Дастлабки буюртма - ёзма шартнома бўйича

preview

Ташкилот металл конструкцияларини ишлаб чиқаради. Асосан, пул ўтказиш йўли билан ишлайди (нақдсиз ҳисоб-китоб). Бунда шунингдек жисмоний шахслардан ҳам буюртмалар келиб тушади, улар терминал орқали шахсий пластик карталари ёрдамида ҳақ тўлашади. Буюртмачилар-жисмоний шахслар билан шартномалар, ҳисобварақ-фактуралар ва бажарилган ишлар далолатномаларини расмийлаштириш зарурми?

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга юрист  Икром АБДУЛҚОДИРОВ жавоб берди: 


- Бундай муносабатлар маиший пудрат шартномаси тушунчаси остига тушади. 

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган пудратчи маиший пудрат шартномаси бўйича буюртмачи-фуқаронинг топшириғи билан унинг маиший ёхуд бошқа шахсий эҳтиёжларини қондиришга қаратилган маълум ишларни бажариш мажбуриятини, буюртмачи эса ишни қабул қилиш ва ҳақини тўлаш мажбуриятини олади.

Пудратчи буюртмачига патта ёки буюртма қабул қилинганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатни берган пайтдан бошлаб маиший пудрат шартномаси тузилган ҳисобланади, агар қонун ҳужжатлари ёхуд шартномада, шу жумладан - буюртмачи қўшилган формулярлар ёки бошқа стандарт шаклларнинг шартларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса .

Тузилган заҳоти бажариладиган шартнома, қоида тариқасида, оғзаки шаклда тузилади, қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган ҳоллар бундан мустасно.

Тузилган вақтдан бошқа пайтда (олдиндан бериладиган буюртмалар бўйича, жўнатма савдода ва бошқа ҳолларда) бажариладиган шартнома ёзма шаклда тузилади .

Маиший хизмат кўрсатишга буюртмалар белгиланган шаклдаги ҳужжат билан расмийлаштирилади, унда кўрсатилган барча реквизитлар тушунарли қилиб тўлдирилади .

Буюртмачи кўрсатилган хизматлар ҳақини тўлаганлигини (буюмни олганлигини) квитанцияда ёки бошқа ҳисобга олиш ҳужжатида ўз имзоси билан тасдиқлайди. Ҳисобга олиш ҳужжатлари қўлланилмайдиган ишларда буюртмачининг хизмат ҳақини тўлаганлиги тўғрисидаги ёзма тасдиғи талаб этилмайди. Унга ҳақ тўланганлигини тасдиқловчи касса чеки берилади .

Товарларни (хизматларни) реализация қилишда юридик шахслар, шу жумладан - Ўзбекистон ҳудудида доимий муассаса орқали фаолият кўрсатаётган норезидент юридик шахслар  ва якка тартибдаги тадбиркорлар сотиб олувчиларга ҳисобварақ-фактурани тақдим этиши шарт.

Бунда сотилган товарлар (хизматлар) учун тўловлар нақд пулда ёки жисмоний шахсларнинг пластик карталари орқали амалга оширилганда НКМ (онлайн-НКМ) ёки виртуал касса чеки тақдим этилганда ҳисобварақ-фактура тақдим этилиши шарт эмас .

ЭҲФни расмийлаштириш ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш тартиби асосида амалга оширилади  ва имзолаш жисмоний шахс номидан унинг ЭРИ орқали амалга оширилади. Агар жисмоний шахс ЭРИга эга бўлмаса, унга юборилган ЭҲФ автоматик тарзда тасдиқланади. ЭҲФ икки нусхада қоғоз шаклида чоп этилади ҳамда бир нусхаси жисмоний шахсга тақдим этилади, иккинчи нусхаси товарлар (хизматлар) олинганлиги тўғрисидаги жисмоний шахснинг имзоси билан тасдиқланган ҳолда солиқ тўловчида сақланади .

 

Нақд ҳисоб-китоб Нақд ҳисоб-китоб Нақд ҳисоб-китоб /en/publish/doc/text170208_dastlabki_buyurtma_-_ezma_shartnoma_buyicha