Прочтите, если выплачиваете доходы нерезидентам, не связанные с ПУ:
Алкоголли маҳсулотлар улгуржи савдоси: соф фойдадан 5% – Жамғармага
Вазирлар Маҳкамасининг 30.03.2019 йилдаги 271-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигининг Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Корхоналарнинг алкоголли маҳсулотлар улгуржи савдоси соф фойдасидан 5% миқдоридаги ажратмалари Жамғарма маблағларини шакллантириш манбаларидан бири ҳисобланади. Ажратмалар ҳар ойда, кейинги ойнинг 15-кунидан кечиктирмай амалга оширилади. Ушбу муддатга амал қилинмаган тақдирда пеня – ҳар бир кечиктирилган кун учун ажратмаларнинг кечиктирилган суммасининг 0,01%и миқдорида, бироқ кечиктирилган мажбуриятлар суммасининг 50%идан ошмаган миқдорда ҳисобланади.
Жамғарма соҳа лойиҳаларини турли йўллар билан молиялаштиради.
Биринчидан, Агентлик лойиҳа ташаббускорларига кейинчалик имтиёзли кредитлар бериш учун банкларга Жамғарма ресурсларини тақдим этади. Улар Агентлик билан келишган ҳолда берилади, нима мақсадлар учун берилишига қараб шартлар белгиланади:
- янги узум плантацияларини яратиш ва мавжудларини реконструкция қилиш (модернизация қилиш), узум, мевалар ва реза мевалардан алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватлари учун – 7 йилгача бўлган муддатга, шу жумладан 3 йилгача бўлган имтиёзли давр билан, МБ қайта молиялаштириш ставкасининг 50%идан ошмаган фоизли ставка билан, 3%гача банк маржасини ҳисобга олган ҳолда;
- алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларнинг молиявий фаоллигини қўллаб-қувватлаш учун – 2 йилгача бўлган муддатга, шу жумладан 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан, МБнинг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмаган фоизли ставка билан.
Иккинчидан, Жамғарма худди шу мақсадларга ва худди шундай шартларда қарз беради. Таъминот сифатида кўчадиган ва кўчмас мулк гарови, учинчи шахсларнинг кафиллиги ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа таъминот турлари қабул қилинади. Бунда берилган қарзларнинг йиллик суммаси Жамғармага йиллик тушумларнинг 20%идан ошмаслиги лозим. Қарз бериш тартиби қишлоқ хўжалиги вазири томонидан тасдиқланадиган низом билан белгиланади.
Учинчидан, узумчилик ва виночилик билан боғлиқ бўлган илмий лойиҳаларни молиялаштириш, шу жумладан узумнинг янги селекция навларини яратиш, узумни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш ва ўрганиш, шунингдек узум, мевалар ва реза мевалардан алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва сифатини яхшилаш учун грантлар.
Тўртинчидан, қуйидаги мақсадлар учун субсидиялар:
- томчилаб суғориш технологиясини жорий қилиш – бундай технологияни жорий қилиш тўғрисидаги шартномада назарда тутилган, бироқ яратилаётган узум плантациялари экин майдонининг 1 гектари учун 8 млн сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда;
- сув чиқариш учун бурғулаш қудуғи, яратилаётган 35 гектар ва ундан ортиқ гектарли узум плантацияларини суғориш учун дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сув чиқариш учун насос станциясини қуриш – 120 млн сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда.
Субсидиялар томчилаб суғориш тизимини жорий қилиш, бурғулаш қудуқларини қуриш ҳолати бўйича ажратилади. Ушбу ҳолат Пахта хом ашёси етиштирувчиларнинг томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 6-бандига мувофиқ таркибдаги фойдаланишга топшириш бўйича комиссиянинг далолатномаси билан тасдиқланади.
Грант ёки субсидия олиш учун Агентликка ёзма ёки электрон шаклдаги ариза билан мурожаат қилиш зарур. Унда юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, сўралаётган маблағ мақсадлари, лойиҳани амалга ошириш жойи, банк муассасаси номи ва банкдаги ҳисобрақамини кўрсатиш керак. Аризага ҳужжатлар пакети илова қилинади.
Ҳужжатлар 3 иш куни мобайнида текширилади, сўнг Грант ва субсидияларни тақдим қилиш кенгашига киритилади. Кенгаш қарор қабул қилади, Агентлик ташаббускорни бу ҳақда 1 иш куни мобайнида хабардор қилади. Ижобий қарор қабул қилинганда Агентлик ва ташаббускор ўртасида шартнома тузилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.04.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.