Полезное для бухгалтера в ноябре:
2023 йилда ер солиғини қандай тўлаймиз
Ер солиғи қисмида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун ҳисобот тақдим этиш ва солиқни тўлаш муддатлари ва айрим объектлар бўйича солиқ ставкалари ўзгартирилди:
Юридик шахслар учун
1. Қуйидагилар сақлаб қолинади:
- ҳисоб-китоб тартиби;
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун 0,95% миқдорида солиқ ставкаси;
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича солиқ ставкаларининг аниқ миқдорини маҳаллий Кенгашлар ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан базавий ставкалар асосида, оширувчи ва камайтирувчи коэффициентларни қўллаган ҳолда аниқлаш тартиби;
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун солиқ ҳисоботини тақдим этиш ва солиқни тўлаш муддатлари.
2. Солиқ ставкалари индексация қилинади
2022 йилда амалда бўлган солиқ ставкалари ўртача 10%га индексация қилинмоқда.
3. Айрим объектлар бўйича ставкага коэффициент ўзгартирилди
СКнинг 429-моддасида кўрсатилган объектлар (электр узатиш линиялари, умумдавлат алоқа линиялари, умумий фойдаланишдаги темир йўллар ва ҳоказо) бўйича солиқ ставкасига коэффициент 0,3% дан 0,4%гача оширилди.
Ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслар учун ер солиғи ставкасига 0,25 коэффициент сақлаб қолинади.
4. Фойдаланилмаётган объектлар эгаллаган участкаларга оширилган ставкаларни бекор қилиш СКда мустаҳкамланди
2022 йилнинг 1 июлидан бошлаб солиқнинг оширилган ставкалари фойдаланилмаётган майдонлар ва тугалланмаган қурилиш объектлари эгаллаган ерларга нисбатан қўлланилмайди. Энди ушбу норма СКга киритилди.
5. Айрим тўловчилар учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун ҳисоботни тақдим этиш ва солиқни тўлаш муддатлари ўзгартирилмоқда
Йиллик ҳисоб-китоб ва солиқ солиш объекти ҳисобланмайдиган ер участкалари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиш муддати белгиланди – жорий йилнинг 20 январидан кечиктирмай (илгари – 10 январга қадар).
Қуйидагилар солиқни тўлайдилар:
- айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар – ҳар чорак учинчи ойининг 20-кунидан кечиктирмай (биринчи сафар солиқ 2023 йилнинг 20 мартидан кечиктирмай тўланади). Илгари улар солиқни ҳар чоракдаги биринчи ойнинг 10-санасига қадар тўлашган;
- қолган тўловчилар – ҳар ойнинг 10-кунига қадар. Бунда январь ойи учун солиқни 20 январдан кечиктирмай тўлаш мумкин.
Жисмоний шахслар учун
1. Солиқни ўтган йилдагига нисбатан оширишга чеклов сақлаб қолинади
Чеклов уй-жой фондининг кўчмас мулк объектлари эгаллаган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларига эга бўлган жисмоний шахслар учун амал қилади.
2023 йилда солиқ 2022 йилда ҳисобланган солиқ суммасидан 1,3 баравардан ортиқ миқдорда ошмаслиги лозим.
Бунда чеклов жисмоний шахслар томонидан 2022 йилдан бошлаб тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиладиган ер участкаларига нисбатан қўлланмайди.
2. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун солиқ деҳқон хўжаликлари учун назарда тутилган тартибда тўланади
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга эга бўлган жисмоний шахсларга нисбатан деҳқон хўжаликлари учун назарда тутилган ер солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби татбиқ этилади.
Улар учун ер солиғи суммаси солиқ органлари томонидан ер участкаларининг норматив қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади. Бунда норматив қиймати ўртача туман (шаҳар)нинг суғориладиган ёки суғорилмайдиган ери бўйича аниқланади.
3. Фойдаланилмаётган объектлар эгаллаган участкаларга оширилган ставкаларни бекор қилиш СКда мустаҳкамланди
2022 йилнинг 1 июлидан бошлаб солиқнинг оширилган ставкалари фойдаланилмаётган майдонлар ва тугалланмаган қурилиш объектлари эгаллаган ерларга нисбатан қўлланилмайди. Энди ушбу норма СКга киритилди.
Мухиддин ХОЛМУРОДОВ,
Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни
прогнозлаштириш департаменти бош мутахассиси