Бухгалтерлар қайси МҲХС бўйича ҳисобварақлар режаси асосида ишламоқчи

preview

Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтилгани муносабати билан бухгалтерларга Ҳисобварақлар режасининг иккита лойиҳасидан бири: буткул янги тузилмага ва рақамларга эга ҳисобварақлар берилган Молия вазирлиги лойиҳаси ҳамда бухгалтерларга яхши таниш бўлган 21-сон БҲМС базасидаги Ўз БАМУ муқобил вариантини танлаш таклиф этилди. Бу ҳақда бу ерда батафсил ёзган эдик.

Муҳокама қилиш муддати тугамоқда. Бухгалтерия ҳисоби ва аудит бўйича мутахассислар ушбу иккита лойиҳадан қайси бирини танлайдилар?

 

Таҳририят ушбу масалага доир фикрлар билан танишди. МҲХС га ўтиш қайсидир даражада сизнинг манфаатларингизга дахл қилса, сиз ҳам улардан бирини танлашингиз муҳим. Ўз фикрингизни «интернетдаги қайсидир саҳифада» билдирмай, балки профессионал жамоат ташкилотлари орқали қонун чиқарувчилар эътиборига етказишингиз зарур. Сиз учун муҳим бўлган масалани ўрнингизга бошқаси ҳал қилмаслиги учун шундай қилишингиз лозим.

 

  • Борис ФРОЯНЧЕНКО: – «21-сон БҲМС базасидаги Ҳисобварақлар режаси ягона тўғри ва оқилона вариант эканлиги аён, акс ҳолда бухгалтерларнинг МҲХС ни ўзлаштириш ўрнига буткул янги ҳисобварақлар режасини ўзлаштиришларига тўғри келади.

Ҳисобварақлар режаси ягона ва мажбурий асосга эга бўлиши керак, усиз камерал солиқ назоратини автоматлаштириб бўлмайди».

 

  • Светлана ГОЛОСОВА: – «БҲМСга яқинлаштирилган, биз Бухгалтерлар уюшмаси номидан юборган ҳисобварақларнинг ишчи режаси энг мақбул ва қулай деб ҳисоблайман. Айрим мутахассислар ҳамма ўз йўлини танлаб, ўз ҳисобварақлар режасини ишлаб чиқишини ёхуд фақат номларни ўзгартиришини таклиф этмоқдалар. Бу эса ишда ҳам, жараёнларни автоматлаштиришда ҳам қийинчилик туғдиради. Шунингдек солиқ ҳисоботи ва ҳисоб-китоби шаклларида».

 

  • Эргашали УМРЗОҚОВ: – «Бухгалтерия ҳисоби миллий стандартлари (21-сон БҲМС) аъло даражада ишлаб чиқилган деб ўйлайман. Халқаро стандартлар элементлари бўйича айрим тузатишларни киритиб, уларни халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириш мумкин деб ҳисоблайман.

Республикамизда қўлланиладиган қарийб барча 1С дастурлари 21-сон БҲМС базасида ишлайди. БАМУ экспертлари таклиф қилган Ҳисобварақлар режасига мувофиқ 1С дастурига ўрта даражадаги дастурчи тузатиш кирита олади, бунинг учун катта харажат талаб этилмайди».

 

  • Бахтиёр ҲАМДАМОВ: – «Бухгалтерлар учун 21-сон БҲМС базасида ишлаб чиқилган Ҳисобварақлар режаси қулай бўлади. Зарурат туғилганда компаниялар таклиф қилинаётган Ҳисобварақлар режасига ўзлари учун зарур қўшимча ҳисобварақларни кирита оладилар. Шу муносабат билан таклиф қилинаётган Ҳисобварақлар режаси тавсия тусига эга бўлади».

 

  • Собир САФОЕВ: – «Бутун Ўзбекистонда минглаб бухгалтерлар ҳар куни қўллайдиган янги Ҳисобварақлар режасидан фойдаланиш мажбурий бўлиши керак деган қарорга келган бўлсангиз, у амалдаги Ҳисобварақлар режаси (21-сон БҲМС) асосида ишлаб чиқилиши керак, дарвоқе, у ўз вақтида МҲХСга қараб ишлаб чиқилган бўлиб, кам сонли қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни талаб этади.

Ҳисобварақлар рақамларини ўзгартириб, бу билан барча бухгалтерларни бир зумда саводсизга айлантиришни нафақат нооқилона таклиф, балки давлат органларининг корхоналарнинг МҲХСга ўтиши бўйича  талабларига зид деб ҳисоблайман. Сабаби - корхоналар бухгалтериялари ва молиявий хизматларининг барча саъй-ҳаракатлари МҲХСнинг барча талабларига жавоб берувчи молиявий ҳисоботни тайёрлашга эмас, балки ўз ҳисобварақларини бир режадан бошқасига трансформациялашга, бухгалтерия дастурларини қайта созлашга йўналтирилади».

 

  • Иброҳим АҲМАДХОНОВ: – «Ҳурматли аудиторлар! Бухгалтер янги Ҳисобварақлар режаси билан ишлай олмаса ва иқтисодий вазиятни тушуна олмаса, аввалбошдан уни бухгалтер дейиш нотўғри. Кўплаб ривожланган мамлакатларда мажбурий ҳисобварақлар режаси мавжуд эмас. Бу ҳисобот бераётган шахснинг ички вазифаси бўлиб, ҳисобварақлар режаси давлат томонидан тартибга солинмайди. Шу сабабли ҳисобварақлар режасини тавсия сифатида эълон қилдик. МҲХСга муаммосиз ўтиш учун уни ўрганиш ва қўллаш устувор вазифа ҳисобланади. Илтимос, «автопилотни» ўчиринг.

 

  • Собир САФОЕВ: – «Аудиторлик ташкилотини бошқараётганимга 25 йилдан ошди, мамлакатимизда бухгалтер касби энг асаббузар, муносиб баҳоланмаган касблардан бири эканига тажрибамдан гувоҳ бўлдим. Таҳдидли кўрсатмалар, идоравий даражада «яхши ниятда» бошланган ишлар, қабул қилинган норматив ҳужжатлар, фискал, статистика ва бошқа назорат органлари киритган янгиликларнинг саноғига етиб бўлмайди.

Ушбу талабларни бажариш учун корхоналар раҳбарлари ташаббус гуруҳларини тўплайди, ақл машқларини уюштиради, турдош бўлимлар (молия, режалаштириш, кадрлар, юридик ва бошқалар) мутахассисларидан иборат жамоаларни шакллантиради, йўл хариталарини ишлаб чиқади, мажбуриятлар доирасини тақсимлайди, вақт ва қўшимча маблағ ажратади деган фикрдан узоқсиз деб умид қиламан.

Аслида бундай бўлмайди: раҳбар кўп ҳолларда бухгалтер мажбуриятига кирмайдиган навбатдаги кўрсатмани унинг столига отиб, эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда барча бандларни дарҳол ва сўзма-сўз бажаришни талаб қилади.

Бухгалтерия, молия, кадрлар ва бошқа бўлимларнинг функциялари биргина бош бухгалтер зиммасига юклатилган кичик ва ўрта бизнес субъектлари Ўзбекистон корхоналарининг 50%идан ортиғини ташкил этгани боис ким кечалари ва дам олиш кунлари навбатдаги ҳисобот устида ишлашини ёки маълумотларни «супер-замонавий» онлайн дастурга киритишини ўзингиз топинг. Ушбу оғир вазифа бизда асосан аёллар зиммасига юклатилган, чунки эркаклар бухгалтер бўлиб ишлашни унча хоҳламайдилар, балки (энг яхши ҳолатда!) осонроқ аудитор ва маслаҳатчи ишини маъқул кўрадилар. Аёлларимизни ишда кечгача қолиб, уй хўжалигини юритиб, фарзандларини тарбиялаб, яна Ҳисобварақлар режасининг янги рақамларини ўрганишга вақт топа олмаётганликда айблаш одобдан эмас!

Биздаги ҳолатни кўпгина ривожланган мамлакатлар билан солиштиришингиз ҳам ноўрин, сабаби «ривожланган мамлакатларда» МҲХСни талабалик чоғиданоқ ўрганиб, назарий билимга эга мутахассис сифатида иш бошлайдилар. Бундан ташқари, ўнлаб йиллар давомида қўлланилиб, турли соҳа ва юрисдикцияларда кўп бора синовдан ўтган турли бухгалтерия дастурларининг мавжудлиги ҳисоб юритиш функциялари билан банд бўлган кишиларни ушбу дастурий маҳсулотларда айнан қандай ҳисобварақлар режаси қўлланилаётганини аниқлаш заруратидан халос қилади.

Мамлакатимиз бир вақтнинг ўзида янги ҳисоб юритиш стандартларига ўтаётган, жараёнга жалб этилган барча шахслар – хўжалик юритувчи субъектлар, банклар, солиқ, статистика ва бошқа давлат органлари контрагентдан олинадиган (унга бериладиган) ахборотни нотўғри талқин қилишга ва низоли вазиятлар юзага келишига йўл қўймаслик мақсадида уни унификациялашдан манфаатдор бўлган вазиятда ягона ҳисобварақлар режаси мажбурий эмас деган фикрингиз ҳам ноўрин. Биздаги ҳолатда бир қатор ихтилофлар, суд даъволари ва «меҳнаткашларнинг мурожаатлари»дан сўнг «тавсия тусига эга» ҳисобварақлар режангиз тез орада ижро учун мажбурий норматив ҳужжат мақомига эга бўлади.

«МҲХСга муаммосиз ўтиш учун МҲХСни ўрганиш ва қўллаш устувор вазифа ҳисобланади» деб ўйласангиз, кишиларга ортиқча мажбурият юкламай, уларнинг иш берувчиларини ортиқча харажатлардан халос этиб, МҲХСни ўрганиш ва жорий этиш жараёнини имкон қадар муаммосиз қилайлик.

Сиз таклиф этаётган йўл фақат тескари самара беради ва МҲХСга ўтиш жараёнини жуда узоқ муддатга чўзади. Бунга мисол келтириш учун «олисдаги ривожланган мамлакатларга» бориш керак эмас: 21-сон БҲМСдаги жорий ҳисобварақлар режаси (ўша вақт учун буткул янги рақамларга эга бўлган ва, дарвоқе, МҲХСга имкон қадар яқинлаштирилган) 2000 йилда қабул қилинган, фақат 2002 йилда умумфойдаланиш учун мажбурий бўлган. Ҳатто аудиторлар 2005–2007 йилларда ҳам бухгалтерлар эскича ҳисоб юритган, ҳисобот даври сўнгида эса уни трансформация қилган корхоналарга дуч келганлар.

Сиз эслатиб ўтган «автопилотга» (яъни ҳеч нимани ўйламай, ривожланмай, оқим бўйича сузиш истагига) келсак, амалиётчи бухгалтернинг ушбу функциясини ишга қабул қилиш чоғидаёқ ўчириб қўядилар. Дастлабки солиқ текширувидан кейин эса автопилотни демонтаж қилиб қўя қоладилар (кўпинча эгаси билан бирга).

Тушунинг, бухгалтерлар тараққиётга қарши кишилар эмас, одатда улар қонунчиликдаги барча ўзгартиришлардан хабардор бўладилар, кўплаб ўқув курслари, форумлар ва конференцияларда фаол иштирок этадилар, ишларини осонлаштирадиган барча ташаббусларни доим олқишлайдилар. Янги билим ва услубиятларни ўзлаштириш жараёнида оддийдан мураккабга қараб секин-аста принципига асосланиш керак.

Ушбу вазиятда эса биринчи навбатда кишиларни (талабалардан тортиб ишловчи мутахассисларгача) янги ҳисоб юритиш стандартларига ўқитиш, солиқ ва бухгалтерия ҳисобини уйғунлаштириш (бу борада қилинадиган ишлар кўп!) ва МҲХСни қўллашнинг илғор амалиётини жорий этиш тўғри бўлади деб ўйлайман. Уйни пойдевордан бошлаб қуриш лозим, уни пардозлашни эса кейин ўйлаш керак!».

 

  • Людмила КАРЮКИНА: – «МҲХС бўйича Ҳисобварақлар режасида буткул янги рақамларни жорий этиш кераксиз ва асоссиз харажатларга олиб келади. Ўзлаштиришга кўп вақт кетади. Бундан қандай мақсад кўзлангани ҳам тушунарсиз».

 

  • Наиля МУСИНА: – «Собир Сафоевнинг позициясини қўллаб-қувватлаймиз. БАМУ экспертлари ишлаб чиққан 21-сон БҲМС базасидаги вариантни танлаймиз».

 

  • Екатерина МИШОВА: – «Профессионаллар ҳамжамияти буткул янги Ҳисобварақлар режасига қарши. Мижозлар орасида 1С-Бухгалтерия дастурини БАМУ экспертлари ишлаб чиққан вариант асосидаги МҲХС бўйича ҳисобга мослаштирганлар ҳам бор».

 

  • Муҳайё ФАЙЗИЕВА: – «Собир Абдуллаевичнинг фикрини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Буткул янги рақамларга эга Ҳисобварақлар режасининг жорий этилиши кўп вақт ва маблағ сарфлашга, аксарият амалиётчи бухгалтерларнинг норозилигига олиб келади. Асосийси, БАМУ варианти бўйича деярли ҳеч қандай муаммо юзага келмаса, бунинг нима кераги бор?».

 

  • Муҳаммад БОТИРОВ: – «Биз, Фарғона водийси аудиторлари (20 дан ортиқ аудиторлик ташкилоти, яъни 130 нафардан ортиқ аудитор), БАМУ варианти (21-сон БҲМС базасидаги) учун овоз берамиз. Бошқа вариант республикамизда МҲХСни жорий этиш режаларини поймол этади».

 

Бу янги Ҳисобварақлар режаси, умуман, МҲХСга ўтиш билан боғлиқ вазият бўйича амалиётчи мутахассислар билдирган фикрларнинг бир қисми, холос. Мунозара иштирокчиларининг кўпчилиги бу фикрларга қўшиладилар.

Ўз БАМУ бухгалтерлар орасида электрон сўровнома ўтказди. Мана, унинг якунлари (04.11.2022 йил, соат 09:17 даги ҳолатга кўра):

 

МҲХСга ўтиш доирасида қайси Ҳисобварақлар режаси мақбул?

Т/р

Таклиф этилаётган жавоблар вариантлари

Қўллаб-қувватлайман (киши)

Овоз берувчилар сонидан %

1

21-сон БҲМСга асосланган Ҳисобварақлар режаси

112

81%

2

Молия вазирлиги маслаҳатчилари таклиф этган Ҳисобварақлар режаси (21-сон БҲМСдан фарқланувчи)

 16

11%

3

Жавоб бермайман

11

8%

 

ЖАМИ

139

100%

 

Ушбу далилларнинг барчаси эътиборсиз қолмайди, миллий ҳисобнинг халқаро стандартларига ўтиш базасини тўғри шакллантиришга таъсир кўрсатади деб умид қиламиз.

 


МҲХС МҲХС МҲХС /en/publish/doc/text185542_buhgalterlar_qaysi_mhhs_buyicha_hisobvaraqlar_rejasi_asosida_ishlamoqchi