ЭҲФга қандай тузатиш киритиш мумкин

25.06.2020

Электрон ҳисобварақ-фактуралар тизимида ЭҲФга тузатиш киритишни расмийлаштириш имконияти пайдо бўлди. Янги технологиянинг афзалликлари ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ ҳузуридаги «Янги технологиялар» ИАМ мутахассиси Нодир МУҲАММАДОВ гапириб берди:

- СКнинг 257-моддасига мувофиқ солиқ тўловчи қуйидаги ҳолда солиқ базасига тузатиш киритиши мумкин:

  • товарлар тўлиқ ёки қисман қайтарилганда;
  • кўрсатилган хизматлардан воз кечилганда;
  • битим шартлари ўзгарганда, шу жумладан - жўнатилган товарларнинг, кўрсатилган хизматларнинг нархи ва (ёки) сони (ҳажми) ўзгарганда;
  • сотувчи томонидан чегирмалар берилганда. Бундай тузатиш киритиш, агар сийловлар бериш шартлари шартнома шартларида ёки солиқ тўловчининг нарх (тариф) сиёсатида назарда тутилган бўлса, илгари амалга оширилган товарларни (хизматларни) етказиб бериш бўйича солиқ базасини камайтиради.

ЭҲФ тизимида буни санаб ўтилган ҳолатлар рўй берган солиқ даврида қўшимча ҳисобварақ-фактура тақдим этиш йўли билан амалга ошириш мумкин.

Бироқ ҚҚС ҳисоб-китоби шаклини автоматик тарзда тўлдиришга ўтилгач, бухгалтерлар қўшимча ҳисобварақ-фактурани тақдим этиш имкониятидан, қачон хатони тузатиш ёки илгари ёзилган ҳужжатга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш зарур бўлса, шунда фойдалана бошлашди. Улар буни мажбуран бажаришди, сабаби ЭҲФ тизимида СКда назарда тутилган талабларни бажаришнинг техник имконияти мавжуд эмасди. Бундай вазиятларда СКнинг 257-моддасига асосан илгари ёзилган ҳисобварақ-фактура бекор қилиниши, унинг ўрнига эса тўғри маълумотлар билан янгиси расмийлаштирилиши керак.

Вазиятни тузатиш учун ЭҲФ тизимида қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда тузатилган ҳисобварақ-фактурани шакллантириш имконини берадиган янги сервис ишга туширилди.

Бу қандай ишлайди

“Тузатиш киритилган ЭҲФ” функцияси илгари хатолар билан тақдим этилган ҳисобварақни бекор қилиш ва ўрнига тузатиш киритилган ҳужжатни расмийлаштириш имконини беради. Бунинг учун сизнинг ЭҲА операторингиз интерфейсида:

  • ЭҲФ турини танлаш зарур – “тузатиш киритилган”;
  • “Эски ҳисобварақ-фактура” графасига тузатиш киритилаётган ЭҲФнинг  ID, рақами ва санасини киритинг;
  • очилган ЭҲФ шаклини одатдаги тарзда тўлдиринг.

Икки томонлама тасдиқлангандан кейин эски ЭҲФнинг мақоми ўзгаради, у бекор қилинган бўлади, ҚҚС ҳисоботининг ЭҲФ реестрида эса янги ҳужжатнинг маълумотлари акс эттирилади.

 

Эътибор беринг
Материални эълон қилиш пайтида баъзи ЭҲФ операторларида ушбу опциядан фойдаланиш имконияти ҳозирча мавжуд эмас, техник ишлар олиб борилмоқда. Ўз операторингизда вазиятни аниқлаштириб олинг.

 

Олег ГАЕВОЙ

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал