Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Имзоланмаган ЭҲФ қачон тасдиқланади
Сотиб олувчи томонидан тасдиқланмаган ёки рад этилмаган ЭҲФ у тақдим этилган пайтдан эътиборан ўн календарь кун мобайнида тасдиқланган ҳисобланади . Ушбу норма ҳозир ишлаши керак. Бироқ ЭҲФ операторларининг таъкидлашича, уни қўллаш учун ҳозирча техник шарт-шароитлар яратилмаган.
Buxgalter.uz вазиятни тушунтирди.
ДСҚдаги манбалар ҳозирча ушбу норма ишламаётганлиги тасдиқлашди. Уни қўллаш учун техник шарт-шароитлар яратиш бўйича ишлар жадал суръатда олиб борилмоқда. Функционал тахминан 2020 йил 20 сентябрга келиб ишга туширилиши керак.
Дастурий мажмуа тасдиқланмаган ва имзоланмаган ҳисобварақ-фактураларни ўн кун муддатда автоматик тарзда тасдиқланганлар тоифасига ўтказиши режалаштирилмоқда. Ушбу функционал қандай ишлаши ҳақида ДСҚ мутахассислари техник ишлар тугаши заҳоти гапириб беришга ваъда беришмоқда.
ҚҚСни ҳисобга олиш нормасининг қўлланилиши бугунги кунда сотиб олувчиларда у томондан тақдим этилган ҳисобварақ-фактураларни имкон қадар тезроқ кўриб чиқиш учун жуда кучли рағбат ҳисобланади.
Тақдим этилган ҳисобварақ-фактураларни кўриб чиқишни пайсалга солиш товарлар ва хизматлар сотувчисида катта муаммоларга олиб келади. Улар таваккалчилик қилмаслик ва тасдиқланмаган ҳисобварақ-фактуралар билан шартномалар бўйича келиб тушган пулдан фойдаланмасликни маъқул кўришади. Сабаби сотиб олувчи ҳар қандай пайтда ҳисобварақ-фактурани рад этиши ва талабнома тақдим этиши ёки товардан воз кечиши мумкин.
Тадбиркорлар Buxgalter.uz билан суҳбатда ДСҚга истакларини билдиришди:
- сотиб олувчи томонидан кўриб чиқилмаган тақдим этилган ҳисобварақ-фактураларни ўн кун муддатда автоматик тарзда эътироф этиш нормаси имкон қадар тезроқ ишга туширилиши керак;
- автоматик режимда тасдиқланган ҳисобварақ-фактурада дастур томонидан “Ҳужжат 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 2-илова билан тасдиқланган Низомнинг 63-банди асосида тасдиқланган деб эътироф этилган” белгиси қўйилишини назарда тутиш зарур.
Олег ГАЕВОЙ