Полезное для бухгалтера в ноябре:
Таътил олдиндан берилганда
Ходимга 6 ойдан кейин таътил берилган ва иш йили учун таътил пули тўланган. Таътил тугагач, ходим ишдан бўшаган. Бундай ҳолатларда иш берувчи қандай йўл тутиши лозим? Ишланмаган таътил кунлари учун олдиндан тўланган таътил пулини ходимдан ундириб олиш мумкинми?
Ушбу саволларга buxgalter.uz эксперти Татьяна ЛИМАРЕВА жавоб берди:
– Ҳақ тўланадиган йиллик таътил олдиндан берилганда ходим иш йили тугамасдан ишдан бўшайдиган бўлса, иш берувчи ходимнинг розилигидан қатъи назар, таътилнинг ишланмаган кунлари учун тегишли суммани унинг иш ҳақидан ушлаб қолишга ҳақлидир. Ходим қуйидаги асослардан бирига кўра ишдан бўшатилган ҳолатлар бундан мустасно :
- ходим янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги ;
- технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги .
- ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолганлиги ;
- ходим ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилганлиги ;
- шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланганлиги ;
- ходим ўқишга кирганлиги ёки пенсияга чиққанлиги.
Кўриб чиқилаётган вазиятда ходим кейинчалик ишлаб бериш шарти билан иш йили учун таътил олган. Бироқ ходим йил тугамасдан ишдан бўшаган ва бу шартни бажармаган.
Ходимга ҳисобланган иш ҳақи қарздорликни сўндириш учун етарли бўлмаса, унга ортиқча олинган суммани ихтиёрий равишда қоплаш расман таклиф қилиниши лозим. Рад жавобини олган тақдирда, иш берувчи қарздан воз кечиши ёки уни суд тартибида ундириб олиши мумкин.