Полезное для бухгалтера в ноябре:
Давал хом ашёсини қайта ишлаш хизматларидан ҚҚС қандай ҳисобланади
Давал хом ашёсини қайта ишлайдиган корхоналарнинг бухгалтерлари бундай операцияларни расмийлаштириш, ҳисобга олиш ва солиқ солиш масалалари билан тўқнаш келадилар. Хусусан, ҚҚС ҳисоб-китобига доир саволлар туғилади.
Операцияларни расмийлаштириш ва солиқни ҳисоб-китоб қилиш тартибини «Норма» компанияси эксперти Ирина АХМЕТОВА тушунтириб берди:
– Буюртмачига қайта ишлашдан олинган маҳсулотни қайтариб бериш шарти билан саноат асосида қайта ишлаш учун бошқа шахсга (қайта ишловчига) берилган ва буюртмачига тегишли бўлган хом ашё ва материаллар давал хом ашёси ҳисобланади. Қайта ишловчи томонидан ишлаб чиқаришда қайта ишланган маҳсулот давал хом ашёсини қайта ишлаш тўғрисида тузилган шартномага мувофиқ буюртмачига қайтарилади.
Сиз қайта ишловчи бўлиб, давал хом ашёдан маҳсулот ишлаб чиқарадиган бўлсангиз, ҚҚСни фақат қайта ишлаш хизматларингиз қийматидан ҳисобланг. Давал хом ашёсидан акциз солиғи тўланадиган товарларни ишлаб чиқарсангиз, қайта ишлаш хизматлари қийматида акциз солиғини ҳам ҳисобга олинг .
Қайта ишлашга берилган хом ашё бўйича операциялар Қайта ишлашга берилган хом ашё билан боғлиқ операцияларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ расмийлаштирилади ва ҳисобга олинади.
Буюртмачи давал хом ашёсини қайта ишловчига қабул қилиш-топшириш далолатномаси ёки топшириш юкхати бўйича беради .
Ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиришда буюртмачининг хатоси
Амалиётда буюртмачи давал хом ашёси берилишини ҳисобварақ-фактура билан расмийлаштирадиган ҳолатлар тез-тез учраб туради. Бундай хатолик ушбу операцияни давал хом ашёси билан боғлиқ бўлмаган операция деб қаралишига олиб келади.
Ҳисобварақ-фактура товарга эгалик ҳуқуқи ўтганда расмийлаштирилиши сабабли ушбу операция тегишли солиқ оқибатлари билан, шу жумладан ҚҚС ҳисобланган ҳолда хом ашёни реализация қилиш деб таснифланади.
Қайта ишловчи қандай ҳужжатларни расмийлаштириши лозим
Қайта ишланган маҳсулот қайтарилганда буюртмачига ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда қайта ишлаш хизматларингиз қийматига ҳисобварақ-фактурани тақдим этинг. Қабул қилинган хом ашё ва уни қайта ишлашдан олинган маҳсулот бўйича маълумотларни ҳисобварақ-фактурада акс эттирманг. Қайта ишлашдан олинган маҳсулот қайтариб берилганда давал хом ашёсини қабул қилиш-топшириш далолатномаси ҳамда давал хом ашёсининг ишлатилиши тўғрисида ҳисоботни расмийлаштиринг .
Буюртмачига қайта ишлаш хизматлари қийматига тақдим этиладиган ҳисобварақ-фактурада ушбу хизматларнинг шартномавий қийматидан келиб чиқиб ҳисобланган ҚҚСни кўрсатинг. ҚҚС бўйича бюджет билан ҳисоб-китобларда хизматлар қиймати бозор қийматига мувофиқ келиши лозимлигини ҳисобга олинг .
Давал хом ашё ва ўз хом ашёсидан фойдаланилганда ҚҚС қандай ҳисобланади
Маҳсулотларни ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатишда ўзингизнинг хом ашёдан ҳамда давал хом ашёсидан фойдалансангиз, ушбу операциялар бўйича алоҳида ҳисоб юритинг. Қайта ишловчи давал хом ашёсининг аналитик ҳисоби ҳар бир буюртмачи бўйича алоҳида юритилиши лозим .
- давал хом ашёсидан (газламадан) буюмлар тикиш бўйича хизматлар кўрсатишдан – 20 000 минг сўм;
- ўзининг газламасидан тикилган маҳсулотларни реализация қилишдан – 100 000 минг сўм.
Ҳисобот даври якунлари бўйича тикиш хизматларининг ишлаб чиқариш таннархи 22 000 минг сўмни ташкил қилди, бу уларнинг реализация қилиш қийматидан юқоридир. Бунда реализация қилиш қиймати шундай хизматларнинг бозор нархига мувофиқ келади.
Ўзининг газламасидан тикилган ва реализация қилинган буюмларнинг қиймати 75 000 минг сўмни ташкил қилди ва реализация қилиш қийматидан ошмади.
Бундай вазиятда ҚҚСни қуйидаги тартибда ҳисобланг:
- қайта ишлаш (тикиш) хизматлари бўйича – 20 000 минг сўмдан келиб чиққан ҳолда;
- маҳсулотларни реализация қилиш бўйича – 100 000 минг сўмдан келиб чиққан ҳолда.
Ирина АХМЕТОВА,
«Норма» компанияси эксперти.