Полезное для бухгалтера в ноябре:
Муаммоли буюртмачидан тўловни қандай олиш мумкин
Қурилиш ташкилотлари ишни бажаргач, буюртмачидан унинг ҳақини ололмайдиган ҳолатларга кўп тўқнаш келадилар. Муаммоли буюртмачидан тўловни қандай олиш мумкинлиги ҳақида юридик масалалар бўйича «Норма» эксперти Олег ЗАМАНОВ гапириб берди.
– Объектлар қурилиши, капитал таъмирланиши ёки реконструкция қилиниши, монтаж қилиш ва ишга тушириш-созлаш ишлари билан боғлиқ муносабатлар қурилиш пудрати шартномаси билан тартибга солинади. Буюртмачи пудратчи ишлаши учун шарт-шароит яратиши, уни қабул қилиши ва келишилган маблағни тўлаши шарт . Бажарилган ишлар қиймати – сметада, ҳақ тўлаш тартиби ва муддатлари қурилиш пудрати шартномасида кўрсатилади .
Бажарилган ишлар ҳақини тўлаш юзасидан буюртмачи билан низолашиш эҳтимоли бўлганда пудратчи ўз позициясини мустаҳкамлаш учун:
1) сметада тўғри сумма акс эттирилганига, шартномада эса бажарилган ишлар ҳажми учун ҳақ тўлаш тартиби ва муддатлари қайд этилганига ишонч ҳосил қилиши. Пудратчи 50% ёки ундан ортиқ давлат улушига эга бўлган субъект бўлса, шартномада ишлар қийматининг камида 15%ини мажбурий равишда олдиндан тўлаш назарда тутилиши кераклигини инобатга олинг . Қолган ҳолларда, шартномада олдиндан тўлов назарда тутилмаган бўлса, буюртмачи иш натижалари тўлиқ топширилгач – башарти иш лозим даражада ва келишилган муддатда бажарилган бўлса, ёхуд – буюртмачининг розилиги билан – муддатидан олдин келишилган маблағни тўлаши шарт ;
2) буюртмачи бажарилган ишлар далолатномаси ва маълумотнома-ҳисобварақ-фактурани олганига ишонч ҳосил қилиши, сабаби:
- далолатнома пудратчи иш натижаларини топширгани, буюртмачи эса уларни қабул қилганини тасдиқлайди.
Буюртмачи далолатномани имзолашдан бош тортса, бу унда қайд этилади ва далолатномани фақат пудратчи имзолайди . Бунда буюртмачи рад жавобини асослаб бериши керак. Яъни ишда объектдан фойдаланиш имконини истисно этадиган бартараф этиб бўлмайдиган нуқсонлар бўлиши керак . Акс ҳолда суд бир тарафлама далолатномани ҳам қабул қилади ;
- маълумотнома-ҳисобварақ-фактура буюртмачи бажарилган қурилиш-монтаж ишлари ҳажмлари учун ҳақ тўлашига асос бўлади. У 3 нусхада (буюртмачи, унга хизмат кўрсатувчи банк ва пудратчи учун) расмийлаштирилиб, буюртмачига топширилади. Буюртмачида уни кўриб чиқиш ва расмийлаштириш ёки қўшимча ишлов беришни сўраб, асосли эътирозлар билан қайтариш учун 3 кун вақт бор .
Одатда, пудратчи қилган харажатлар («процентовкалар») расшифровкаси билан бирга бажарилган ишлар далолатномаси ва маълумотнома-ҳисобварақ-фактура буюртмачига умумий пакетда топширилади. Пудратчида бунинг ҳужжатли тасдиғи – қўлига топширилгани қайд этилган илова хат нусхаси (бажарилган ишларни топширишга тайёр эканлик ҳақида хабар), буюртма почта билдиришномаси, курьер орқали етказиб бериш хизматининг юкхати ва ҳ.к. бўлса, буюртмачи ҳужжатларни олган деб тасдиқлаш мумкин;
3) кафолат муддати ҳақидаги шартнома шартларини диққат билан ўрганиб чиқиши зарур. Шартномада бошқа нарса назарда тутилмаган бўлса, у буюртмачи объектни қабул қилган кундан бошлаб 10 йилни ташкил этади . Шартномада бажарилган ишлар қийматининг бир қисми (одатда, кўпи билан 5-10%) кафолат муддати ўтгач тўланиши ҳам кўрсатилиши мумкин. Бу ҳолда пудратчи кафолат муддати ўтмасдан 100% ҳақ тўлашни талаб қила олмайди.
Буюртмачи бажарилган ишларни қабул қилишдан ва улар учун ҳақ тўлашдан асоссиз равишда бош тортган тақдирда, қонун билан қуйидаги кафолатлар берилади:
- иш натижаси буюртмачига топширилган кундан бошлаб бир ой ўтгач, икки марта огоҳлантиргандан кейин пудратчи иш натижасини сотишга, олинган суммани эса унга тўланиши лозим бўлган барча тўловларни чегирган ҳолда буюртмачи номига очилган нотариал идора депозитига ўтказишга ҳақли ;
- пудратчи иш натижаси ва буюртмачига тегишли бўлган асбоб-ускуналар, фойдаланилмаган материаллар қолдиқлари ва буюртмачининг унда қолган бошқа мол-мулкини ҳақини олмагунча ушлаб туришга ҳақли .
Бироқ амалда ушбу нормаларни қўллаш жуда мушкул. Аслида ўзига тегишли нарсани олиш учун пудратчи судга мурожаат қилишига тўғри келади.
Даъво аризасини беришдан олдин…
Судга даъво аризасини беришдан олдин:
- қурилиш пудрати шартномаси шартларига кўра мажбурий бўлса, низони судгача ҳал қилиш (талабнома билдириш) тартибига риоя этиш .
Талабнома шакли ва мазмуни, уни билдириш тартиби «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддасида акс эттирилган. 2019 йил 1 январдан «Медиация тўғрисида»ги Қонун кучга кирган. Тарафлар алоҳида ҳужжат сифатида медиацияни қўллаш тўғрисида келишув тузишлари, ёки шартномага тегишли қайдни киритишлари мумкин . Бунда ушбу тартибга ҳам риоя этиш мажбурий бўлади ;
- даъво муддати ўтмаганини текшириш лозим. Қурилиш пудрати доирасида мажбуриятларга нисбатан умумий даъво муддати – 3 йил қўлланилади. Қурилиш узоқ вақт давом этадиган жараён бўлгани учун даъво муддати ишлар бажарила бошлаган пайтдан эмас, балки буюртмачи уларнинг ҳақини тўлашдан бош торта бошлаган пайтдан эътиборан ҳисобланишини назарда тутинг.
Ҳатто ушбу муддат ўтган бўлса ҳам, суд даъво аризасини қабул қилади . Бироқ жавобгар судда даъво муддатини қўллаш ҳақида арз қилса, даъво рад этилади .