Полезное для бухгалтера в декабре:
Кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказиш тадбири қандай ўтказилади
Шу ҳақда ҚҲТБТ порталида муҳокамага қўйилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори лойиҳасида батафсил маълумот берилган.
Йилига бир марта солиқ органлари мавжуд бўлган солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш мақсадида солиқ тўловчида кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказиш ҳуқуқига эга (Солиқ кодексининг 68-моддаси). Бу янги солиқ назорати шаклини амалга оширишни тартибга солувчи ҳужжат ҳали мавжуд эмаслиги боис эълон қилинган Низом лойиҳаси қонунчиликда ушбу соҳада мавжуд бўшлиқни бартараф этишга мўлжалланган.
Солиқ тўловчида кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказишдан мақсад солиқ хизмати органларида мавжуд бўлган солиқ солиш объектлари ва солиққа тортиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги маълумотларни аниқлаштиришдан иборатдир. Низомнинг амал қилиши солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларга эга бўлган, улардан доимий ёки вақтинчалик фойдаланаётган барча жисмоний шахслар, юридик шахслар ва уларнинг алоҳида бўлинмаларига нисбатан татбиқ этилади.
Низомда белгиланишича, кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказиш тадбири давлат солиқ хизмати органлари томонидан заруратга қараб, аниқ график асосида йилига кўпи билан бир марта ўтказилади. Тадбир давомида солиқ органлари томонидан жараёнга боғлиқ бўлмаган ҳужжатларни талаб қилишга, уларнинг молиявий-хўжалик фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки бошқа аралашувларга йўл қўйилмайди.
Тадбирни ўтказиш тўғрисидаги буйруқ солиқ органининг раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан қабул қилиниб, буйруқда тадбирни ўтказиш жойи, муддати, тадбирда иштирок этувчи давлат солиқ хизмати органи мансабдор шахсларининг фамилияси, исми, шарифи кўрсатилади.
Давлат солиқ хизмати органлари тадбирда иштирок этиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат идораларидан вакилларни жалб этиши мумкинлиги лойиҳада кўрсатиб ўтилган.
Солиқ назоратининг ушбу шакли самарадорлигини ошириш мақсадида солиқ органлари солиқ тўловчини олдиндан хабардор қилиши мумкин.
Текшириш ва сўров ўтказиш муддати бир иш кунидан ошмаслиги керак. Айрим ҳолларда, хусусан:
- солиқ тўловчида кўриб чиқилаётган солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар ҳажмидан келиб чиқиб ёки солиқ тўловчининг бир нечта бўлинмалари ва объектлари мавжуд бўлганда;
- солиқ тўловчи томонидан ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда тадбир уч иш кунигача давом эттирилиши мумкин.
Низомда тадбир иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам назарда тутилган.
Жараён мобайнида кўздан кечириладиган ҳужжатлар рўйхати Низомда алоҳида келтирилади. Хусусан, буларга:
- давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар;
- кўчмас мулкка ва ер участкаларига эгалик қилиш ҳуқуқи тўғрисидаги кадастр ҳужжатлари ва ижара шартномалари;
- табиий ресурслар, жумладан газ, сув ва электр тармоқлари корхоналари билан тузилган шартномалар;
- назорат-касса машинасининг давлат солиқ хизмати органларидан рўйхатдан ўтказиш карточкаси, сертификати, фискал ёки онлайн режимда ишлаши билан боғлиқ ҳужжатлар;
- ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари;
- якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ёлланган ходимларни давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга олинганлиги тўғрисида гувоҳнома;
- инкассация шартномаси (нақд пулни олиб бориб топшириш тўғрисидаги шартномаси) ва касса китоби билан боғлиқ ҳужжатлар;
- лицензиялар, сертификатлар ва рухсатномалар;
- ишлаб чиқариш ускуналари бўйича ҳужжатлар;
- солиқ солиш объектлари ва солиққа тортиш билан боғлиқ объектлар бўйича бошқа ҳужжатлар киритилган.
Текшириш ва сўров натижаларига кўра, давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахслари томонидан қоғоз ёки электрон шаклда маълумотнома расмийлаштирилиб, тадбир натижалари давлат солиқ хизмати органларининг электрон ахборот тизимида акс эттирилади. Улардан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ камерал назорат ёки хронометраж кўздан кечириш ўтказишда ҳамда солиқ тўловчининг солиқ ҳисоботларини камерал назоратдан ўтказиш орқали қўшимча солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун фойдаланилади.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Шоҳиста Якубова, “Norma” МЧЖ эксперти