Тез ўсувчи ёғочбоп дарахтлар экилган ер майдонлари ер солиғидан озод этилади

preview

Вазирлар Маҳкамасининг 11.04.2019 йилдаги «Ёғоч қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 297-сон қарори қабул қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларидаги кичик саноат зоналарида ёғоч қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил этилади.

Бунда қамишларнинг ўриб олиниши натижасида атроф-муҳитга, ҳайвонот оламига, кўчиб юрувчи қушларга зарар етказмайдиган тарздаги саноат усулида фойдаланилиши мумкин бўлган қамишзорлар майдонлари реестри шакллантирилади.

Мазкур реестр асосида ёғоч қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқариш учун инвесторлар жалб этилади.

2019 йилда – 60 минг куб м, 2020 йилда – 190 минг куб м, 2021 йилда эса – 330 минг куб м ёғоч қириндили плиталар (ДСП) ва уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

2022 йил 1 январгача ёғоч қириндили плиталар ва унинг муқобил турларини ишлаб чиқарувчи корхоналар олиб кирадиган хом ашё, асбоб-ускуналар, уларнинг бутловчи ҳамда эҳтиёт қисмлари божхона тўловларидан озод этилади.

Вилоят ҳокимларига тадбиркорларга терак ва павлония экиш учун балл бонитети паст ерларни ажратиш вазифаси юкланди.

Ёғочбоп дарахтлар плантацияларини ташкил этган тадбиркорлар 2022 йил 1 январгача терак, павлония ва бошқа тез ўсувчи ёғочбоп дарахтлар экилган ер майдонлари учун ер солиғи тўламайди.

Маълумот учун, ёғоч-пайраҳа плиталар ва ёғочдан ясалган шунга ўхшаш плиталар ёки қатрон ёки бошқа органик боғловчи моддалар шимдирилган ёки шимдирилмаган бошқа ёғочсимон материалларни олиб кирувчи юридик шахслар импорт божхона божи ва ҚҚСдан озод этилган эди. 2019 йил 1 майдан мазкур имтиёз бекор қилинади.

 

Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ахборот канали материаллари асосида тайёрланди.

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /ru/publish/doc/text149607_tez_usuvchi_egochbop_darahtlar_ekilgan_er_maydonlari_er_soligidan_ozod_etiladi