Полезное для бухгалтера в ноябре:
Иш берувчининг ташаббусига кўра бериладиган режалаштирилмаган ҳақ тўланадиган таътил
Эпидемияга қарши курашиш мақсадида қабул қилинаётган ҳужжатларда, хусусан, тасдиқланган таътиллар жадвалидан қатъи назар, ходимларни меҳнат таътилига чиқариш назарда тутилган. Буни қонун ҳужжатларини бузмаган ҳолда қандай амалга ошириш мумкинлиги ҳақида юридик фанлар номзоди, Меҳнат кодексининг муаллифларидан бири Михаил ГАСАНОВ гапириб берди.
– Режалаштирилмаган меҳнат таътилини бериш учун ходимнинг розилигини олиш керакми?
– Ходимларга меҳнат таътили бериш тартиби таътиллар жадвалига боғлиқ.
МК 144-м. 1-қисмига мувофиқ, йиллик таътилларни бериш навбати календарь йил бошлангунга қадар касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ белгиланади. Бошқача қилиб айтганда, жадвал ходимларнинг тегишли вакиллик органи билан келишилганидан кейин иш берувчининг буйруғи билан тасдиқланган бўлиши керак. Иш берувчи ходимларни жадвал билан таништириши лозимлигини ҳам қайд этиш муҳим. Таътиллар жадвали – ходим ва иш берувчи учун мажбурий тусга эга бўлган локал норматив ҳужжат. Шу сабабли меҳнат таътили жадвалга мувофиқ берилаётган бўлса, ходимнинг розилигини олиш талаб этилмайди.
Жадвалда назарда тутилмаган таътилни бериш масаласи бошқача ҳал этилади.
МКга мувофиқ, жадвалда белгиланган таътилдан фойдаланиш вақти ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра ўзгартирилиши мумкин . Бинобарин, ходимга жадвалдан ташқари меҳнат таътилини бериш учун унинг розилигини олиш керак. Ходим:
- жадвалда назарда тутилганидан бошқа вақтда меҳнат таътилини беришларини сўраб (ёки меҳнат таътилини беришларига рози эканлиги қайд этилган) ариза бериши;
- иш берувчи билан олдиндан келишиб олган таътилни бериш санасини кўрсатишининг ўзи етарли.
Бундай ариза асосида иш берувчи ходимга таътил бериш ҳақида буйруқ чиқаради.
Жадвалда белгиланган таътилдан фойдаланиш вақти ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра ўзгартирилиши мумкинлиги ҳақида умумий қоидадан истисно мавжуд. Таътил қуйидаги ходимларнинг хоҳишига кўра ёзги ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилиши керак :
- 14 ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (16 ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз онага (бева эркаклар, бева аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналарга) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига;
- I ва II гуруҳ ногиронларига;
- 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга;
- 18 ёшга тўлмаган шахсларга;
- таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиётганларга
- жамоа шартномаси, келишувида назарда тутилган бошқа ҳолларда.
Бундан ташқари, ишлаётган эркакларга йиллик таътил уларнинг хоҳишларига биноан хотинларининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида берилади .
Карантин пайтида боғчаларга ва бошланғич синфларга бора олмайдиган болалари бор ота-оналарга (уларнинг ўрнини босувчи шахслар, васий ва ҳомийларга) таътиллар жадвалидан қатъи назар, йиллик меҳнат таътили берилади .
– Ходимнинг розилигига кўра ҳозир унга таътил берилса, уни тўлиқ олиш керакми? Ёки таътилнинг фақат бир қисмидан фойдаланиш мумкинми?
– МК 146-моддасига мувофиқ, ходимнинг хоҳишига кўра унинг ёзма аризаси асосида таътилни қисмларга бўлишга йўл қўйилади. Бунда таътилнинг бир қисми 12 иш кунидан кам бўлмаслиги лозим.
– Ходим таътил беришларини сўраб ариза бериши шартми?
– Меҳнат таътили жадвалга мувофиқ берилмаётган бўлса, айтиб ўтганимдек, ходимнинг розилигини олиш зарур. У ариза бериб, бунга розилигини изҳор этади.
– Тижорат ташкилотининг ходими 4 ой ишлади. У масофадан туриб ишлай олмайди. Унинг аризасига кўра ҳақ тўланадиган таътил расмийлаштирилса, бу қонунбузарлик деб ҳисобланмайдими?
– Умумий қоидага кўра йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун 6 ой ишлангандан кейин берилади . Бироқ ушбу қоидадан истиснолар мавжуд. Меҳнат кодексида биринчи иш йили учун меҳнат таътили қуйидагиларга 6 ой ўтмасдан олдин берилиши тўғридан-тўғри назарда тутилган :
- аёлларга – ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин;
- I ва II гуруҳ ногиронларига;
- 18 ёшга тўлмаган шахсларга;
- муддатли ҳарбий хизматдан резервга бўшатилган ва ишга жойлашган ҳарбий хизматчиларга;
- ўриндошлик асосида ишлаётганларга – асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда, ўриндошлик асосида ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда;
- ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда умумий таълим мактабларида, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида, кадрларнинг малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институтлари ва курсларида ўқиётганларга, агар улар ўзларининг йиллик таътилларини имтиҳонлар, синовлар (зачётлар) топшириш, диплом, курс, лаборатория ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтига тўғрилаб олишни хоҳласалар;
- технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки ишлар хусусияти ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ходимларга .
Шунингдек карантин пайтида боғчаларга ва бошланғич синфларга бора олмайдиган болалари бор ота-оналарга (уларнинг ўрнини босувчи шахслар, васий ва ҳомийларга) таътиллар жадвалидан қатъи назар, шу жумладан 6 ойдан кам ишлаганларга йиллик меҳнат таътили берилади .
Бироқ амалиётда қуйидаги савол кўп юзага келади: бошқа ходимларга 6 ой ўтмасдан олдин меҳнат таътилини бериш мумкинми? Зеро иш берувчи ва ходимнинг манфаатларига тўғри келадиган турли ҳаётий вазиятлар юз бериши мумкин.
Ушбу вазиятларни фақат ҳозирги ҳолат билан боғламаган бўлардим. Шундай мисол келтираман: янги корхона ташкил этилди, аксарият ходимлар тахминан бир вақтда штатга қабул қилинди. Уларнинг ҳаммасига 6 ой ўтгач меҳнат таътили берилса, корхона фаолияти тўхтаб қолади.
Фикримча, вазиятдан чиқишнинг қуйидаги йўли бор. МК 4-м. 2-қисмида назарда тутилишича, қонунлардагига нисбатан қўшимча меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатлари, шу жумладан шартнома йўсинидаги ҳужжатлар (жамоа келишувлари, жамоа шартномалари, бошқа локал ҳужжатлар), шунингдек ходим ва иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномалари билан белгиланиши мумкин. Ходимга 6 ой ўтмасдан унинг аризасига кўра меҳнат таътилини бериш ана шундай қўшимча кафолат ҳисобланади, деб ўйлайман.
Меҳнат таътили МК 143-м. 3-қисмига мувофиқ, 6 ой ўтмасдан ёки мазкур ташкилот ходимлари учун белгиланган қўшимча кафолат сифатида берилишидан қатъи назар, у тўлалигича, аванс ва тўлиқ ҳақ тўлаган ҳолда берилиши керак.
Ўриндошлик асосида ишловчилар учун ушбу қоидадан истисно мавжуд. Ходим биринчи иш йили ўриндошлик асосида 6 ойдан кам ишлаган, бироқ асосий иш жойида унга меҳнат таътили берилган бўлса, у асосий таътили билан бир вақтда ўриндошлик асосидаги ишида ҳам таътил беришни иш берувчидан талаб қилишга ҳақли. Бу ҳолда ўриндошлик асосидаги ишида берилган таътил учун ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўланади.
– Тезкор қарорлар қабул қилиш зарурати юзага келган жорий вазиятга қайтайлик. Шартнома йўсинидаги қайси ҳужжат воситасида 6 ой ўтмасдан таътил бериш масаласини тезкор равишда ҳал қилиш мумкин?
– Ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларига тегишли шартни киритиш учун ушбу шартномаларга қўшимча келишувларни тузиш талаб этилади, бунга кўп вақт кетиши аён. Жамоа шартномасига қўшимчалар киритиш учун янада кўп вақт талаб этилади, сабаби МКда назарда тутилган тартиб-таомилга риоя этиш (тегишли низомни кўриб чиқиш учун таклиф этиш, жамоавий музокаралар олиб бориш учун комиссия тузиш, тайёрланган ҳужжатни ташкилот бўлинмаларида муҳокама қилиш, уни меҳнат жамоасининг умумий йиғилишида ёки конференциясида маъқуллаш ва имзолаш) лозим бўлади.
Юзага келган вазиятда иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишувга кўра қабул қилган локал ҳужжатда мазкур масала энг тезкор равишда ҳал этилиши мумкин. Ушбу ҳужжатда қандай ҳаётий вазиятларда ходимга биринчи иш йили учун 6 ой ўтмасдан меҳнат таътили берилиши мумкинлигини назарда тутиш лозим.
– Корхонада касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи мавжуд бўлмаса, нима қилиш керак? Зеро баъзи кичик корхоналарда, нафақат кичик корхоналарда, ходимларнинг вакиллик органлари ташкил этилмаган.
– Ҳар бир тарафнинг эҳтиёжларини инобатга олувчи ечимларни топиш имконини бериши сабабли ташкилотда ходимларнинг вакиллик органи мавжуд бўлиши нафақат ходимларнинг манфаатлари, балки иш берувчиларнинг манфаатлари учун ҳам хизмат қилишига ишончим комил.
Ташкилотда касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи мавжуд бўлмаса, ходимларга биринчи иш йили учун 6 ой ўтмасдан меҳнат таътили бериш имконияти ҳақидаги шартни меҳнат шартномасига қўшимча келишув кўринишида расмийлаштириш лозим.
– Ходим касал бўлиб қолиб, касаллик варақаси очтирган ёки таътилдан фойдаланишига тўсқинлик қилувчи бошқа объектив сабаблар бўлса, иш берувчидан таътилини бошқа вақтга кўчиришни сўрашга ҳақлими?
– МК 145-моддасига мувофиқ, ходимлар қуйидаги ҳолларда таътилни узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш ҳуқуқига эгадирлар:
- вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида;
- ҳомиладорлик ва туғиш таътили муддати бошланганда;
- йиллик таътил ўқув таътилига тўғри келиб қолганда;
- давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётганда, башарти қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда бундай вазифаларни бажариш учун ходимни ишдан озод этиш назарда тутилган бўлса.
Агар таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар у бошлангунга қадар келиб чиққан бўлса, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан таътилдан фойдаланишнинг янги муддати белгиланади.
Бундай сабаблар таътил даврида келиб чиққан ҳолларда таътил тегишли кунлар сонига узайтирилади ёки ходим билан иш берувчининг келишувига биноан таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми бошқа муддатга кўчирилади.
Ходимга 24 иш куни давом этадиган меҳнат таътили берилган эди, дейлик. Таътил пайтида ходим 6 кун касал бўлди, уларнинг 5 куни иш кунлари эди. Ходим касал бўлгани далили вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси билан тасдиқланди. Бундай вазиятда ходимга касал бўлган вақти учун вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланиши ва меҳнат таътили 5 иш кунига узайтирилиши керак.
– Ходимнинг розилигига кўра жадвалда назарда тутилмаган вақтда берилган меҳнат таътилидан фойдаланмаса ёки узайтирилса, таътиллар жадвалига ўзгартиришлар киритиш керакми?
– Бундай вазиятда таътиллар жадвалида ходим меҳнат таътилидан ҳақиқатда фойдаланган вақт ҳақида белги қўйиш лозим.