ДСҚ ЭҲФнинг муддатини ўтказиб юбормасликни сўради

24.09.2020

Солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетларига янги Низомга мувофиқ ҳисобварақ-фактураларни тақдим этиш ва имзолаш муддатларига риоя қилиш тўғрисидаги хабарнома келиб тушди. Buxgalter.uz ҳам ўз навбатида эслатиб ўтади:

Етказиб берувчи томонидан тақдим этилган ҳисобварақ-фактура 10 календарь кун ичида сотиб олувчи томонидан ЭРИ билан тасдиқланиши ёки сабаби кўрсатилган ҳолда рад этилиши шарт.

Агар ҳисобварақ-фактура ушбу муддатда тасдиқланмаган ёки рад этилмаган бўлса, у тасдиқланган ҳисобланади . ЭҲФнинг автомат тарзда имзоланишининг техник имконияти ҳақида биз бу ерда ёзганмиз. Ушбу механизм ҳали охиригача рўёбга чиқарилмаган, дастур маромига етказилмоқда.

ЭҲФни имзолаш :

  • юридик шахс номидан- раҳбар ёки ташкилот номидан берилган ишончнома ёки бошқа ҳужжат билан ваколат берилган шахслар номига расмийлаштирилган ЭРИси орқали;
  • якка тартибдаги тадбиркор номидан- унинг ЭРИси орқали;
  • жисмоний шахс номидан - унинг шахсий ЭРИси орқали амалга оширилади. Агар жисмоний шахс ЭРИга эга бўлмаса, унга юборилган электрон ҳисобварақ-фактура автоматик тарзда тасдиқланади

Бунда, агар ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш ва қабул қилиш бўйича белгиланган муддатнинг охирги куни қонун ҳужжатларига мувофиқ дам олиш ва (ёки) иш куни бўлмаган кун деб эътироф этиладиган кунга тўғри келса, дам олиш кунидан ва (ёки) иш куни бўлмаган кундан кейинги иш куни муддатнинг тамом бўлиш куни деб ҳисобланади .

Жисмоний шахснинг талабига биноан етказиб берувчи ҳисобварақ-фактурани 2 нусхада чоп этади. Бир нусхасини - жисмоний шахсга тақдим этади, иккинчи нусхасини -  товарлар (хизматлар) олинганлиги тўғрисидаги жисмоний шахснинг имзоси билан тасдиқланган ҳолда – ўзида сақлайди.

ЭҲФга қўшимча ҳужжатларни илова қилиш мумкин. ЭҲФнинг тасдиқланиши илова қилинган ҳужжатларнинг ҳам тасдиқланганлигини ифодалайди .

Ким ЭҲФни ойда бир марта тақдим этади?

Ҳисобварақ-фактура товарлар (хизматлар) реализация қилинган календарь ойнинг сўнгги куни санаси билан расмийлаштирилади ва  қуйидагилар реализация қилинган ойдан кейинги ойнинг 10 кунига қадар тақдим этилади :

  • электр ва (ёки) иссиқлик энергияси, сув, газ, коммунал хизматлар, алоқа хизматлари;
  • темир йўлда ташиш, транспорт-экспедиторлик хизмати реализация қилинганда, қувурлар тизими орқали юкларни ташиш;
  • товарлар (хизматлар) доимий (узлуксиз) асосда реализация қилинганда.

Қуйидагиларда :

  • объектлар қурилишида, шу жумладан, объектларни фойдаланиш учун тайёр ҳолда қуришда;
  • узоқ (бир солиқ ҳисоботи давридан ортиқ) технологик даврийликдаги узоқ муддатли шартномалар бўйича, агар тузилган узоқ муддатли шартномалар шартларида хизматларни ҳар ойда топшириш назарда тутилмаган бўлса, ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришнинг шунга ўхшаш тартиби белгиланган.

Ҳисобварақ-фактура муддатида тақдим этилмаган тақдирда қандай йўл тутиш лозимлиги ҳақида бу ерда ўқинг.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал