Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ҳисоб-китоби қандай тўлдирилади

09.01.2020

Ҳисоб-китобни топшириш муддатлари

Юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ҳар бир солиқ даври – календарь йилнинг 1 январига бўлган ҳолатга ҳисоблаб чиқарилади.

Солиқ ҳисоботи ер участкаси жойлашган ердаги солиқ органига тақдим этилади:

  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича - жорий солиқ даврининг 10 январига қадар. 2020 йил 9 январь – 2020 йил учун ҳисобот тақдим этишнинг сўнгги куни;
  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича - жорий солиқ даврининг 1 майига қадар.

Сиз солиқни солиқ базасидан ва тегишли солиқ ставкасидан келиб чиққан ҳолда мустақил равишда ҳисоблаб чиқаришингиз зарур.

Солиқ базасида солиқ даври мобайнида ўзгариш бўлганда бир ойлик муддат ичида солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш лозим.

Эътибор беринг
Янги таҳрирдаги СК янгилиги: агар сизда солиқ солиш объекти ҳисобланмайдиган ер участкалари мавжуд бўлса , жорий йилнинг 10 январига қадар мазкур объектларнинг жойлашган ери бўйича солиқ органларига ДСҚ томонидан тасдиқланган шаклдаги маълумотномани тақдим этинг.

Ҳисоб-китобнинг тавсия этилган шакли my.soliq.uz да солиқ ҳисоботларини қабул қилиш тизимида жойлаштирилган. Ҳисоб-китоб шаклида ўлчов бирлиги ва ер участкаси майдонини кўрсатиш лозим.

Қуйидаги ер участкалари солиқ солиш объекти сифатида ҳисобланмайди :

1) нотижорат ташкилотлари томонидан нотижорат фаолияти доирасида фойдаланиладиган ерлар;

2) аҳоли пунктларининг, боғдорчилик, узумчилик ёки полизчилик ширкатларининг умумий фойдаланишдаги ерлари (майдонлар, кўчалар, тор кўчалар, йўллар, шахобча йўллар, суғориш тармоқлари, коллекторлар, соҳил бўйи ерлари ва бошқа шу каби умумий фойдаланишдаги ерлар);

3) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари эгаллаган ерлар;

4) аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерлар (дарахтзорлар, истироҳат боғлари, сайилгоҳлар, хиёбонлар, дам олиш уйлари, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, аҳолининг оммавий дам олиши ва туризмини ташкил этиш учун белгиланган жойлар, шунингдек ариқ тармоқлари эгаллаган ерлар);

5) давлат қўриқхоналарининг, комплекс (ландшафт) буюртма қўриқхоналарининг, табиат боғларининг, давлат табиат ёдгорликларининг, буюртма қўриқхоналарнинг (бундан овчилик хўжаликларида ташкил этиладиган буюртма қўриқхоналар мустасно), табиий питомникларнинг, давлат биосфера резерватларининг, миллий боғларнинг ерлари;

6) соғломлаштириш аҳамиятига молик ерлар - тегишли муассасалар ва ташкилотларга доимий фойдаланишга берилган, профилактика ҳамда даволаш ишларини ташкил этиш учун қулай табиий шифобахш омилларга эга бўлган ер участкалари;

7) рекреация аҳамиятига молик ерлар - аҳолининг оммавий дам олиши ва туризмини ташкил этиш учун тегишли муассасалар ҳамда ташкилотларга берилган ер участкалари;

8) тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар - тегишли муассасалар ва ташкилотларга доимий фойдаланишга берилган моддий маданий мерос объектлари, хотира боғлари эгаллаган ер участкалари;

9) гидрометеорология ва гидрогеология станциялари ҳамда постлари эгаллаган ерлар;

10) юридик шахс балансида бўлган ва фуқаро муҳофазаси ҳамда сафарбарлик аҳамиятига молик алоҳида жойлашган объектлар эгаллаган ерлар;

11) коммунал-маиший аҳамиятга молик ерлар (дафн этиш жойлари, маиший чиқиндиларни йиғиш, қайтадан ортиш ва саралаш жойлари, шунингдек чиқиндиларни зарарсизлантириш ҳамда утилизация қилиш жойлари);

12) кўп квартирали уйлар эгаллаган ерлар, бундан яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектлари эгаллаган ер участкалари мустасно;

13) сув фонди;

14) захиралар.

Тўлаш муддатлари

Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар учун солиқни тўлаш қуйидагича амалга оширилади:

  • айланмадан солиқ тўловчилар учун - йиллик солиқ суммасининг 1/4 қисми миқдорида, ҳар чорак биринчи ойининг 10-кунигача;
  • айланмадан солиқ тўловчи бўлмаган солиқ тўловчилар учун - йиллик солиқ суммасининг 1/12 қисми миқдорида, ҳар ойнинг 10-кунигача.

Тўлашнинг белгиланган муддатидан кейин солиқ бўйича мажбуриятлар юзага келганда, яъни календарь йил бошидан эмас, солиқни мажбуриятлар юзага келган санадан эътиборан 30 кундан кечиктирмай тўланг.

Ҳисоб-китоб қайси шакл бўйича топширилади?

Ер солиғи бўйича 2020 йил учун солиқ ҳисоботи қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар қисми бўйича 2019 йилда амалдаги шакллар бўйича ер участкаси жойлашган жойидаги солиқ органларига тақдим этилади (Молия вазирлигининг 30.12.2019 йилдаги № 06/04-01-32/3953 ва ДСҚнинг № 12-37999 ахборот хабари).

Солиқ ҳисоботларини қабул қилиш тизимида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича 2020 йил учун иккита тавсия қилинган ер солиғи ҳисоб-китоби жойлаштирилган:

1) айланмадан солиқ тўловчилар учун;

2) айланмадан солиқ тўловчи бўлмаган солиқ тўловчилар учун.

Ҳисоб-китобни тўлдириш учун ахборот қандай тайёрланади?

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича ер солиғи ҳисоб-китобини тақдим этиш муддати 2020 йилнинг 1 майига қадар эканлиги ва ушбу санага янги шакллар тасдиқланиши боис, фақат қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича солиқ ҳисоботини тўлдиришни кўриб чиқамиз.

Ҳисоботни тўлдириш учун мавжуд ер участкалари тўғрисидаги ахборотни тайёрлаш лозим: уларнинг жойлашган жойи ва майдони гектарда. Бу ахборотни кадастр ҳужжатларидан олиш мумкин.

Мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш, фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқлари асосида юридик шахсларда бўлган ер участкаларини уч гуруҳга ажратиш мумкин:

1) солиқ солинадиган;  

2) солиқ солиш объекти сифатида ҳисобланмайдиган;

3) солиқ солинмайдиган.

Қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқарувчилар қайта тикланадиган энергия манбалари (номинал қуввати 0,1 МВт ва кўпроқ) ускуналари эгаллаган ер участкалари бўйича улар ишга туширилган пайтдан эътиборан 10 йил муддатга солиқдан озод этилади.

Шунингдек, солиқ бўйича имтиёзлар алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан назарда тутилиши мумкин.

Эътибор беринг
Сизга ижарага берилган ер участкаларини кўчмас мулкнинг оператив ижарасида вужудга келадиган ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш билан чалкаштирманг. Биринчи ҳолатда ер солиғи ёки ижара тўловини ижарага олувчи тўлайди, иккинчи ҳолатда эса – кўчмас мулкни ижарага берувчи тўлайди.
Эътибор беринг
Молиявий ижарага берилган кўчмас мулк объектлари бўйича ижарага олувчи (лизинг олувчи) солиқ тўловчи ҳисобланади.

Ер участкасидан бир нечта юридик шахс биргаликда фойдаланган тақдирда, ҳар бир юридик шахс ер участкасининг фойдаланилаётган майдонидаги ўз улуши учун солиқ тўловчи ҳисобланади.

Ер солиғи қайси ставкалар бўйича тўланади?

Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар бўйича солиқ ставкалари 1 гектар учун мутлақ миқдорда белгиланади. Солиқ ставкаларининг аниқ миқдори Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонуни билан белгиланади.

2020 йил учун ер солиғи ставкалари 2019 йил 9 декабрдаги ЎРҚ-589-сон Қонун билан тасдиқланган (9-илова):

  • 1-жадвал “Шаҳарлар ва посёлкаларда ер участкаларидан фойдаланганлик учун ер солиғи ставкалари”;
  • 2-жадвал “Қишлоқ жойларида жойлашган ер участкаларидан фойдаланганлик учун юридик шахслардан ундириладиган ер солиғи ставкалари”.
Эътибор беринг
Ер солиғи ставкаларини қўллаш чоғида Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон пойтахти ва вилоятлар, туманлар марказларига, бошқа шаҳарларга яқин жойлашганлигидан келиб чиқиб оширувчи коэффициентлар қўлланилиши тўғрисидаги ЎРҚ-589-сон Қонунга 9-илованинг 1-изоҳини инобатга олинг.
Эътибор беринг
Ер участкаларининг алоҳида тоифалари бўйича солиқ ставкаларига 0,1 коэффициент қўлланилади. Агар сизда бундай ер участкалари бўлса, бу рўйхатни ўрганиб чиқинг.

Қурилиши тугалланмаган объектлар эгаллаган ер участкалари учун солиқ икки баравар солиқ ставкалари бўйича тўланади.

Бўш турган бинолар, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, қурилиши тугалланмаган объектлар бўйича солиқ оширилган солиқ ставкалари бўйича улардан фойдаланиш самарасизлигига доир хулоса асосида тўланади. Солиқ кодекси бўйича имтиёзлар бундай участкаларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Эътибор беринг

Тугалланмаган қурилиш объектлари жумласига:

  • қурилиш объектига доир лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган норматив муддатда қурилиши тугалланмаган объектлар;
  • агар қурилишнинг норматив муддати белгиланмаган бўлса, ушбу объектларнинг қурилишига ваколатли бўлган органнинг рухсатномаси олинган ойдан эътиборан 24 ой ичида қурилиши тугалланмаган объектлар киради.

Ер майдонларидан ҳужжатларсиз ёхуд ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда солиқ ставкаси белгиланган солиқ ставкаларининг 4 баравари миқдорида белгиланади.

Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар бўйича ер солиғи ҳисоб-китоби қандай тўлдирилади?

Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар бўйича 2020 йил учун ер солиғи юзасидан my.soliq.uz да солиқ ҳисоботларини қабул қилиш тизимида жойлаштирилган, тавсия қилинган шаклларга асосан солиқ ҳисоботини тўлдиришни кўриб чиқамиз.

Солиқ ҳисоботини тўлдиришнинг қуйидаги кетма-кетлигига риоя қилишни тавсия этамиз.

1. 1-илова “Солиқ тўловчининг ер майдони тўғрисида маълумотнома”ни тўлдиринг, унда ҳар бир ер майдони алоҳида сатрда кўрсатилади.

2. Мавжуд бўлган ер майдонларига солиқ солинмаслиги учун асосларнинг мавжуд рўйхатидан тегишли асосни кўрсатган ҳолда 2-илова “Солиқ солинмайдиган ерлар”ни тўлдиринг.

3. Ер солиғи ҳисоб-китоби сатрлари 1 ва 2-иловалар маълумотларидан келиб чиқиб тўлдирилади.

Мисол
Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар бўйича ер солиғи юзасидан солиқ ҳисоботини тўлдириш
Айланмадан солиқ тўловчи бўлмаган солиқ тўловчи бўлган, Тошкент шаҳри Бектемир туманида рўйхатдан ўтказилган ишлаб чиқариш корхонаси қуйидагилар билан банд бўлган учта ер майдонига эга:
1) Тошкент шаҳри Бектемир туманида 3,5 гектар майдонга эга маъмурий ва ишлаб чиқариш бинолари (4-зона);
2) Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида 2,3 гектар майдонга эга дам олиш уйи. Ер майдонига солиқ солинмайди;
3) Тошкент шаҳри Сергели туманида 1,5 гектар майдонга эга объект (5-зона) бўйича у консервацияга қўйилиши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган.
Консервацияга қўйиш муддати ўтмаган. Ер майдони бўйича солиқ ставкасига 0,1 коэффициент қўлланилади. Мазкур мисол бўйича тўлдирилган солиқ ҳисоботига бу ерда, бу ерда ва бу ерда қаранг.

Олег ЦОЙ,

"Норма" эксперти

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал