ЎРҚ-1131-сон Қонун бўйича солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик масалаларида нималар ўзгарди

preview

Бир  вақтнинг ўзида бешта кодексга – Фуқаролик, Солиқ, Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Тузатишлар 2026 йил июль ойидан кучга киради ва солиқ солиш ҳамда тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган.

Айтиш мумкинки, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жавобгарлик ҳуқуқбузарликнинг аҳамиятини белгиловчи сўмдаги мезоннинг оширилиши ҳисобига енгиллашмоқда, дейиш мумкин. Солиқ тўламаганлик учун илк бор судланувчилар курсисига ўтирган шахсларга эса жавобгарликдан озод қилиниш имконияти берилмоқда. Бунинг эвазига фуқаролар ва мансабдор шахслар учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда...

Нималар ўзгарганини buxgalter.uz сайтида таҳлил қиламиз:

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

Эътибор беринг

Материаллардан нусха кўчириш ва улардан фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола мавжуд бўлганда ёки таҳририятнинг ёзма рухсати билан йўл қўйилади.

 

Юқорида санаб ўтилган кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар 17.04.2026 йилдаги ЎРҚ-1131-сонли Қонун билан киритилган.

1. Жиноят кодексига киритилган тузатишлар:

Қуйидаги моддалар янги таҳрирда баён этилади:

«Сохта тадбиркорлик, яъни тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш мақсадини кўзламасдан ссудалар, кредитлар олиш, фойдани (даромадни) солиқлардан озод қилиш (солиқларни камайтириш) ёки бошқача мулкий манфаат кўриш мақсадида тадбиркорлик субъектини ташкил этиш, – базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади»; 

  • 184-модда «Солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш»

«Фойдани (даромадни) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни қасддан яширишни, камайтириб кўрсатишни, шунингдек солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан қасддан бўйин товлашни анча миқдорда содир этиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин рўй берган бўлса, – базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш:

а) такроран;

б) кўп миқдорда содир этилган бўлса, – базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш жуда кўп миқдорда содир этилган бўлса, – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қасддан яширилган, камайтириб кўрсатилган фойда (даромад) бўйича солиқлар ва йиғимлар тўлиқ тўланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.

Агар биринчи марта жиноят содир этган шахс солиқлар ва йиғимлар, шу жумладан пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини терговга қадар текширув, тергов ва биринчи инстанция суди босқичида, аммо суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилинади.

Ушбу моддада назарда тутилган солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлашнинг анча миқдори – базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан олти юз бараваригача (амалдаги таҳрирда – БҲМнинг 300–500 баравари), кўп миқдори – олти юз бараваридан минг бараваригача (амалдаги таҳрирда – БҲМнинг300–500 баравари), жуда кўп миқдори – базавий ҳисоблаш миқдорининг минг баравари ва ундан ортиқ (амалдаги таҳрирда – БҲМнинг–500 ва ундан юқори баравари) бўлган миқдор ҳисобланади».

 

2. Жиноят-процессуал кодексига киритилган тузатишлар:

ЖПКнинг 41-моддасига киритилган тузатишларга кўра, суриштирувчи, терговчи ёки суд тадбиркорлик субъектининг фаолияти билан боғлиқ жиноят ишини иш юритувга қабул қилганлиги ҳақида тадбиркорлик субъектининг жамоат ҳимоячиси сифатида иштирок этиши учун Бизнес-омбудсманни хабардор қилиши шарт.

Янги 44-1-моддага мувофиқ, Бизнес-омбудсман тадбиркорлик субъектининг талабига кўра унинг фаолияти билан боғлиқ жиноят ишида суриштирув, дастлабки тергов ёки суд жараёнида жамоат ҳимоячиси сифатида иштирок этиши мумкин ва ЖПКнинг 44-моддасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади.

 

3. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган тузатишлар:

Қуйидаги модда янги таҳрирда баён этилади:

  • 174-модда «Солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш»

«Фойдани (даромадни) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни қасддан яшириш, камайтириб кўрсатиш, шунингдек солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан қасддан бўйин товлаш, –фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма беш бараваригача (ҳозир БҲМнинг 10 баравари), мансабдор шахсларга эса йигирма беш бараваридан ўттиз бараваригача (ҳозир БҲМнинг 15 баравари) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. 

Худди шундай ҳуқуқбузарлик кўп миқдорда содир этилган бўлса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача (ҳозир 20 БҲМнинг баравари), мансабдор шахсларга эса эллик бараваридан юз бараваригача (ҳозир БҲМнинг 30 баравари) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Даромадлар тўғрисида декларация тақдим этишдан бўйин товлаш, декларацияни ўз вақтида тақдим этмаслик ёки унда атайин нотўғри маълумотларни тақдим этиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача (ҳозир БҲМнинг 1-3 баравари) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу моддада назарда тутилган солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлашнинг анча миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан олти юз бараваригача бўлган миқдор ҳисобланади».

 

4. Фуқаролик кодексига киритилган тузатишлар:

Янги таҳрирлар: 

«Кўчмас мулк ижараси шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши ва солиқ органларида ҳисобга қўйилиши лозим, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно. Кўчмас мулк ижараси шартномаларини солиқ органларида ҳисобга қўйиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади»; 

«Фуқаролар ва (ёки) юридик шахслар ўртасида тузилган бинони ёки иншоотни ёхуд унинг бир қисмини ижарага бериш шартномаси давлат солиқ органларида ҳисобга қўйилиши лозим, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно».

 

5. Солиқ кодексига киритилган тузатишлар:

  • СКнинг 110-моддаси 7-қисми ўзгартирилди: 

аввал: 

(7-қисм) Пенялар солиқ мониторингини ўтказиш жараёнида солиқ органининг солиқ тўловчига юборилган асосли фикрини бажариши натижасида солиқ тўловчида ҳосил бўлган солиқ бўйича қарз суммасига ҳам ҳисобланмайди;

– ҳозир: «Штрафлар солиқ назоратини ўтказиш жараёнида солиқ органининг солиқ тўловчига юборилган асосли фикрини бажариши натижасида солиқ тўловчида юзага келган солиқ қарзи суммасига нисбатан қўлланилмайди, солиқлар ва йиғимлар бўйича қўшимча ҳисобланган маблағлар эса, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг депозит ҳисобварақларидан бюджетга ўтказилган кунга қадар ушбу маблағлар суммасига нисбатан ҳисобланмайди».

11-банд билан тўлдирилди: «(1-қисм) Қуйидагилар жами даромад таркибига киритилмайди:

<…>

11) эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқига асосан тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши натижасида мулкдорларга ер участкасига бўлган ҳуқуқ ҳамда ушбу ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари учун тўланган компенсация суммаси».

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text214663_urq-1131-son_qonun_buyicha_soliqqa_oid_huquqbuzarliklar_uchun_javobgarlik_masalalarida_nimalar_uzgardi