Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.11.2024 й. ПҚ-397-сон "Юртимизнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этишга интилаётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

20.11.2024 й.

N ПҚ-397




ЮРТИМИЗНИНГ ИҚТИСОДИЙ

ВА ИЖТИМОИЙ ҲАЁТИДА ФАОЛ ИШТИРОК

ЭТИШГА ИНТИЛАЁТГАН ВАТАНДОШЛАРНИ

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ   ТИЗИМИНИ   ЯНАДА

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Бугунги кунда хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни тарихий Ватани атрофида янада жипслаштириш, уларнинг қалби ва онгида юрт билан фахрланиш туйғусини юксалтириш, миллий ўзликни сақлаб қолиш, турли соҳаларда фаолият юритиб, мамлакатимиз тараққиётига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшаётган ватандошларимизни рағбатлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, иқтисодиёт, илм-фан, маданият ва санъат, спорт, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳаларда юқори ютуқларга эришган, жаҳонда Ўзбекистоннинг ижобий имижини илгари суришга интилаётган, Ўзбекистон халқининг бебаҳо маънавий-маданий меросини сақлаш ва кўпайтиришга катта шахсий ҳисса қўшаётган, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида ва унинг манфаатларини кўзлаб хайрия (меценатлик) фаолиятини амалга ошираётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш зарурати мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги "Ўзбекистон - 2030" стратегиясини "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги ПФ-37-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш, улар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, юртимизнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этишга интилаётган ватандошларга "Ватандош" гувоҳномасини расмийлаштириш тартибини жорий этиш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

"Ватандош" гувоҳномаси ва "Ватандош" картасини расмийлаштириш, бериш ҳамда бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

"Ватандош" гувоҳномаси ва "Ватандош" картасининг шакли ва таснифи 2 ва 3-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.


2. "Ватандош" гувоҳномасини бериш ҳамда бекор қилиш масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия 4-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.

Қуйидагилар комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

"Ватандош" гувоҳномасини бериш учун тавсия этилган номзодларнинг уларга қўйилган талабларга жавоб беришини ўрганиш;

ишчи гуруҳлар тузган ҳолда, комиссия ваколатига кирадиган масалалар бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

"Ватандош" гувоҳномасини бериш учун номзодлар рўйхатини шакллантириш;

"Ватандош" гувоҳномаси бўйича тавсияномалар ва тақдимномалар қонунийлик, холислик, адолатлилик ва шаффофлик тамойиллари асосида ташаббус қилинганлигини ўрганиш.


3. "Ватандош" гувоҳномасини бериш ҳамда бекор қилиш масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия тўғрисидаги низом 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Белгилансинки:

"Ватандош" гувоҳномасини бериш билан боғлиқ харажатлар Ташқи ишлар вазирлигига ажратилган бюджет маблағлари доирасида ҳамда бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан;

"Ватандош" картасини бериш, маълумотларни сақлаш билан боғлиқ харажатлар Ички ишлар вазирлигига ажратилган бюджет маблағлари доирасида ҳамда бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


5. Ички ишлар вазирлиги уч ой муддатда:

"Паспорт-виза" автоматлаштирилган ахборот тизими ва сервер қурилмаларини модернизация қилиш орқали тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда, "Ватандош" картасини расмийлаштиришни;

"Паспорт-виза" автоматлаштирилган ахборот тизимини манфаатдор вазирлик ва идоралар ахборот тизимлари билан интеграция қилиш орқали ўзаро ахборот алмашинувини йўлга қўйсин.


6. Ташқи ишлар вазирлиги Ички ишлар вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


7. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб ташқи ишлар вазири Б.О. Саидов ҳамда ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов белгилансин.

Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                       Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 20 ноябрдаги

ПҚ-397-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Ватандош" гувоҳномасининг

шакли ва таснифи

            

1

          

         

"Ватандош" гувоҳномаси 110х75 миллиметр ўлчамдаги китобча шаклида бўлиб, 240 г/кв.м қалинликдаги офсет қоғоздан тайёрланади. Гувоҳноманинг ташқи томони (биринчи ва тўртинчи бетлари) кўк рангда бўлиб, плёнка билан қопланган. Гувоҳноманинг юқори чеккасидан (биринчи бети) 3,5 миллиметр пастда, марказда оралиғи 3,5 миллиметрли иккита сатрдан иборат матнда VATANDOSH GUVOHNOMASI ("Times new Roman Bolt" шрифти, 17-кегль) сўзлари ёзилган.

Гувоҳноманинг пастки чеккасидан (биринчи бети) 35 миллиметр юқорида, марказда оралиғи 3,5 миллиметрли иккита сатрдан иборат матнда CERTIFICATE OF COMPATRIOT ("Times new Roman Bolt" шрифти, 17-кегль) сўзлари ёзилган. Ёзувлар зарҳал рангда акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички томони (иккинчи ва учинчи бетлари) оч кулрангда бўлиб, офсет усулида чоп этилган. Гувоҳноманинг ички чап томони (иккинчи бети) юқори чеккасидан 8 миллиметр пастда, марказда "guvohnoma" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 10-кегль) сўзи ҳамда гувоҳнома тартиб рақами учун "-sonli" сўзи ва 15 миллиметрли чизиқ жойлашган. "___-sonli guvohnoma" сўзидан 11 миллиметр пастда гувоҳнома берилган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини қайд этиш учун оралиғи 8 миллиметрли учта чизиқ тортилган. Учинчи чизиқда "ga" сўзи ёзилган. Пастки чизиқдан 5 миллиметр қуйида, марказда оралиғи 4 миллиметрли учта сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда "ning", иккинчи сатрда "20__ -y. "___" _______dagi", кейин 15 миллиметр узунлигида қарор (буйруқ)нинг тартиб рақамини кўрсатиш учун чизиқ ва "-sonli" сўзи, учинчи сатрда "qaroriga asosan" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган. Пастки чизиқдан 6 миллиметр юқорида марказда "VATANDOSH" (катта ҳарфларда, "Times new Roman Bolt" шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган матн жойлашган.

Ундан 5 миллиметр пастда "guvohnomasi berildi" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 10-кегль) сўзи ёзилган. Пастки чизиқдан 5 миллиметр қуйида, 4 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда "M.O", кейин 12 миллиметр узунлигида "Ватандош" гувоҳномасини имзолайдиган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини кўрсатиш ҳамда имзо қўйиш учун чизиқ, иккинчи сатрда "___" _______20__ -yil" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган.

Гувоҳноманинг ички ўнг томони (учинчи бети) юқори чеккасидан 8 миллиметр пастда, марказда "Certificate N ____" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 10-кегль) сўзи ҳамда гувоҳнома тартиб рақами учун "№" белгиси ва 15 миллиметрли чизиқ жойлашган. "Certificate N ____" сўзидан 11 миллиметр пастда гувоҳнома берилган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини қайд этиш учун оралиғи 8 миллиметрли учта чизиқ тортилган. 5 миллиметр пастда, марказда оралиғи 4 миллиметрли уч сатрдан иборат матн жойлашган.

Биринчи сатрда "According to the order N _________", иккинчи сатрда "from ______ "___" 20____ year", учинчи сатрда "was conferred with certificate of" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган. Пастки чизиқдан 6 миллиметр юқорида марказда "COMPATRIOT" (катта ҳарфларда, "Times new Roman Bolt" шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган матн жойлашган. Пастки чизиқдан 5 миллиметр қуйида, 4 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда "P.S", кейин 12 миллиметр узунлигида "Ватандош" гувоҳномасини имзолайдиган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини кўрсатиш ҳамда имзо қўйиш учун чизиқ, иккинчи сатрда "___" ______20__ year" ("Times new Roman Bolt" шрифти, 10-кегль) сўзлари ёзилган.

          

        




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 20 ноябрдаги

ПҚ-397-сон қарорига

3-ИЛОВА



"Ватандош" картасининг шакли ва таснифи

                

          

       

"Ватандош" картасига киритилган ҳимоя элементлари ва воситалари картадан ўрнатилган тартибда ("Ватандош" картаси чипига ёзилган маълумотларни NFC қурилмаси ёрдамида ўқиб олиш учун MRZ зонасини ёки QR кодни сканер қилиш лозим) фойдаланиш жараёнида тўсқинлик қилмайди, аксинча қўшимча маълумот киритиш ёки мавжуд маълумотларни ўзгартириш имкониятини чекланганлиги ундаги шахсий маълумотларнинг ишончли эканлигини тасдиқлайди.

"Ватандош" картасига киритилган ҳимоя элементлари ва воситалари фирибгарликни визуал ва/ёки автоматлаштирилган тартибда аниқлашни енгиллаштириш ҳамда унинг қалбакилаштирилиши, сохталаштирилишининг олдини олиш, ҳимояланган тармоқдаги маълумотлар базаси билан солиштириш, шунингдек, бошқа шахс томонидан фойдаланилишига йўл қўймаслик имкониятини таъминлайди.

"Ватандош" картаси учун ишлатиладиган смарт карта (бланк)лардаги чип ICAO 9303 халқаро стандартига асосланган ва халқаро ахборот хавфсизлиги талабларига жавоб беради.

"Ватандош" картасига асосий ва қўшимча ҳимоя элементлари ва воситалари киритилган.

"Ватандош" картаси ҳимоя фони (ламинацион лентадаги Ўзбекистон гербининг тасвири, ёруғликда товланувчи нақшлар ва микроматнлар) ва икки қаватли нақш кўринишидаги расмдан иборат.

"Ватандош" картаси бланки ва ламинацион лентасидаги микроёзувлар 6-8 карра катталаштирилганда ўқилади.

"Ватандош" картаси бланкларини ишлаб чиқаришда қуйидаги хавфсизлик ва ҳимоя элементларидан фойдаланиш имкониятлари таъминланган:

ҳимоя шаблонлари:

а) голографик микро-наноматн;

б) "ДЕНТИФИКАЦИОННАЯ" сўзида атайлаб қилинган хато;

в) "HAXSNI" сўзида атайлаб қилинган хато;

г) гилош;

д) оптик текшириладиган сиёҳ.

Ўзбекистон герби тасвирлаган, микроматнли ва ёруғликда товланувчи ламинацион лента билан қопланган;

қайта ўтказишли (ретрансферли) чоп этиш (HDP) технологиясига асосланган;

ёзувлар юқори аниқликда босиб чиқарилиши таъминланган (чоп этиш зичлиги 600 dpi).

          

         




Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 20 ноябрдаги

ПҚ-397-сон қарорига

4-ИЛОВА



"Ватандош" гувоҳномасини бериш

ҳамда бекор қилиш масалаларини кўриб

чиқиш бўйича комиссия

ТАРКИБИ

            

С.С. Сафоев

-

Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Комиссия раиси


Б.О. Саидов

-

ташқи ишлар вазири, Комиссия раисининг ўринбосари


П.Р. Бобожонов

-

ички ишлар вазири


А.А. Азизов

-

Давлат хавфсизлик хизмати раиси


А.Д. Ташкулов

-

адлия вазири


Л.Ш. Қудратов

-

инвестициялар, саноат ва савдо вазири


Қ.А. Шарипов

-

олий таълим, фан ва инновациялар вазири


О.А. Назарбеков

-

маданият вазири


А.И. Икрамов

-

спорт вазири


А.А. Худаяров

        

И.И. Норқулов

        

-


-

соғлиқни сақлаш вазири в.б.


иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари

       

лавозимига кўра

-

"Ватандошлар" жамоат фонди бошқаруви раиси


лавозимига кўра

-

Ташқи ишлар вазирлигининг ватандошлар билан ишлаш бўйича масъул бошқармаси бошлиғи, Комиссия котиби

                

Изоҳ. Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.

Комиссия ишига бошқа давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг вакиллари жалб қилиниши мумкин.

           

            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 22 ноябрь