Бюджет ҳисобидаги ташкилотларнинг ҳисобварақ-фактурасида «лот» кўрсатилиши зарурми?

preview

Тахминан бир ойча олдин бюджет ташкилотларига тақдим этиладиган ЭҲФга қўшимча «лот» графаси киритилган ҳамда «ҳисобрақам» ўрнига «шахсий ҳисобрақам» кўрсатилишига оид қоида белгиланган. Бироқ Ҳисобварақ-фактуралар шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомда ушбу янгиликлар қайд этилмаган. Шунга асосланиб тижорат ташкилотлари бошқа мижозлар сингари бюджет ташкилотларига ҳам оддий ЭҲФни тақдим этишлари мумкинми?

Buxgalter.uz илтимосига биноан электрон ҳужжат айланиши соҳаси эксперти, faktura.uz электрон ҳисобварақ-фактуралар оператори раҳбари Жамшид ҚОСИМОВ вазиятни тушунтириб берди:

– Гап шундаки, бундай ҳисобварақ-фактура тизим орқали ўта олмайди. Ҳисобварақ-фактуралар шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомда бюджет ташкилотларига тақдим этиладиган ЭҲФнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Бундан бюджет ташкилотларига тақдим этиладиган ЭҲФ бирор-бир жиҳатлари билан умуман фарқланмаслиги келиб чиқяпти. Бироқ техник жиҳатдан бу янгиликлар роуминг-оператор – «Янги технологиялар» ИАМ томонидан жорий қилиб бўлинган. Уларни четлаб ўтишнинг иложи йўқ.

ДСҚга бюджет ташкилотлари учун ЭҲФнинг ўзига хос жиҳатларига доир муаммо юзасидан юборилган хатга умуман саволимизга тааллуқли бўлмаган жавобни олдик. Хатни ҳеч ким синчиклаб ўқимаса керак деган фикрдамиз. Жавоб хатида «Давлат харидлари тўғрисида»ги ЎРҚ-472-сон Қонунга асосан давлат харидлари очиқ-ошкора бўлиши учун барча бюджет ташкилотлари товар-хом ашё биржаси орқали шартномани электрон рўйхатдан ўтказишлари лозим деб ёзилган. Ҳа, ҳақиқатан ҳам шундай. Бироқ ушбу Қонунда ЭҲФ ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилмаган ЭҲФ шаклларига ўзгартиришлар ҳисобварақ-фактуралар операторларига нисбатан бухгалтерларнинг талайгина эътирозларига сабаб бўлиши мумкинлигига эътиборни қаратмоқчиман.

Хусусан, операторларни сусткашликда айблашлари мумкин. Бунга сабаб барча янгиликларнинг ҳисобот даври олдидан жорий этилишидир. Бироқ асл сабаби операторлар ва уларнинг сусткашлигида эмас. Барча янгиликлар шунчалик тез жорий қилинадики, ИАМ ҳам барча операторларни ўзгартиришлар киритиш зарурлиги ҳақида олдиндан хабардор қилишга улгурмайди. Шундай ҳолат юзага келадики, тизимга янгиликлар киритилиб ишга туширилиши лозим бўлган пайтда операторлар энди тизимни созлаш ишларини бошлаётган бўладилар.

Буларнинг барчаси нафақат операторларда, балки уларнинг хизматидан фойдаланадиган ташкилотларда ҳам муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Уларнинг сони 200 мингтани ташкил этади.

Янгиликларга оид бундай тезкорликдаги ҳаракатлар қандай натижа беришини айтиш мушкул. Бироқ, фикримча, қуйидагиларни амалга оширса бўлади:

  • ҳисобварақ-фактуралар шаклларига ҳар ойда ўзгартиришлар киритиб бориш мақбул бўлмайди, бунда ҳар томонлама пухта ўйланган ўзгартиришларни тайёрлаш лозим;
  • Ҳисобварақ-фактуралар шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимчаларни, шунингдек бошқа НҲҲ тайёрлаш ва тасдиқлаш;
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар чиқарилганидан кейин ЭҲФни техник жиҳатдан тайёрлаш даврини (масалан, бир ой) назарда тутиш;
  • бухгалтерлар ва электрон ҳужжат айланишининг барча иштирокчилари учун йўриқномани тайёрлаш ва тарқатиш.

Бу босқичларнинг барчасидан ўтиб бўлгач, «Ишга тушириш» тугмасини босиш мумкин бўлади.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.

ЭҲФ ЭҲФ ЭҲФ /en/publish/doc/text165461_byudjet_hisobidagi_tashkilotlarning_hisobvaraq-fakturasida_lot_kursatilishi_zarurmi