Полезное для бухгалтера в ноябре:
Хорижий компания асбоб-ускуналарни кўчириш ҳисобини қандай юритади
«ДМ ташкил этган ҳолда фаолият юритувчи хорижий компания ўз асбоб-ускуналарини минтақанинг бошқа мамлакатларидан Ўзбекистонга кўчирди. У ИМ42 «Вақтинча олиб кириш» режимида расмийлаштирилган, сўнг ИМ74 «Божхона омбори» режимига ўтказилган. Қайта расмийлаштириш пайтида божхона йиғимлари тўланган».
ДСҚ Солиқ солиш услубияти департаментининг халқаро солиқ солиш бўлими бошлиғи Раъно АЛИШАЕВА buxgalter.uz илтимосига кўра божхона режими ўзгартирилишини бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттириш, божхона йиғимларини қаерга – таннархга ёки жорий харажатларга киритиш кераклиги ҳақида тушунтириш берди:
– ДМ орқали Ўзбекистонда фаолият юритувчи хорижий компания хўжалик фаолияти ҳисобини юритинг:
- бухгалтерия ҳисоби – у резиденти бўлган мамлакатда қабул қилинган ҳисоб юритиш стандартларига мувофиқ келувчи хорижий компаниянинг ҳисоб сиёсатига биноан;
- солиқ ҳисоби – солиқ солиш мақсадларида, Ўзбекистон СК талабларига мувофиқ келувчи ҳисоб сиёсатига биноан.
Ўзбекистонда қуйидагилар бухгалтерия ҳисоби субъектлари ҳисобланади :
- давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари;
- Ўзбекистонда рўйхатга олинган юридик шахслар, уларнинг шуъба корхоналари, филиаллари, ваколатхоналари ва бошқа таркибий бўлинмалари.
Чет эл юридик шахсининг доимий муассасаси (ДМ) – чет эл юридик шахси Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган доимий фаолият юритиш жойи . ДМ фақат солиқ мақомини белгилайди.
ДМ бухгалтерия ҳисоби субъекти ҳисобланмайди. Бунда ДМ орқали фаолият юритувчи норезидент Ўзбекистонда солиқ тўловчи ҳисобланади . Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ зиммасига бухгалтерия ҳисобини юритиш мажбурияти юклатилмаган шахслар солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олишни ташкил этадилар ва юритадилар .
Хорижий компания солиқ солиш мақсадида мустақил равишда шакллантирадиган ҳисоб сиёсатига мувофиқ солиқ ҳисобини юритади. Хусусан, солиққа оид ҳисоб сиёсатида фойда солиғини ҳисоблаш мақсадида сарфларни харажатлар сирасига киритиш методлари белгиланади .
Фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлаш чоғида Ўзбекистондаги фаолиятдан солиқ солинадиган даромадларни олиш билан бевосита боғлиқ бўлган харажатлар ДМнинг чегирмалари жумласига киритилади, чегириб ташланмайдиган харажатлар бундан мустасно .
Яъни солиқ солиш мақсадларида божхона харажатлари барча шартларга мувофиқ келганда фойда солиғини ҳисоблаш чоғида чегириб ташланадиган ДМ харажатларига киритилади.
Хорижий компаниянинг, шу жумладан ДМнинг бошқа мамлакатлардаги фаолияти бўйича хўжалик операциялари бухгалтерия ҳисоби унинг ҳисоб сиёсати билан тартибга солинади. Ҳисоб сиёсати хорижий компания резиденти бўлган мамлакатда қабул қилинган ҳисоб юритиш стандартларига мувофиқ келиши лозим.
Асбоб-ускуналар ва божхона йиғимлари ҳисобини юритиш
Ушбу вазиятда хорижий компаниянинг асбоб-ускуналарини бир ҳудуддан бошқасига кўчириш ҳақида сўз бормоқда дейиш мумкин. Яъни бундай кўчириш натижасида асбоб-ускуналар (асосий восита бўлса керак) хорижий компаниянинг активи бўлиб қолади.
Компаниянинг ҳисоб сиёсатида территориал аломатига кўра ҳисоб юритиш назарда тутилган бўлса, ҳисобда асбоб-ускуналарнинг кўчирилишини акс эттириш лозим.
Хорижий компания ҳисобни МҲХСга мувофиқ юритса, 16-сон МҲХС (IAS) «Асосий воситалар»га мувофиқ, объектдан фойдаланиш ёки уни кўчириш жараёнида сарфланган харажатлар унинг баланс қийматига киритилмайди.
Масалан, қисман ёки тўлиқ қайта жойлаштириш харажатлари асосий воситалар объектининг баланс қийматига киритилмайди .
Асбоб-ускуналарни божхонада расмийлаштиришда тўланган йиғимларни ҳам объектни кўчириш харажатларига киритиш мумкин.
Қуйидаги тавсияда янада фойдали маълумотларни топасиз: