Полезное для бухгалтера в ноябре:
ЭҲА тизимида бошланғич ҳужжатлар билан боғлиқ қандай муаммолар бор
Электрон ҳужжатлар айланиши тизими нафақат карантин пайтида, балки «тинч» пайтда ҳам бухгалтерни бошланғич ҳужжатлар билан боғлиқ кўп ташвишлардан халос қилиши мумкин эди. Бироқ бу дастак ҳанузгача талабгир эмас. Бунинг сабаби нимада, қай жиҳатини такомиллаштириш лозим? Ҳаммаси электрон ҳужжатлар айланиши операторларигагина боғлиқми? Вuxgalter.uz эксперти Олег ГАЕВОЙ шу саволларга жавоб топишга уриниб кўрди.
Портал ўқувчилари карантин шароитида ҳужжатлар айланишини қандай ташкил этдилар?
Жавоб варианти |
Овозлар сони |
Умумий овозлар сонидаги улуши |
Ҳужжатлар айланиши тўхтатиб қўйилди |
258 |
24% |
Курьер орқали етказиб бериш ёки почтадан фойдаланаяпмиз |
30 |
3% |
Электрон почта ёки мессенжерлардан (Telegram ва бошқалар) фойдаланаяпмиз |
523 |
49% |
«Ўзбекистон почтаси» АЖнинг «гибрид почта» хизматидан фойдаланаяпмиз |
5 |
1%дан кам |
Электрон ҳужжатлар айланиши операторлари хизматларидан фойдаланаяпмиз |
263 |
24% |
Жами жавоблар |
1079 |
100% |
Бунда респондентларнинг 61%и ЭҲА операторлари ёрдамида фақат электрон ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириб, олмоқдалар. 39%и эса – бошқа бошланғич ҳужжатларни ҳам. Хулоса: электрон ҳужжатлар айланиши тизимига фақат ЭҲФни расмийлаштиришга мўлжалланган технология сифатида қаралмаяпти. Шунга қарамай, у ҳали ҳам барча бошланғич бухгалтерия ҳужжатларини (шартномалар, қабул қилиш-топшириш далолатномалари, ишончномалар, хатлар, қўшимча келишувлар, спецификациялар, бажарилган ишлар далолатномалари, ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномалари, воситачининг ҳисоботлари ва ҳ.к.) расмийлаштириш учун универсал дастакка айлангани йўқ. Нимага шундай бўлаяпти?
Бошланғич бухгалтерия ҳужжатларини расмийлаштиришнинг ҳар қандай бошқа усулидан кўра ЭҲА афзалдек кўринади:
- ҳужжатни расмийлаштириш ва имзолаш учун ҳеч ким ҳеч қаерга бориши керак эмас, ҳаммаси компьютерлар ва мобил иловалар ёрдамида бажарилади;
- ҳужжат бир зумда адресатга етказилади;
- ҳар бир ҳужжат уни тузишда иштирок этган тарафлар томонидан имзоланади;
- юридик кучи бўйича электрон ҳужжат қоғоздагисидан қолишмайди;
- ЭҲАдаги ҳужжатларни йўқотиб қўйишнинг имкони йўқ;
- қуйидагилар тежалади: а) ҳужжатга ишлов бериш учун сарфланадиган вақт; б) ёзув-чизув моллари ва ҳужжатларни жўнатиш/етказиб бериш харажатлари; в) девонхона ходимлари, курьерларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари;
- бошқа бухгалтерия дастурлари билан интеграциялашиш имкони мавжуд, бу ҳам ҳужжатларга ишлов бериш вақтини қисқартиради;
- ҳужжатларни жўнатиш чоғида юқори даражадаги хавфсизлик таъминланади;
- ҳаммаси «шаффоф», тизим ҳужжат билан боғлиқ барча хатти-ҳаракатларни қайд этади;
- ҳар қандай ҳужжатни осон очиш мумкин;
- ижро интизоми ошади – ҳужжатлар кўрсатилган муддатларда тақдим этилади, келишилади ва ҳ.к.;
- ҳисоб-китоб ва тўловлар жадаллашади;
- зарур ҳужжатларни солиқ текшируви ёки ҳар қандай бошқа тадбирлар учун тез тайёрлаш имкони мавжуд;
- солиқ рисклари камаяди: ҳужжатлар жўнатилгани дарҳол тасдиқлангани учун солиқ мажбуриятлари бўйича жарима ва пеня ундирилмайди;
- қоғоз тежалади ва атроф-муҳит муҳофаза қилинади.
Қайси жиҳатларига қўшимча ишлов бериш лозим
Фуқаролик кодекси, «Электрон ҳужжатлар айланиши тўғрисида» ва «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонунлар, Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжатлар айланиши тўғрисида низом ЭҲАни бухгалтерияда фаол қўллаш учун ҳуқуқий майдон яратади. Юридик нуқтаи назардан хўжалик операциясини тасдиқловчи ҳар қандай ҳужжатни электрон шаклда тузиб, келгусида ундан бухгалтерия ҳисобида бошланғич ҳужжат сифатида фойдаланиш учун мумкин.
Бироқ фойдаланувчида ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш учун ҳар доим ҳам техник жиҳатдан шарт-шароит бўлмайди. Электрон ҳужжатлар айланиши операторларига кўп нарса боғлиқ – уларнинг бозори энди ривожланмоқда. Йил бошида ДСҚ рўйхатида атиги 6 та расмий оператор қайд этилган бўлса, ҳозир уларнинг сони 15 тага етган. Ҳар бири тақдим этилаётган хизматлар ва имкониятлар спектрини кенгайтирмоқда. Улар орасида ҳар қандай бошланғич ҳужжатларни тузиш, айирбошлаш ва улар билан ишлаш учун содда ва қулай ечимларни ўз мижозларига тақдим этадиган компаниялар бор. Бошқалари (афсуски, улар ҳозирча кўпчиликни ташкил этади) фақат зарур техник шарт-шароитларни яратадилар.
Вuxgalter.uz ўқувчилари электрон ҳужжатлар айланиши тизимларини янада такомиллаштиришга доир хоҳиш-истаклари ва таклифлари билан ўртоқлашдилар. Айрим муаммолар ечими бухгалтерларнинг ўзига боғлиқ.
Veronika Yugay: – «Тизимлар етарли даражада яхши ишламайди, операторлар ва ДСИ кабинети ўртасида синхронизация лозим даражада йўлга қўйилмаган. Биз «Фактура.уз» билан ишлаймиз, улар ҳал эта олмайдиган муаммолар тез-тез юзага келади. Бунинг устига, бевосита алоқа ва техник кўмак панд беради! «Фактура.уз» билан боғланиб бўлмайди, кўп ҳолларда муаммони ҳал қилишнинг имкони йўқ. Операторга қўнғироқ қилсангиз: «Муаммони ҳал қиламиз», – дейдилар, бироқ ҳеч қандай силжиш бўлмайди. Улар билан мулоқот қилиб ҳеч қандай натижага эришмаймиз.
Контрагентлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш борасида ҳам камчиликлар талайгина. Аксарият контрагентлар: ҳали электрон ҳисобварақ-фактуралар билан ишлашни бошламадик, дейишади. Давлат органлари ҳали ҳам ҳисобварақ-фактураларни тақдим этмайди. Кўпчилик ҳисобот даври тугаганидан кейин уларни тақдим этади, бироқ биз ўз вақтида тақдим этилмаганини рўкач қилиб, кейинги сафар жорий сана билан тақдим этишлари учун уларни қабул қилмаймиз. Хизматлар олинган бўлса ҳам, ҳисобот ёпилгани учун кейинги ойда қабул қиламиз. Сўнг ҳужжатни имзолаш ёки тақдим этишни илтимос қилиб тинимсиз қўнғироқ қила бошлайдилар.
Бундан ташқари, биз тақдим этган, ҳатто имзоланмаган барча ҳисобварақ-фактураларни ҳам ҳисоботда – тақдим этилган даврда акс эттирамиз. Товар юклаб жўнатилгани, ҳисобварақ-фактурани имзоламаганликлари учун энди биз жавобгар эмаслигимиз сабабли шундай қиламиз. Бироқ кейинчалик тафовут аниқланганда, муаммо юзага келади. Мисол учун, бир дона товар кам чиққанда контрагент 2 ой ўтгач ҳисобварақ-фактурани имзолашдан бош тортади. Аввалбошдан ҳаммаси ўз вақтида имзоланганда муаммони дарҳол ҳал қилиш – бекор қилиш, тузатиш мумкин бўларди. Ҳисоботдан кейин ҳар ким ўз гапини маъқуллайди! Чунки биронта бухгалтер бировнинг хатоси ёки масъулиятсизлиги учун ўз ҳисоботларини қайта-қайта топширишни истамайди!
Умуман олганда, ҚҚС бўйича ҳисоботда ўтган ойдаги ҳисобварақ-фактурани акс эттириш имконига эга бўлишни истардим. Ўтган ой учун ҳисобварақ-фактурани ўз вақтида тақдим этмасалар, жорий ойда ҳисоботларни қайта топширишга тўғри келади. Контрагентларингиз кўп бўлса, бу жиддий муаммога айланади. Ана шундай имконият ушбу муаммони ҳал қилган бўларди. Мисол учун, ҳисобварақ-фактуранинг ҳақиқатдаги санаси март ойи бўлса, уни апрель ойи ҳисоботида акс эттириш имконига эга бўлишимиз лозим. Ҳозир бу муаммо ишлашга жуда халал бераяпти».
Marina Kitichenko: – «Солиқ.уз»даги платформанинг ЭҲФ қисмини такомиллаштириш, тасдиқланган ва тасдиқланмаган ҳужжатларни саралаш имконини бериш, сараланган ҳужжатлар бўйича амаллар бажарилганидан сўнг доим ўчиб қоладиган «Фильтр» функциясини тузатиш лозим».
Тимур ХР: – «Электрон ҳисобварақ-фактураларни жўнатмайдиганларга катта жарима солиш керак. Ўтиб кетган сана билан жўнатиш даврини ёпиб, кўпи билан 10 кунлик люфтни қолдирган маъқул. Февраль ойи учун ҚҚС ҳисоб-китобини 20 мартгача топширганман, куни кеча эса (13 апрелда) февраль ойи учун янги келиб тушган ҳисобварақ-фактуралар сабабли қайта ҳисоб-китоб жўнатдим. Бугун эса яна февраль ойи учун ҳисобварақ-фактура олдим! Февраль ойи учун ҳисоб-китобни қайта топширишимга тўғри келади. Бу йил охиригача давом этадими? Барча «уйқусираганларни» катта жарима солиб, ҳисоб-китоб рақамларини ёпиб, фаолиятини тўхтатиб қўйиб уйғотиш вақти келди. Майли, жўнатишни 10 кунга кечиктиришсин, бироқ қарийб 2 ой ўтиб кетди!
«Фактура.уз» сервисини ҳам ёпиш керак. У самарасиз ишлаяпти, ундаги ҳужжатлар «Солиқ.сервис»га келиб тушмайди, «Солиқ.сервис»ни ҳам, «Дидоксни» ҳам, «Фактура»ни ҳам кузатишга тўғри келади, бу нимаси!»
Евгения: – «Ҳа, энг асосийси – Чирчиқ ИЭК, сувоқава, шаҳаргаз, тоза ҳудудни ҳисобварақ-фактура жўнатишга қандай мажбурлаш мумкин? Ҳисобварақ-фактураларини олиш учун ҳузурларига югуришда давом этаяпмиз. Уларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаяпти»…
Шоҳрух К.: – «Ҳисобварақ-фактуранинг ой ва сана бўйича сараланишини такомиллаштириш зарур, бу аниқ. Тизим ҳужжат шакллантирилган санага қараб саралайди (солиқсервис.уз провайдери). Ёзилган ҳисобварақ-фактурага реестрлар ва бошқа ҳужжатларни (солиштириш далолатномаси ва ҳ.к.) илова қилиш имконини бериш лозим».
Alisher: – «ЭҲФ билан ҳам қоғоздаги ҳисобварақ-фактуралар билан бўлганидек муаммолар мавжуд. Қуйидагиларни амалга ошириш зарур:
1. ЭҲФни саралаш.
2. «Солиқ.уз» орқали операторлар ўртасидаги айирбошлашни яхшилаш (йўқолиб қолади, етиб бормайди, имзоланмайди ва б.).
3. Бошқа муҳим бошланғич ҳужжатлар, шартномалар учун ҳам электрон ҳужжатлар айланишини жорий этиш.
4. Энг асосийси, иккинчи тараф ЭҲФни 7 кун ичида имзоламаганда, келиб тушганидан кейин 7 кун ўтгач автоматик равишда имзоланганини қайд этган ҳолда имзолаш.
5. Ҳисобот топширишнинг сўнгги кунидан 2 кун олдин топширилаётган ой учун ЭҲФ жўнатилишини тақиқлаш (акс ҳолда март ойида январь ойи учун ЭҲФни жўнатмоқдалар).
6. Коммунал хизматларга ЭҲФ жўнатиш ва буни ўз вақтида амалга ошириш мажбуриятини юклаш (март, апрель ойларида январь ойи учун ҳужжатларни топширадилар). Ҳар доим 10-санагача бехато ЭҲФ жўнатадиган Тошкент шаҳар Олмазор тумани Махсустрансдан ўрнак олсинлар».
Николай Абаев: – «Босма ҳужжатларга электрон имзо қўйишни қонунчилик даражасида бирхиллаштириш лозим. Ҳозир электрон ҳужжатлар айланишининг ҳар бир оператори ЭРИни қандай визуаллаштириш ва ҳужжатнинг қайси томонига қўйишни ўзи ҳал қилади. Ҳужжатлар шаклларини тасдиқлаётганда улар ЭҲА тизимларида қандай кўринишини ҳам ҳисобга олиш зарур».
Надежда Дюжакова: – «Менимча, тасдиқланмаган ҳисобварақ-фактуралар ва далолатномалар муаммосига фақат биз тўқнаш келмаганмиз! ДСИдан ушбу жараённи бузаётган ташкилотларга жиддийроқ эътибор қаратишни, яъни занжирнинг барча бўғинлари ЭҲА шартларини бажариши учун талабни кучайтиришни сўрайман. Иккинчидан: нима сабабдан айрим бухгалтерлар ҳисобот топшириладиган сўнгги саналарда ёки бир ой ўтгач ҳужжатларни тасдиқлаш учун ЭҲАга жойлаштиришдан тап тортмайдилар? Бунга қандай омиллар таъсир кўрсатганидан қатъи назар, уларни деб ҚҚС бўйича ҳисоботни қайта-қайта топширавермаймиз-ку».
Рима Гафурова: – «Корхонамиз темир йўл транспорти орқали юк жўнатиш билан шуғулланади. 2020 йилгача Ташиладиган ҳужжатларга ишлов бериш бўйича технологик марказ кенг очиб берилган ҳисобварақ-фактураларни тақдим этарди, уларда квитанциялар рақамлари кўрсатилган темир йўл транспорти хизматлари, вагонлар тозалангани, жарималар алоҳида-алоҳида кўрсатиларди. Буларнинг барини қайта текширишнинг имкони бўларди. Шунча йиллик иш давомида кўп нарсаларни аниқлаганмиз... Ҳозир эса бундай имконият йўқ, Ташиладиган ҳужжатларга ишлов бериш бўйича технологик марказ билан қўнғироқлашиб, қўшимча расшифровка жўнатишларини илтимос қилишимизга тўғри келади. Бироқ ҳаммага ҳам қўнғироқ қилиб тушиб бўлмайди. Яна расшифровка варағини ҳам қўшиб қўйиш имкони бўлганда, яхши бўларди. Ёки ушбу корхоналарга худди илгаригидек барча ахборотни тўлиқ ёзиш мажбурияти юкланса. Бу уяли алоқа операторлари ва бошқаларга ҳам тегишли. Бугунги кунда улар аввалгидек детализацияни жўнатмоқдалар, бироқ бир йил ўтгач жўнатмай қўядилар. Уларни қандай қилиб қайта текшириб кўришимиз мумкин?»
J I: – «Роуминг шартномалар, спецификациялар, қўшимча келишувлар, солиштириш далолатномалари, тўлов учун счётларни операторлар ўртасида айирбошлаш имконини бермайди. Операторларда роуминг орқали ушбу ҳужжатларни айирбошлаш имкони бўлганда, яхши бўларди деб ўйлайман».
Anastasiya: – «Барча шарт-шароитлар яратилмаган. Биринчидан, soliqservis.uz да бир варақда бажарилган ишлар далолатномаси билан ҳисобварақ-фактура шакли йўқ. Ишимизни икки ҳисса қийинлаштирамиз. Уларга хат ёзганмиз, бажаришга ваъда беришган, бироқ ҳозиргача ҳеч нима қилингани йўқ. Масалан, фактура.uz да ҳисобварақ-фактура+бажарилган ишлар далолатномаси бор, бироқ унда умуман ишлаб бўлмайди. Саҳифа қотиб қолаверади, СТИР доим ўчиб кетади. Бир сўз билан айтганда, ҳар томонлама ёмон ишлайди! Энг асосийси, оз сонли контрагентлар ЭҲФни ўз вақтида имзолайди! Ўзимизни ҳимоялаш мақсадида барибир қоғоз вариантини имзолашимизга, бинобарин, бир ишни икки марта бажаришимизга тўғри келади... Менимча, муайян муддат (масалан, бир ой) ўтгач ҳужжат автоматик равишда имзоланадиган бўлса, биринчидан, бу айрим инсофсиз бухгалтерлар ёки директорлар (афсуски, шундайлар бор) жавобгарлигига олиб келади. Иккинчидан, мазкур хизмат, ниҳоят, наф келтира бошлайди! Тизимдан барча фойдаланиши учун жарималарни ҳам жорий этиш керак, акс ҳолда фақат ҚҚС тўлайдиганларгина бу ҳақда қайғурмоқдалар».