Валюта тушуми келиб тушмаганда нима қилиш керак

21.08.2020

Чет эллик харидор Ўзбекистон корхонасидан сотиб олинган маҳсулотнинг бир қисмини ҳақини тўлаш учун маблағи йўқлиги сабабли қайтармоқда. Бундан ташқари, валюта тушуми келиб тушадиган муддат ўтиб кетган. Бу ҳолда экспорт қилувчи нима қилиши керак? Buxgalter.uz тушунтириш беради:


– Корхона 2019 йил ноябрь ойида $200 000 миқдоридаги маҳсулотни экспорт қилган, дейлик. 2019–2020 йилларда харидордан $120 000 миқдорида контракт бўйича қисман тўлов келиб тушган. У қолган қисмини – $80 000 – пандемия сабабли тўлай олмагани учун шу суммадаги маҳсулотни қайтармоқчи. Тўлов 180 кундан ортиқ муддатга кечиктирилган.

2019 йилда корхона 29.11.2018 йилдаги ПФ-5587-сон Фармонга мувофиқ фойда солиғи бўйича имтиёзни қўллаган.

Товарлар қайтарилганда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?


ПФ-5587-сон Фармон бўйича имтиёз

2019 йилда товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилишдан тушган умумий тушумида экспорт улуши 15%дан юқори бўлган юридик шахслар фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базани экспортга реализация қилиш ҳажмига тўғри келадиган фойда қисми юзасидан камайтириш ҳуқуқига эга бўлганлар .

Диққат

ПФ-5587-сон Фармон бўйича имтиёз қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмаган:

  • рўйхат бўйича хом ашё товарларини экспорт қилишга;
  • халқаро ташиш хизматларига (автотранспортдан ташқари);
  • узатиш қувурлари ва газ қувурлари орқали етказиб бериш хизматларига.

Бунда қуйидаги ҳолларда солиқ бўйича имтиёз суммаси пеня ҳисобланган ҳолда бюджетга ундирилади:

  • товарлар (ишлар, хизматлар) экспорти фактини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда;
  • товарлар экспорт режимига чиқарилган кундан бошлаб 180 кун мобайнида валюта тушуми таъминланмаганда .
Buxgalter.uz тавсия қилади
Экспорт қилинган товар учун тўлов 180 кундан ортиқ муддатга кечиктирилгани сабабли 2019 йил учун аниқлаштирилган фойда солиғи ҳисоб-китобини тақдим этинг, унда имтиёзлар бўйича иловадан қайтарилаётган товарларга тўғри келадиган фойдани чиқариб ташланг. Ҳисоб-китоб қайта топширилиши муносабати билан юзага келган солиқни қўшимча равишда тўланг.

Товарларнинг қайтарилиши

Илгари Ўзбекистон ҳудудидан экспорт қилинган товарлар, агар бу экспорт контрактида ёки унга қўшимча келишувда назарда тутилган бўлса, қайтарилиши мумкин.

Қайтариш реимпорт режимида амалга оширилиши мумкин, бунда илгари божхона ҳудудидан олиб чиқилган товарлар Ўзбекистон ҳудудига қайтариб олиб кирилади .

Диққат

Товарни реимпорт қилишга бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя этилган тақдирда йўл қўйилади:

  • контрактнинг шартлари бажарилмаган бўлса;
  • товардан божхона ҳудудидан ташқарида фойдаланилмаган ва у таъмирланмаган бўлса. Товарнинг қайтарилишига сабаб бўлган нуқсонларни ёки бошқа ҳолатларни аниқлаш учун ундан фойдаланиш зарур бўлган ҳоллар бундан мустасно;
  • табиий эскириши ҳисобга олинган ҳолда товар ўзгармас ҳолатда турган бўлса, нуқсонлар аниқланган ҳоллар бундан мустасно.

Товар қайтарилганда даромадлар ва харажатларга тузатиш киритинг:

  • кафолат муддати белгиланган товарлар бўйича – кафолат муддати доирасида;
  • қолган ҳолларда – 1 йиллик муддат доирасида.

Товар қайтарилган солиқ даврида тузатиш киритинг . Яъни товар 2020 йилда қайтарилган бўлса, тузатишни ҳам шу йили киритиш лозим.


Юқорида келтирилган ҳолатда товар қайтарилган санада қуйидаги проводкаларни амалга ошириш керак бўлади:

  • дебет 9040 – кредит 4010 (МБ курси бўйича $80 000 суммага);
  • дебет 2810 – кредит 9110 (қайтарилган маҳсулот таннархи суммасига);
  • дебет 9010 – кредит 9040 (ҳисобот даври охирида сотилган маҳсулотни қайтариш бўйича счётнинг ёпилиши).

Бунда валюта моддалари бўйича курсдаги фарқларни ҳисобга олинг.

Олег ЦОЙ,

«Норма» эксперти.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал