Полезное для бухгалтера в декабре:
Февраль учун ҚҚС бўйича ҳисобот қандай тўлдирилади
ҚҚС тўловчилар учун яна ҳисобот даври бошланди. Кўп бухгалтерларда савол юзага келади: 2019 йил февраль учун Қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китоби шакли қандай тўлдирилади – ортиб борувчи якун биланми ёки фақат февраль учунми?
Қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китобининг (бундан кейин – ҚҚС ҳисоб-китоби) ўзи йил бошидан ортиб борувчи якун билан тўлдирилади.
Бироқ қуйидагилар бир ой – яъни январь, февраль ва ҳ.к. учун алоҳида тўлдирилади:
- ҳисобварақ-фактуралар реестрлари – Ҳисоб-китобга № 4 ва № 5 иловалар;
- ҚҚС ҳисоб-китобига тикиладиган шаблон файллар – Сотиб олиш реестри ва Сотиш реестри.
«Ўтган ҳисобот даври учун жами» сатрида – январь учун, «Жорий ҳисобот даври учун жами» сатрида эса февраль учун кўрсаткичларни қайд этиш зарур. «Жами (йил бошидан)» сатри қиймати январь ва февраль учун ортиб борувчи якунни ҳисобга олган ҳолда автоматик равишда шаклланади.
ҚҚС ҳисоб-китобини жўнатишдан олдин қуйидагиларни солиштиришни тавсия этамиз:
- ҚҚС ҳисоб-китобига тикиладиган шаблон файлларда (Ҳисоб-китобга № 4 ва № 5 иловалар) контрагентлар СТИРи мавжудлиги ва тўғри кўрсатилганлигини. Ушбу маълумотлар асосан автоматлаштирилган бухгалтерия дастурларидан автоматик равишда олинади. Амалиётда СТИР қўйилмаган ёки нотўғри СТИР қўйилган, яъни аввалбошдан бухгалтерия дастурига нотўғри киритилган ҳоллар учраб туради. Шу сабабли контрагентлар СТИРини бошланғич ҳужжатлар – ҳисобварақ-фактуралар, шартномаларга қараб солиштириш зарур;
- суммалар тўғри акс эттирилганини – «Ўтган ҳисобот даври учун жами» ва «Жорий ҳисобот даври учун жами» сатрларидаги кўрсаткичларни февраль учун шаблон файллардаги маълумотлар билан, шунингдек ўтган ҳисобот даври – январь учун кўрсатилган маълумотларга қараб тийинигача солиштириш. Масалан, январь учун Ҳисоб-китобни жўнатгандан кейин ўз ҳисоб маълумотларингизда ниманидир ўзгартирган ва ҚҚС ҳисоб-китоби бўйича қайта ҳисоб-китобни тақдим этмаган бўлсангиз, ҳисобот текширилмайди – хато борлиги кўрсатилади.
Эслатиб ўтамиз, 25 мартдан кечиктирмай, февраль учун ҚҚС ҳисоб-китобини тақдим этиш ва уни тўлаш зарур.
Татьяна Лимарева.