Янгиликлар

Меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида ўзгаришлар рўй беради

16.04.2019

Ўзбекистонда яқин орада «меҳнат ҳақининг энг кам миқдори» (МҲЭКМ) тушунчаси ўрнига «базавий ҳисоб-китоб миқдори» атамаси пайдо бўлади, шунингдек ишсизлик нафақалари оширилади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев шундай баёнот берди, дея хабар беради Podrobno.uz. Унинг сўзларига қараганда, ҳозир ишсизлик нафақасини меҳнат ҳақининг энг кам миқдори (МҲЭКМ) даражасигача кескин ошириш чора-тадбирларини амалга оширишга тайёргарлик кўрилмоқда, сабаби ишсизлик нафақаси вақтинча маош олмаганда суғурталаш функциясини лозим даражада бажармаяпти. «Базавий ҳисоб-китоб миқдори» тушунчасини жорий этиб, ишсизлик нафақаси миқдорини унга тенглаштириш режалаштирилмоқда.  

Бундан ташқари, Молия вазирлигининг маълумотларига кўра, айни пайтда халқаро экспертлар иштирокида давлат секторида меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича йўл харитаси лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Йўл харитаси икки босқичдан ташкил топиб, 1,5 йилдан 3 йилгача амалга ошириш даврини қамраб олиши назарда тутилмоқда.  

Биринчи босқичда иш ҳақи ва кадрларни бошқариш масалалари бўйича мустақил давлат органини, шунингдек ўтказилаётган ислоҳотларни мувофиқлаштириш учун масъул бўлган идоралараро комиссияни ташкил этиш кўзланмоқда. Давлат секторида меҳнатга тўланадиган ҳақни белгилаш услубияти, шу жумладан иш ҳақи миқдорига таъсир кўрсатадиган мезонлар (омиллар) ишлаб чиқилади, ҳар бир лавозим бўйича функционал мажбуриятлар белгиланади. Иш ҳақи миқдорини белгилашнинг янги тизимини 5–6 та тармоққа мансуб вазирлик ва идораларда синов тариқасида жорий этиш режалаштирилмоқда.  

Иккинчи босқичда барча вазирликлар, идоралар ва давлат муассасаларини тўлиқ функционал таҳлил қилиш, шунингдек янги меҳнатга ҳақ тўлаш тизими ва тарифларни уларнинг ҳудудий бўлинмаларида ҳам босқичма-босқич жорий этиш асосий вазифа бўлади. Шуни қайд этиш лозимки, Жаҳон банки экспертлари Йўл харитаси лойиҳасида назарда тутилган вазифаларни бажариш учун иш ҳақи ва устамалар тизимини реструктуризация қилиш жараёнини ўтказишни тавсия этдилар.  

Давлат секторидаги меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини ва бандликни ислоҳ қилиш натижасида қуйидаги стратегик мақсадларга эришиш кутилмоқда:

  • давлат секторидаги меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг молиявий барқарорлигига эришиш;
  • давлат секторидаги меҳнат ресурслари самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш;
  • ходимларни бошқариш ва назорат қилиш тизимини такомиллаштириш;
  • давлат секторида муносиб меҳнат учун ходимлар меҳнатига тўланадиган ҳақнинг шаффофлиги, ҳаққонийлиги ва тенглиги ҳисобига уйғунлаштирилган иш жараёнини йўлга қўйиш.

Бугунги кунда Ўзбекистонда МҲЭКМ – 577 172 сўмни, ЭКИҲ эса 202 730 сўмни ташкил этади.

 

Лола Абдуазимова.

 

Чтобы получать новости от Buxgalter.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал
Помощь