Айланмадан олинадиган солиқ солинмайдиган харажатлар бўйича 4 вазият

preview

Амалиётда бухгалтерлар кўпинча воситачи харажатларини, ижара ва суғурта шартномалари бўйича харажатларни қоплаш бўйича операцияларга дуч келишади. Бундай операцияларга айланмадан олинадиган солиқ солинадими? У нимага боғлиқ? 

Саволга “Норма” эксперти Дилором САИДОВА ва МВ Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директорининг биринчи ўринбосари Умид ҲАМРОЕВ жавоб беришди: 

 

1-вазият. Суғурта товони

Айланмадан олинадиган солиқ тўловчи корхона ёнғин ҳодисаси юзасидан мол-мулкини бир йилга суғурта қилдирди. Суғурталовчига суғурта мукофоти – 200 минг сўм тўланди. Шартноманинг амал қилиш даврида суғурта ҳодисаси юзага келди. Мол-мулкни тиклаш учун 25 000 минг сўм харажат қилинди. Суғурта компанияси корхонага 20 000 минг сўм миқдорида суғурта товони тўлаб берди.

Олинган суғурта товони - 20 000 минг сўм - айланмадан олинадиган солиқ солиш объекти сифатида ҳисобланмайди .

Корхонанинг мол-мулкни тиклашга қилган умумий харажатларидан (25 000 минг сўм) 20 000 минг сўм суғурта товони ҳисобидан қопланади, 5 000 минг сўм эса корхона харажатларига киритилади.

Эътибор беринг
Суғурта шартномаси бўйича суғурта товони (суғурта суммаси) тарзида олинган маблағларга айланмадан олинадиган солиқ солинмайди.

Агар сиз мол-мулкингизни суғурта қилдирган бўлсангиз ва суғурта компанияси сизга суғурта ҳодисаси юзага келганда товон тўлаган бўлса, ушбу товонни  даромад деб эътироф этинг, бироқ айланмадан олинадиган солиқ солманг.

 

2-вазият. Воситачилик хизматлари шартномаси бўйича харажатларни қоплаш

Воситачилик шартномаси бўйича воситачига “А” корхонаси (комитент, товарни етказиб берувчи) учун харидор топиш мажбурияти юкланади.

Воситачи хизматларининг қиймати – сотилган товар қийматининг 10%и. Воситачилик шартномасига асосан реализация қилинган товар учун барча сумма воситачининг ҳисобварағига келиб тушади.

Комитент билан ҳисоб-китоб қилиш чоғида воситачи қуйидагиларни ушлаб қолади:

  • ўзининг ҳақини (10%);
  • у томондан комитентнинг товарини реклама қилиш ва ташиш учун тўланган маблағларни.

Воситачининг ҳисоботига асосан товар 180 000 минг сўмга реализация қилинган. Ушбу суммадан реализация қилишдан олинган даромад таркибига воситачи фақат ўзининг ҳақини – 18 000 минг сўмни (180 000 х 10%) киритади. Товар учун унинг ҳисобварағига келиб тушган қолган сумма тушум ҳисобланмайди, сабаби реализация қилинган товарнинг мулкдори - комитент ҳисобланади.

Бундан ташқари, воситачи комитентга товарни реклама қилиш учун (7 500 минг сўм) ва товарни ташиш бўйича транспорт компаниясининг хизматларига (3 450 минг сўм) ҳақ тўланганлиги юзасидан тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этди. Воситачи томонидан ушбу харажатларни қоплаш сифатида олинадиган суммалар ҳам унинг реализация қилишдан олинган даромади сифатида ҳисобланмайди, сабаби бу харажатлар шартномада назарда тутилган.

Шу тариқа, агар воситачилик хизматлари кўрсатиш шартномасида ҳақ тўлашдан ташқари, комитент (ишонч билдирувчи) сизга шартномани бажаришда амалга оширилган харажатларни қоплаши мумкинлиги кўрсатилган бўлса, ушбу харажатлар шартнома шартларига биноан  комитентнинг (ишонч билдирувчининг) харажатлари ҳисобланади. Бундай қоплаш даромад сифатида эътироф этилмайди ва айланмадан олинадиган солиқ солинмайди.

Агарда сизнинг воситачи сифатидаги шахсий харажатларингиз қопланса, бундай қоплашга айланмадан олинадиган солиқ солиш зарур.

Эътибор беринг
Агар воситачилик (топшириқ) шартномасига асосан сиз комитентдан (ишонч билдирувчидан) сотиш учун қандайдир мол-мулк олсангиз, унга айланмадан олинадиган солиқ солманг, чунки унга бўлган мулк ҳуқуқи комитентда (ишонч билдирувчида) сақланиб қолади.

 

3-вазият. Лизинг объекти қийматини қоплаш

Шартномага асосан 120 000 минг сўм қийматдаги экскаватор лизингга берилади.

Лизинг берувчининг фоизли даромади - 24 000 минг сўм. Шартнома бўйича ижара ҳақининг умумий суммаси – 144 000 минг сўм. Ижара муддати – 20 ой.

Тўловлар графиги ҳар ойда 7 200 минг сўмдан (144 000 : 20) тенг тўловларни назарда тутади. Ҳар ойлик ижара ҳақи лизинг объектини қоплаш суммасидан – 6 000 минг сўм (120 000 : 20) ва лизинг берувчининг фоизли даромадидан - 1 200 минг сўм (24 000 : 20) иборат.

Лизинг берувчининг бухгалтерия ҳисобида экскаватор қиймати узоқ муддатли дебиторлик қарзи (120 000 минг сўм) сифатида акс эттирилади.

Лизинг олувчи уни лизинг тўловлари графигига асосан сўндиради.

Фоизли даромад - 24 000 минг сўм - экскаваторнинг чиқиб кетиш пайтида эмас, балки тўловлар графигига асосан қисмлар билан эътироф этилади.

Шу тариқа, 20 ой давомида ҳар ойда 1 200 минг сўм лизинг берувчининг даромадига киритилади.

Агар сизнинг корхонангиз кўчмас мулкни лизингга берса, ижарага олувчи томонидан истеъмол қилинган коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари қийматини қоплашдан айланмадан олинадиган солиқни тўламанг. Ижарага берувчи учун қоплаш суммаси даромад ҳисобланмайди. Фақат ижара ҳақи суммасига ва лизингга  берувчи сифатида ўз фоизли даромадингизга айланмадан олинадиган солиқ солинг. Лизинг объекти қийматини сўндириш ҳисобига олинган маблағларга солиқ солинмайди.

Эътибор беринг
Агар ижарага берувчига (лизинг берувчига) молиявий ижарага (лизингга) ўтказилган объект қиймати қопланса ҳам, айланмадан олинадиган солиқ объекти юзага келмайди.

 

4-вазият. Оператив ижара шартномаси бўйича коммунал хизматлар қийматини қоплаш

Ижарага берувчи-айланмадан олинадиган солиқ тўловчи офис биносини ижарага беради. Ижара шартномасига асосан ижарага олувчи коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари қийматини алоҳида -ҳақиқатда истеъмол бўйича қоплайди.

Тақдим этилган ҳисобварақ-фактурага асосан ой учун ижара ҳақи миқдори 1 200 минг сўмни, коммунал хизматлар ва алоқа хизматларини қоплаш суммаси - 480 минг сўмни, шу жумладан ҚҚС - 80 минг сўмни ташкил қилади.

Эътибор беринг
Ижарага берувчи учун ижарага олувчи томонидан истеъмол қилинган коммунал хизматлар (480 минг сўм) харажат ҳисобланмайди, уларни қоплаш эса даромад ҳисобланмайди. Уларнинг қийматини етказиб берувчилар-коммунал хизматлардан ижарага олувчига қайта тақдим этилади.

Шу тариқа, ижара муддати мобайнида ҳар ойда фақат 1 200 минг сўм ижарага берувчининг даромадига киритилади.