Онлайн-НКТнинг узлуксиз ишлаши қандай таъминланади

preview

Сиз онлайн-НКМ ёки виртуал кассанинг ишлаши тўсатдан тўхтаб қолганлигига бехосдан гувоҳ бўлмаслигингиз учун “RIG” МЧЖ директори Рустам ЁҚУБОВнинг маслаҳатларидан фойдаланинг. Буларнинг барчаси “Онлайн-НКТнинг узлуксиз ишлаши қандай таъминланади” вебинарида айтилган:

 

– Байрамдаги дам олиш кунларида 1 БҲМ миқдоридаги йиллик тўлов тўланмаганлиги учун фискал модуль ўчириб қўйилганлиги сабабли онлайн-НКМ ишламай қолди. Бизнинг омадимиз бор экан, сабаби бу сўнгги дам олиш кунининг ниҳояси эди. Келгусида қандай қилиб бундай ўчириб қўйишларга йўл қўймаслик мумкин? Ахир тўловни амалга ошириш учун дам олиш кунларида банклар ишламайди, касса аппаратисиз эса ишлаш мумкин эмас. Боз устига, айрим байрам кунлари учун дам олиш кунлари давомийлиги тўғрисидаги қарор улар бошланишидан бир кун олдин қабул қилинади.

– Онлайн-НКМга эгалик қилувчи ҳар йили фискал маълумотлар операторига фискал модуль учун йилига 1 БҲМ тўлайди. Ушбу тўловни олдинроқ, яхшиси – муддат тугашидан 10 кун олдин амалга ошириш мумкин. Шунда сиз тўсатдан ўчириб қўйишганига аниқ гувоҳ бўлмайсиз. Агар сизнинг счётингизда олдиндан тўлов мавжуд бўлса, биллинг ишга тушади ва касса тўхтамасдан ишлайди.

“Янги технологиялар” ИАМнинг навбатдаги тўлов муддати яқинлашаётганлиги тўғрисидаги огоҳлантиришига эътибор беринг. My.soliq.uzдаги шахсий кабинетнинг “Онлайн-НКМ ва виртуал кассаларга доир ахборот” интерактив хизматининг шахсий ҳисобварақасига олдинги тўлов муддати тугашидан бир ой олдин келгуси тўлов ҳақида огоҳлантириш келади. Бунинг устига, ФМО ҳеч қачон тўлов муддати тугагандан кейин дарҳол кассани ўчириб қўймайди. У яна деярли 2 ҳафта давомида ишлашда давом этади, шахсий кабинетнинг функционали эса унга эгалик қилувчини тўловни амалга ошириш зарурати ҳақида огоҳлантиради.

Шу боис  my.soliq.uzдаги шахсий кабинетнинг “Онлайн-НКМ ва виртуал кассаларга доир ахборот” интерактив хизматига тез-тез қараб туринг ва тўловни сўнгги кунгача кечиктирманг.

 

– Ўтган йили ТХКМга тўловни амалга ошириш керакми ёки керак эмасми деган савол фаол муҳокама қилинди. У нима билан якунланди? Тўловни амалга оширмаса нима бўлади?

– ТХКМга барча тўловлар сизда ТХКМ билан тузилган шартномада ёзилган ва томонлар ўзларининг шартнома мажбуриятларини бажаришлари шарт.

Онлайн-НКМда ишлаш масалалари бўйича кечаю кундуз маслаҳатлар, ДТни янгилаш, даврий техник кўриклар ва профилактика учун абонентлик тўловидан ташқари шартнома бошқа тўловларни ҳам назарда тутиши мумкин. Масалан – ишдан чиққан аппаратни тузатиш учун, қўшимча хизматлар учун – онлайн-НКТ хотирасига товарлар номенклатурасини киритиш ва ҳоказо.

Агар ТХКМга тўлов амалга оширилмаса, сизнинг касса аппаратингизни ўчириб қўйишмайди албатта. Бундай натижа фақат суд орқали бўлиши мумкин. Сиз ТХКМ олдидаги шартнома мажбуриятларини бажармаётган экансиз, ТХКМда ҳам кассангизга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун маблағлар бўлмайди. Сизнинг кассангизга янгиланган дастурий таъминотнинг ўз вақтида ўрнатилмаслиги хавфи мавжуд бўлади. Кассаларни ишлаб чиқарувчилар кўп ҳолларда янгиланган ДТни, шу жумладан – ФМОнинг янги талаблари муносабати билан чиқаришади. Бинобарин, сизнинг кассангиз қўйиладиган талабларга мувофиқ ишлай олмайди. Демак, ҳар хил ноаниқликлар ва номувофиқликлар, сўнгра – назорат қилувчи органларнинг сизга эътирозлари юзага келади, сабаби кассани иш ҳолатида сақлаб туриш учун жавобгарлик тадбиркор, онлайн-НКМга эгалик қилувчининг зиммасида бўлади.

 

– Дўконлар тармоғи кенгайтиришни режалаштирмоқда, хусусан – йирик аҳоли пунктларидан ташқарида савдо шохобчаларини очиш ҳисобига. У ерда эса Интернетга узлуксиз уланиш билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Қандай йўл тутиш лозим? Биз учун Интернет жуда муҳим, сабаби ассортиментда мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган маҳсулотлар мавжуд. Офлайн-режимда ишлаш айнан шундай товар билан ишлашда носозлик хавфини оширади.

– Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар Интернетдан узилган пайтдан эътиборан 48 соат мобайнида автоном режимда ишлаши мумкин. Шу вақт мобайнида барча функционалнинг иш қобилияти қўллаб-қувватланади.

Бунда интернетга узлуксиз уланишни таъминлашга ҳам уриниб кўриш мумкин. Барча онлайн-НКМ ва виртуал кассалар интернетнинг турли манбаларига уланишни қўллаб-қувватлаши мумкин: мобиль, кабель, wi-fi.

Сиз жойлашган жойда яхши сифатдаги интернет билан таъминлайдиган операторларни топинг. Агар сигнал йўқолиб қолса, касса бу ҳақда сизни огоҳлантиради ва сизда бошқа манбага қайта уланиш имконияти бўлади. Буни айнан сизнинг аппаратингиз билан қандай амалга ошириш мумкинлиги юзасидан ТХКМдан йўл-йўриқ олинг.

Айтганча, электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш борасида ҳам шунга ўхшаш вазият. Барча қурилмалар автоном қувватлантириш манбаларига эга. Электр энергияси узоқ вақт узиб қўйилиши ҳолатига зарядланган аккумуляторлар ва қувватлантириш манбаларига эга бўлинг. Ёки – генератор сотиб олинг. Умуман электр энергиясисиз касса ишламаслигини ёдда тутинг. Агар бундай ҳолат юз берса, харидорларга тасдиқланган шакл бўйича квитанциялар беринг. Касса яна ишлаб кетгандан сўнг, ҳар бир квитанцияга чек уринг.

 

– Баъзан онлайн-НКМ ёки виртуал касса ишламай қолади, экранга эса хато ҳақида хабар чиқарилади. ТХКМга қўнғироқ қилишга вақт сарфламаслик учун қандай қилиб бундай хатоларни мустақил равишда бартараф этиш мумкин?

– Ўз ТХКМга мурожаат қилиб, кассангиз экранига чиқарилиши мумкин бўлган хатолар тўғрисида ахборотни сўранг. Улар нимани англатади ва уларни қандай тузатиш мумкин. Бу ерда муайян моделга боғлиқ ҳолда ўзига хос хусусиятлар бўлиши мумкин.

Айрим ҳолларда кассани қайта ишга тушириш, симлар ишончли уланганлигини текшириш етарли бўлади. Баъзан эса ТХКМ мутахассисларининг ёрдамисиз уддалашнинг имкони бўлмайди...

Энг кўп учрайдиган хатоларни биз “Онлайн-НКТнинг узлуксиз ишлаши қандай таъминланади” вебинари доирасида кўриб чиқдик. Сиз вебинар ёзувини 25 дақиқасидан кўришни бошлаб, ушбу тушунтириш билан танишишингиз мумкин.

Энг кўп тарқалган хатолар маълумотларни фискал маълумотлар операторига узатиш билан боғлиқ. Уларни ҳал қилиш учун:

1) Интернетга уланганлигини текшириш, кассанинг ундан фойдаланишини таъминлаш;

2) фискал модуль учун тўловни текшириш, агар унинг муддати ўтказиб юборилган бўлиб, фискал модуль ўчирилган бўлса – тўловни амалга ошириш лозим.

Яна бир муҳим жиҳат: ҳозир аксарият тадбиркорларда касса 1 йилдан 3 йилгача ишлайдиган вақт келмоқда. Бу шуни англатадики, ҳар куни ёки тез-тез  Z-ҳисоботини ечиб оладиганлар, фискал модулнинг тўлиб қолиши муаммосига дуч келишади. Бу ҳолда касса фискал модуль тўлиб қолганлиги ҳақида хабар чиқаради ва блокировка қилинади.

Ҳозирча бундай хатолар – кам учрайди, сабаби аксариятида ҳали вақт келмаган. Ушбу хатони бартараф этиш учун ҳар қандай ҳолда ТХКМга мурожаат қилиш лозим. Мутахассис сизга фискал модулни алмаштириб беради. Бу ҳолда янги фискал модуль учун тўловни амалга ошириш керак эмас.

 

–  Қандай ҳолларда ТХКМ бузилган фискал модуль учун тўловни талаб қилиши мумкин? Биз янгиси юзасидан мурожаат қилдик, аммо эскисини тақдим этолмадик.

– Агар сиз томондан фойдаланилаётган модуль тўлиб қолган бўлиб, айнан у кейинчалик ундан фойдаланиш имконсизлигининг сабаби бўлса, сизга уни бепул янгисига алмаштириб беришади. Бунда эски фискал модулни сиз ТХКМга топширишингиз керак. Агар модуль бошқа сабабга кўра бузилган бўлса, сиз унинг қийматини ТХКМга компенсация қилишингизга ва янгиси тақдим этилиши учун ФМОга тўловни амалга оширишингизга тўғри келиши эҳтимоли катта. Аммо, агар сиз фискал модулнинг бузилиши (йўқотилиши) сизнинг айбингиз билан эмас, балки енгиб бўлмайдиган ҳолатлар туфайли содир бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этсангиз, уни бепул алмаштириб беришади.

Ҳавола бўйича вебинар ёзувини кўрган ҳолда, сиз онлайн-НКМ ва виртуал кассанинг узлуксиз ишлашини қандай таъминлаш ҳақида янада кўпроқ йўл-йўриқ оласиз.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Онлайн-НКТ Онлайн-НКТ Онлайн-НКТ /en/publish/doc/text190100_onlayn-nktning_uzluksiz_ishlashi_qanday_taminlanadi