Ходимнинг ижарага беришдан олган даромади ЖШДС ва ЯИТ бўйича ҳисоботда қандай акс эттирилади

preview

Амалиётда жисмоний шахс томонидан юридик шахсга ўз мол-мулкини ижарага тақдим этишдан даромадлар олиш ва бундай даромадлардан ЖШДС ушлаб қолиш билан боғлиқ турли вазиятлар юзага келиши мумкин. Улардан айримларини кўриб чиқамиз.

I. Агар ходим ижарага беришдан оладиган даромадини иш ҳақи билан бирга олса.

Мисол. Ҳар ойда ходимнинг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромади январь-сентябрь учун 1 500 000 сўмни ташкил этди. 1 январдан бошлаб у иш берувчи билан Тошкент шаҳрида жойлашган 40 кв.м. майдонга эга нотурар жой ижара шартномасини тузди. Ойлик ижара тўлови – 1 000 000 сўм.

1. Ходимнинг ижарага беришдан олган даромади юзасидан ЖШДСни ҳисоблаймиз.

Ижара тўловининг энг кам миқдори (ПҚ-4086-сон қарорга 24-илова) 800 000 сўмни (20 000 сўм х 40 кв. м.) ташкил этади. Бу ижара шартномаси билан белгиланган ижара тўлови суммасидан кам. Шунинг учун солиқни шартнома бўйича ижара тўловидан ҳисоблаймиз:

1 000 000 х 12 % = 120 000 сўм.

2. Ходимнинг январь-сентябрь учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларидан солиқ ҳисоблаймиз:

 ((1 500 000 х 9) х 12 %) = 1 620 000 сўм.

Январь – августда 1 440 000 сўм солиқ ушлаб қолинган. Сентябрь ойи учун солиқ суммаси 180 000 сўмга (1 620 000 – 1 440 000) тенг.

3. ШЖБПҲга мажбурий бадаллар январь-сентябрь учун 13 500 сўмни (13 500 000 х 0,1%) ташкил этади.

Январь-августда ШЖБПҲга 12 000 сўм йўналтирилди, сентябрь ойи учун ажратмалар 1 500 сўмни (13 500 – 12 000) ташкил этади.

4. Сентябрь ойи учун бюджетга 178 500 сўм (180 000 – 1 500) солиқ ўтказамиз.

5. Солиқ ушлаб қолингандан кейин ходимга 2 200 000 сўм (1 500 000 + 1 000 000 – 180 000 – 120 000) тўлаймиз.

Эътибор беринг

1. Жисмоний шахс учун оладиган ижара тўлови – бу солиқ солинадиган мулкий даромад (Солиқ кодексининг 176-моддаси). Корхона, тўлов манбаи сифатида, ундан ЖШДСни ушлаб қолиши керак. Яъни ижарага берувчи ижара тўловини солиқни айирган ҳолда олади (Солиқ кодексининг 184-моддаси).

2. Жисмоний шахсларнинг мол-мулкни ижарага беришдан олган даромадларига шартномада назарда тутилган ижара тўловидан, бироқ мол-мулкини ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган энг кам ставкалар бўйича ҳисобланган суммадан (ПҚ-4086-сон қарорга 24-илова) кам бўлмаган миқдордан келиб чиқиб солиқ солинади. Тошкент шаҳрида 1 кв. м нотурар жой учун ижара тўловининг энг кам ставкаси ойига 20 000 сўмни; Нукус ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарларда – 13 000 сўмни; бошқа аҳоли пунктларида – 6 000 сўмни ташкил этади.

3. Модомики мол-мулкни ижарага тақдим этишдан даромад олиш иш берувчи-ходим муносабатлари билан боғлиқ эмас экан, ижарага беришдан олинган даромадга ШЖБПҲга ажратмалар солинмайди.

4. Мулкий даромадлар, хусусан, мол-мулкни ижарага тақдим этишдан олинган даромадларга (Солиқ кодексининг 176-моддаси) ЯИТ солинмайди (Солиқ кодексининг 306, 307-моддалари).

II. Ижарага олдиндан ҳақ тўланган тақдирда ЖШДС ва ҳисобот билан қандай йўл тутиш лозим?

Ижарага олдиндан ҳақ тўланадиган иккита вазиятни кўриб чиқамиз:

  1. Ижара шартномасига асосан сентябрь ойи учун ижара тўлови суммаси 5 сентябрда тўланган;
  2. Ижара шартномасига асосан корхона 5 сентябрда 2019 йилнинг IV чораги учун ижара тўловини олдиндан тўлаган.

Шу каби вазиятларда корхона, мулкий даромад тўлов манбаи сифатида (Солиқ кодексининг 176, 184-моддалари), даромадни тўлаш вақтида ЖШДСни ушлаб қолиши даркор (Солиқ кодексининг 185-моддаси).

Бу ерда савол туғилади: бу вазиятлар ЖШДС бўйича солиқ ҳисоботида қандай акс эттирилади?

Солиқ мақсадларида ижарага беришдан олинган даромадни шу даромад тўланган ва ЖШДС ушлаб қолинган ҳисобот даврида акс эттириш лозим. Бухгалтерия ҳисобида сизда у тегишлича ЖШДС бўйича олдиндан тўлов ва аванслар ҳисобварақларида акс эттирилишига қарамай, бу қоида ижара бўйича олдиндан тўлов суммасига ҳам татбиқ этилади.

Шу тариқа, 2019 йил сентябрь ойи учун ЖШДС ва ЯИТ бўйича солиқ ҳисоботида ҳам биринчи, ҳам иккинчи вазиятда сиз ижарага берувчи даромадининг суммаси ва ундан ушлаб қолинган ЖШДСни акс эттиришингиз керак.

Қуйидаги тарзда ижарага беришдан даромад оладиган ходим бўйича ЖШДС ҳисоб-китоби ва унга 3, 5, ва 6-иловаларни тўлдирамиз:

  • 2019 йил сентябрь ойи учун олдиндан тўлов – 1-вазият (Ҳисоб-китоб, 5 ва 6-иловалар);
  • 2019 йилнинг IV чораги учун олдиндан тўлов – 2-вазият (Ҳисоб-китоб, 5 ва 6-иловалар).

Эътибор беринг: 2-вазият бўйича ЖШДС ҳисоб-китобига 3-иловани тўлдиришда сиз қуйидагиларни кўрсатишингиз лозим бўлади:

  • “Ижарага берилаётган мол-мулк ўлчов бирлиги” сатри кўрсаткичи – 40 кв.м.;
  • 2019 йил сентябрь-декабрь даври учун “Ойлик ижара тўлови ставкаларининг энг кам миқдори, сўмда” 020-сатр кўрсаткичи - 80 000 сўм (20 000 х 4);
  • “Ҳисобот ойи учун ижара тўловининг энг кам миқдори” 030-сатр кўрсаткичи – 3 200 000 сўм автоматик тарзда ҳисобланади;
  • “Ҳисобот ойида мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахсларга тўланган даромадлари” 040-сатр кўрсаткичи - 4 000 000 сўм
    (1 000 000 х 4 ой олдиндан тўлов –  сентябрь ва IV чорак учун).

Солиқ тўловчининг шахсий кабинетидан ДСИга ижарага беришдан олинган даромадлар ва ушбу даромадлардан ижара учун 2019 йилнинг IV чорагига олдиндан тўлов ҳисоб-китобидан  ЖШДС ушлаб қолинганлигини акс эттирган ҳолда 2019 йил сентябрь ойи учун ЖШДС ва ЯИТ ҳисоб-китобига 3, 6-иловаларни тўлдирганингиз ҳақида хат юборишингизни тавсия қиламиз.

Татьяна Лимарева