Онлайн-НКМ бўйича имтиёзлар солиқ ҳисоботида маълумотлар нотўғри кўрсатилишига олиб келиши мумкин

07.05.2020

Президентнинг ПФ-5813-сон Фармонига мувофиқ онлайн-НКМ ёки виртуал кассага ўтишда онлайн-НКМни 2021 йил 1 январгача ДСХОда рўйхатдан ўтказилса, тадбиркорлар томонидан тўланиши лозим бўлган фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ёки қатъий миқдорда белгиланган ЖШДСни ҳар бир қурилмани харид қилиш, ўрнатиш ва ишга туширишга оид харажатлар суммасига, бироқ 10 БҲМдан ортиқ бўлмаган миқдорга камайтириш мумкин. Бунда амалдаги ҳисобот шакллари ушбу имтиёзни акс эттириш учун мос келмаслиги мумкинШунингдек камерал назорат чоғида жами даромад суммаси бўйича тушунмовчиликлар келиб чиқиши мумкин. Buxgalter.uz ушбу ҳолат юзасидан тушунтириш берди.

Имтиёз қандай қўлланилади?

Buxgalter.uz да илгари ёзилганидек, Президентнинг ПФ-5813-сон Фармонида назарда тутилган имтиёзни қўллаш шартлари ваколатли органлар томонидан қўшимча тушунтиришларни талаб этади. ДСҚ мутахассисларининг солиқ имтиёзларини қўллаш қисмидаги шарҳлари ДСҚнинг «Soliq xizmati xabarlari» телеграмм-каналида берилган.

ДСҚ тушунтиришига мувофиқ қуйидагиларни тўлдириб, имтиёздан фойдаланиш мумкин:

  • айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ ҳисоботига 2-илованинг 030-сатри (НҲҲга мувофиқ солиқ солинадиган жами даромадни камайтириш);
  • фойда солиғи бўйича солиқ ҳисоботига 3-илованинг 071-сатри (НҲҲга мувофиқ фойда солиғи бўйича имтиёзлар).

Тушунтиришда қатъий белгиланган солиқ бўйича ҳисоботда имтиёзларни акс эттириш қоидалари тўғрисида қайд этилмаган.

Солиқ ҳисоботининг тегишли сатрида қуйидаги формула бўйича ҳисобланган сумма кўрсатилади:

Онлайн-НКМни харид қилиш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар суммаси / Солиқ ставкаси х 100

Масалан, тадбиркорлик субъекти чакана савдо билан шуғулланади. Онлайн-НКМни харид қилиш ва ўрнатиш бўйича харажатлар 3 млн сўмни ташкил этади. ПФ-5813-сон Фармонга мувофиқ 2 230,0 минг сўмлик суммага имтиёзни қўллаш мумкин. Бинобарин, у қуйидагиларни тўлаган тақдирда:

  • айланмадан олинадиган солиқ, айланмадан олинадиган солиқ бўйича ҳисоботга 2-илованинг 030-сатрида 55 750,0 минг сўм (2 230 000 : 4 х 100) кўрсатилади;
  • фойда солиғи, фойда солиғи бўйича ҳисоботга 3-илованинг 071-сатрида 14 866,7 минг сўм (2 230 000 : 15 х 100) кўрсатилади.

Мутахассислар томонидан берилган йўриқнома қуйидаги тушунтиришлар билан якунланади: «Бундай турдаги имтиёзлар бир марта қўлланиладиган имтиёзлар ҳисобланади ҳамда солиқ базасини эмас, балки солиқ суммасини камайтирадиган ўхшаш имтиёзлар қонун ҳужжатларида белгиланмаган, солиқ ҳисоботи шаклига солиқ суммасини камайтиришга имкон берадиган алоҳида сатр киритилмаган».

«Norma» МЧЖ экспертлари гуруҳи раҳбари Татьяна БЕЛОУСОВА ушбу мажбурий чора унчалик ҳам тўғри бўлмайди деб ҳисоблайди:

– «Тушунтириш муаллифлари томонидан Президентнинг Фармонида назарда тутилган имтиёзларни тўғри қўллаш имконияти назарда тутилмаганлиги сабабли солиқ ҳисоботи маълумотлари нотўғри кўрсатилиши айтилмоқда.

Таклиф этилаётган вариант ПФ-5813-сон Фармонда назарда тутилган ҳажмда имтиёзлардан фойдаланишга имкон беради. Бироқ ушбу тавсияларга амал қилинса, тадбиркорнинг жами даромадини ҳам ҳисоб-китоб суммаси - 55 750 га (14 866,7) ошириш лозим, бу камерал назорат чоғида ушбу «виртуал» даромад суммаси юзасидан саволларни келтириб чиқаради. Бу фақат муаммоларнинг бир қисмидир.

Корхонада бир нечта фаолият тури юритиладиган бўлса, фаолият турлари бўйича фақат 4% ва 15% эмас, балки турли солиқ ставкалари белгиланганлиги сабабли вазият янада мураккаблашади. Мазкур «виртуал» даромадни фаолият турлари бўйича салмоқли ҳажмларни ҳисоботда акс эттириш учун уларни тўғри тақсимлаш зарур бўлади.

Юзага келган вазиятдан биргина чиқиш йўли мавжуд: Давлат солиқ қўмитаси томонидан ҳисобот шакллари кўриб чиқилиши ва солиқ тўловчига ПФ-5813-сон Фармонда назарда тутилган имтиёзни қўллашга имкон берувчи тузатишлар киритилиши лозим».


Иқтисод арифметикаси

ПФ-5813-сон Фармонга мувофиқ давлат томонидан тадбиркорларга ҳар бир онлайн-НКМни ўрнатишга бюджет маблағлари ҳисобидан 2 300 000 сўмдан ажратилади (тадбиркор учун ушбу сумма етарли бўлмаса, қолганини ўз ҳисобидан тўлайди). Бюджетдан ажратилган маблағларни тежащ учун онлайн-НКМни ўрнатиш харажатларини қисқартириш йўлларини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бир қурилмани ўрнатиш қанчалик арзонга тушса, шунча миқдорда пул ғазнада қолади.

«Гаров тараққиёт НКМ» МЧЖ муассиси Владимир ГИБЕЛЬ иқтисод учун захира мавжуд деб ҳисоблайди:

– «Тадбиркорларга бериладиган 2 300 000 сўм қиймати бўйича тугмали онлайн-НКМлар қийматини қоплаш, уларни онлайн-НКМга модернизация қилиш, штрих кодлар сканерини ва ишга тушириш-созлаш қурилмаларини сотиб олиш учун етарли бўлади. Яъни тадбиркорга онлайн ишлаш учун зарур бўлган ҳамма нарсани олишга етади.

Бироқ 943-сон ВМҚга мувофиқ бугунги кунда тадбиркор 3G-модем ва 480 х 800 пикселли дисплейни сотиб олиши шарт, лекин амалий нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, буларга зарурат йўқ. Уларнинг қиймати касса техникасини модернизация қилиш харажатларини анча оширади. Натижада давлат томонидан булар учун дастур бўйича тўлиқ миқдорда маблағ тўланади, яна тадбиркор ҳам ўз ҳамёнидан тўлайди, бу эса карантин сабабли юзага келган иқтисодий вазият шароитида ортиқча харажатдек кўринади.

Давлат учун ҳам, хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳам онлайн-НКМга ўтиш харажатларини камайтириш учун 3G-модем ва 480 х 800 пикселли дисплейни сотиб олишни онлайн-НКМга нисбатан белгиланган мажбурий талаблар жумласидан чиқариш лозим, деб ҳисоблайман. Тадбиркор кассирга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида ушбу қурилмаларни олиш зарур деб топса, уларни ўз ҳисобидан сотиб олиши мумкин».

Олег ГАЕВОЙ.

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал