Полезное для бухгалтера в ноябре:
Ходимга ўриндошликни тақиқлаш мумкинми?
“Бошқа ташкилотга ўриндошлик асосида ишга жойлашмоқчиман, бироқ у ерда асосий иш жойидан маълумотнома келтиришни талаб қилишди. Бироқ асосий иш жойи бўйича меҳнат шартномасида бошқа ташкилотларда ўриндошлик асосида ишлашга тақиқ тўғрисида шарт мавжуд. Иш берувчи шартноманинг шу бандига ҳавола қилган ҳолда маълумотнома беришни рад этмоқда, буни у бундай иш билан бандлик асосий ишни сифатли бажариш имконини бермайди, деб асосламоқда”.
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан “Норма”нинг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВА шарҳлаб берди:
- Ҳақиқатан, бошқа ташкилотга ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан тасдиқланган шакл бўйича маълумотномани тақдим этишлари шарт.
Асосий иш жойи – иш берувчи ходимнинг меҳнат дафтарчасини юритадиган ташкилот.
Ўриндошлик асосида ишлаш – асосий иш вақтидан ташқари ва ундан озод вақтда меҳнат шартномаси шартларида бажариладиган ҳақ тўланадиган бошқа иш.
МКнинг 72-моддаси 4-қисмига асосан ходим ўриндошлик асосида ишлаш тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат шартномалари тузиши мумкин. Қонунчилик бунда қуйидагиларга тўғридан-тўғри ўриндошлик асосида ишлашни тақиқлайди:
- 18 ёшга тўлмаган шахслар;
- агар ўриндошлик асосида ишловчининг асосий иши меҳнатнинг ноқулай шарт-шароитлари билан боғлиқ бўлса, шундай шарт-шароитдаги ишларда ишлаш (соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари ходимлари бундан мустасно);
- автомобиль ташувлари хавфсизлигини таъминлаш хизматининг ишчиси (мутахассиси) сифатида;
- Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимлари (техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари), давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ва таркибий бўлинмалар бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва аъзолари, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
- вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари;
- бир-бирига бўйсунувчи ёки бир-бирининг назоратидаги ташкилотларда давлат бошқаруви органлари мутахассислари - соғлиқни сақлашни бошқариш органларида банд бўлган врачлар ва таълимни бошқариш органларида банд бўлган ўқитувчилар бундан мустасно;
- қонун ҳужжатларига мувофиқ ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланган бошқа шахслар (ходимлар) .
Агар ўриндошлик юқорида кўрсатилган чекловлар билан боғлиқ бўлмаса, демак, ўриндошлик асосида ишлаш мумкин. Яъни – тақиқланмаган бўлса – рухсат этилган – қоидаси амал қилади.
Бунинг устига: ўриндошлик асосида ишлаш учун иш берувчининг, асосий иш жойидан касаба уюшмаси қўмитасининг (ходимларнинг вакиллик органининг) ёки бошқа органнинг розилиги талаб қилинмайди .
Шу тариқа, иш берувчи меҳнат шартномасига:
- ўриндошликни тақиқлаш;
- ўриндошлик асосида ишлаш учун унинг розилигини олиш тўғрисидаги шартни киритишга ҳақли эмас.
Бундай норма ходимнинг аҳволини Меҳнат кодексида унга тақдим этилган ҳуқуқларга қараганда ёмонлаштиради. МКнинг 5-моддасига асосан эса меҳнат ҳақидаги келишувлар ва шартномаларнинг ходимлар аҳволини меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилганига қараганда ёмонлаштирадиган шартлари ҳақиқий эмас.
Бинобарин, агар ҳатто ходимнинг розилиги билан ўриндошликни чеклаш тўғрисидаги банд меҳнат шартномасига киритилган бўлса ҳам, МКнинг 5-моддаси туфайли у юридик кучга эга бўлмайди.
Асосий иш жойидаги иш берувчининг ходимга иш жойидан маълумотнома беришни рад этиши устидан меҳнат органларига ёки прокуратурага шикоят бериш мумкин. Иш берувчининг мансабдор шахсини МЖТКнинг 49-моддасига биноан маъмурий жавобгарликка тортишлари ва жарима солишлари мумкин.
Бундан ташқари, асосий иш жойидаги иш берувчи ходимнинг ёзма аризасига биноан ўриндошлик асосидаги иш жойидан маълумотнома асосида унинг меҳнат дафтарчасига ишлаган даврларини кўрсатган ҳолда ўриндошлик асосида ишлаганлиги тўғрисидаги ёзувни киритиши шарт.