирилиши» иловаси тўлдирилади .

Маблағларни инвестицияларга йўналтирган ва солиқ солинадиган жами даромадни ушбу суммага камайтирган, камайтиришни 2-иловада акс эттирган бўлсангиз, 3-«Инвестицияларга йўналтирилган маблағлар суммаси ҳисоб-китоби» иловаси тўлдирилади.

Диққат
3-илова фақат 2020 йил I чорагида (2020 йил 1 апрелгача) амал қилади.

Электрон тижорат субъектлари миллий реестрига киритилган бўлсангиз, 4-«Электрон тижорат орқали товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган даромад ҳисоб-китоб маълумотномаси» иловаси тўлдирилади.

Диққат
Электрон тижорат субъектлари миллий реестрига киритилган хўжалик юритувчи субъектлар айланмадан олинадиган солиқни 2%лик ставка бўйича тўлайдилар .

Сизда ногиронлиги бўлган шахслар, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ишласа, 5-«Ҳисобот даври учун ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга тегишли бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди ҳисоб-китоб маълумотномаси» иловаси тўлдирилади.

Сизда солиқ солинадиган объект сифатида қаралмайдиган даромадлар мавжуд бўлса, 6-«Солиқ солишда ҳисобга олинмайдиган даромадлар» иловаси тўлдирилади .

Барча зарур иловаларни ва Ҳисоб-китобнинг ўзини тўлдиргач, тўлдирилган кўрсаткичларни яна бир бор текшириб, ҳисоботни сақланг ва «Жўнатиш» тугмачасини босинг (ЭРИ билан имзолаган ҳолда).

Жўнатилган ҳисобот «Ишлов беришда» бўлимига жойлаштирилади. Ишлов бериш чоғида тегишли катакчалар тўғри ва тўлиқ тўлдирилгани автоматик равишда текширилади.

«Журнал» бўлимида ҳисоботнинг мақоми – солиқ органлари томонидан қабул қилингани ёки хатолари борлиги сабабли қабул қилиш рад этилганини текшириб кўриш мумкин.

Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобини тўлдиришга доир намунани бу ерда кўришингиз мумкин.

Дилором САИДОВА,

«Норма» эксперти.