Давлат ташкилотлари ижтимоий солиқни қандай ставка бўйича тўлайдилар

24.02.2021

Бюджет ташкилоти ҳузурида шартнома асосида хизматлар кўрсатувчи давлат муассасаси ташкил этилди. Агар Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилмаса, у ижтимоий солиқни қайси ставка бўйича тўлашини buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлигининг бевосита солиқлар бўлими бошлиғи  Умид ҲАМРОЕВ тушунтирди:

- Бюджет ташкилоти : 

  • бу -  нотижорат ташкилот;
  • белгиланган тартибда давлат ҳокимияти органларининг қарорига кўра ташкил этилади;
  • давлат функцияларини амалга оширади;
  • давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сақлаб турилади.

Бюджет ташкилотлари ижтимоий солиқни 25% ставка бўйича тўлайдилар .

Бюджет ташкилотларига, масалан, умумтаълим мактаблари, болалар боғчалари, оилавий поликлиникалар ва ҳ.к. киради. Улар тўлиқ Давлат бюджетидан молиялаштирилади ва ходимларга иш ҳақи тўлашга харажатлар сметасини тасдиқлашда ижтимоий солиқни 25% ставка бўйича белгилайдилар.

Бюджет ташкилоти мақомига эга бўлмаган ташкилотлар ҳам Давлат бюджетидан маблағлар олувчилар бўлиши мумкин . Улар ижтимоий солиқни бутун меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасидан 12% ставка бўйича тўлайдилар.

Масалан, корхона муайян давлат дастури ёки лойиҳасини амалга ошириш учун Давлат бюджетидан молиялаштириш олади. Бу ҳолда давлат органи мазкур лойиҳа, шу жумладан - меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича харажатлар сметасини тасдиқламайди. Корхона олинган маблағларни мустақил равишда тақсимлайди ва бутун меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасидан 12% ставка бўйича ижтимоий солиқни тўлайди. Бунда у солиқни тўлаш учун Давлат бюджетидан олинган маблағлардан фойдаланиши мумкин.

Бюджет ташкилоти ҳузурида ташкил этилган ташкилотлар одатда:

  • давлат корхонаси (ДК) ҳисобланади. Бу - давлат мулкидаги, ўзига тезкорлик билан бошқариш учун берилган мулк негизида ташкил этилган давлат унитар корхонаси шаклидаги тижорат ташкилоти. ДК давлат мулкини қонунда белгиланган доирада, ўз фаолияти мақсадларига, мулкдорнинг топшириғига кўра ҳамда эгалик қилиш ҳуқуқидаги мулкнинг мақсадига мувофиқ тасарруф этади;
  • давлат муассасаси ҳисобланади. Бу - давлат мулкини тасарруф этувчиси томонидан бошқарув, ижтимоий-маданий вазифаларни ёки тижорат хусусиятига эга бўлмаган бошқа вазифаларни амалга ошириш учун ташкил этилган ва тўлиқ ёки қисман давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиявий таъминланадиган ташкилот.

Бундай ташкилотлар бюджет ташкилоти мақомига эга эмас, гарчи Давлат бюджетидан молиялаштирилиши мумкин бўлса ҳам. Одатда уни ташкил этган бюджет ташкилоти бундай ташкилотнинг асосий молиялаштириш манбаси бўлади.

Давлат муассаси учун ижтимоий солиқнинг ставкасини аниқлашда меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича харажатлар сметаси ким томонидан тасдиқланиши ва Давлат бюджетидан маблағлар қандай мақсадларда ажратилишига эътибор бериш лозим:

  • агар ваколатли давлат органи меҳнатга ҳақ тўлаш учун харажатлар сметасини тасдиқлаган ва иш ҳақи тўлаш учун бюджетдан маблағлар ажратган бўлса, ижтимоий солиқ 25% ставка бўйича ҳисоблаб чиқарилади;
  • агар давлат муассасаси Давлат бюджетидан маблағларни иш ҳақи тўлаш учун эмас, балки кўрсатилган хизматлар учун олса, ижтимоий солиқ 12% ставка бўйича тўланади.
Вазият
Давлат муассасаси қисман бюджетдан молиялаштирилади ва пуллик хизматлар кўрсатади

 

Қисман бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган давлат таълим муассасаси (ОТМ) бир вақтда тўлов-контракт асосида таълим хизматлари кўрсатади. Харажатлар,  шу жумладан - иш ҳақи тўлаш учун харажатлар сметасини давлат органи тасдиқлайди, унда ижтимоий солиқ 25% ставка бўйича ҳисобга олинади.

ОТМ меҳнатга ҳақ тўлаш учун маблағлар қайси манбадан тўланишидан қатъи назар, ижтимоий солиқни бутун меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасидан 25% ставка бўйича тўлайди.

Эътибор беринг!

Ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган ОТМ 2020 йил 1 январдан бошлаб ижтимоий солиқни 12% ставка бўйича тўлайди . Қуйидаги ОТМ тажриба-синов тариқасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилган :

1. Самарқанд давлат чет тиллар институти

2. Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти

3. Тошкент давлат юридик университети

4. Тошкент давлат иқтисодиёт университети

5. Тошкент молия институти

6. Тошкент давлат шарқшунослик институти

7. Тошкент фармацевтика институти

8. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети

9. Урганч давлат университети

10. Тошкент темир йўл муҳандислари институти

Мисол
Бюджет ташкилоти ҳузурида ташкил этилган давлат муассасаси пуллик хизматлар кўрсатади
Бюджет ташкилоти ҳузурида фақат ушбу ташкилотга шартнома асосида хизматлар кўрсатадиган соғлиқни сақлаш муассасаси (профилакторий) ташкил этилди. Муассаса бюджет ташкилоти орқали бюджетдан молиялаштирилишига қарамай, у ижтимоий солиқнинг 25% ставкасини қўлламайди. Сабаби меҳнатга ҳақ тўлаш учун харажатлар сметаси давлат органи томонидан тасдиқланмаган, Давлат бюджети иш ҳақи тўлаш учун маблағлар ажратмайди.
Мисол
Давлат муассасаси бюджет ташкилотларига қўриқлаш хизматлари кўрсатади
Шартнома асосида қўриқлаш хизматлари кўрсатувчи давлат муассасаси бюджет ташкилотларига хизмат кўрсатади. Улар мазкур хизматларга Давлат бюджети томонидан ажратилган маблағлардан ҳақ тўлайдилар. Давлат муассасаси мустақил равишда меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини белгилайди ва хизматлар кўрсатишдан тушган тушумлардан иш ҳақини тўлайди. Давлат органи меҳнатга ҳақ тўлаш учун харажатлар сметасини тасдиқламайди ва ушбу мақсадлар учун маблағлар ажратмайди. Шу боис давлат муассасаси меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар бўйича ижтимоий солиқни 12% ставка бўйича тўлайди”.
Эътибор беринг!
Ижтимоий солиқ ҳисоб-китоби тартиби ҳақида батафсил Молия вазирлиги мутахассислари ва “Норма” экспертларининг қўшма тавсияларида ўқинг.


Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь