Полезное для бухгалтера в декабре:
Молия вазирлиги айрим тоифадаги ходимларнинг иш ҳақи оширилиши юзасидан тушунтириш берди
Идора ўзининг расмий сайтида тегишли ахборотни эълон қилди.
Таъкидланишича, фақат кам иш ҳақи олиб ишловчи айрим тоифадаги ходимларнинг маоши оширилади. Бу Ягона тариф сеткасининг (ЯТС) қуйи разрядлари тариф коэффициентлари индексацияланганлиги билан боғлиқ. Улар ўрта ҳисобда 10%га оширилди, бу ҳақда илгари ёзган эдик.
Лавозим разрядлари кесимида қуйидагилар оширилди:
- 1-лавозим разряди бўйича (фаррош, қоровул, ишчи ва бошқалар) – 1,15 баравар;
- 2-лавозим разряди бўйича (енгил автомобиль ҳайдовчиси, ветеринар санитар, боғбон, иш юритувчи ва бошқалар) – 1,1 баравар;
- 3-лавозим разряди бўйича (электрик, сантехник, лаборант, кассир ва бошқалар) – 1,05 баравар.
ЭКИҲнинг (2018 йил 15 июлдан – 7%га ва 2018 йил 1 ноябрдан – 10%га) оширилиши ва тариф коэффициентининг қайта кўриб чиқилиши натижасида меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича 1-разрядда ишловчи ходимнинг иш ҳақи 2018 йилнинг январь ойига нисбатан 1,35 баробар (1,07×1,1×1,15) оширилди.
Мисол учун, бюджет ташкилотида бир ставкада ишловчи фаррошнинг ойлик иш ҳақи миқдори 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 426,5 минг сўм (172 240 × 2,476) бўлган бўлса, 2019 йил 1 январдан 577 минг сўмни (202 730 × 2,847) ташкил этди, яъни 151 минг сўмга ошди.
ЭКИҲнинг ва ЯТСнинг қуйи разрядлари тариф коеффициентларининг оширилиши бюджет соҳасида фаолият юритаётган 370 минг ишчининг ойлик иш ҳақи, шунингдек иқтисодиётнинг турли жабҳаларида кам иш ҳақи олиб ишловчи ишчиларнинг иш ҳақи ошишига олиб келади, дейилади ахборотда.