Қандай қилиб хусусий корхонани масъулияти чекланган жамиятга айлантириш мумкин

preview

ЖШДС бўйича имтиёзни йўқотгач, кўп хусусий корхоналар мулкдорлари ўз бизнесининг ташкилий-ҳуқуқий шаклини мақбуллаштиришни ўйлаб қолдилар.  ХКни МЧЖга қайта тузишнинг босқичма-босқич йўриқномасини ҳужжатлар намуналари билан юридик масалалар бўйича “Норма” эксперти Элеонора МАЗУРОВА тайёрлади:

- СКнинг янги таҳрири айрим нормаларни босқичма-босқич жорий этади. 2020 йил 1 апрелдан бошлаб ЖШДС бўйича айрим имтиёзларни мақбуллаштириш мақсадида хусусий корхона мулкдори тасарруфида қоладиган фойда суммасини солиқ солишдан озод этиш бўйича имтиёз бекор қилинди. Энди ХК фойдаси дивидендларга тенглаштирилади  ва умумий асосларда солиқ солиниши лозим.

Илгари тадбиркорга хусусий корхона очиш фойдали бўлган, сабаби ўзининг фойдасидан фойдаланиш чоғида у ушбу фойдадан солиқ тўламаган. Сизга маълумки, ХК мулкдори учун қонунчиликда субсидиар жавобгарлик белгиланган . Яъни у корхона қарзлари бўйича ўзининг барча шахсий мол-мулки билан жавоб беради . Бироқ тадбиркор бу таваккалчиликка онгли равишда борган, чунки тақдим қилинадиган имтиёз тарози палласини ўз фойдасига оғдирган.

Энди эса таваккалчилик ўзини оқламайди. Бунинг устига хусусий корхонада бўлган чекловлар муайян ноқулайликлар туғдиради. Маълумки, ХКда устав фонди бўлинмайди,фақат мулкдорнинг ўзи директор бўлиши мумкин ва у ўз корхонасини якка бошқариши керак. Агар устав фондини шакллантиришда мулкдор корхонага ўз оиласининг умумий мулки бўлган мол-мулкни топширса, ушбу мол-мулкнинг барча эгаларининг нотариал тарзда тасдиқланган розилиги талаб этилади.

Хуллас, ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш чоғида нималарни инобатга олиш лозим?

Қайта ташкил этишнинг қайси турини танлаган маъқул

Хусусий корхонани масъулияти чекланган жамиятга қайта тузиш уни қайта ташкил этишнинг мақбул тури ҳисобланади. Яъни битта юридик шахс тугатилади ва унинг негизида янгиси бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклда барпо этилади.

Қайта ташкил этиш жараёнида янги таъсис ҳужжатлари ва устав шакллантирилади, бироқ бунда янги МЧЖ қайта ташкил этилган ХКнинг барча мажбуриятларини тўлиқ қабул қилади.

Қайта тузишнинг қайта ташкил этишнинг бошқа турларидан асосий фарқи шундаки, тартиб-таомилда фақат битта юридик шахс иштирок этади. Ва у тугагач яна фақат  битта юридик шахс қолади. Шу боис қайта тузиш жараёнида қайта ташкил этишнинг бошқа турларида бўлгани каби шартнома тузиш шарт эмас. Қўшиб юбориш ва бирлаштиришда ҳар доим қайсидир босқичда камида иккита иштирокчи бўлади ва улар билан қайта ташкил этишнинг барча шартлари келишиб олинадиган шартнома тузилиши лозим.

Қайта тузиш қандай амалга оширилади

Қайта тузишда  бошқарув усули ва маъмуриятнинг ваколатлари ўзгаришини айтмаганда, корхона ҳаётида жиддий ўзгаришлар рўй бермайди. Бироқ ХКнинг оддий ходимлари учун барча таомил “оғриқсиз” кечади.

Қайта тузишни максимал даражада тез ва аниқ ўтказиш учун қуйидагиларни амалга ошириш лозим:

  1. ХКни МЧЖга қайта тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш.
  2. ХК кредиторларини қайта ташкил этиш тўғрисида хабардор қилиш.
  3. Янги МЧЖни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатларни тақдим этиш.
  4. Кадрларга доир буйруқлар чиқариш.
  5. Ходимларнинг меҳнат дафтарчаларига ёзувлар киритиш.

1-босқич. Қарор

Биринчи навбатда сиз, хусусий корхона мулкдори сифатида, уни масъулияти чекланган жамиятга қайта тузиш йўли билан қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қиласиз . Шу қарорнинг ўзи билан сиз топшириш далолатномасини тасдиқлайсиз ва илгари сиз томондан ХК устав фондига киритилган ҳисса энди МЧЖ устав фондига ҳисса ҳисобланишини белгилайсиз.

Шундан кейин сиз, МЧЖнинг ягона таъсисчиси сифатида, йиғилиш ўтказмайсиз, балки якка тартибда қарор қабул қиласиз ва унда:

1. Янги таҳрирдаги МЧЖ уставини тасдиқлайсиз.

2. Янги ташкил этилган МЧЖ муҳри эскизини тайёрлайсиз ва тасдиқлайсиз (агар мавжуд бўлса).

3. Устав фонди миқдорини белгилайсиз ва тасдиқлайсиз. Устав фондига пулсиз ҳисса қўшилган тақдирда, унинг пул баҳосини тасдиқлайсиз .

4. МЧЖ раҳбарини тайинлайсиз.

5.Тафтиш комиссияси аъзоларини тайинлайсиз.

2-босқич. Кредиторларни хабардор қилиш

Кейинги босқичда сиз ХКнинг барча кредиторларига режалаштирилаётган қайта ташкил этиш тўғрисида янгидан ташкил этилаётган жамиятнинг барча маълумотларини кўрсатган ҳолда хабарнома йўллайсиз  .

Кредиторларни:

  • Ягона интерактив давлат хизматлари порталида ХКни МЧЖга қайта тузиш тўғрисида белгиланган шаклда хабар эълон қилиш;
  • почта орқали ёки курьер билан шахсий хабарномалар юборган ҳолда хабардор қилишингиз мумкин.

Босма ОАВда хабар эълон қилиш шарт эмас.

3-босқич. Давлат рўйхатидан ўтказиш

Шундан сўнг сиз қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан 30 кун мобайнида янгидан ташкил этилган МЧЖни давлат рўйхатидан ўтказишингиз лозим. Қайта тузишда сиз ўзгартиришларни қайта рўйхатдан ўтказишингиз эмас, балки ташкил этилган жамиятни айнан рўйхатдан ўтказишингиз лозим.

Эътибор беринг
Қайта ташкил этишда тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ва қайта рўйхатдан ўтказиш Давлат хизматлари марказлари томонидан “Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низом” асосида амалга оширилади .

Жамиятни рўйхатдан ўтказиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) шахсий кабинет орқали сўровни расмийлаштиринг ёки сизнинг қайта ташкил этилаётган юридик шахсингиз жойлашган жойдаги Давлат хизматлари марказига шахсан бориб мурожаат қилинг.

Аризага қуйидагиларни илова қилинг:

  • давлат тилида МЧЖ устави;
  • қайта тузилаётган хусусий корхонанинг барча кредиторлар ва қарздорларга нисбатан барча мажбуриятлари, жумладан тарафлар низолашаётган мажбуриятлар бўйича ҳуқуқий ворислик тўғрисидаги қоидаларни ўз ичига олган топшириш далолатномаси;
  • рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи тўланганлигидан далолат берувчи ҳужжат.
Эътибор беринг
Диққат! Рўйхатдан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи суммаси унинг усулига боғлиқ. Шахсан бориш тартибида у БМҲнинг 1 бараварини ташкил этади, Интернет тармоғи орқали – 10% кам .

Ҳужжатларни битта нусхадан илова қилинг. ЯИДХПдаги шахсий кабинет орқали рўйхатдан ўтказишда улар электрон шаклда, Давлат хизматлари марказлари орқали рўйхатдан ўтказишда эса – қоғоз шаклида топширилади.

Шахсан бориш тартибида рўйхатдан ўтказишда яна жамият вакилининг шахсини (паспорт, ҳайдовчилик гувоҳномаси) ва унинг ваколатини (директор тайинлаш тўғрисидаги буйруқ, ишончнома) тасдиқловчи ҳужжатлар, шунингдек давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги маълумотлар ёки банк тўлов ҳужжати нусхаси зарур бўлади.

4-босқич. Кадрларга доир ўзгаришлар

Қайта тузиш шаклидаги қайта ташкил этишда илгари тузилган Жамоа шартномаси амал қилишини сақлаб қолади . Шунингдек, ХК ходимлари билан тузилган барча меҳнат шартномалари ўз кучини сақлаб қолади, сабаби қайта ташкил этишнинг ушбу тури уларни бекор қилиш учун асос ҳисобланмайди . Шу боис сиз ХК ходимларини  ишдан бўшатиб, уларни МЧЖга ишга янгидан қабул қилишингиз шарт эмас. Барча ходимлар бўйича умумий буйруқ қилиш ва унинг асосида ҳар бир ходимнинг меҳнат дафтарчасига битта корхонанинг бошқасига қайта тузилганлиги тўғрисида ёзувни амалга ошириш етарли бўлади. Бироқ буни фақат ходим янги корхонада ўз ишини давом эттиришга рози бўлган тақдирда бажариш мумкин. Ёзма равишда розилик олиш мажбурий эмас, сабаби меҳнат муносабатлари автоматик тарзда давом этади.

Агар ходим янги ташкил этилган корхонада ишлашни рад этса, меҳнат шартномаси унинг ташаббусига кўра бекор қилинади. Иш берувчи қайта ташкил этилганлиги муносабати билан ходимнинг ишни давом эттиришни рад этиши бекор қилиш учун асос ҳисобланади.

Қайта тузишнинг ҳуқуқий оқибатлари

Активлар ва мажбуриятлар: барча мол-мулк ва мажбуриятлар янги ташкил этилган жамиятга ўтади, у ХКнинг барча ҳуқуқ ва мажбуриятларига ворис бўлади.

Молиявий ҳисобот: молиявий ҳисобот

23-сон БҲМС “Қайта ташкил этишни амалга оширишда молиявий ҳисоботни

шакллантириш” асосида амалга оширилади.

Лицензиялаш: қайта тузишда лицензиянинг амал қилиши тўхтамайди, агар янги ташкил этилган жамият худди шу лицензияланадиган фаолият турини амалга оширса. Бироқ амалдаги лицензияни МЧЖга қайта расмийлаштириш лозим .

Кадрлар: қайта тузилган корхонанинг ходимлари янги ташкил этилган жамиятнинг ходимларига айланади, шу асосда меҳнат дафтарчалари ва меҳнат шартномалари янги таъсис ҳужжатларига мувофиқ келтирилади.

Қайта тузиш йўли билан қайта ташкил этиш маъмурият ташуббуси билан қайта ташкил этилган корхона ходимлари билан меҳнат муносабатларини бекор қилишга асос ҳисобланмайди. Бироқ меҳнат муносабатлари фақат ходимнинг розилиги билан давом этиши мумкин.

Қайта ташкил этиш Қайта ташкил этиш Қайта ташкил этиш /en/publish/doc/text160114_qanday_qilib_hususiy_korhonani_masuliyati_cheklangan_jamiyatga_aylantirish_mumkin