Текширувдан олдинги таҳлилда аниқланадиган 13 та энг кенг тарқалган хатолар

preview

ДСҚ текширувдан олдинги таҳлил чоғида аниқланадиган энг кўп учрайдиган хатолар шарҳини тақдим этди.

Қайд этамиз:

 

1. Солиқ тўловчилар ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобининг 011-сатрида маълумотлар жорий йил бошидан ўсиб борувчи якун билан ҳисоблаб чиқарилиши кераклигини унутишади.

Қуйидагиларни кўрсатинг:

  • Ҳисоб-китобнинг 011-сатрида – йил бошидан ўсиб борувчи якун билан ҳисоблаб чиқарилган   маълумотларни;
  • Ҳисоб-китобнинг 0110-сатрида – ҳисобот даври учун ҳисобланган меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадларни.

 

2. Молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот ва ҚҚС ҳисоб-китобида акс эттирилган товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган соф тушум кўрсаткичлари ўртасида тафовут аниқланмоқда.

Эътибор беринг: Молия вазирлигининг 27.12.2002 йилдаги 140-сон буйруғига мувофиқ молиявий ҳисоботда –минг сўм, ҚҚС бўйича ҳисоботларда эса – сўм ўлчов бирлиги қўлланилади.

 

3. ҚҚС бўйича ҳисоботда солиқ солинадиган базага киритиладиган акциз суммаси ва шу давр учун тўланган акциз суммаси ўртасида тафовут аниқланмоқда. Бундай хато ҚҚС ҳисоб-китобига 1-илованинг 0101-сатрида (солиқ базасига киритиладиган акциз суммаси) тўланган акциз суммаси эмас, балки шу давр учун умумий товар айланмаси суммаси киритилиши туфайли юзага келади.

ҚҚС ҳисоб-китобининг 0101-сатрида солиқ тўловчилар томонидан шу давр учун ҳақиқатда тўланган акциз суммасини акс эттиринг.

 

4. ҚҚС суммалари онлайн-НКТ чекларида акс эттирилмайди

Эътибор беринг: 943-сон ВМҚга 1-илованинг 7-бандига мувофиқ товар бўйича тўланган ва умуман чек бўйича ҚҚС тўғрисидаги маълумотлар онлайн-НКТ чекларида акс эттириш учун мажбурийдир.

Агар сиз урилган чекларда ҚҚСни кўрсатишни унутган бўлсангиз, уларга солиқ тўловчи шахсий кабинетининг “Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар тўғрисида ахборот” интерактив хизматининг “Чекка тузатиш киритиш” ҳаволаси функционали ёрдамида тузатиш киритинг. Кейин эса – хатога йўл қўйилган давр учун ҚҚС бўйича ҳисоботни қайта топширинг.

Кейинчалик бундай хатога йўл қўймаслик учун ўз кассангизни қайта созланг. У чекларга ҳар бир товар бўйича ва чекнинг умумий қиймати бўйича ҚҚСни уриши керак.

 

5. Акциз солиғи ҳисоб-китобида аниқ товарларга солиқнинг ставкалари нотўғри кўрсатилган.

Акциз тўланадиган товарларга СКнинг 289–289-3-моддаларида белгиланган ставкаларни қўлланг.

 

6. Фойда солиғи ҳисоб-китобида курсдаги салбий фарқдан кўрилган зарарлар суммаси нотўғри акс эттирилган

Молиявий натижалар тўғрисида ҳисоботнинг 200-сатри 6-устунидаги суммалар Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илованинг 0115-сатрида тўғри акс эттирилган бўлиши керак.

 

7. Фойда солиғи ҳисоб-китобида ҚҚС бўйича харажатлар нотўғри кўрсатилган

СКнинг 314-моддасида белгиланган ҚҚС бўйича харажатлар суммаларини Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илованинг 0116-сатрида акс эттиринг.

 

8. Суғурта ташкилотлари фойда солиғи ҳисоб-китобида суғурта хизматлари кўрсатишдан олинган даромадлар суммасини нотўғри акс эттиришади.

Суғурта ташкилотининг молиявий натижалар тўғрисида ҳисоботининг 060-сатри 5-устунида акс эттирилган суммалар Фойда солиғи ҳисоб-китобига 1-илованинг 020-сатрида акс эттирилган бўлиши керак.

 

9. Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобида курсдаги салбий фарқдан ошадиган валюта счётлари бўйича курсдаги ижобий фарқ суммалари нотўғри акс эттирилган.

Курсдаги салбий фарқдан ошадиган валюта счётлари бўйича курсдаги ижобий фарқ суммаларини Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобига 1-илованинг 0410-сатрида акс эттиринг.

 

10. Фойдали қазилмаларни кавлаб олишни амалга оширувчи корхоналар ҚҚС ҳисоб-китобида реализация қилинган фойдали қазилмалар қийматини тўлиқ ҳажмда акс эттиришмайди.

ҚҚС ҳисоб-китобида реализация қилинган фойдали қазилмалар қийматини тўлиқ акс эттиринг.  Унга Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ҳисоб-китобининг 70-устунидан “Пулда ифодаланган сотиш ҳажми” маълумотларни олиб ўтинг.

 

11. Юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ҳисоб-китобида ҳисоблаб чиқарилган йиллик ер солиғи тенг улушларда тақсимланмаган.

Айланмадан олинадиган солиқни тўламайдиганлар Юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ҳисоб-китобининг 040-сатрида ҳисобланган солиқ суммасини уни 0401-0412-сатрлар бўйича тақсимлаган ҳолда кўрсатадилар. Айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар Ҳисоб-китобнинг 0401-0404-сатрларида – ҳар бир сатрда солиқ суммасининг ¼ ни кўрсатадилар.

 

12. Солиқ агентлари томонидан тўланиши лозим бўлган дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадлардан олинадиган солиқ ҳисоб-китобида дивидендлар ва фоизларнинг суммасини тўлиқ акс эттирмаслик.

Бухгалтерия балансининг 710-сатрида давр боши ва давр охирига акс эттирилган суммалар ўртасидаги ижобий фарқни Солиқ агенти томонидан тўлов манбаида ундириладиган дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадлардан олинадиган солиқ ҳисоб-китобининг 020 ва 090-сатрларида тўғри акс эттиринг*.

* Афтидан бу ерда Ҳисоб-китобда солиқ тўловчилар хато тарзда тўлиқ бўлмаган суммани – ушланган солиқни чегирган ҳолда кўрсатишаётганлиги назарда тутилмоқда. Таҳририят изоҳи.

 

13. Фойда солиғи ҳисоб-китобида меҳнатга ҳақ тўлаш ва ижтимоий солиқ тўлаш учун харажатлар суммалари нотўғри акс эттирилган.

Меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари ва ижтимоий солиқ бўйича харажат суммалари, яъни ушбу давр учун тақдим этилган ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобининг 011-сатри 3-устунида акс эттирилган - Меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ бўлган даромадлар суммаси ҳамда 060-сатр 4-устунида ҳисобланган ижтимоий солиқ суммаси йиғиндисини фойда солиғи ҳисоб-китобининг 2-илова 0105-сатрида тўғри акс эттиришингиз лозим ҳисобланади.

Манбага қаранг.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Бош бухгалтер учун эслатма Бош бухгалтер учун эслатма Бош бухгалтер учун эслатма /en/publish/doc/text185778_tekshiruvdan_oldingi_tahlilda_aniqlanadigan_13_ta_eng_keng_tarqalgan_hatolar