Хизмат сафари харажатлари: чегириладими ёки чегирилмайдими

30.06.2020

Хизмат сафари харажатлари чегирилмайдиган харажатлар рўйхатига киритилмаган . Бу солиқ солинадиган фойдани аниқлаш чоғида уларнинг истисносиз барчаси жами даромаддан чегирилиши мумкинлигини англатадими? «Норма» эксперти Олег ЦОЙ СКнинг мазкур нормасини амалда қўллаш жиҳатларига ойдинлик киритди.

– Хизмат сафари харажатларини чегириладиган харажатлар жумласига киритиш учун улар иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаши ва ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак .

Яъни:

  • даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган бўлиши (музокаралар ўтказиш, хом ашёни етказиб берувчилар билан контракт тузиш, буюртмачининг ҳудудида ишларни бажариш в ҳ.к. мақсадида хизмат сафари);
  • шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаб туриш ёки ривожлантириш учун зарур бўлиши ёхуд хизмат қилиши ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан алоқаси аниқ асосланган бўлиши (рақобатбардошликни ошириш учун ходим минтақаларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг тақдимот маросимини ўтказади, соҳага оид кўргазмада қатнашади ва ҳ.к.).

Қуйидагилар хизмат сафари харажатларининг ҳужжатли тасдиғи ҳисобланади:

  • хизмат сафари тўғрисидаги буйруқ;
  • Ўзбекистон ҳудудида хизмат сафарига чиққанда хизмат сафари гувоҳномаси;
  • хизмат сафарига юборилган ходим учун ишлаб чиқариш топшириғи;
  • аванс ҳисоботи;
  • топшириқ бажарилгани тўғрисида ҳисобот;
  • транспорт харажатлари, яшаш харажатлари ва бошқа ҳақиқатдаги харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар.
Диққат
Тўғри расмийлаштирилган ҳужжатлар хизмат сафарининг иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаганини осон асослашингизда ёрдам беради.

Бироқ хизмат сафари харажатларининг иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаши ва ҳужжатлар билан тасдиқланиши барча харажатларни чегириладиган харажатларга киритиш мумкин дегани эмас.

Суткалик харажатлар

Суткалик харажатларни ҳужжатлар билан тасдиқлаш керак эмас. Улар – нормаланган харажатлар . Минимал нормалардан ортиқ суткалик харажатлар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар таркибидаги компенсация тўловларига киради .

Жамоа ёки меҳнат шартномаларида, шунингдек солиққа оид ҳисоб сиёсатида минимал харажатлардан ҳам юқори бўлиши мумкин бўлган суткалик харажатлар нормаларини назарда тутинг. Бу уларнинг иқтисодий асоси бўлиб, фойда солиғини ҳисоблаш чоғида уларни чегириш имконини беради.

Диққат

1268-сон Йўриқномада суткалик харажатлар нормативлари жамоа шартномасида тасдиқланиши ёки уларнинг меҳнат шартномаларида акс эттирилиши назарда тутилган. Бу корхона харажати ходимнинг даромади ҳисобланиш-ҳисобланмаслигини аниқлашингизга имкон беради .

Хизмат сафари харажатларини чегириладиган ёки чегирилмайдиган харажатлар жумласига киритиш учун солиққа оид ҳисоб сиёсатида ҳам нормативларни тасдиқлашни тавсия этамиз.

Йўл харажатлари

Хизмат сафарига юборилган ходимнинг йўл харажатлари тасдиқловчи ҳужжатлар асосида, улар мавжуд бўлмаганда эса – тасдиқланган нормалар доирасида ҳақиқатдаги харажатлар бўйича аниқланади. Минимал норма – ҳар бир километр учун БҲМнинг 0,08%и . Жамоа ёки меҳнат шартномасида ва ҳисоб сиёсатида минимал нормадан кам бўлмаган ўз нормангизни белгилашингиз мумкин. Корхонанинг локал ҳужжатларида йўл учун нормативларни тасдиқлаш – харажатларни чегириш учун асос.

Норматив километраж билан боғлиқ бўлгани учун уни ҳужжатлар билан тасдиқланг. Навигатор ёки электрон харитадан фойдаланган ҳолда масофани аниқланг. Ҳисоб-китобни тасдиқлаш учун олинган маълумотларни алоҳида файлда қайд этинг. Қоғозга чиқарилган нусхасини ҳисоб-китобга илова қилинг.

Корхонада тасдиқланган нормалардан ошадиган йўл харажатлари, тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда – чегирилмайдиган харажатлар.

Вазият
Ходим йўл ҳужжатларини тақдим этмади
Ходим Самарқанд шаҳрига хизмат сафарига юборилган эди, йўл харажатларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим эта олмади.
Ходимдан қуйидагиларни сўранг:
  • харажатларни жамоа ёки меҳнат шартномасида белгиланган миқдорларда қоплашни илтимос қилиб, ташкилот раҳбари номига ёзилган ариза ёки хизмат юзасидан ёзилган маълумотни тақдим этишни;
  • қопланадиган суммани аванс ҳисоботига киритишни.
Аҳоли пунктлари оралиғидаги масофани аниқланг. Интернет маълумотларига кўра трасса бўйича Тошкент ва Самарқанд оралиғидаги масофа 310 км ни ташкил этади. Бинобарин, бир томонга боришни қоплайдиган сумма қуйидаги миқдорни ташкил этади:
223 000 х 0,08% х 310 = 55 304 сўм.
Бориб қайтиш: 55 304 х 2 = 110 608 сўм.

 

Диққат
Йўл ҳужжатлари мавжуд бўлмаганда темир йўл транспортида (темир йўлда боришнинг имкони бўлмаса, шаҳарлараро автобусда) бориш қийматидан ошадиган суммани ёки авиачипта қийматининг 30%ини хизмат сафарига юборилган ходимнинг даромадига киритинг. Бу – ЖШДС ва ижтимоий солиқ солинадиган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадга киритиладиган компенсация тўлови .

Истисноли ҳолларда, бироқ фақат раҳбарнинг рухсати билан ва тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда хизмат сафарига юборилган ходимнинг багажни олиб ўтиш билан боғлиқ харажатларини қоплашингиз мумкин . Багажда хизмат сафарида топшириқни бажариш учун зарур бўлган мулк бўлганига ишончингиз комил бўлса, уларни қопланг.

Тасдиқловчи ҳужжатлардан (хизмат сафари тўғрисида ҳисобот, хизмат юзасидан ёзилган маълумот) багаж хизмат топшириғини бажариш билан боғлиқ экани кўринса, бу мазкур харажатларни чегириш учун асос бўлиши мумкин.

Турар жойни ижарага олиш бўйича харажатлар

Бундай харажатлар тасдиқловчи ҳужжатлар асосида ҳақиқатдаги харажатлар бўйича аниқланади.

Ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда турар жой учун харажатларни хизмат сафарида бўлган ҳар бир сутка учун БҲМнинг 20%и миқдорида қопланг . Тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда ушбу нормадан ортиқ харажатлар – чегирилмайдиган харажатлар, сабаби ходимнинг моддий наф тарзидаги даромадларига киради .

Вазият
Ходим яшашга оид ҳужжатларни тақдим этмади
Ходим 7 сутка давомида хизмат сафарида бўлган. Қайтиб келганида яшашга оид тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмаган.
Бу ҳолда ходимнинг аризаси ёки хизмат юзасидан ёзилган маълумоти ва аванс ҳисоботи асосида турар жойни ижарага олиш бўйича харажатлари қуйидаги миқдорда қопланади:
223 000 х 20% х 7 = 312 200 сўм.
Овқатланиш қиймати ҳам яшаш харажатларига киритилиши мумкинлигига эътибор беринг. Овқатланиш қиймати эса суткалик харажатларни тўлаш орқали қопланади. Шу сабабли яшаш ҳақини тўланг ёки овқатланиш қийматини чегирган ҳолда ходимга унинг қийматини қопланг.
Тўлиқ қийматини тўлаган бўлсангиз, у ҳолда ходим учун овқатланиш қиймати – ЖШДС ва ижтимоий солиқ солинадиган компенсация тўлови .
Овқатланиш учун икки марта ҳақ тўланишини (биринчи марта – суткалик харажатларни тўлаб, иккинчисида – яшаш харажатлари таркибида) иқтисодий жиҳатдан оқлаб бўлмаса керак, шу сабабли ушбу харажатларни чегирилмайдиган харажатларга киритинг.

Бошқа харажатлар

Хизмат зарурати билан боғлиқ бошқа барча харажатлар (телефонда гаплашиш, почта харажатлари ва ҳ.к.) тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда қопланади . Бундай харажатларни иқтисодий жиҳатдан асослаш учун уларнинг рўйхатини жамоа ёки меҳнат шартномасида ва солиққа оид ҳисоб сиёсатида акс эттиринг.

Жамоа ёки меҳнат шартномасида назарда тутилмаган қўшимча хизмат сафари харажатларини қуйидагиларга киритинг:

  • ЖШДС солинадиган ходимнинг моддий наф тарзидаги даромадларига ;
  • корхона учун чегирилмайдиган харажатларга .
Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал