Е-ijara да муаммолар юзага келса, нима қилиш керак

preview

Ташкилотлар ўтаётган йилнинг қолган кунларида Е-ijara билан ишлашга тайёрланишлари керак.  Бу йўналишда нималарга эътибор қаратишни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:

 

– “E-ijara ДСҚнинг барча ахборот-таҳлилий комплекслари орасида муҳим ўрин эгаллайди. Ушбу тизим маълумотларидан Е-aktiv, ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш, таҳлика-таҳлил тизимлари ва бошқалар фойдаланади. Ҳар қандай ноаниқлик ёки номувофиқлик тадбиркор учун катта муаммога айланиши мумкин.

E-ijara билан танишишни унда ижара шартномаларини рўйхатдан ўтказиш мажбурий бўладиган сана - 1 январга қадар кечиктирган корхоналар мавжуд. Назаримда, бу катта таваккалчилик. Чунки иш бошланганда  ҳал қилиниши керак    бўлган муаммолар юзага келиши  ва уларнинг ечими учун вақт талаб қилиниши мумкин. Менинг мижозларим амалиётда нимага дуч келганлари хусусида  тўхталиб ўтмоқчиман.

 

“Кадастр” ҳужжатлари  ва ижара маълумотларидаги номувофиқлик

1. Ташкилотнинг мулкида 1 500 кв. м умумий фойдали майдонга эга 3 қаватли бино мавжуд. Кадастр ҳужжатлари бўйича эса унинг жами 500 кв. м (бир қават) умумий фойдали майдони бор. Натижада Е-ijara да фақат 500 кв. м га ижара шартномаларини рўйхатдан ўтказиш мумкин бўлади. Бундан ортиқ майдон бўйича дастур хатоликни кўрсатади  ва рўйхатдан ўтказиш  имконини бермайди.

2. Тадбиркорлик субъекти ижара шартномасини умуман рўйхатдан ўтказа олмаяпти, Е-ijara хатоликни кўрсатяпти. ДСҚ ҳузуридаги “Yangi texnologiyalar” ИАМ мутахассислари муаммони ўрганиб чиқиб, Кадастр агентлигининг ахборот тизимида мазкур бино бошқа тадбиркорлик субъектида ҳисобда турганлигини маълум қилишди. Қандайдир сабабга кўра,  маълумотларни рақамлаштиришда бино олди-сотдиси ва ҳозирги мулкдори тўғрисидаги маълумотлар тизимга киритилмай қолган.

Агар сиз ҳам худди шундай муаммога дуч келган бўлсангиз, кадастр ҳужжатлари ва ахборот тизимларига тузатиш киритиш учун Кадастр агентлигининг ҳудудий органларига мурожаат қилинг.

 

Е-ijara ишлаб чиқувчилари нимага эътибор қаратишлари зарур

Е-ijara тизими кўчмас мол-мулкнинг умумий фойдали майдони ҳақидаги маълумотларга қаратилган, шу сабабдан тушунтиришни талаб қиладиган кўплаб саволлар юзага келади:

  • Биноларнинг мулкдорлари  кўп ҳолларда нафақат биноларни, балки том ва ертўлаларни ҳам ижарага беришади. Ҳозирча тизимда бундай шартномаларни тўғри акс эттириш учун функционал мавжуд эмас. Масалан, уяли алоқа компанияси антенна ўрнатилган томнинг бир қисмини ижарага олиш шартномасини қандай акс эттиради?
  • Ҳар доим ҳам ТМБларни сақлаш учун омбор биноси зарур бўлмайди. Товар-моддий бойликларнинг айрим турларини ижарага олинган ер участкасида очиқ осмон остида сақлаш мумкин. Бироқ Е-ijara тизимида ер участкаларини ижарага олиш шартномаларини рўйхатдан ўтказиш имконияти йўқ. Бинобарин, Е-aktiv да АВ ва ТМЗларини ҳисобга олишда муаммолар юзага келади.
  • Қурилиш компанияси   қурилиш материаллари ва  техникасини вақтинча сақлаш учун қурилиш майдончаси ҳудудидан омбор бинолари сифатида фойдаланиши мумкин. Бундай сақлашни Е-ijara да қандай акс эттириш ва  активлар Е-aktiv да қандай акс эттирилиши тушунарсиз қолмоқда.
  • Биноларни қисқа муддатли (соатбай) ижарага олиш шартномаларини расмийлаштириш шартми ва бу қандай амалга оширилади, деган саволга ҳам ойдинлик киритилгани йўқ. Масалан, чойхона хоналарни ва таом тайёрлаш учун инвентарни ижарага беради ёки коворкинг-маркази  иш майдонини бир неча соатга ижарага беради.

Муҳим ҳодиса рўй бергунга қадар мазкур масалаларни тартибга солиш ёки қўшимча тушунтириш бериш мақсадга мувофиқдир, сабаби улар кўп сонли солиқ тўловчиларнинг  манфаатларига таъсир қилади”.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


E-ijara E-ijara E-ijara /en/publish/doc/text176877_e-ijara_da_muammolar_yuzaga_kelsa_nima_qilish_kerak