Солиқ ҳисоби қандай стандартлар базасида юритилади

preview

2021 йилдан бошлаб 500 га яқин хўжалик юритувчи субъектлар молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бўйича молиявий ҳисоб ва ҳисобот юритяптилар (24.02.2020 йилдаги ПҚ-4611-сон). Молиявий ҳисоб маълумотлари, айрим ҳолатларни истисно этган ҳолда, солиқ ҳисоби асосини ҳам ташкил этиши лозим. МҲХС бўйича ҳисобни юритадиган солиқ тўловчилар тўқнаш келадиган мураккабликлар ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан МҲХС бўйича эксперт Гўзал ИСЛОМОВА сўзлаб берди:

 

–  Вақт ўтгани сайин Ўзбекистонда солиқ ва молия ҳисоби кўпроқ фарқланяпти, ва бу, аввало, фойдани аниқлашда акс этмоқда. Шунга қарамай, умуман олганда, солиқ ҳисоби молиявий ҳисобнинг маълумотларига асосланади, СКнинг аввалги барча таҳрирларида бутун бир модда шунга бағишланган эди. Бу модда ҳужжатнинг янги вариантида ҳам мавжуд .

Молиявий ҳисобда мулкдорларга ёки инвесторларга хўжалик фаолиятининг ҳақиқий ҳолати тўғрисидаги маълумотни тақдим этиш мақсадларига эмас, балки кўпроқ солиқ солиш қоидаларига амал қилинади деб айтиш мумкин.


– Нима учун МҲХС солиқ ҳисоби учун бир хилдаги маълумотларни таъминлаб бера олмайди?

– Солиқ ҳисоби активга эгалик қилиш, амалга ошириладиган хатти-ҳаракатлар ёки хўжалик фаолиятининг бошқа далилини ҳуқуқий жиҳатдан, ҳужжатлар билан тасдиқланган далили мавжудлигини белгилаш мақсадида юритилади. Ушбу далил ва хатти-ҳаракатлар бухгалтерия ва тегишинча солиқ ҳисоби ҳужжатларида ва регистрларида акс эттирилади. Ҳар қандай мамлакатда ҳам солиқ солиш тизими шундай тузилади. Шу билан бирга МҲХС қуйидагиларни назарда тутади:

  • профессионал баҳолаш фикр-мулоҳазалари;
  • операцияларни таснифлаш мақсадида уларни кўриб чиқишнинг вариантлари мавжудлиги;
  • ҳақиқатда фойдаланиш, иқтисодий фойданинг бирламчилиги ҳамда бошланғич ҳужжат мавжудлиги юзасидан келгуси баҳолашларнинг мақсадга мувофиқлиги.

СК ва БҲМС қоидалари регламентга оид ва мажбурий ҳисобланиб, низолар юзага келган ҳолатда, шу жумладан судларда улардан фойдаланиш мумкин бўлади, МҲХС эса  концептуал ҳужжатдир. Муайян операцияларга нисбатан унинг қоидаларидан фойдаланишда ҳужжат келиштирувчи тусга эга бўлади.

У ёки бу вазиятда МҲХСнинг қандай таомиллари ёки усуллари қўлланилиши мумкин – бунда ҳужжатли тасдиқлаш соҳаси эмас, балки профессионал фикр-мулоҳазалар танланади. У ҳужжатлар билан расмийлаштирилмаган келгуси режалар, статистика ёки бошқа маълумотларга асосланади.

Профессионал фикр-мулоҳазалар деганда муайян шароитда қарор қабул қилишга имкон яратувчи барча объектив омилларни касбий жиҳатдан баҳолаш (бухгалтер, компания раҳбарияти, техник-муҳандис ходимлар, баҳоловчилар, инвестиция департаменти в бошқа томонидан) тушунилади. Масалан, профессионал баҳолаш узоқ муддатли активларнинг фойдали фойдаланиш муддатини ва қадрсизланиши аломатларини аниқлашда, гумонли дебиторлик қарзини, дисконтлаш ставкаларини, суд муҳокамасининг қандай тус олишини белгилашда зарур бўлади.

Ўзбекистон МҲХС жорий этилиши биланоқ МҲХС бўйича ҳисобот ва солиқ тизими ўртасида низолар бўлиши муқаррар. Нима сабабдан «МҲХС бўйича ҳисобот» деб айтиш ғалатироқ туюляпти? Бунинг сабаби ушбу стандартлардан ҳисоб стандартлари сифатида фойдаланилиши назарда тутилмаган эди. Агар регулятор МҲХС бўйича ҳисоб юритишга ўтишга қарор қилса, молиявий ҳисобни юритиш учун МҲХС нормаларидан фойдаланиш қоидаларини ва кўпгина йўриқномаларни чиқариш керак бўлади.

Бугунги кунда ҳисоб ҳақида гапириш анча мураккаблиги сабабли Молия вазирлиги томонидан ҳозирча бундай ишлар амалга оширилмаган. БҲМС бўйича ҳисоботни МҲХС бўйича ҳисоботга трансформация қилишга тўхталиш тўғри бўлади деб ўйлайман.


– Турли мамлакатларда МҲХС ва солиқ тизими орасидаги низолар қандай ҳал этилади? Бизнесда ўз ривожини режалаштириш учун давлат бюджетига нималарни тўлашга тўғри келиши, мулкдорларга қоладиган маблағлар қандай бўлиши ва қандай фаолият юритиш учун регулятор концептуал жиҳатдан нималарни англаши ва маълум қилиши муҳим ҳисобланади?

– Дунёда қуйидаги иккита глобал ёндашув мавжуд:

  • қонун чиқарувчи молиявий ва солиқ қоидаларининг юқори даражадаги ўзаро алоқадорлиги мавжуд бўлган тизимни тузади (мисол учун – БҲМС бўйича ҳисоб ва солиқ ҳисобининг ўзаро боғлиқлиги);
  • молиявий ва солиқ ҳисоби ўртасида кўрсаткичларнинг боғлиқлик даражаси жуда паст. Ҳақиқатда ҳисоб юритишнинг икки тури – молиявий ва солиқ ҳисоби амал қилади.

Солиқ ва бухгалтерия қоидаларининг юқори даражада ўзаро боғлиқлиги Ғарбий Европа мамлакатлари учун (Буюк Британиядан ташқари) хосдир. Ушбу мамлакатларда молиявий ҳисобот, биринчи навбатда, кредиторлар ва давлат органлари, шу жумладан солиқ органлари учун маълумот манбаи ҳисобланади. Бу давлат ва банклар корхоналарни молиялаштиришнинг асосий манбалари эканлиги билан изоҳланади. Бундай мамлакатларда солиқ ҳисоби молиявий маълумотларнинг солиқ ҳисоби қоидаларига трансформация қилишга йўналтирилган қоидалар жамланмаси сифатида намоён бўлади. Бунда солиқ ҳисоби устунлик қилади ва қандайдир даражада молиявий ҳисобни четга чиқаради, Ўзбекистонда бухгалтерия ҳисоби миллий стандартлари билан шундай бўлган эди.

Буюк Британия, АҚШ каби ва бошқа айрим мамлакатлар бошқа йўлни танлашган. Уларда ҳисобнинг иккита тизими – солиқ ҳисоби ва молиявий ҳисоб мавжуд.

Мазкур давлатларда ҳисоб қоидалари диспозитив ҳисобланади ҳамда нодавлат органлар – бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот бўйича кенгашлар томонидан ишлаб чиқилган стандартлар билан белгиланади. Молиявий ҳисобот, биринчи навбатда, инвесторларнинг (капитал бозори) маълумотларга бўлган талабларини қондириш учун мўлжалланган. У ерда бизнесни молиялаштиришнинг асосий манбаи бозор ҳисобланади.

Бундай тизимда молия ва солиқ ҳисоби максимал даражада бир-биридан алоҳида юритилади ва параллел олиб борилади. Мазкур ҳолатда молиявий маълумотларни солиқ маълумотларига трансформация қилиш эмас, балки солиқ ҳисобининг қатъий қоидалари амал қилади. Мамлакатда молиявий ҳисоботга боғлиқ бўлмаган мустақил солиқ ҳисоби тизими ўрнатилади.

Турли таълим соҳаларида икки турдаги хизмат ва профессоналларнинг бўлиши зарурати сабабли ҳисобга оид харажатларнинг оширилишини корхоналар учун солиқ ва молиявий ҳисобни алоҳида юритиш тизимининг камчиликларига киритиш мумкин. Бунда молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар солиқ қоидалари таъсиридан холи ва хатоликка йўл қўйилиш  хавфи кам бўлган ҳамда янада очиқ-ошкора бўлган маълумотлар олиниши яна бир ижобий жиҳат ҳисобланади.

Давлат учун молиявий ҳисоботдан алоҳида бўлган солиқ ҳисоби тизими мавжудлигининг ижобий томонлари ҳам бор – бунда прогнозлаштириш, назорат қилиш, текшириш ва маъмурчиликнинг очиқ-ошкоралигини таъминлаш, коррупция таркибининг мавжуд бўлмаслиги имкониятлари мавжуд бўлади. Фикримча, солиқларни назорат қилиш давлат тизимининг шартларидан бири солиқ ҳисоби регламентини яратиш харажатлари ҳисобланади. Бу Ўзбекистон учун унчалик мураккаб вазият эмас, сабаби БҲМС бўйича бухгалтерия ҳисоби деярли солиқ ҳисобининг эквивалентидир. Миллий стандартлар бўйича ҳисобнинг амалдаги Ҳисобварақлар режаси негизида янги СК талабларига кўра қайта ишланган БҲМС қабул қилинадиган бўлса, хавф-хатарлар даражаси пасаяди. Корхоналарнинг солиқлар ҳисоб-китобига таъсир кўрсатадиган МҲХС бўйича ҳисобдаги низоли масалалар талқин этилишига нисбатан хавотирланишига ҳожат бўлмайди. Солиқ органлари эса текширилган, ҳужжатлар билан тасдиқланган, аниқ ва тўғри кўрсаткичлар келтирилган ҳисобни оладилар.

Давлатда, шартли равишда, МҲХС ва солиқ ҳисобининг аралаш қоидаларига асосланган битта ҳисоб тизими мавжуд бўлган тақдирда, корхона харажатлари анча камаяди. Солиқни ҳисоб-китоб қилишда солиқ қонунчилигида белгиланган қоидалар мавжуд, улар МҲХС нормаларига мос келмайди. Молиявий ҳисоботдаги маълумотларни қайта ҳисоблаш ва солиқ ҳисобига трансформация қилишга тўғри келади. Бундай ҳолат ҳар доим назоратнинг сусайишига ва хатоларга йўл қўйилишига сабаб бўлади. Мазкур ҳолатда солиқ органларига МҲХС ва уни амалиётга қўллашни билиш ёки МҲХС ва солиқ қонунчилиги нуқтаи назаридан солиқ солинадиган базага таъсир кўрсатадиган активлар ва мажбуриятлар билан вазиятни баҳолашга тўғри келади. Молиявий ҳисоботнинг солиқ солиш мақсадларида қўлланиладиган трансформацион қоидаларини ишлаб чиқиш лозим.

Шуни унутмаслик керакки, МҲХС ҳисоботни тузувчилардан солиқ ҳисоби қоидаларининг таъсири бўлмайдиган маълумотларни тақдим этишни, ундаги маълумотлар эса қабул қилинган халқаро стандартлар нормаларига мувофиқ бўлишини талаб этади.


– Бугунги кунда Ўзбекистонда солиқ ҳисоботларини МҲХС ҳисоботлари асосида тақдим этиш мумкинми?

– Мумкин деб ўйлайман. Асосий сабаб – МҲХС ва СКда ўзаро бир-бирини истисно этувчи қоидалар мавжудлиги. Бунга кўп мисоллар келтириш мумкин, булар ушбу икки тизимнинг ўзаро алоқадорлиги ҳақида ўйлаганимизда биринчи бўлиб хаёлимизга келади:

  1. Аввал айтиб ўтганимиздек, солиқ қонунчилиги операцияларнинг ҳужжатлар билан тасдиқланиши ва таснифланишига асосланади, МҲХС эса кўпгина масалаларни «профессионал фикр-мулоҳазалар» доирасига киритади. МҲХС нуқтаи назаридан бундай фикрлар бир қанча бўлиши мумкин, у ёки бу фикрнинг тўғрилигини вақт кўрсатади. Масалан, – ҳаққоний қиймат ёки тугатиш қийматини белгилаш, қадрсизланиш масалалари. Буларнинг барчаси – профессионал фикр-мулоҳазалар, улар ҳар доим ҳам аниқ бўлмаслиги, муайян хатолар бўлиши ҳамда тажрибага, статистикага, қўшимча маълумотларнинг мавжудлигига боғлиқдир. Бироқ ушбу кўрсаткичларнинг барчаси ҳисоботдаги рақамларга, амортизация харажатларига, активларнинг чиқиб кетишидаги даромадлар ва зарарларга таъсир кўрсатади, бу эса ўз навбатида, солиқ солинадиган фойданинг шаклланишига таъсир қилади. Корхона ва солиқ органининг ушбу масалалар юзасидан қарашлари турлича бўлганда нима қилиш керак? Корхона бўлғуси баҳолашлар юзасидан професионал фикр-мулоҳазалар чиқараётган бир пайтда, солиқ органлари содир этилган хатти-ҳаракатларни текширувдан ўтказадилар. Бундай текширув қандай ўтказилади? Мазкур ҳолатда суд ҳокимияти қандай фаолият юритади ва солиқ низоларини судгача тартибга солиш жараёнлари қандай амалга оширилади? Ҳозирча бу саволларга жавоб қайтариш учун норматив база мавжуд эмас. Фикримча, уни регламентсиз ёки МҲХС бўйича ҳисобот маълумотларини солиқ ҳисоботига ёки солиқ ҳисоби қоидаларига трансформациялаш осон бўлмайди.
  2. МҲХС бўйича ҳисобда активга мулкчилик ҳуқуқи расмийлаштирилиши муҳим бўлмайди. Бундай активни таснифлаш борасида профессионал фикр-мулоҳазалар ва уларнинг ҳисобда мавжудлиги ундан олинадиган иқтисодий фойдага асосланади. Масалан, ётоқхона мулкчилик ҳуқуқида берилиши, кадастрга эга ва қурилиши бўйича барча харажатлар белгиланган бўлиши мумкин. Бироқ МҲХС бўйича ҳисобот учун бу актив эмас, балки харажат бўлиши мумкин. Бу – солиқ ва фуқаролик қонунчилигига зид эканлиги яққол кўриниб турибди. Бундай ҳолат солиқ солишни оптималлаштириш соҳасида манипуляция учун имконият яратиб бериши мумкин.
  3. МҲХС стандартлари кўпроқ тижорат ташкилотларига мўлжалланган, бизда булар жумласига давлат улушига эга компаниялар ҳам киритилади (кўпчилигида улуш 100%ни ташкил этади). Соғлом фикрлайдиган бухгалтерларнинг ҳеч бири давлат улушига эга корхонанинг балансидан 30-йиллардан буён омборида турган захираларни ҳисобдан чиқармайди, чунки МҲХСда шундай талаб қўйилади.
  4. МҲХС тез-тез алмаштирилади ҳамда муайян мамлакатнинг солиқ қонунчилигини ривожлантириш қоидалари ва концепцияларига боғлиқ бўлмайди. Яъни, агар мамлакатда битта ҳисоб юритилиб, унинг асосида солиқ солинадиган база ҳисобланадиган бўлса, МҲХС бўйича стандарт қоидалари ўзгартирилиши билан, солиқ регламентларига ўзгартиришлар киритишга тўғри келади.

Солиқ солиш мақсадларида МҲХС бўйича ҳисоб ва ҳисобот маълумотларини қўлламаслик ҳақидаги позицияни ёқлаган ҳолда яна кўпгина далилларни келтириш мумкин. МҲХС бўйича ҳисоботнинг соддалаштирилган шаклларининг мавжудлиги МҲХС қоидаларига зиддир, ушбу қоидаларда мавжуд маълумотлар ва уни шакллантиришнинг умумий тартиби асосида мустақил равишда компаниянинг баланс бўлимларини белгилаш ҳуқуқи назарда тутилади. Бунда солиқ ҳисоби учун айнан шундай шакллар зарур бўлади.

Хуллас, оқилона ва мантиқан тўғри йўл тутиб, йўқотишларсиз МҲХСга ўтиш учун регулятор халқаро стандартлар ва солиқ қонунчилиги ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг қандай концепциясида алоқа боғлашга ҳаракат қилишни белгилаши лозим. Албатта, ушбу икки тизимдаги муқаррар низоларни тартибга солиш бўйича катта ишларни амалга ошириш лозим.

Олдинда бизни МҲХСни қўллаш, қайта кўриб чиқиш ва тартибга солиш соҳасида тушунтиришлар талаб этиладиган солиқ қонунчилиги нормалари бўйича катта ишлар кутмоқда. Жорий этилган ва муваффақиятли амал қилаётган тизимни ҳеч ким буза олмайди деб ўйлаймиз. МҲХС солиқ ҳисобидан мустақил бўлган, халқаро стандартларда белгиланган мақсадларда алоҳида тизим сифатида жорий этилади.