Фойда солиғи бўйича бўнак тўловларига оид сўнгги ўзгаришлар

preview

Уч йил аввал, янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг жорий этилиши билан, фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини тўлаш тартиби белгиланган. Уларни сентябрь ойидаги ўзгартиришларга қадар жами даромади олдинги солиқ даври учун киритилган тузатишлар ҳисобга олинган ҳолда 5 млрд сўмдан ошадиган солиқ тўловчилар тўлашлари керак бўлган. 

Президентнинг 04.09.2023 йилдаги ПҚ-292-сон қарори билан жами даромаднинг ушбу чегаравий миқдори 5 млрд сўмдан 10 млрд сўмгача оширилди. Янгилик 2023 йилнинг IV чорагидан жорий этилди.

Тадбиркорлик субъектлари ушбу янгиликдан қандай ўтишди ва қандай жиҳатлар давлат регулятори эътиборини талаб қилади – бу борада ўз кузатишлари билан солиқ маслаҳатчиси Рустам СОБИРОВ ўртоқлашди:

 

Экспертларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Солиқ кодекси талабларига асосан солиқ тўловчи бўнак тўловлари суммаси тўғрисида маълумотномани чорак биринчи ойининг 15-санасидан кечиктирмай тақдим этишга ҳақли. 2023 йилнинг IV чораги учун маълумотномани тақдим этишнинг сўнгги куни 15 октябрь дам олиш куни бўлганлигини эътиборга олган ҳолда, 16 октябрга кўчирилган.

04.09.2023 йилдаги ПҚ-292-сон қарорда жами даромаднинг чегараси ошириладиган аниқ сана кўрсатилмаган. Жами даромади олдинги солиқ даври учун киритилган тузатишлар ҳисобга олинган ҳолда 5 млрд сўмдан ошадиган айрим солиқ тўловчилар ҳам 2023 йилнинг IV чораги учун фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини ҳисоблаб чиқариш учун маълумотномани тақдим этишди. Бунга бошқа ҳолатлар ҳам имкон берди.

 

Ахборот кампаниясида нима лозим даражада бўлмади

Солиқ қўмитасининг “Soliq xizmati xabarlari” расмий телеграм-каналида 16 октябрь куни соат 15:28 да “Бўнак тўловлари ҳақида” хабар қўйилди. У билан ҳар ойда фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини тўлаши керак бўлган тадбиркорлик субъектлари даромадининг чегаравий миқдори 5 млрд сўмдан 10 млрд сўмгача оширилганлиги солиқ тўловчилар эътиборига етказилган. Шунингдек, хабарда 04.06.2023 йилдаги ПҚ-292-сон қарорга мувофиқ 2023 йилнинг IV чорагидан (октябрь ойидан) бошлаб фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини жами даромади 10 млрд сўмдан ортиқ бўлган солиқ тўловчилар тўлаши эслатиб ўтилган.

Солиқ қўмитаси ўзининг телеграм-каналида хабарни жуда кеч – солиқ тўловчиларнинг бир қисми маълумотномани эски шакл бўйича топширишга улгурганидан сўнг эълон қилди. Шунга ўхшаш ахборот билан аввалги хабар худди шу телеграм-каналда бошқа ахборот муносабати билан маълумотномани топширишнинг сўнгги муддатига қадар 20 кун қолганда, кўпчиликда ҳали тугаган чорак учун якунлар чиқарилмаган пайтда 25 сентябрда эълон қилинган эди.

Агар бундай муҳим ўзгартиришлар ҳақида Солиқ қўмитаси 16 октябрь кунидаги хабарда бўлгани каби ортиқча ахборотсиз, камида бир ҳафта олдин эълон қилса ва бир неча марта буни такрорласа, мақсадга мувофиқ бўларди. Бундай хабарга аниқ эътибор қаратишади ва аксарият тадбиркорлар эътиборга олишади. Маълумотномани тайёрлаш ва жўнатиш учун уларда вақт ҳам кўпроқ бўларди.

Бундай ўзгартиришлар тадбиркорлик субъектларининг барча молиявий фаолиятида ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир. Солиқ тўловчилар нафақат улар амалга киритиладиган сана ҳақида олдиндан билишлари, балки хабардан кейин мажбуриятларни бажариш учун етарли вақтга эга бўлишлари керак.

 

Маълумотлардаги ҳар хилликка йўл қўйиб бўлмайди

Бугунги кунга келиб, 04.09.2023 йилдаги ПҚ-292-сон қарор ҳар ойда фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини тўлаши керак бўлган тадбиркорлик субъектлари даромадининг чегаравий миқдори 5 млрд сўмдан 10 млрд сўмгача оширилганлиги ҳақида айтилган ягона расмий ҳужжат бўлиб қолмоқда. Солиқ кодексига ҳали ўзгартиришлар киритилмаган. Шунингдек, бугунги кун ҳолатига Фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини ҳисоблаб чиқариш учун маълумотнома шаклининг ўзида ҳам ўзгартиришлар мавжуд эмас. Маълумотномага 1-изоҳда ҳануз 5 млрд сўм миқдоридаги чегара кўрсатилган. Бунга эътиборни қаратаман, сабаби бу солиқ тўловчиларни чалкаштиради. Солиқ ҳисоботи шакли – солиқ тўловчи биринчи бўлиб кўрадиган ҳужжат бўлиб, унда эскирган ахборот бўлиши керак эмас.

Натижада жами даромади 5 млрд сўмгача бўлган айрим солиқ тўловчилар солиқ органига 2023 йилнинг IV чораги учун фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини ҳисоблаб чиқариш учун маълумотномани тақдим этишди ва бўнакни тўлашнинг биринчи муддати 23 октябрга тўғри келишини эътиборга олган ҳолда, уни тўлашди.

Янгиликлар жорий этилгунга қадар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги (Солиқ кодекси ва бошқа низомлардаги), шунингдек солиқлар бўйича ҳисоб-китобларнинг электрон бланкаларидаги тегишли бандларга ўзгартиришлар киритиш бўйича ишлар тўлиқ ниҳоясига етказилса, тўғри бўларди.

 

Нима учун аниқлаштирилган маълумотномани топшириш ҳуқуқидан фойдаланиш мумкин эмас

Солиқ тўловчиларда бўнак тўлови суммасини камайтириш томонга қайта ҳисоб-китобни топширишнинг техник имконияти мавжуд эмас. Ҳисобот шакли шундай тарзда ишлаб чиқилганки, бунда солиқ тўловчи фақат ошириш томонга бўнак тўлови суммаси қайта ҳисоб-китобини топшириш ҳуқуқига эга. Айтганча, ушбу муаммо нафақат даромаднинг чегаравий миқдори ўзгарадиган вазиятлар учун, балки умуман маълумотномада кўрсатилган рақамларни камайиш томонга ўзгартириш зарурияти юзага келадиган ҳар қандай вазият учун хосдир. Ҳатто, агар қайта ҳисоб-китобда кўзда тутилаётган фойдани “ноль” сўм деб кўрсатса ҳам, ушбу қайта ҳисоб-китоб фойда солиғининг шахсий ҳисоб-рақамидан ўтади, бироқ шахсий ҳисоб рақамининг кўрсаткичларини мутлақо ўзгартирмайди ва бўнак тўловларини олдинги ҳисоб-китоб маълумотлари бўйича тўлашга тўғри келади.

Амалиётда солиқ тўловчиларни эртанги кунга режаларини қайта кўриб чиқишга ундайдиган вазиятлар кўп. Масалан, суд муҳокамалари, форс-мажор ҳолатлари, кутилмаган харажатлар, қонун ҳужжатларидаги янгиликлар  ва ҳоказо. Маблағлардан самарасиз фойдаланишдан қочиш учун солиқ тўловчилар солиқ ҳисоб-китобларида кўзда тутилган фойда суммасини ўзгартиришнинг техник имкониятига эга бўлишлари керак. Ахир ортиқча тўланган бўнак тўловлари суммалари солиқ тўловчига фақат чорак якунлари бўйича ҳисобот топширганидан кейин қайтарилади, бу вақтга қадар эса ушбу пуллар фойдаланиш имкониятисиз туради.

 

Агар кириб келган чоракда фойда камроқ бўлса...

Тадбиркорнинг ишини мураккаблаштирадиган яна бир жиҳат.

СКнинг 340-моддасига мувофиқ жорий солиқ даврининг ҳисобот чорагида (2, 3 ва 4-чорагида) тўланиши лозим бўлган ҳар ойлик бўнак тўловининг суммаси жорий йилнинг ўтган солиқ даври учун солиқ ҳисоботи бўйича ҳисоблаб чиқарилган фойда солиғи суммасининг учдан бирига тенг этиб қабул қилинади. 2021 йилга қадар ҳар ойлик бўнак тўловининг суммасини солиқ органлари ҳисоблаб чиқаришган. 30.12.2020 йилдаги ЎРҚ-659-сон Қонунга асосан 2021 йил 1 январдан бошлаб солиқ тўловчиларда бўнак тўловлари суммаси тўғрисидаги маълумотномани жорий чоракда кутилаётган фойда суммасидан келиб чиққан ҳолда солиқ органларига тақдим этиш ҳуқуқи пайдо бўлган. Ўша пайтда бундай тақдим этиш муддати кейинги чорак биринчи ойининг 10-санасига қадар белгиланган эди. Шунингдек, кутилаётган фойда суммаси асоссиз камайтириб кўрсатилган тақдирда солиқ органлари солиқ тўловчи томонидан тақдим этиладиган солиқ бўйича бўнак тўловлари суммаси тўғрисидаги маълумотномага ўзгартиришлар киритишга ҳақли эканлиги белгиланган.

30.12.2022 йилдаги ЎРҚ-812-сон Қонунга асосан, 2023 йил 1 январдан бошлаб фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини ҳисоблаб чиқариш учун маълумотнома тақдим этиш муддати кейинги чорак биринчи ойининг 15-санасидан кечиктирмай этиб белгиланган.

Амалиётда, солиқ тўловчи кутилаётган фойдадан келиб чиққан ҳолда маълумотнома тақдим этган, ундаги бўнак тўловининг суммаси эса йилнинг ўтган ҳисобот даври учун солиқ ҳисоботи бўйича ҳисоблаб чиқарилган солиққа нисбатан камроқ чиққанда солиқ органлари шахсий кабинетга хат йўллайди ва маълумотномани ошиш томонга қайта топширишни ва уни Солиқ кодексининг 340-моддаси талабларига асосан ҳисоблаб чиқаришни талаб қилишади. Солиқ тўловчининг у ушбу чоракда олдинги чоракдаги каби фойда олишни кутмаётганлиги борасидаги далиллари деярли қабул қилинмайди.

Натижада солиқ тўловчи қайта ҳисоб-китобни топширади ва бўнак тўловларини кутилаётган фойдадан эмас, балки СКнинг 340-моддаси талаблари бўйича ҳисоблаб чиқарилган суммадан келиб чиққан ҳолда тўлашади. Яъни, амалиётда солиқ тўловчи маълумотномани кутилаётган фойдадан келиб чиққан ҳолда тақдим этиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақидаги норма шундай тарзда ишлайдики, бунда солиқ тўловчи уни ўтган чорак кўрсаткичларига тенг ёки ушбу кўрсаткичлардан кўпроқ кутилаётган фойда суммасидан топширади. Амалиётимдан келиб чиқсак, солиқ тўловчи ушбу маълумотномани топширмаслиги ҳам мумкин эмас, сабаби топширишнинг сўнгги кунида унга солиқ органлари вакиллари кўнғироқ қилиб, ҳисоб-китобни қайта топширишни талаб қилишади.

Регулятор солиқ органлари томонидан қайси кўрсаткичлар асосида (ўтган чорак ҳисоботи кўрсаткичлари бўйича ёки жорий чоракнинг дастлабки кўрсаткичлари бўйича) ва қандай муддатларда (ўтган чорак учун солиқ ҳисоботи топширилганидан кейин ёки ҳисобот даври тугагандан кейин) кутилаётган фойданинг асоссиз камайтириб кўрсатилган миқдорининг аниқланиши тартибини аниқ ёзса, мақсадга мувофиқ бўларди.

 

Умид қиламизки, солиқ органлари:

  • жорий этилаётган янгиликлар ҳақида ўз вақтида, ўйланган ҳолда ва сифатли хабардор қилади;
  • фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини ҳисоблаб чиқариш учун маълумотномани камайтириш томонга қайта тақдим этиш имкониятини тақдим этади;
  • солиқ тўловчиларга кутилаётган солиқ солинадиган фойда миқдорини мустақил равишда аниқлаш имконини тақдим этади;
  • солиқ органларига солиқ тўловчи томонидан тақдим этиладиган солиқ бўйича бўнак тўловлари суммаси тўғрисида маълумотномага ўзгартириш киритиш ҳуқуқини берувчи механизмни аниқлаштиради.

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади