Мол-мулк солиғини унинг бозор қийматидан келиб чиқиб қайта ҳисоблаш бўйича талабномага қандай жавоб бериш лозим

preview

Бухгалтерлар камерал назорат якунларига кўра нафақат солиқ органлари жўнатган талабномаларга, балки ДСИ кўрсатма берган хатларга ҳам жавоб беришларига тўғри келади. Buxgalter.uz намунавий жавобларни чоп этиб, бухгалтерларга ёрдам бермоқда. Улар тажрибаси билан ўртоқлашмоқчи бўлган бош бухгалтерлар, солиқ маслаҳатчилари, бошқа мутахассислар томонидан тайёрланган. Сиз ҳам шундай қилишингиз мумкин – вазият тавсифи ва жавобларни talabnoma@buxgalter.uz почтасига йўлланг. Бир-биримизга ёрдам берайлик!

Вазият

Корхона ДСИдан билдиришнома хат олди, унда солиқ органлари ташқи манбалардан олинган маълумотлардан келиб чиқиб юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммасини қайта ҳисоблаш сўралган эди.

Корхонанинг позицияси

Мол-мулк солиғи бўйича солиқ солинадиган база кўчмас мулкнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати ҳисобланади (Солиқ кодексининг 267-моддаси).

Корхонанинг тасдиқланган ҳисоб сиёсатига кўра, асосий фондларни қайта баҳолаш чоғида қайта баҳолашнинг индекс усулидан фойдаланилади.

Қайта баҳолаш уч йилда бир маротаба ўтказилади, сабаби корхона кичик корхона ҳисобланади. Мол-мулк солиғи бўйича солиқ солинадиган база Солиқ кодексининг 267-моддасига тўла мувофиқ ҳолда ҳисобланган.

ДСИнинг кўрсатма берувчи хатига жавоб хати намунаси

 «___» ________ 2019 йилдаги ___-сон хатингизга жавобан қуйидагиларни маълум қиламиз. 

Солиқ кодексининг 267-моддасига мувофиқ, мол-мулк солиғи бўйича солиқ солинадиган база кўчмас мулкнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати ҳисобланади. У ушбу мол-мулкнинг бошланғич (тикланиш) қиймати билан ҳисоб сиёсатида белгиланган усуллардан фойдаланилган ҳолда ҳисоблаб чиқилган амортизация ҳажми ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади.

1 январь ҳолати бўйича асосий фондларни қайта баҳолашни ўтказиш тартиби тўғрисида низомга (4.12.2002 йилда 1192-сон билан рўйхатдан ҳтказилган) (бундан кейин – Низом) мувофиқ, асосий фондлар қийматини қайта баҳолаш 1 январь ҳолати бўйича қайта баҳолашни ўтказиш даврида нархлар даражасидан келиб чиқиб ўтказилади:

  • ҳар йили – кичик бизнес субъектлари жумласига кирмайдиган ташкилотлар томонидан;
  • уч йилда бир маротаба – микрофирма ва кичик корхоналар томонидан.

2016, 2017, 2018 йилларда корхонамиз кичик корхона ҳисобланган.

Корхонамизда асосий фондларни охирги маротаба қайта баҳолаш – 2019 йил 1 январь ҳолати бўйича, ундан олдингиси 2016 йил 1 январь ҳолати бўйича ўтказилган.

Корхонанинг ҳисоб сиёсатида асосий воситаларнинг барча гуруҳлари учун қайта баҳолашнинг индекс усулидан фойдаланган ҳолда қайта баҳолашни ўтказиш даврийлиги уч йилда бир маротаба этиб белгиланган. Корхона қайта баҳолашни мустақил равишда амалга оширган. 2019 йил 1 январь ҳолати бўйича қайта баҳолаш учун фойдаланилган индекслар Низомнинг 7-банди талабларига мувофиқ ҳисоблаб чиқилган. Уларда 2017, 2018, 2019 йиллар учун асосий фондлар қийматининг ўзгариши индекслари ҳисобга олинган. Мазкур индекслар Давлат статистика қўмитасининг оммавий ахборот воситаларидаги расмий материалларидан олинган.

Буларнинг бари корхона 2019 йил учун Мол-мулк солиғи бўйича жорий тўловлар тўғрисидаги маълумотномани тайёрлаш чоғида солиқ солинадиган мол-мулкнинг ўртача йиллик қийматини тўғри ва Солиқ кодексининг 267-моддасига мувофиқ ҳисоблаганини тасдиқлайди.

Тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаларини илова қиламиз:

  1. 2016, 2017, 2018, 2019 йиллар учун ҳисоб сиёсатидан кўчирма.
  2. 2019 йил 1 январь ва 2016 йил 1 январь ҳолати бўйича асосий фондларни қайта баҳолашга доир ҳисоб-китоб қайдномалари.
  3. Статистика органларининг 2016, 2017, 2018 йилларда корхонамизни кичик бизнес субъектлари жумласига киритганлиги ҳақидаги маълумотномаси.

 

Ҳурмат билан,

корхона директори                _______________________                     (Ф.И.О.)

 

 

Гулнора Эргашева, солиқ маслаҳатчиси.

Мол-мулк солиғи Мол-мулк солиғи Мол-мулк солиғи /ru/publish/doc/text150630_mol-mulk_soligini_uning_bozor_qiymatidan_kelib_chiqib_qayta_hisoblash_buyicha_talabnomaga_qanday_javob_berish_lozim