ДСҚ барча солиқ тўловчиларга юборилган ЖШДС бўйича хабарнома юзасидан тушунтириш берди

preview

Давлат солиқ қўмитаси 2019 йил 5 март куни жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинети орқали юборилган хабарнома юзасидан тушунтириш бериб ўтади.

 

Жорий йилнинг 1 январидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 188-моддасига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи пул маблағларини олиш учун банкка ҳужжатларни тақдим этиш билан бир вақтда, бироқ ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-санасидан кечиктирмай бюджетга тўланиши лозим.

 

2019 йил 1 январга қадар амалда бўлган қонунчиликка асосан даромад солиғини тўлаш муддатининг чегаравий санаси белгиланмаган эди. Яъни даромад солиғи ҳақиқатда берилган иш ҳақи қисмига ҳисобланиб, қолган қисми кейинги ҳисобот даврига қолдиқ (салдо) бўлиб ўтиб келган.

 

Шу муносабат билан, корхоналарнинг 2018 йил IV чорак якуни бўйича тақдим қилган ҳисоботида кўрсатилган тўланмаган иш ҳақига ҳисоблаган даромад солиғи ва жамғариб бориладиган пенсия бадали суммалари солиқ тўловчиларнинг шахсий карточкасида ҳисобланмаганлиги сабабли ушбу суммаларни бир маротабалик ёзув орқали шахсий карточкага ҳисоблаш учун киритиш назарда тутилмоқда.

 

Буни тўғри амалга ошириш учун солиқ тўловчидан нима талаб қилинади?

 

1. Хабарномада кўрсатилган 2019 йил 1 январ ҳолатига иш ҳақидан қарздорлик ва ҳисобланмаган даромад солиғи ҳамда жамғариб бориладиган пенсия бадали суммалари билан 2018 йил 4 чорак учун тақдим қилинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳисоботидаги қолдиқ суммаларини солиштириш;

 

2. Агар фарқ мавжуд бўлса, рўйхатдан ўтган жойдаги давлат солиқ инспексиясига ташриф буюриб, фарқ суммасига аниқлик киритиш ва қайта ҳисобот тақдим этиш орқали бартараф қилиш лозим;

 

3. Хабарномада кўрсатилган қолдиқ суммаларига эътироз бўлмаган тақдирда, бу ҳақда рўйхатдан ўтган жойдаги давлат солиқ инспексиясига ёзма билдиришнома беришингиз тавсия этилади.

 

Маълумот учун:

 

Юқоридагиларни амалга ошириш орқали ҳақиқатда 2019 йил 1 январ ҳолатига мавжуд иш ҳақидан қарздорлик (2019 йил 1 январдан кейин тўланганлиги ёки тўланмаганлиги) сабабли ҳисобланмаган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва жамғариб бориладиган пенсия бадали (ИНПС) суммалар аниқланади ва бир маротабалик ёзув орқали шахсий карточкага ҳисоблашга киритилади.

 

Юқоридагиларни аниқ мисол асосида кўриб чиқадиган бўлсак.

 

2018 йилнинг декабр ойи учун ишчи-ходимларга 10 000 000 сўм миқдорида иш ҳақи (шу жумладан, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 750 000 сўм, СҲЖБПҲга ҳисобланган бадаллар 20 000 сўм ҳамда Пенсия жамғармасига суғурта бадалларига 800 000 сўм) ҳисобланган бўлиб, ушбу иш ҳақи 2019 йил 4 январ куни ишчи-ходимларга тўлаб берилди.

 

Унга кўра, 2018 йил 4 чораги учун тақдим этилган жисмоний шахслар даромад солиғи ҳисоботининг “Тўланган даромадлар ва ўтказилган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда СҲЖБПҲга бадаллар суммасининг расшифровкаси (бундан дивидендлар ва фоизлар мустасно)” номли 1-иловаси 6- ва 7-устунларида “0” (ноль) кўрсатилган.

 

Шундан келиб чиққан ҳолда, “Чорак охирига қолдиқ” сатрида ҳисобланган иш ҳақи 8 430 000 сўмни, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 750 000 сўмни ва СҲЖБПҲга ҳисобланган бадаллар 20 000 сўмни ташкил қилади.

 

Корхона томонидан 2019 йил 4 январ куни ходимларга иш хақи билан биргаликда бюджетга 750 000 сўм миқдорида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда Халқ банкига 20 000 сўм миқдорида СҲЖБПҲга ҳисобланган бадаллар тўлаб берилди. Корхонанинг шахсий карточкасида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича 750 000 сўм, СҲЖБПҲга ҳисобланган бадаллар бўйича 20 000 сўм ортиқча тўлов ҳосил бўлди.

 

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ягона ижтимоий тўлов бўйича солиқ ҳисоботининг янги шаклида (Адлия вазирлида 2019 йил 21 январда 3126-сон билан рўйхатга олинган) “Жисмоний шахсларга тўланган даромадлар” сатри мавжуд эмас.

 

Юқоридагилардан келиб чиқиб, давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчининг шахсий карточкасига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича 750 000 сўм, СҲЖБПҲга ҳисобланган бадаллар бўйича 20 000 сўм ҳисоблашга берилади ва ортиқча тўлов суммаси қопланади.

 

ДСҚ Даромадларга солиқ солиш бошқармаси.